ТАЪЛИМ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИ ТАТБИҚ ЭТИШ ВА УЛАРНИНГ ЎРНИ

    Ҳозирги илм-фан, техника ва саноат жадал ривожланаётган ижтимоий экологик ҳолат кескинлашиб бораётган пайтда мактабларда кимё фанини мазмун жиҳатдан янгича ўқитиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Шундай экан, биз ўқувчиларга кимё фани сирларини ўргатибгина қолмасдан ўқувчиларнинг фикрини ўстиришимиз, уларга ҳозиржавоблик, изланувчанлик, ижодкорлик ҳисларини ҳам тарбиялашимиз керак. Ҳар бир дарсимиз ўқувчиларнинг билимга қизиқишларини ва мустақил равишда ишлаш кўникмаларини ривожлантиришга ёрдам бериш учун ўқитиш самарадорлигини ҳар томонлама ошириш лозим. Ўқувчиларнинг онгида муаммоли вазиятлар ва вазифаларни шакллантириш, мустақил ечимларини қидириб топиш, билимларни муваффақиятли эгаллаш ва ақлий жиҳатдан ривожланиш омили сифатида ўқувчиларнинг билим фаоллигига нисбатан диққат-эътиборни кучайтириш керак.

   Дарс ўтиш жараёнида моддаларнинг намуналари, кимёвий тажрибалар, моделлар, тасвирий қўлланмалар, кимёвий элементларнинг белгилари ва формалар ёзилган карточкалар, техника воситалари, асбоб ва аппаратлардан кенг фойдаланаман. Чунки уларнинг ҳар бири таълим-тарбиявий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Кўргазмали дидактик воситалар ўқув жараёнини активлаштиради ва ўқувчилар мустақил ишини ташкил этишда ёрдам берибгина қолмай, улар билим манбаи, ўқувчиларда амалий ўқув ва малакалар ҳосил қилиш қуроли ҳам ҳисобланади.

    Кимё фанини ўқитишда лаборатория машғулотларини ташкил этиш, уни ўтказишдан мақсад ўқувчиларни фанга бўлган қизиқишларини шакллантириш, фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, ҳар бир ҳодиса моҳиятини чуқур билиб олишга эришишдан иборат. Лекин баъзи бир кимёвий реактивларнинг етишмаслиги сабабли дарсларни қизиқарли, самарали ўтказиш учун турли дидактик воситалар ва ўйинлардан фойдаланиш яхши натижаларга олиб келади.

    Ўқитувчи томонидан ўқувчиларни ўйлашга, изланишга мажбур этадиган саволлар, топшириқлар бериш уларнинг диққатини жалб этади. Ўртага ташланган муаммони ҳал этишда ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам биргаликда қатнашади. Лекин ўқувчиларнинг ҳаммаси ҳам кимё фанига қизиқавермайди. Уларни қизиқтириш, жалб қилиш учун эса кимёни бошқа фанлар, масалан: адабиёт, математика, биология, география, ҳуқуқ, экология ва бошқа фанлар билан боғлаш яхши натижаларга олиб келади. Чунки ўқувчиларнинг ҳиссий билимини бошқариш ва предметлараро боғланиш ўқитишни янада чуқурлаштиради, мазмундор қилади ва осонлаштиради.

    Зеро, янги педагогик технологияга кўра ҳамкорлик педагогикасига амал қилиш таълим самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Дарс ўтиш жараёнимда турли шеърлардан фойдаланиб, адабиётнинг, машқ-масалалар ечишда математиканинг, қазилма бойликлари, табиий ва минерал хом ашёларни аниқлашда географиянинг, биологиянинг, улардан фойдаланишда эса экология ва ҳуқуқ фанларининг ролига алоҳида урғу бераман. Масалан, 8-синфларда “Фосфор”, “Минерал ўғитлар” мавзулари ўтилганда қуйидаги шеърдан фойдаланса бўлади:

      Мен фосформан, шуъламан,

      Кислородда ёнаман.

      Тирик жону ўсимлик,

      Доим мен ила тирик.

      Фойдаланур кўпинча,

     Қилиб минерал ўғит.

        Ер қаърида бўламан,

       Элга хизматим йирик.

       Рангим қара қизарса,

       Ўтираман тинчгина.

       Агар рангим оқарса,

       Ёниб кетаман зумда.

  Фосфорнинг хоссаларини айтиб, харитадан фойдаланган ҳолда фосфор Қизилқумдаги Жерой-Сардара конида топланган бўлиб, ундаги фосфорнинг аниқланган заҳираси 100 млн. Тоннани ташкил этади ва бу ерда фосфорит комбинати қурилмоқда. Шунингдек, Марказий Қизилқумдаги Қорақат ва Шимолий Жетитов конларидаги фосфорларнинг заҳиралари чексизлиги аниқланган деб, мавзуни бошқа фанларга боғлаш мумкин.

     Ўзбекистонда фосфорли ўғитлар аммофос ва суперфосфат ишлаб чиқарадиган катта корхоналар бор. Шулардан Самарқанд суперфосфат ишлаб чиқариш заводи ишлаяптими, демак озми-кўпми заҳарланмоқда. Чунки турли газлар кислотали ёмғирларнинг ёғишига, чиқитлар эса сувларнинг ифлосланишига олиб келмоқда, яъни экологиямизга зарар етказмоқда. Табиатга етказилган зарар эса одамлар саломатлигига таъсир қилиб, турли касалликларни келтириб чиқаради.

   Шунинг учун мавжуд заҳираларимиздан тежаб-тергаб фойдаланишимиз, ишлаб чиқаришда эса атроф-муҳитга зарар етказмаслик чораларини излашимиз керак. Бу ҳақда қомусимизнинг иқтисодий негизларига оид 54-моддасида: мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, 55-моддада эса: ер, ерости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир, дейилади деб, ҳуқуқ фанига боғланса, ўтилган мавзу ўқувчиларнинг ёдида қолиши ва фанга бўлган қизиқиши янада ошиши шубҳасиздир.

Гавҳар АКРАМОВА,

35-мактабнинг кимё фани ўқитувчиси.