Мутахассислар огоҳлантиради ОИТСНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШГА БАРЧАМИЗ МАСЪУЛМИЗ

ОИТС, яъни орттирилган иммунитет танқислиги синдроми тўғрисидаги дастлабки хабарлар ХХ асрнинг охирига   келиб Америка Қўшма Штатларида тарқалган. Аниқроғи, 1981 йилда Лос-Анжелес ва Нью-Йорклик гомосексуалистларда пневмоцистли пневмония касаллигининг 5 та ҳолати ва Капоши саркомаси касаллигининг 26 та ҳолати аниқланган. Ўтган асрнинг 80-йилларида янги касаллик сифатида ОИТС номи билан кириб келган касаллик, бугунги кунга келиб дунёнинг барча мамлакатларида қайд этилган.
ОИВ инфекцияси - одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган, яъни клиник белгиларсиз вирус ташиб юрувчиликдан иммун тизимнинг оғир зарарланишигача олиб борадиган, узоқ давом этувчи сурункали юқумли касалликдир. ОИВ инфекциясини вируслар чақиради. Ушбу вирус организмнинг иммун тизимига масъул бўлган оқ қон таначаларини ҳалокатга олиб келади, натижада одам организми ҳар хил касалликларга, шу жумладан юқумли касалликларга, ўсмаларга ва одам учун хавфли бўлган касалликларга берилувчан бўлиб қолади. ОИВ инфекцияси узоқ давом этувчи сурункали юқумли инфекциялар қаторига кирадиган касалликдир. Инсоннинг вирусни юқтириб олишга мойиллиги унинг жинси ва ёшидан қатъий назар бир хил ҳисобланади. Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) - одамнинг иммунитет танқислиги вируси одамнинг иммун тизимини шикастлаши натижасида оппортунистик инфекциялар - хавфли ўсмалар ривожланиб, асаб тизимини издан чиқарувчи ОИВ инфекциясининг сўнгги (терминал) босқичидир.
Одам иммун танқислиги вируси қайнатилганда (100°С) 1-2 дақиқадан кейин,   70° гача иситилганда 10 дақиқадан кейин, 56° гача иситилганда 30 дақиқадан кейин ҳалок бўлади. Одатдаги дезинфекцияловчи моддаларнинг  эритмалари: 3% водород периоксиди, 5% лизол, 0,5% хлорли дезинфекцияловчи воситалар, 1% глютарал алдегид, 70% этанол, эфир, ацетон вирусни ўлдиради. Вирус донордан олинган қон ва музлатилган зардобда йиллар давомида, ташқи муҳитда қуритилган ҳолатда  +22О С ҳароратда 4-6 кунгача сақланиши мумкин. Сўлак ва тернинг ҳимоя ферментлари  вируснинг фаоллигини сусайтиради. 
ОИВ қуйидаги биологик суюқликлар: қон, аёллар ва эркаклар жинсий аъзолари суюқлиги ва она сутида юқори концентрацияда  бўлади. Қолган биологик субстратларда ОИВ юқиши учун етарли бўлмаган концентрацияда бўлади. Шу сабабли сўлак, тер, бурундан оқадиган суюқлик, балғам, кўз ёши, пешоб, нажас ва қусуқ моддалари (таркибида қон сақламаса) эпидемиологик нуқтаи назардан хавфли ҳисобланмайди. Бироқ ушбу суюқликларга кўзга кўринарли даражада  қон  аралашган бўлса, улар потенциал хавфли ҳисобланади.
Ҳозирги вақтгача ОИВнинг учта йўл билан юқиши тасдиқланган: 
Биринчи юқиш йўли - жинсий йўл, бунда инфекцияни юқтирган шахслар орасида бесоқолбозлар (эркаклар билан жинсий алоқа қилувчи эркаклар) ва бисексуалистлар (ҳам эркаклар билан ҳам аёллар билан жинсий алоқа қилувчи эркаклар) вируснинг юқиши ва тарқалишида асосий рол ўйнайди, бетартиб ва ҳимояланмаган интим алоқалар эпидемияни ривожлантирувчи омил ҳисобланади. Шунинг учун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, оилага садоқатли бўлиш, бетартиб жинсий алоқалардан тийилиш, хавфсиз интим алоқа тамойилларига амал қилиш мақсадга мувофиқдир.
Иккинчи  юқиш йўли - парентерал,  яъни тана териси ва шиллиқ қавати бутунлигининг бузилиши билан кечадиган муолажалар орқали юқадиган йўлдир.
ОИВ билан зарарланган шахснинг қон қолдиғи бўлган тиббий ва нотиббий асбоб ва жиҳозлар инфекцияни юқишида муҳим омил ҳисобланади. ОИВ билан зарарланган қон ва қон маҳсулотлари вируснинг юқишида муҳим ўрин тутади.
Шу муносабат билан тиббий ва маиший хизмат муассасаларига мурожаат қилганда, Сизга ишлатиладиган тиббий ва нотиббий асбобларининг софлигига ишонч ҳосил қилинг. Даволаш профилактика муассасаларида тиббий муолажаларга ишлатиладиган бир марталик тиббий жиҳозлар беморнинг ёки унга қаровчи шахснинг кўз ўнгида очилиши белгилаб қўйилган. Шунингдек, беморларга кўп марта ишлатиладиган тиббий асбоб-ускуналар ва тиббий жиҳозларни софлигини таъминлашни ташкил этиш муассаса раҳбари, зиммасига юклатилган.
Ҳар бир инсон томонидан гигиена қоидаларига риоя қилиниши қон орқали юқадиган касалликларни олдини олишда муҳимдир. Устара,  тиш чўткаси, маникюр ва педикюр жамламалари ҳар бир киши учун алоҳида бўлиши лозим. Барча фуқаролар тасодифан бошқалар ишлатган ўткир кесувчи жиҳозлар билан жароҳат олганда зудлик билан  тиббий муассасаларга мурожаат қилиши ва ОИВни юқишини олдини олиш мақсадида мулоқотдан кейинги профилактика курсини олиши лозимдир.
Учинчи юқиш йўли - вертикал, яъни ОИВни онадан болага юқиш йўлидир. Аввало, ҳар бир ҳомиладор аёл  ҳомиладорлиги аниқланган заҳоти ёки ҳомиладорликнинг 3 ойида ОИВга текширилиши керак. ОИВнинг онадан болага юқишини олдини олиш учун тиббиёт муссасалари томонидан антиретровирус препаратлари билан профилактика курси ўтказилади.
ОИВ инфекцияси оналар, туғилган фарзандини кўкрак сути билан эмизмасликлари лозим, чунки кўкрак сутида вирус юқори миқдорда бўлади. Бугунги кунда вируслар тажовузини босиб турадиган ўта фаол антиретровирус терапия курси мавжуд. Бу препаратлар организмдаги вируслар миқдорини камайтиради,  ёндош ва ҳаёт учун хавфли бўлган касалликлар ривожланишининг олдини олади.
ОИВ инфекцияси қуйидаги ҳолатларда юқмайди: Жароҳатланмаган тери ва шиллиқ қаватлар орқали, бемор билан битта идишдан овқатланганда, бемор  билан гаплашиш, қўл бериб кўришганда, қучоқлашганда, умумий чўмилиш ҳавзаларида чўмилганда, битта ҳожатхонадан фойдаланганда ва ҳоказо. Касаллик қон сўрувчи ҳашаротлар (чивин, бит, кана ва бошқалар) орқали юқиши исботланмаган.
Касалликни эрта аниқлаш, уни ўз вақтида даволаш ҳаёт сифатини оширади ва бемор умрини узайтиради. Энг аввало, инфекциянинг юқишини олдини олиш, касалликни даволашдан кўра афзаллигини унутмаслигимиз лозим. Соғлом турмуш тарзи билан яшаш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш саломатлигимизни сақлашнинг асосий гаровидир. ОИВ инфекциясининг юқиш хавфини камайтириш учун қуйидагиларга одатланишимиз яъни:
- Ахлоқан пок бўлиш, оилага садоқат;
- Бировнинг устараси, қайчи ва тиш чўткасидан фойдаланмаслик;
- Татуировка қилмаслик;
- Гиёҳванд моддаларни қабул қилишдан онгли равишда тийилиш;
- Маникюр ва педикюр асбоблари софлигига эътибор бериш;
- Қуйиладиган донор қони текширилганлигига ишонч ҳосил қилиш;
- Тиббий муолажаларни ўтказишда бир марталик шприцлардан фойдаланиш;
- Қулоқларни тешишда тоза ва стерилланган игналардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Зубайдулла ЯКУБОВ,
вилоят ОИТС маркази врачи.
Татьяна КАРИМОВА,      
 туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар шифокори.          
Мавзуга оид: