ЖАЗОНИ ЎТАМАГАН МАҲКУМЛАРГА ОҒИРРОҚ ЖАЗО ТАЙИНЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 ноябрь кунидаги “Жиноят ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4006-сон Қарори ички ишлар органларини озодликдан махрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижро этилиши устидан назоратни амалга оширишни таъминлашда мухим ахамият касб этмоқда. 

Юртимизда азалдан инсонпарварлик тамойиллари, инсон шаъни ва қадр қиммати олий масала сифатида бахоланган. Авваллари, озодликдан махрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга хукм қилинган шахсларга Судлар тайинлаган жазоларнинг ижро этилиши ички ишлар органлари томонидан назорат қилиб борилган бўлса, хозирги кунда, яъни, айнан Пробация хизмати ташкил этилгандан буён жазоларни бажарилиши устидан назорат қилиш баробарида, ушбу тоифа шахсларни ижтимоий хаётга мослаштириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ўқишга ва ишга жойлаштириш, назорат остидагиларга ижтимоий, хуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, энг асосийси, шахсни тарбиялаш масалаларига эътибор қаратилмоқда.  

Туманимизда хам  Пробация назоратида турган шахслар ўртасида ички ишлар органларининг бошқа сохавий хизматлари, Ёшлар иттифоқи, бандликка кўмаклашиш марказлари, хотин-қизлар қўмиталари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва бошқа жамоатчилик тузилмалари билан хамкорликда  бир қатор профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Бундан мақсад, озодликдан махрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга хукм қилинган шахсларни тўғри хаётга қайтариш, содир этган жинояти учун чин кўнгилдан пушаймонлик хиссини уйғотиш, уларни касбга ўргатиш, ўқитиш ва иш билан таъминлашдан иборат.

Назорат остидаги шахсларнинг оиласига кириб бориш, турмуш тарзи ва яшаш шароитларини ўрганиш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун беминнат ёрдам кўрсатилиши натижасида, ушбу тоифа шахсларнинг дунёқарашида хуқуқбузарлик ва жиноятга қарши муносабатнинг шаклланаётганлиги, сохада хизмат олиб бораётган ходимларнинг мехнати бесамар бўлмаётганлигидан далолат беради. Шунингдек, Пробация бўлинмалари ходимларининг саъй-харакатлари туфайли назорат остидаги биргина шахс тузалиш йўлига ўтса, бир неча жиноятларнинг олди олинади, ишга жойлашиб, жамиятда ўз ўрнига эга бўлишга интилса, у яшаётган оиланинг турмуш фаровонлиги таъминланади.

Минг афсуслар бўлсинким, назорат остидагиларнинг қайта жиноят содир этиши хавфини аниқлаш ва бунга йўл қўймаслик юзасидан профилактик тизим жорий этилиб, уларнинг қатъий тузалиш йўлига ўтишини ва жамиятнинг тўлақонли аъзосига айланишини таъминлаш мақсадида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётган бўлишига қарамасдан айрим синов муддати давомида турган шахслар томонидан ўзларига юклатилган мажбуриятларини бажаришдан қасддан бўйин товлаш холатлари хам учраб туради.

Махкум М.Р. муқаддам жиноят ишлари бўйича Самарқанд шахар судининг 2019 йил 25 апрель кунидаги хукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддаси 2-қисмининг “в”, “г” бандлари билан айбли деб топилиб, хар ойлик иш хақининг 20 фоизи миқдорида давлат даромадига ундирилган холда 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиб, хукмнинг ижроси туман ички ишлар органлари Пробация гурухига ижро қилишлик учун келиб тушган. Махкум М.Р.га жазони ижро этиш ходимлари Э.Б.Жабборов, О.А.Мирзаев, шунингдек Ж.И.Норовлар томонидан хуқуқий тушунтиришлар берилиб, бир неча маротаба туман Бандликка кўмаклашиш ва ахолини ижтимоий мухофаза қилиш марказига йўлланма берилганлигини, бироқ у йўлланмага асосан туман Бандликка кўмаклашиш ва ахолини ижтимоий мухофаза қилиш марказига бориб учрашмаганлиги ва ишга жойлашмаганлиги, жазони ўташдан қасддан буйин товлаб келганлиги сабабли унга нисбатан тўпланган хужжатлар туман ички ишлар органлари Пробация гурухининг тақдимномасига асосан жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси И.Дониёров томонидан суд мажлисида кўриб чиқилди.

Махкум М.Р. жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб келаётганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси ЖК 46-моддасининг 4-қисмига асосан оғирроқ жазо турига алмаштирилди.

Шундай экан, жамиятимизда шахсни тарбиялаш орқали соғлом мухит яратиш вазифаси, наинки ички ишлар органлари пробация бўлинмаларининг, балки кенг жамоатчилик, қолаверса, хар бир фуқаронинг бурчи эканини унутмаслик лозим.

И.ДОНИЁРОВ,

жиноят ишлари бўйича туман 

                              судининг раиси.            Э.ЖАББОРОВ,

  туман ички ишлар органлари 

                      Пробация гурухи инспектори.