ДАРЁГА ОТИЛГАН ОЛИМПИАДА ОЛТИНИ

Ўн икки ёшли Кассиус Клейга ота-онаси велосипед олиб берди. У қувончдан кўчага отилди. Лекин болакайнинг шодлиги узоққа чўзилмади. Бир безори ундан велосипедини тортиб олди. Бунинг устига, уриб юзига жароҳат ҳам етказди. Аламига чидолмаган болакай полицияга мурожаат қилди.
- Мен албатта, безорини излаб топаман, - деди полициячи. – Аммо сенга маслаҳатим шуки, муштлашишни ўрган.
Шундай қилиб, полициячи Жо Мартин болакайга фақат маслаҳат бериб қолмай, муштлашиш сирларини ҳам ўргатди.
Орадан тўрт йил ўтди. Клей полициячидан яхшигина сабоқ олди. Лекин унга профессионал мураббий керак эди. У бир куни ўша пайтдаги машҳур бокс мураббийси Анжело Дандига қўнғироқ қилди.
- Бу Анжело Дандими? Менинг исмим Кассиус Клей. Сиз мени шогирдликка олишингиз керак, - деди дабдурустдан. – Икки йилдан сўнг, албатта, Олимпиада чемпиони бўламан.
- Ростданми? – деди ҳайратини яширолмаган Данди.
- Кейин энг кучли профессионал боксчига айланаман.
- Ёшинг нечада?
- Ўн олтида.
Данди индамай гўшакни илиб қўймоқчи бўлди, лекин ўзи ҳам сезмаган ҳолда «Майли, келақол, гаплашамиз», деди.
Кассиус Клей ҳузурига кириб келганда Данди ички сезгиси алдамаганини англаб етди. Йигитчанинг бўй-басти, ўзини тутиши, айниқса, бокс техникаси мураббийни лол қолдирди.
Муҳаммад Али номи билан дунёга танилган машҳур боксчи спортдаги дастлабки қадамини шундай бошлаган эди.
Кассиус Клей мураббийни алдамаганди. Ростдан ҳам, орадан икки йил ўтиб, Рим Олимпиадасида у чемпион бўлди. Боксчини Америкада қаҳрамонлардек кутиб олишди. Онаси Одетта қувончдан йиғлаб юборди. Чемпион туғилиб ўсган Луисвил шаҳри мэрии уни кўкларга кўтариб мақтади. Ҳатто боксчи билан эсдалик учун суратга ҳам тушди.
Орадан бир неча кун ўтгач эса Клейни шаҳардаги ресторанлардан бирига киритмади. Хизматчи юзига тик боқиб: «Биз қора танлиларга хизмат кўрсатмаймиз», деди. Бундан боксчи қаттиқ изтироб чекди. Уйига келди-да, Олимпиадада қўлга киритган олтин медалини қўлига олди. Кейин кўчага чиқиб уни дарёга улоқтирди. Боксчининг дастлабки медали ҳозиргача Огайо дарёси тубида ётибди.
Олимпиададан сўнг боксчи профессионал боксга ўтди. Албатта, у профессионал ва ҳаваскор бокс ўртасида катта фарқ борлигини яхши биларди. Шунинг учун дастлабки жангига узоқ тайёргарлик кўрди ва 1962 йили профессионал баксдаги дастлабки ғалабасига эришди. У ярим оғир вазнда икки кара жаҳон чемпиони Арча Мурни тўрт раунда мағлубиятга учратди. Орадан икки йил ўтиб машҳур боксчи Сонни Листонни енгиб мутлақ жаҳон чемпиони бўлди.
1964 йилда у кутилмаганда исми шарифини ўзгартиришга қарор қилди. «Кассиус исмини менинг боболаримга колонизаторлар беришган. Мен исми шарифимни ўзгартираман. Бундан буён мен Муҳаммад Алиман», деди у. Ва шундан буён у фақат Муҳаммад Али бўлиб рингга чиқади.
Боксчининг исми-шарифини ўзгартириши жамоатчилик томонидан турлича кутиб олинди. Отасининг айтишича, «Ислом миллати» ташкилоти ўғлининг миясини чалғитган, у ўз исми шарифи фахрланади. WBA президенти Эд Лассманинг муносабати бундай бўлди: «Клей бокс оламига улкан зарар етказди… ва ёшларга ёмон намуна кўрсатди». У ҳатто Алининг унвонидан маҳрум қилмоқчи бўлди, аммо штатлар бокс комиссияси бу қарорни рад этди. Муҳаммад Али «Мэдисон сквер гарден»га ташриф буюрганда диктор боксчининг янги отини тилга олишдан бош тортди ва «Залда бокс бўйича жаҳон чемпиони Кассиус Клей бор», дея эълон қилди. Боксчининг бу қароридан бошқа қора танли спортчилар ҳам норози бўлишди. Аммо Муҳаммад Али ўз қароридан қайтмади.
Боксчи АҚШда қора танлиларга бўлган муносабатдан қаттиқ изтироб чекарди. «Биз шахсий еримиз бўлишини истаймиз, - дер эди у. – Оқ танли собиқ хўжайинларимиз бизга ер топиб беришлари шарт”.
1967 йилда Муҳаммад Али яна бир даъвогар Зоро Фоллини мағлуб этди. Уни бутун Америка олқишлади. Лекин орадан бир ой ўтгач бу шон-шуҳрат бирдан сўнди…
Ўша куни Хьюстондаги ҳарбий базада хизматга чақирилган аскарлар қасамёд қабул қилаётган эди. Офицер Муҳаммад Али номини айтганда, у ўрнидан жилмай тураверди. Шунда офицер яна бақирди:
- Эй йигит, нима кармисан?
Боксчи яна жойидан жилмади. У ҳарбий хизматдан, Вьетнамдаги урушга боришдан бош тортаётган эди. Тезда Муҳаммад Али билан ҳуқуқ-тарғибот органлари қизиқа бошлади. Охир-оқибатда суд унга нисбатан 5 йил озодликдан маҳрум этиш ва 10 минг доллар жарима тўлаш жазосини белгилади. Лекин катта гаров пули эвазига боксчи очиқда қолди. Унга нисбатан қўлланилган жазо чоралари шу билан тугамади. Жаҳон бокс уюшмаси уни жаҳон чемпиони унвонидан маҳрум қилди. Уюшманинг қарорини Нью-Йорк, Европа ва Англия бокс уюшмалари ҳам қўллаб-қувватлади.
Муҳаммад Али шундан сўнг ҳам тинч ўтирмади. У мунтазам урушга қарши митингларда иштирок этди, оташин нутқлар сўзлади. Одамларни АҚШнинг Вьетнамдаги босқинчилигига қарши намойишга чақирди.
Ўзини демократиянинг бешиги деб ҳисобловчи Америка учун Муҳаммад Али билан бўлган воқеа шармандали ҳолат эди. Шунинг учун 1969 йили юртнинг виждони саналган зиёлилар – 120 нафар ёзувчи ва санъаткорлар Оқ уйга хат йўллаб, бокс бўйича собиқ жаҳон чемпионини ҳимоя қилиб чиқишди. Улар орасида Игорь Ставринский, Жон Апдайк, Элизабет Тейлор, Айзек Азимов, Гарри Белафонт, Ирвин Шоу каби кўплаб буюк сиймолар бор эди.
1971 йилнинг 28 июнь куни АҚШ Олий суди Муҳаммад Алига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини қайта кўриб чиқди ва боксчини оқлаш тўғрисида қарор чиқарди. Адолат қарор топди. Буюк чарм қўлқоп устасининг олдидаги эндиги вазифа чемпионликни қайтариб олиш эди. Шу мақсадда у аввал чемпионликка даъвогар Жо Фрезер билан рингга чиқди. Ўн минг одам сиғадиган «Мэдисон Сквер-гарден»да фақат Муҳаммад Али ижро эта оладиган бокс «рақси» кўрсатилди. Бу бокс жанги эмас, Муҳаммад Али ижросидаги театр томошаси эди. Жанг 12 раунд давом этди. Али очколар бўйича ғолиб чиқди. У қувончини ичига сиғдира олмай, зални бошига кўтарганча бақирарди:
- Фрезерни дўппосладим, Форменни ҳам дўппослайман, кейин эса яна чемпион бўламан.
Али адашмаётган эди. Унинг навбатдаги рақиби машҳур боксчи, амалдаги жаҳон чемпиони Жорж Фармен бўлди. У ўтказган 40 жангнинг 37 тасини нокаут билан ютган. Форменга мураббийси Дик Стендлер шундай таъриф беради: «Мен ҳақиқий монстрни тарбияладим. Ер юзидаги биронта одам унга тенг кела олмайди». Аммо Муҳаммад Али мураббий Дикнинг башоратини чиппакка чиқарди. 1974 йилнинг 30 октябрь куни Конго Демократик Республикаси пойтахти Киншасседа бўлиб ўтган матчга 50 минг томошабин йиғилди. Дунёнинг кўплаб телеканаллари жангдан тўғридан-тўғри репортаж олиб берди. Ўйин давомида Формен бор маҳоратини ишга солиб, Алига кучли зарбалар беришга интилди. Саккизинчи раунда Али ринг бурчагига сиқилиб турарди. Формен бор кучи билан унга ташланди. Аммо силкиган муштлари ҳавода муаллақ қолди. Ва шу онда чап иягига теккан кучли зарбадан ерга йиқилди. Ҳакам ўнгача санади, лекин тенги йўқ, деб ҳисобланган боксчи ўрнидан тура олмади. Муҳаммад али чемпионлик унвонини қайтариб олди.
Муҳаммад Али 1977 йилда чемпионлик учун даъвогар ёш боксчи Леон Спинск билан учрашди. Жанг тенг курашлар остида ўтган бўлса-да, ҳакамлар 2:1 ҳисобида Леон ғалаба қозонди, деган қарорга келишди. Бу машҳур боксчи учун навбатдаги зарба эди. Орадан икки йил ўтгач Янги Орлеандаги стадионда 70 минг томошабин гувоҳлигида 36 ёшли Муҳаммад Али ёш чемпион Леон Спинскга қарши рингга чиқди. Али бу жангда ғолиб келди ва учинчи марта жаҳон чемпиони деган номга сазовор бўлди 1980 йилда Али тўртинчи марта чемпион бўлиш учун рингга кўтарилди. Аммо Лари Холмсдан даҳшатли мағлубиятга учради. Унинг аввалги кучи ҳам, ғайрати ҳам, шижоати ҳам қолмаганди.
Хайр, бокс. Бу сўзларни айтиш Муҳаммад Али учун ниҳоятда оғир эди. Лекин тақдирдан қочиб бўлмайди. Рингда ҳамиша зўрлар ғолиб чиқади. Али фаолияти давомида 61 марта рингга кўтарилди ва беш марта мағлубият аламини тотиб кўрди.
Муҳаммад Алининг турмуши унчалик яхши кечмади. У тўрт марта уйланган. Саккиз нафар фарзанди бор. Биринчи турмуш ўртоғи официантка Сонжи Рой эди. Аёл мусулмон одатларига риоя қилмагани, жуда очиқ кийингани учун улар бир йил бирга яшашади холос. 1967 йилнинг 17 август куни у Белинда Бойд исмли аёл билан никоҳдан ўтади. Орадан кўп вақт ўтмай Белинда исмини Халила деб ўзгартириб, ислом динини қабул қилади. Никоҳдан тўрт нафар фарзанд - қизлари Мариям (1968 йил), эгизаклар Жамила ва Рашида (1970 йил) ҳамда ўғиллари кичик Муҳаммад Али (1972 йил) дунёга келади. Етмишинчи йилларнинг ўрталарига келиб оиладаги муносабатлар бузила бошлайди. Бунга сабаб боксчининг жуда кўп мухлисалари борлиги эди. Шундай мухлисаларидан бири фотомодель Вероника Порш эди. Вероника Муҳаммад Алининг Жорж Форманга қарши жанги учун рекламада суратга тушганди. Боксчи ушбу жангга тайёргарлик кўриш учун Конгога боради. Шуниси қизиқки, бу мамлакатга Али билан бирга хотини Халила, шунингдек, Вероника ҳам йўл олади. Бу ерда эри ва фотомодель севги саргузаштларидан хабар топган Халила боксчини ташлаб кетади.
Бу пайтда Вероника Алидан ҳомиладор эди. Орадан кўп ўтмай қизалоқ Хана дунёга келади. 1977 йили эса кейинчалик аёллар ўртасида мутлақ жаҳон чемпиони бўлган Лайло Муҳаммад туғилади. 1986 йили Муҳаммад Али Вероника билан никоҳини бекор қилиб, 19 ноябрь куни болаликдаги дўсти Иолантега уйланади. Лекин улар фарзанд кўришмайди. Шу боис беш ёшли Асад Аминни ўз тарбияларига олади. Боксчининг яна икки нафар Мия (1972 йил) ва Калия (1974 йил) никоҳсиз туғилган фарзандлари ҳам бор.
Умрининг сўнгги йилларида Али тез-тез сафарларга чиқиб турар, кўргазмали чиқишларда иштирок этар, бизнес билан шуғулланарди. Ҳар бир чиқиши учун 150-200 минг доллар маблағ оларди. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, у боксда олган зарбалари туфайли паркинсон касалига йўлиққан эди. Бу касални тузатиб бўлмаслигини Али яхши биларди. Шундай бўлса-да, доимо бир сўзни такрорларди: «Агар ҳаётимни бошқатдан бошлаганимда, албатта, яна боксчи бўлардим».
2016 йилнинг 2 июнь куни Муҳаммад Алининг аҳволи оғирлашиб, Аризона штатидаги Скоттсдейла касалхонасига жойлаштирилади. Орадан бир кун ўтиб, 75 ёшида оламдан ўтади. Ўша йилнинг 11 июнь куни ўзи туғилиб ўсган Луисвилл шаҳрида боксчини сўнгги йўлга кузатув маросими бўлади. Бутун шаҳар буюк боксчи билан хайрлашгани кўчаларга чиқади…
Бекқул ЭГАМҚУЛОВнинг 
«Бахт ярим, қайғу ярим…»
 китобидан олинди.