ТУРОН МАЛИКАСИ ЁКИ САРОЙМУЛКХОНИМНИНГ СИРЛИ ЎЛИМИ

Соҳибқироннинг нафақат суюкли рафиқаси, балки унинг энг ишончли ва яқин маслаҳатчиси, Амир Темур давлатида юқори мавқега эга бўлган Сароймулкхоним ҳам ана шундай тарихий сиймолардан биридир. Неча ўн йиллаб темурий шаҳзодалар бошини силаган, тўй-маъракада катта хоним сифатида маликаларга раҳнамолик қилган буюк Темур салтанати мавқеини таъминлаш, нуфузини оширишда олий мажлис ҳайъати таркибида ҳал қилувчи овоз соҳибаси, Жаҳонгирнинг шавкатли юришлари ва зафарли жангларида, ақл ва тафаккур кучи билан туркий қўшин таркибида дадил роль ўйнаган Бибихонимнинг вафоти хусусида турли талқинлар мавжуд. Тахминлар турлича бўлса-да, Сароймулкхонимнинг заҳар воситасида вафот этгани аниқ. Бироқ ниманинг заҳридан ёхуд қандай заҳар билан ўлдирилгани, ким ва қандай заҳарлагани ҳамон сирлигача қолмоқда.
Ибн Арабшоҳнинг “Ажойиб ул Мақдурфи ахбори Таймур” (Темур ҳақидаги хабарларда тақдир ажойиботлари) китобида келтирилишича, Шодимулкхоним ўз севгиси (Халил Султон назарда  тутилмоқда) учун хавфсираб икки маликани Сарой-мулкхонимни ва Тукалхонимни заҳарлаб ўлдиради. Бу гап бироз ғалати туюлади. Маликанинг хавфсираши тўғри. Негаки, Хилил Султон бобоси васиятига қарши равишда унинг тахтига зўрлик йўли билан чиқиб олган. Аммо икки хонимни заҳарлаш мантиқсизлик. Шоди-мулк айнан Сароймулкхоним аралашуви натижасида Халил Султонга етишган. Чунки бу никоҳга Амир Темур қарши  бўлиб уни кўндиришда Бибихонимнинг саъй-ҳаракати асосий роль ўйнаган.  Буни Шодимулк унутмасди. Унутиш  мумкин ҳам эмас эди. Негаки, Сароймулкхонимга барча хос канизаклар ва кичик маликалар ичида Шодимулкнинг эҳтироми ўзгача бўлган.
Маликанинг сирли ўлими ҳақида Ибн Арабшоҳдан кўра, Абдураззоқ Самарқандий маълумоти ҳақиқатга анча яқин кўринади. Алломанинг “Матлаъи саъдайн ва мажмаън баҳрайн” (Икки саодатли юлдузнинг чиқиш ва икки денгизнинг ўзаро қўшилиш жойи) асарида Бибихоним ўлими тафсилотини онг илғамас воқеалар силсиласида шарҳлайди. Эмишки, Бибихоним ёшлигида бир лўли хотинга фол очирган. Фолбин уни келажакда довруғи достон малика бўлишини, унинг шуҳрати подшоҳ эри сингари, кенг қанот ёзишини аммо фарзанд кўрмаслигини, заҳарланиб ўлишини башорат қилади. Воқеан малика келажаги айнан фолбин айтгандек содир бўлди. Фолбин ёш жувонни қорақуртдан эҳтиёт бўлишини уқтиради. Сароймулкхоним эри вафот этгач, сарой иғволаридан қўрқиб, ношуд амал-дорлардан бирортаси қўйнига (эҳтимол ётоғ жойига) заҳарли қурт ташлаб қўйишидан чўчиб, узлатда яшаш учун Бахмал тоғига равона бўлади. Табиийки, шаҳзодалар хонимнинг бу истагига қаршилик кўрсатмайди.
Кунларнинг бирида водий томондан келган меҳмонлардан бири Бибихонимга узум ҳадя этади. Узумнинг Қўр доналари орасида қорақурт бўлиб, ана шу қорақурт маликанинг бурнига кириб, уни чақади ва Бибихоним, фолбин айтганидек, унинг заҳридан ҳаётдан кўз юмади. Аммо биз ҳар қандай тарихий асар негизида бадиий ҳақиқат ҳам бўй кўрсатиб туришини унутмаслигимиз лозим. Сароймулкхонимнинг иффатли ҳаёт тарзи фақат Амир Темур шуҳратининг кенг ёйилиши учун эмас, балки кейинчалик темурийзодалар мавқеига ҳам жиддий таъсир кўрсатган. Негаки, Сароймулкхоним  салтанатда шаҳзодалар тарбияси билан жиддий шуғулланган, айниқса Мирзо Улуғбекнинг дунёга танилишида Бибихонимнинг меҳнати беқиёсдир. У мураббий она ва буви, ниҳоятда доно, оқилона ва Турон маликаси даражасига кўтарилган эди.
Абдувоҳид ТОШЕВ,
халқ таълими фахрийси.