НАВОИЙ ИЖОДИНИ ЎРГАНАМИЗ

Мамлакатимизда миллий адабиётимизга кўрсатилаётган эътибор бой илмий, маънавий меросимизни ўрганиш, уни тарғиб этиш, қадимий манбаларни мукаммал тадқиқ этган ҳолда нашр эттириш, ижод аҳлига ҳар жиҳатдан кўмак кўрсатиш каби эзгу ишларда ўз амалий ифодасини топмоқда.

Бу жиҳатлар Алишер Навоий асарларини ўрганиш, унинг бебаҳо меросидан ёш авлодни юксак маънавиятли, теран тафаккурли, юксак ижодий-интеллектуал салоҳият соҳиби этиб камолга етказишдек эзгу ишларда янада яққолроқ намоён бўлмоқда.

Миллатимизни дунёдаги энг маданиятли ва маърифатли халқлар қаторига олиб чиққан буюк сиймолардан бири бўлган Алишер Навоийнинг  таваллуд айёмини нишонлаш мақсадида  бизнинг  2-умумий ўрта таълим мактабида ҳам таҳсинга лойиқ тадбирлар бўлиб ўтмокда. Мактабда буюк  алломанинг 579 йиллик таваллуд айёмига  бағишлаб ўтказилган  тадбирлар, танловлар,  саҳна кўринишлари  фидойи ўкитувчилар томонидан тайёрланган бўлса, буюк бобокалонимизнинг  ғазаллари,  ҳикматли сўз ва  рубоийлари ўқувчилар томонидан маҳорат  билан ижро этилиб, уларнинг билим ва тафаккурини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу борада мактабнинг  она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларидан Озода Абдурасулова,  Гулноза Сиддиқова, Луиза Раббимова ва Моҳинур Ҳайдаровалар ўқувчиларга таълим ва тарбия бериш билан бир қаторда ўқувчиларнинг  маънавий оламини бойитиш, Навоийнинг ҳар бир ўгитлари  ва асарларини ўқувчиларга ўргатиш, ижодини қизиқиб ўрганиш борасида бор билим ва маҳоратини аямасдан келишмокда.

Дарҳақиқат, бундай тадбирлар ўқувчиларнинг адабиётга, санъатга бўлган қизиқишини орттириш билан  бирга она-Ватанни севишга, буюк боболаримиздек бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам бериши шубҳасиздир. 

   М.УЗОҚОВА,

                          2-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.