Қонун ва ҳаёт


“БАХТИМИЗ - ЈОМУСИМИЗ”

Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. 

Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. 

Мактаб ишлари давлат назоратидадир.

Ўзбекистон Республикасининг 

41- моддаси.


Мустақиллик туфайли халқимизнинг тамомила янги, инсон манфаатларини, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилувчи чинакам демократик Конституциясини яратишдек улкан тарихий имконият вужудга келди. Биз эса ўз Конституциямизга мувофиқ яшаб, меҳнат қилаётганлигимиз, янги жамият қуриш йўлидан бораётганимиз баробарида Асосий Қонунимизни пухта ва мукаммал ўрганиб боришимиз лозим. Бу борада айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод онгига Бахтимиз Қомусининг ҳар бир моддаси ва бандини сингдириш биз педагогларнинг биринчи галдаги вазифамиздир. Негаки, ёш ўғил-қизларимиз она Ватанни севиш, унга муносиб ворис бўлиб етишиш билан бир қаторда ўзларининг ҳуқуқ ва бурчларини ҳам билишлари зарур.

Бош Қомусимизнинг 28 йиллик байрами  мамлакатимизнинг барча жабҳаларида кўтаринки кайфиятда нишонланди. Шунингдек, бизнинг 29-умумтаълим мактабимизда ҳам  ушбу байрам уюшқоқлик билан ўтказилди. Байрам муносабати балан ташкил этилган турли хил тадбирларда айниқса, 5-“Б”, 6- “Б”, 7-“А” синф ўқувчилари фаол иштирок этишган-лигини алоҳида тилга олиб ўтиш жоиз.

“Бахтимиз - қомусимиз” мавзусига бағишлаб ўтка-зилган ушбу тадбирларда мактабимиз ўқувчилари ўзларининг она Ватан ҳақидаги шеърлари, оҳанг-рабо ашула ва рақслари билан барчани манзур этишди. Шунингдек, мамлакатимизнинг Мустақилликка эришган йиллари ва ҳозирги тинч-фаровон ҳаётимизнинг Бош Қомуси ҳисобланган Конституциямизнинг аҳамияти, Ўзбекистонимизнинг бугунги кундаги нуфузи халқаро майдонда ошиб бораётганлиги деворий газеталар, ўқувчиларнинг саҳна чиқишлари орқали акс эттирилди. 

Бир сўз билан айтганда, Конституция фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мажмуасидир. Уни билиб ва амал қилиб яшаш инсоннинг кундалик турмуши ва оилавий фаровонлигининг калитидир. Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, хусусан Конституциямизнинг муҳим жиҳатларини ёшларимизга ўргатиш биз педагогларнинг бугунги кундаги асосий вазифаларимиздан биридир.


Гулнора САФАРОВА,

            29-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.