ТОМОРҚА ЕРДАН УЧ ҲОСИЛ

ТОМОРҚА ЕРДАН УЧ ҲОСИЛ    

Маълумки, асосий ер фондимиздан ташқари томорқа ерлари ҳам аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан йил бўйи ва етарли даражада таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши ҳеч кимга сир эмас, албатта. Ана шундай  имкониятдан туман аҳолиси қулай даражада фойдаланишларини эътиборга олган ҳолда томорқа ерларидан ҳам йил давомида бир-икки эмас, балки уч ва ундан кўпроқ ҳосил етиштириш мумкин бўлса-да, бироқ амалда эса фойдаланиш кўп ҳолларда кўнгилдагидек эмас. Ваҳоланки, туман шароитида ҳам томорқадан асосий, такрорий, ва оралиқ экинлар ҳисобига бир йилда камида уч ҳосил олиш имконияти мавжуд ва бунда айниқса, халқимиз дастурхонини турли ноз-неъматларга тўлдириб, унинг салмоғини оширишда сабзавотларнинг ўрни алоҳидадир.

Томорқада уларни етиштиришда навларини тўғри танлаш, экиш муддати, меъёрини аниқлаш, ер танлаш, шунингдек, касаллик ҳамда зараркунандаларга қарши курашишга аҳамият бериш талаб этилади. Мисол учун март ойининг охири ва апрель ўртасига қадар помидорнинг Шафақ, Севара, Тошкент тонги, Сурхон-142, Баҳодир, Наврўз ва Гулноз каби навлари экилади. Шундан сўнг иккинчи экин сифатида эртаги карам ўрнига картошканинг районлаштирилган навларини 10 июндан бошлаб бир ой муддатда ёки сабзи, ош лавлаги, қовоқ ва бошқаларини экиш тавсия этилади. Сўнгра 10 июлдан 10 августга қадар учинчи экин сифатида  мош, ловия, пиёз, турп, шолғом ва сабзавотли кўкатларни экиш мумкин бўлади.

Томорқачиларимиз шуни унутмаслик керакки, эртаги экинларни плёнка остига экишда экиш муддатлари 15-20 кун эртароқ амалга оширилади ва улар шунча муддат аввалроқ пишиб етилади, бу эса далани такрорий экинларга барвақт бўшатиб бериш имконини яратади. Шу мақсадда эрта кузда масалан, помидор, бодринг, пиёз ва полиз экинларидан бўшаган ерга 20 сентябрдан бир ой муддатда оралиқ экинлардан жавдар, нўхат, шабдар, берсим, мойли турп ва тифон каби вакилларини экиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари томорқа майдонида зичловчи экинлар ҳам ҳар биримиз учун  катта имкониятлар эшигини очади, албатта. Бундай пайтда кенг қаторли ва пушта қилиб масалан, картошка, карам, помидор ва полиз экинларини жойлаштириш мумкин ва февраль ойи ва март ойининг бошларида эртаги картошка пуштасига тезпишар сабзавотлардан укроп, салат, редиска, исмалоқ ва турп кабиларни экиш яхши натижа беради. Бундан ташқари туп сони сийрак жойлашган экинлар қаторига турп, шолғом, гулкарам ва кўкатларни жойлаштириш мумкин бўлади ва ҳоказо.

Шундай қилиб, юқорида келтирилган маълумотлар шуни кўрсатадики, катта имконият ҳисобланадиган томорқа ерларидан ҳам омилкорлик билан экинлардан фойдаланиш эвазига бир йилда уч ва ҳатто тўрт марта ҳосил етиштириш мумкин.

                 Хидирали БОТИРОВ,

қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.

                 Шавкат Жабборов,

қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди.