ДОРИСИЗ ШИФО: МЕВА-САБЗАВОТЛАР ПЎСТЛОҒИ БИЛАН ҲАМ ДАВОЛАНИШ МУМКИН

Айрим маҳсулотларнинг пўчоғи саломатлик ва ташқи кўринишни яхшилаш учун энг самарали восита. Уларнинг пўстини ташлаб юборишга шошилманг.
ЛИМОН
Лимон пўстидаги эфир мойи вирус ва замбуруғларга қарши таъсир этиш хусусиятига эга. У тирноқ ва тери ҳолатини яхшилайди. 
Унинг пўстини юрак қон-томир касалликларида, яллиғланиш, заҳарланишда ҳам қўллаш мумкин. Шунингдек, у пешобни яхши ҳайдайди, қон босимни туширади, томирлар деворини мустаҳкамлайди. Лимон пўстини ҳидлаш орқали ҳам бош оғриғи ва чарчоқдан халос бўлиш мумкин. 
Рецептлар:
• Лимон пўсти билан юз териси артилса, ҳуснбузар ва пигмент доғларидан халос бўласиз. Бироқ бу амалиётдан кейин қуёш нурларидан йироқроқ юрган маъқул. Чунки қуёш нури терида таъсирланиш ва қорайишни юзага келтириши мумкин. 
• Мазкур меванинг пўстлоғи билан теридаги қуруқ қадоқларни йўқотиш мумкин. Товон ва тирсак соҳасини артиш ҳам фойдали. Аммо қандли диабети борларга бу амалиёт тавсия этилмайди.
• Иситмалаганда бир дона лимоннинг майдаланган пўсти, бир стакан қайнаган сувга солинади ва ярим соат тиндирилади. Истеъмол қилаётганда таъбга кўра асал солиниб, кунига икки маҳал ичилади.
• Лимон пўсти қирғичдан ўтказилади ва устига ўсимлик ёғи қўшилади. Аралашма қоронғу ерда икки ҳафта давомида сақланади. Уни сочлар ўсишини яхшилаш учун бош терисига суртиш ёки тирноқлар саломатлиги учун қўллаш мумкин. Асал билан лимон пўстини шимиш томоқ оғриғида шифо бўлади.