СПОРТ – ФИДОЙИЛИКНИ ТАЛАБ ЭТАДИ

Халқимиз энг улуғ, энг муқаддас неъмат — Истиқлолга эришгач, аввало, мамлакатнинг эртанги куни — истиқболи бўлган болаларнинг саломатлигини яхшилаш, мустаҳкамлашга, уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай ўсиб-улғайишига жиддий эътибор қаратди. Бу борада болалар спортини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилиб, йилдан-йилга такомиллаштириб борилди. 

Спорт таълим-тарбия тизимининг узвий қисмига айланди. Айниқса, ёшларимиз орасида сузиш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, дзюдо, бадиий гимнастика ва спорт гимнастикаси, футбол, стол тенниси, кураш, миллий ва юнон-рум кураши, бокс, енгил атлетика сингари спорт  турларига қизиқиш ортиб, жисмоний тарбия билан шуғулланиш кундалик вазифага айланиб бормоқда. 

Сир эмаски, ҳозирги кунда болалар спорти таълим-тарбия соҳасининг узвий қисмига, баркамол авлодни шакллантиришнинг ноёб тизимига айланди. Хусусан, узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ушбу мақсад йўлида умумтаълим мактабларида, аҳоли яшаш жойларида замонавий спорт мажмуалари барпо этилмоқдаки, бундан халқимиз, хусусан, навқирон авлод вакиллари беҳад мамнун бўлаяпти. 

Бир пайтлар ҳатто оддий ёзги спорт майдончалари йўқ, биргина копток билан таъминлаш амримаҳол бўлган умумтаълим мактаблари бугун замонавий спорт инвентарлари билан тўла жиҳозланган кўркам спорт заллари, мажмуаларига эга. Зеро, айнан болалар спортини ривожлантириш орқали баркамол авлодни тарбиялаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масаласи ижобий ҳал этилмоқда. Ушбу спорт майдонларида дастлабки сабоқларни олган ёшларимизнинг халқаро ареналарда муваффақият қозонаётгани эса мазкур саъй-ҳаракатларнинг яна бир яққол самарасидир.

Жисмоний тарбия фани ўқитувчиси сифатида  29- умумтаълим мактабида ўз иш фаолиятинимни бошлар эканман, бу билим даргоҳида ҳам узоқ йиллардан буён мактаб спорт зали йўқ эди. Шу боис ўқувчилар жисмоний тарбия дарсларини қиш-куз мавсумида синф хоналарида ўтишга мажбур эдилар. Бу эса спортнинг айниқса, жисмоний тарбия дарсларининг бирмунча ривожланишини ортга сури-шини ўйлаб, дастлабки пайтларда анча қийналдим. Сабаби шуки, қишлоқ болаларининг деярли барчаси жисмоний тарбия фанига қизиқишади, уларнинг фанга бўлган қизиқишини сўндирмаслик учун етарли шарт-шароит бўлмасада, имконият даражасида ҳаракат қилишга тўғри келди. Бу борадаги камчиликлар ва муаммоларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида қизиқарли машғулотлар, мусобақалар ташкил қилсак, баъзан эса синфхоналарида дарс ўтишга мажбур бўлар эдик. Мана мактабда фаолият юрит-ганимга ҳам унча кўп вақт бўлмади. Лекин шундай бўлсада, ёш ўқитувчи сифатида ўқувчиларнинг спортга бўлган қизиқишларини, айниқса, жисмоний тарбия фанига бўлган меҳрини оширишга эришдим. Шу вақт мобайнида кўплаб ўқувчиларимиз туман ва вилоят босқичларида ўтказилган турли хил спорт мусобақаларида ва тадбирларда фаол иштирок этишиб, совриндорлар қаторида боришмоқда.

Бугунги кунга келиб мактабимиз ўқувчилари учун замонавий типда спорт зали қурилганлигидан ёшларимиз жуда хурсанд бўлишмоқда. Негаки, эндиликда улар ўзларининг  севимли машғулоти ва тўгаракларга қатнашишлари учун алоҳида спорт иншооти мавжуд. Мактабимиз ўқувчилари учун турли спорт тўгараклари ташкил этилган. Жумладан: футбол, волейбол, гандбол, баскетбол, енгил атлетика, шахмат-шашка сингари спорт турларига ўқувчиларимизнинг  60-70 фоизи жалб қилинган. Шунингдек, мазкур санаб  ўтилган спорт турлари бўйича ўқувчиларимиз туман, вилоят миқёсида ютуқларга эришиб келишмоқда.

Спорт залимизда ўқувчиларнинг қиш мавсумида ҳам шуғулланишлари учун имконият яратилди. Бу каби спорт иншоотларини қуришда давлатимиз раҳбарининг болалар спорти ва ёшларимизнинг жисмонан бақувват, тетик ва соғлом бўлиб вояга етиши, таълим-тарбия олишига қаратилган кўплаб қарор ва фармонлар, ВМнинг спортга алоқадор чиқарган фармойишлари, буйруқлари сабаб бўлди, десам адашмаган бўламан. Бунга жавобан биз ўқитувчилар спортни янада жонлантириш мақсадида  ўз касбимизга фидойилик билан ёндошишимиз талаб этилади. 

Мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида пандемия туфайли ўқув йилининг сўнгги чорагидаги дарслар онлайн мактаб дастури асосида ўтилди. Ана шундай масъулиятли даврда ёшларга қаратилаётган эътибор, айниқса, уларнинг бўш вақтларини мазмунли, дарсдан ажралмаган ҳолда олиб боришга ҳаракат қилдик. Онлайн дарсларни олиб боришда турли хил кроссворд, тестлар, қизиқарли мусобақалар ташкил этдим, масофадан туриб бўлсада, ўқувчилар билан ҳар қачонгидан ҳам қизиқарли машғулотлар олиб боришга ҳаракат қилдим.

Жисмоний тарбия фани ўқитувчиси сифатида ўз соҳасини тушуна оладиган, шу касбдан фахрланадиган, келажакда соғлом авлодни ва спортчиларни етиштириб чиқаришга астойдил куч ва ғайратимни ишга соламан. Негаки, ўқитувчи касби анча машаққатли, аммо шарафли,  обрўли касблардан бири. Шу боис ўқувчиларимизга  берилаётган эътибор, таълим-тарбия келажакда ўз мевасини беришига ишонаман.


Радик ТУРДИЕВ,

29-умумтаълим мактаби жисмоний тарбия фани ўқитувчиси.


Суратда: бадиий гимнастика бўйича вилоят совриндори Гулзода Искандарова