ҲИКМАТ ОЛАМИНИНГ АЛЛОМАСИ

Шарқ тасаввуф оламида Аҳмад Яссавий ҳазратларининг ўрни беқиёсдир. Ёзилганига 10 асрдан ошаётган бўлса-да, Яссавий ҳикматлари ҳамон халқ тилида, халқ орасида. Сабаби, бу ҳикматлар ўта халқона ва киши қалбига етиб борадиган даражада нафис ёзилган. Кўплаб кишилар ўтган буюк алломаларимиз, олим-у шоирларимизнинг шеър ва ғазалларини ҳурмат-у эҳтиром билан тилга олишса-да, асл маъносини англашга, моҳиятини тушунишга қийналадилар. Сабаби улар ўша давр тилининг расмий, давлат миқёсида фойдаланиладиган шаклида ёзилган. Яссавий ҳикматлари эса ҳар қандай киши қалбига кириб боради, чунки Яссавий халқ ичида юрган, сарой ҳаётини севмаган, халққа ўта яқин аллома эди.
Хожа Аҳмад Яссавий 1166 йилда Ясси яқинидаги Сайрам шаҳрида таваллуд топган бўлиб, тасаввуфнинг машҳур намояндаларидан бири, шоир эди. Отаси Шайх Иброҳим жавонмардлик тариқатига мансуб нуфузли зотлардан бўлган. Яссавий туғилгач, кўп ўтмай онаси — Мусо Шайхнинг қизи Ойша хотун вафот этади. 7 ёшида отасидан ҳам ажралади. Яссавий тарбияси билан опаси Гавҳари Шаҳноз машғул бўлади. Яссавий опаси билан Яссига кўчиб боргач, илк устози Арслонбоб билан учрашади ва ундан таҳсил олади. Буни Яссавийнинг «Етти ёшда Арслон бобом излаб топдим...» деб бошланувчи ҳикматларидан ҳам билса бўлади. Яссавий Яссида ботин илми сирларини мукаммал ўзлаштирган. Ўша замонларда илм-маърифатнинг Мова-роуннаҳрдаги марказларидан бўлган Бухорода Туркистоннинг турли томонларидан толиби илмлар йиғилишган. Арслонбоб кўрсатмаси билан Яссавий ҳам Бухорога боради. Даврнинг энг пешқадам олими ва суфийси Шайх Юсуф Ҳамадоний билан учрашиб, унга мурид тушади.
Бухорода у араб тили билан бир қаторда форс тилини ҳам чуқур ўрганади. Форсийда яратилган тасаввуфий адабиёт билан танишади. Хожа Абдухолиқ ўиждувоний, Абдуллоҳ Барқий, Хожа Ўасан Андоқийлар билан ҳамсуҳбат ва ҳаммаслак бўлиб, Юсуф Ҳамадоний муридлари қаторидан ўрин олади.
Яссавий нуқтаи назарида ҳикмат — «илми ладуний», яъни илми қайбу ҳақойиқ ва илоҳий сирларни кашф айлаш мазмунига ҳам эга. Яссавийнинг ўзи «Девони ҳикмат» номи билан бирон бир китоб яратмаган. Ушбу нодир асар унинг мурид ва издошлари томонидан тартиб берилган. Лекин бу нарса ҳикмат мажмуасининг Яссавийга алоқаси йўқ, деган даъвони илгари суришга асос бермайди. Сўфи Оллоёр Яссавий ҳақида фикр билдириб, яна шундай деган:
Шариатда эди ул офтобе,
Қолибдур бизга ул эрдин китобе.
Яссавийнинг фақат ижодиёти эмас, қанча умр кўриб, қачон вафот этганлиги ҳам баҳсли. У ҳикматларидан бирида «Юз йигирма бешга кирдим, билолмадим», дейдики, бу сўзлар тарихий ҳақиқатдан кўра, кўпроқ тасаввуфий мазмунга эга. Бундан ташқари, 125 йиллик узоқ бир умрнинг ярмидан кўпини «ер ости»да («Олтмиш учда ер остига кирдим мано») ўтказиш ақл бовар этмас ҳодисадир. Ривоятларга кўра, Яссавий 63 ёшга етгач, ер остида ҳужра ясатиб, “чилла”га кирган, қолган умрини тоат-ибодат қилиб, қимматли ҳикматлар ёзиб, риёзатлар чекиб, ер остида ўтказган. Лекин кўпчилик тадқиқотчилар унинг вафот тарихини 1166-67 йил деб қайд этишган.
Яссавий ҳам ўзининг пири бузруквори Шайх Юсуф Ўамадонийга ўхшаб мол-дунё тўплашга мутлақо қизиқмаганини, камбағалпарвар ва ғарибпарвар бўлиб яшаганлигини унинг баъзи бир ҳикматларидан ҳам билса бўлади. Мол-дунёга, бойликка ва давлат орттиришга муккасидан кетган, хасис ва очофат кишиларни Яссавий беаёв танқид қилади:
Бешак билинг бу дунё барча халқдан ўтаро,
Ишонмағил молингга, бир кун қўлдан кетаро,
Ото, оно, қариндош қаён кетди, фикр қил,
Тўрт оёқлик чўбин от бир кун санго етаро. 
Дарҳақиқат, Хожа Аҳмад Яссавий Марказий Осиёдаги илк тасаввуфий тариқат – “Яссавия”нинг асосчиси, нафақат Хуросон ва Мавароуннаҳр, балки туркийзабон халқларнинг маънавий тарихида кенг маълум бўлган, мутасаввиф донишманд, инсонпарвар шоир ҳисобланади.
Узоқ вақт мобайнида Яссавий ҳаёти ва ижодиётини илмий жиҳатдан тадқиқ этишга имкон берилмади. Асарларини нашр қилишга йўл қўйилмади. Ўтган асрнинг 70-йилларида Яссавийнинг миллий маданият, тил ва адабиёт тарихидаги хизматларини тўғри баҳолаш йўлидаги уринишлар эса қораланди. Мустақиллик арафасида, хусусан, Ўзбекистон истиқлолга эришгандан кейин яссавийшуносликда янги давр бошланди. Дастлаб турли газета ва журналларда «Девони ҳикмат»дан намуналар эълон қилинган бўлса, 1990-92 йилларда унинг иккита мустақил нашри китобхонлар қўлига етказилди. Ушбу нашрлар нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа туркий давлатларда ҳам бу буюк мутасаввифнинг ҳаёти, адабий-маърифий фаолияти, издошлари хизматига қизиқишни кучайтирди. 1993 йил Ўзбекистонда Яссавийга бағишлаб илмий анжуманлар ўтказилиб, маърузалар матни алоҳида мажмуа шаклида чоп этилди. Матбуотда Яссавийнинг шахсияти, тариқати, шеъриятидан баҳс юритилган мақолалар босилиб чиқди. Ўзбекистондаги бир қанча кўча ва маҳаллалар Яссавий номи билан аталади. Яссавийнинг жасади дафн этилган кўҳна Ясси шаҳрида эса Яссавий номидаги университет мавжуд.
Ҳикматлардан:
Аё мўъмин, киргил йўлға мурод истаб,
Жон баҳридин ўтгин Раҳим Раҳмон учун.
Гуноҳингга пушаймон бўл сидқинг бирла,
Тавба қилғил раҳм этгувчи ғуфрон учун.
                   Танда жонинг меҳмон эрур неча кунлар,
                   Қон йиғлағил қайғу бирла узоқ тунлар.
                   Нечук бўлғой ҳолим дебон йироқ йўллар,
                   Шояд қабул қилғой сандек ҳайрон учун.
Лутф айласа, мушкул ишлар бўлур осон,
Уғон Изим бандам деса қолмас армон,
Неъмат берур дунё ичра турлук алвон,
Бино қилди саккиз беҳишт меҳмон учун.
                   Зоҳид қуллар тақво қилиб намоз ўқур,
                   Насиб қилса анда бориб ҳурлар қучур,
                   Ошиқ қуллар Мансур янглиғ жондин кечур,
                   Қурбон бўлур дор устида жонон учун.
Ҳаром эрур ошиқларға ғайр аз Худо,
Хато эрур талаб қилса ҳар ду саро.
Муҳаббатсиз тоатларинг – боди ҳаво,
Мағрур бўлма дунё, уқбо, ризвон учун.
                   Ё Раббано, хўб билурсан жумла асрор,
                   Кўбтур мунда журму исён, қилма изҳор,
                   Қаҳр айлама ман осийга Изим Жаббор,
                   Бағишлағил ул ҳурмати Фурқон учун.
Қул Хожа Аҳмад, лоф урубон айдинг муни,
Лоф урурсан муҳаббатдин, аҳдинг қани?
На эранлар бу дунёдин бўлди фоний,
Нафс илгида ўлдунг мисли ҳайвон учун.
                   Ошиқлари зикрин ойтиб ҳормас эрмиш,
                   Борғон сори йигит бўлур, қормас эрмиш.
                   Ҳалқа топса, ошиқ ишга ҳормас эрмиш,
                   Каҳф итидек ориф сўнгидин қолмас эрмиш.
Ориф сўнгиға эришгонлар мазо топти,
Мазо топиб, ҳақ йўлида ризо топти.
Жисму жонин фидо қилиб ғизо топти,
Чин ошиқлар урса-сўкса тонмас эрмиш.
                   Қитмир итдин ибрат олғил ошиқ эрсанг,
                   Оқсоқланиб йўлдин қолма содиқ эрсанг.
                   Эрлар севур яхши қулға лойиқ эрсанг,
                   Лойиқ бўлғон қуллар йўлда қолмас эрмиш.
Тавфиқ тилаб эранларға ёвуқланғил,
Кўнгул узуб тааллуқдин совуқланғил.
Дунё қўюб, охиратға озуқланғил,
Озуқ олғон аро йўлда қолмас эрмиш.