“ОҚДАРЁ” ЖАМОАСИНИНГ ДАСТЛАБКИ ҒАЛАБАСИ

Ўтган душанба куни Лойиш марказидаги “Алпомиш” ўйингоҳи футбол ишқибозлари билан гавжум бўлди. Ўзбекистон чемпионатининг 2-лигасида иштирок этаётган туманимизнинг кайта ташкил этилган “Оқдарё” футбол жамоаси Самарқанднинг  “Динамо Люкс” жамоасини қабул қилди.  Ўйин тумандошларимизнинг ҳужумкорлиги остида бошланди.  Ана шундай ҳужумларнинг бири меҳмонлар дарвозасини ишғол қилиш билан бошланди. Жамоадошининг жаримадан узатиб берган тўпни моҳир ҳужумчимиз Зафар Ҳамдамов боши билан дарвозага йўллаб ҳисобни очди.
Ўз дарвозаларидан тўп ўтказиб юборган меҳмонлар ҳисобни тенглаштириш учун астойдил ҳаракат қила бошладилар. Натижада мезбонлар дарвозаси олдида хавфли вазиятлар вужудга кела бошлади. Ана шундай ҳужумларнинг бирида мезбонлар томонидан қўполликка йўл қўйилиб, рақиб ўйинчиси дарвозамиз яқинида йиғитилди. Ҳакам ҳеч иккиланмасдан ўн бир метрлик жарима белгилади. Пеналтини рақиблар ҳужумчиси бехато бажарди. Натижада ҳисоб тенглашди. Шу тариқа ўйиннинг биринчи бўлими 1:1 ҳисобида якунланди.
Ўйиннинг иккинчи бўлимида жамоалар ғолиблик учун астойдил кураш олиб боришди. Шиддатли кечган иккинчи бўлимда футболчиларимиз Акобир Тоғаев ва Илҳом Эшмуродовларнинг голлари эвазига олдинга чиқиб олишди. Меҳмонлар эса бот- бот мезбонлар дарвозасини ишғол қилишга эришдилар. Шу тариқа футболчиларимиз 3:2 ҳисобида рақибидан устун келиб дастлабки ғалабани қўлга киритдилар. Жамоамиз навбатдаги ўйинни ўз майдонида иштихонлик тенгдошларини қабул қилишади.
Кези келганда айрим камчиликларни ҳам айтиб ўтиш жоиз. Аслида мусобақа бошланмасдан олдин Ўзбекистон мадҳияси ижро этилиши лозим бўлсада, бу амалга оширилмади. Айтишларича, электр токида муаммолар бор экан. Савол туғилади: Нега ўйин бошлангунга қадар электриклар келиб ўз вазифаларини бажаришмади? Бундан кўриниб турибдики, туман электр тармоқлари идорасининг раҳбарлари бу масалага панжа орасидан қарашган. Келгусида бундай нуқсонларга йўл қўйилмаслиги керак.
Бурҳон УМИРОВ,
спорт фахрийси.
Суратларда: учрашувдан лавҳалар.