ОҚДАРЁ СПОРТИНИ ЮҚОРИ ЧЎҚҚИЛАРГА КЎТАРАЙЛИК!

Зарафшоннинг икки зар кокили бўлган Оқдарё ва Қорадарё ўртасида жойлашган гўзал, кўҳна ва ҳамиша навқирон туманимиз географик ўрни жиҳатдан қулай ҳудудда жойлашган. Ота-боболаримиз қадимдан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланиб, бу соҳаларда юқори ҳосил етиштириб келишган. Собиқ шўро даврида ҳам оқдарёликлар деҳқончилик билан бир қаторда спорт соҳасида ҳам нафақат вилоятимизда, балки, республика миқёсида ҳам ўз ўрнига эга бўлишган. Шу ўринда кўп йиллар мобайнида ёшларга устозлик қилиб, уларни етук спортчилар бўлиб етишишларига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган Усмон Примқулов, Жаҳон Асроров, Мўмин Эргашев, Ҳожи Улуғов, Мансурхон  Аъзамон, Муҳаммади Гафуров, Ҳайдар Мардиев, Насрулла Шаймонов сингари ҳақиқий спорт жонкуярлари бўлган устозларимизнинг номларини фахр билан тилга оламиз. Бу инсонларнинг шогирдлари айни пайтда ҳам спортнинг барча соҳаларида ёшларга мураббийлик қилиб келишмоқда.
Ҳурматли Президентимизнинг спорт соҳасини янада ривожлантириш бўйича чиқараётган қарор ва фармонлари ҳар биримизни мамнун этмоқда. Бунга жавобан спортчиларимиз ўтказилаётган барча мусобақаларда фаол иштирок этиб, қувончли ғалабаларни қўлга киритмоқдалар.
Ташкилот, муассаса ва корхоналарнинг раҳбарлари!
Биз сизларга мурожаат қиламиз:
Сизлар раҳбарлик қилаётган корхоналарда ўнлаб, юзлаб ёшлар меҳнат қилишади. Уларни спорт билан шуғуллантириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини яхши биласизлар. Шундай экан, уларга спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитларни яратиб бериш, рағбатлантириш катта аҳамиятга эгадир. Шу боис, ташкилотингизда спортни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратасизлар, деган умиддамиз. Агар сизнинг ходимингиз ўтказилаётган мусобақаларда ғолибликни эгалласа, бу ҳам сизнинг ютуғингиз ҳисобланишини асло унутманг.
Мактабларнинг директорлари ва коллежларнинг раҳбарларига!
Сизлар ёш авлодни Ватанимизга садоқат руҳида тарбиялашга, уларни ҳар жиҳатдан чуқур билимли ва илмли қилишга, келгусида халқимизга беминнат хизмат қиладиган инсонлар қилиб тарбиялашга астойдил ҳаракат қилмоқдасизлар. Буни халқимиз яхши билади, шу боисдан ҳам сизларни беҳад ҳурмат қилади, ардоқлайди. Сизларда таълим олаётган ўқувчиларни спортга жалб қилиш, чиниқтириш муҳим аҳамият касб этади. Шундай экан, бу борада сизларнинг ташкилотчиликларингиз жуда муҳимдир. Шу боис ёшларимизнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун етарли шарт-шароитларни яратиб бериш лозим эканлигини асло унутманг. Спорт соҳасида етарли қобилиятга эга бўлган ўқувчиларни қўллаб-қувватлаб, турли мусобақаларга қатнашишлари учун ҳомийлик ёрдамини аямасликларингизни истардик.
Юртимиз келажаги бўлган азиз ёшлар!
Муҳтарам Президентимиз жисмоний, ақлий ва маънавий ва ахлоқий жиҳатдан миллатнинг генофондини соғломлаштириш жамият тараққиётининг асоси деб билди ва уни давлат сиёсати даражасига кўтармоқда. Генетик жиҳатдан соғломлашган, ирсий   бақувват, етук авлодни камол топтириш орқали дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторидан жой олиш Юртбошимизнинг ўзига хос сиёсий кашфиётидир. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, соғлом бола ва соғлом она тамойилини турмуш тарзига айлантириш муҳим ва устувор аҳамиятга эга. Ана шу асосда бешта ташаббус юзага келди. Шу ташаббуснинг иккинчиси бўлган ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасини ривожлантиришдир.
Мамлакатимизда ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун давлат томонидан барча шароитлар яратиб берилганлигини ҳаммамиз гувоҳи бўлиб турибмиз. Мамлакат ва жаҳон миқёсида ўтказилаётган мусобақаларда ғолиб бўлганлар ва совриндорларга доимий равишда пул мукофотлари билан бир қаторда автомашиналар берилаяпти. Айниқса, спортнинг бокс, юнон-рум кураши, дзюдо, енгил ва оғир атлетика сингари турлари мамлакатимизда яхши ривожланган. Жумладан, туманимизда ҳам юқоридаги спорт турларини ривожлантириш учун барча шароитлар мавжуд. Бу соҳада ҳам мурабиийларимиз аниқ мақсад йўлида етарли фаолият олиб боришлари лозим бўлади.
Қадрли ота-оналар!
Кейинги пайтларда ҳар бир оилада спортни ривожлантириш учун эътибор берилаяпти. Шу мақсадда республика миқёсида оилавий спортчилар ўртасида турли мусобақалар ўтказиб борилаяпти. Шундай экан, оилаларда спорт билан шуғулланишлари учун фарзандларимизга етарли шарт-шароитларни яратиб берайлик. Агарда уларга маълум бир спорт турига қобилият мавжуд бўлса, тарбиялаб, шу соҳа бўйича чуқур билим олишларига эътибор қаратайлик. Биз сўз билан айтганда Оқдарё спортини юқори чўққиларга қўтаришга ҳар биримиз муносиб ҳиссамизни қўшайлик. Ахир, бежизга спорт – тинчлик элчиси дейишмайдику. Буни доимо ёдда сақлайлик.
УШБУ МУРОЖААТ ТУМАН СПОРТ ҚЎМИТАСИ ВА
 СПОРТ ФАХРИЙЛАРИНИНГ  ШУ ЙИЛ 
6 ИЮЛЬ КУНИ БЎЛИБ ЎТГАН УМУМИЙ 
ЙИҒИЛИШИДА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН.