Янгилик яратишдан тўхтамайлик, азиз устозлар!

Мадина Ўроқова туман халқ таълими бўлимига қарашли 5-умумтаълим мактабида она тили ва адабиёт фанларидан дарс бериб келмоқда. Унинг ўқувчилари  туманда ўтказиладиган “Билимлар беллашуви” ва фан олимпиадаларида фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Мамалакатимизда жадал суръатлар билан олиб борилаётган таълим ислоҳотларига ҳозиржавоблик билан фаолият юритишда, замон билан ҳамнафас бўлиб инновацион таълим технологияларидан фойдаланиб, таълим-тарбия жараёнини ташкиллаш-тиришда барчага ўрнак бўлмоқда.     
Мадина  Ўроқованинг  “Она тили ва адабиёт   дарсларида   АКТ воситаларидан фойдаланишнинг аҳамияти” мавзусидаги  иш тажрибаси СамДУ ҳузуридаги ХТХҚТМО ҳудудий маркази Тилларни ўқитиш методикаси кафедраси ўқитувчиси  Р.Тошниёзова томонидан оммалаштирилди.
Қуйида Мадина Ўроқованинг “Бир ёғи оқ, бир ёғи қора” методи асосидаги иш тажрибасидан намуна ҳавола этилади. 
“Бир ёғи  оқ, бир ёғи қора” методи
Ўқувчининг кенг ва мантиқли фикрлаши, фикрни саводли ифодалаши, оғзаки ва ёзма нутқининг равон бўлиши учун  ҳамда ўзбек адабиёти тарихи, халқ оғзаки ижоди, мумтоз шарқ адабиёти, замонавий адабиёт, жаҳон адабиёти, адабий-бадиий асарлар мазмуни, ғояси ва муаммоси, ижодкорларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги билим, малака ва кўникмаларининг шаклланиши  учун она тили ва адабиёт фанларидан чуқурроқ билим берилиши талаб этилади. Шу нуқтаи назардан она тили  ва  адабиёт фанларини ўқитиш бўйича давлат таълим стандарти ишлаб чиқилди. 
Бугунги кунда дарсларни анъанавий тарзда ташкил қилиш, назорат ишларида оддий тест, савол-жавоблардан фойдаланиш ҳам ўқувчиларнинг зерикишига сабаб бўлмоқда. Биз  ахборотлар асрида яшаяпмиз. Таълим-тарбия жараёнини замон билан ҳамнафас тарзда олиб боришимиз бугунги кун талабларидан  бирига айланмоқда. Бунинг учун  биз ўқитувчилардан дарсларимизда  АКТдан, янги педагогик технология  ва  методлардан, дидактик  топшириқлардан, ўқув фильмларидан ўринли  фойдаланишимиз, ўзимиз ҳам янги  метод, ўйин, усул,  дидактик  топшириқлар яратиб, дарс жараёнига тадбиқ қилишимиз  талаб  этилади.
Дарсларимизни бошқа фанлар билан алоқадорликда ташкил қилиш, синф ўқувчиларини гуруҳларга бўлишда  ҳам  ўзгача усуллардан фойдаланиш орқали ўқувчиларнинг дарсимизга қизиқишини оширишимиз мумкин. Масалан, китоб томонидан ички ишларга  ариза  бериш орқали  китобнинг  йўқолган  варақларини  топишга  ёрдам  бериш мақсадида синф ўқувчиларини ”Адвокат”, ”Детектив”, ”Изқувар” гуруҳларига бўлиш орқали  ўқувчиларни фаоллаштириш, қизиқтириш яхши натижа беради. Бунда дарс ҳам бошқа фан билан алоқадорликда ташкил қилинади, ҳам ўқувчиларда ариза ёзиш кўникма ва малакалари ривожланади. Бундан ташқари, 5-6-7-синфларга она тили фанидан дарс мавзуларини оддий ахборот бериш орқали тушунтиришдан кўра эртак усулида айтиб бериш яхши самара беради. Бундай дарслар  ўқувчиларни  қизиқтириши  билан  бир  қаторда  ёдида  яхши  сақланишига  ҳам  ёрдам беради.
Тест  жараёнларида  АКТдан фойдаланиш ҳам қулай, ҳам фойдали. ”Спринг қуиз Макер” дастурининг 2 хил тест  тури асосида тестлар ишлаб чиқиб ёки ностандарт тестлар ишлаб чиқиб, улардан назоратларда, дарсларда фойдаланиш қулай ва қизиқарли.
Биз  ўз  фанимиз  юзасидан ўқувчиларнинг  билим  самарадорлигини оширишимиз  учун, энг  аввало, дарсимизга  уларни  қизиқтира  олишимиз лозим. Чунки инсон ёқтирган таомини ейди, ёқтирган либосини кияди, ёқтирган мусиқасини тинглайди, ҳатто ёқтирган машғулоти билан  шуғулланади. Шундай  экан,  бизнинг фанимиз ҳам ўқувчиларнинг ёқтирган  ва  қизиққан  фанига айлансин. Бунинг  учун биз  яратишдан, ижод қилишдан тўхтамас-лигимиз, ҳар бир дарсимизга янгилик олиб кириб,  ўқувчиларни қизиқтиришимиз лозим.  Ахборот комму-никатив технологияларнинг шиддат билан  ривожланиши  таълим  тизимида одатий дарслардан чекиниб, ўқувчилар қобилиятини, билимини ўстиришга хизмат қилувчи педагогик технологиялар ва усулларни дарсларга татбиқ  этишни тақозо қилмоқда.
Бизга маълумки, баъзи  асар қаҳрамонларининг ижобий томонлари билан бир қаторда салбий томонлари ҳам бўлади. Мана шу жиҳатларини таҳлил қилишда “Бир ёғи  оқ, бир ёғи қора” методи  яхши самара беради. Бунда  айлананинг бир ёғи қора, бир ёғи оқ бўлади ва ўртасидан кесилади ҳамда тескари қилиб  бирлаштирилиб қўйилади. Асар қаҳрамони айтилади, ўқувчи эса айлананинг бир томонини танлайди. Оқ тарафи тушса, қаҳрамоннинг ижобий томонларини, қора тарафи тушса, салбий томонларини айтиб, фикрини асардаги воқеалар асосида исботлаб бериши лозим. Айлананинг иккинчи томонини эса ўз-ўзидан  иккинчи  ўқувчи ёки кейинги гуруҳ олиб жавоб бериши керак бўлади. Агар ўқувчи асар қаҳрамонининг ижобий ёки салбий  томонинигина айтиб, фикрини асар воқеалари асосида исботлаб беролмаса, 3 балл, исботлаб берса, 5 балл қўйилади.
Илгари яратилган бадиий асарларимизнинг деярли барчасида ижобий қаҳрамонларимизда ижобий жиҳатлар, салбий қаҳрамонларимизда салбий жиҳатлар умумлаштирилган бўлса, ҳозирги кунда яратилаётган бадиий асарларимизда эса ижобий қаҳрамонларимизда ҳам салбий, салбий қаҳрамонларимизда ҳам ижобий жиҳатларни кўп  учратишимиз мумкин. Мана шундай қаҳрамонларни таҳлил қилиш учун  яратган ушбу методим ўқувчиларда синчковлик, изланувчанлик, ўз фикрини исботлай олиш каби қобилиятларини ривожлантиради, деб ўйлайман.
8-синф Адабиёт дарслигида берилган Асқад Мухторнинг “Чинор” романидаги Акбарали образини мисол тариқасида келтиришимиз мумкин. Бу образда ижобий сифатлар билан бир қаторда салбий жиҳатларни ҳам учратамиз.
“Чинор” романидан Акбарали            
 Салбий Ижобий
Бу метод орқали ўқувчилар асарни ўқиш давомида қаҳрамонларнинг ижобий ва салбий томонларига кўпроқ эътибор бериб, қунт билан ўрганади ва сўзини исботлаш учун асардаги воқеаларни ҳам таҳлил қилади.
Мадина ЎРОҚОВА,
5-умумий ўрта таълим мактаби 
она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.