НАМОЗ БОТИР КИМ БЎЛГАН?

Бу саволга тарихчи Ўктам Икромов жавоб беради
Суҳбатдошимиз ҳақида қисқача маълумот:
Ўктам Икромов 1953 йилнинг 29 январида Намоз Примқулов номли жамоа хўжалигининг Жар қишлоғида туғилган. 1979 йилда Самарқанд Давлат Университети-нинг тарих факультетини тамомлаган. Қатор йиллар 33, 34, 37-мактабларда ўқитувчи, мактаб директори вазифаларида фаолият юритган. Айни пайтда нафақада бўлишига қарамасдан ижодий иш билан машғул. Оилали, 4 нафар фарзанднинг отаси.
Халқимизнинг шонли ва бой тарихида шундай жасур ва мард инсонлар ўтганки, улар ҳақида қайта-қайта ёзсанг ҳам яна камдек туюлаверади. Бундан 124 йил муқаддам ўзининг қисқа ва жанговар умри давомида халқ орасида афсонавий қаҳрамонга айланиб улгурган Намоз ботир ана шундай қайта-қайта тилга олинишга арзийдиган ҳақиқий ўзбек ўғлонидир. Биз ушбу суҳбатимизда сиз азиз муштарийларга ана шу афсонавий қаҳрамон ҳақида батафсил маълумот беришга қарор қилдик.
- Ўктам ака, бугунги авлод Намоз ботирнинг ким эканлигини яхши билмаслиги мумкин. Шунинг учун шу ҳақда батафсил тўхталиб ўтсангиз?
- Намоз ўша даврдаги Каттақўрғон уездининг Метан волостига қарашли Ўтарчи қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келади. Тарихий маълумотларга кўра, 1878 йиллар атрофида ота-онадан эрта етим қолган Намоз озгина ер-мулкидан ҳам ажралиб, Самарқанд уездининг Даҳбед волости яқинидаги Жар қишлоғига келади. Чунки бу ерда Холбек исмли кишига турмушга чиққан унинг опаси Улуғой яшарди. Буни Нурмон шоир Абдивой ўғлининг қуйидаги мисралари ҳам тасдиқлайди:
Намозбек дейдилар асли отини,
Довут дейди ўсган вилоятини.
Бир фасл қилайин таърифотини,
Газетминан эшитувчи Николай
Зор йиғлади ўрдадаги хотини.
Ёшлигидан қўрқмас ва довюрак бўлиб элга танилган Намоз бир рус кишининг маслаҳати ва ёрдами билан Петербург шаҳрига ҳарбий билим юртига ўқишга боради. Узоқ чекка ўлкадаги дўстидан мактуб келтирган Намоз ҳарбий билим юрти ўқитувчисининг кўмагида бу билим даргоҳига киради. Кези келганда шуни айтиб ўтиш керакки, XIX асрнинг 60-80 йилларида Ўрта Осиё Чор Россияси томонидан истило қилинганидан кейин Петербург, Москва, Самара сингари марказий шаҳарларда яшовчи ҳукумат сиёсатидан норози бўлган исёнкор руҳидаги фуқаролар мамлакатнинг Ўрта Осиёнинг чекка ўлкаларига пешма-пеш кўчириб турилган. Бунинг натижасида XIX асрнинг охири XX аср бошларида Ўрта Осиё шаҳарлари атрофида кичик-кичик «мужик»  қишлоқлар вужудга кела бошлаган. Бунга мисол қилиб Даҳбед яқинидаги Первомайск ва Уклон қишлоқлари-ни айтиб ўтиш мумкин. Табиийки, яқин атрофдаги қишлоқларда яшовчи бундай фуқаролар билан тез-тез мулоқотда бўлган Намознинг ҳам дунёқараши аста-секин ўзгара борган.
Тарихчи Н.Норқулов ва ёзувчи С.Сирожиддиновларнинг келтирган маълу-мотларига қараганда, ўқишни тугатган Намоз Москва ва Самара шаҳарларида бўлган. Шундан сўнг у Туркистон генерал-губернатор-лигига таржимон-адъютант этиб ишга тайинланади. Сўнгра Самарқанд губернатори ихтиёрига, кейинчалик эса Даҳбед волос-тининг бошқарувчиси этиб ишга юборилади. Бироқ, қаерда ишламасин, мустабид тузум таъқиби ва ноҳақликларини кўп кўрган ва буни ҳазм қила олмаган. Шу боисдан Намоз ўз лавозимидан воз кечиб, мазлум халқ ҳуқуқи учун курашга қатъий бел боғлади.
- Намоз ботир ҳаракатига доир асосий манбалар нималардан иборат?
- Намоз ҳаракатига доир тарихий манбаларни аввало тўла жамлаш ва уни икки қисмга ажратиб таҳлил қилиш лозим. Биринчи қисми ўша давр ҳукмрон доиралари манфаатлари учун хизмат қилувчи вақтли матбуот хабарлари, шунингдек, волостной, уезд ва вилоят ҳарбий маъмурларининг ўзаро ёзишмалари ҳамда Туркистон генерал-губернаторлигига тақдим этилган ахборот ва докладлари, бундан ташқари Туркистон ҳарбий-округ суди прокурорининг «Самарқанд вилоятидаги Намоз Примқулов бошчилигидаги босқинчилар гуруҳи ишига доир» деб номланган 14 том, 260 саҳифадан иборат суд ҳужжатлари ва яна Самарқанд уезд 2-участка суд маҳкамасининг «Босқинчилар гуруҳи»га доир 63 та суд делоси каби ҳужжатлардир.
Юқорида кўрсатиб ўтилган манбалардан тортиб, то Петербургдаги бош штабигача ва Николай подшогача етказиб берилган ахборотлардан шубҳасиз, Намоз ҳаракати кескин қораланган хамда бу ҳаракатни тугатиш учун қўшимча ҳарбий кучлар ажратиш талаб қилинаверган.
 Иккинчи қисм манбаларида эса Намоз билан бир даврда яшаган ва у билан шахсан таниш бўлган шоир ва ёзувлар, хусусан, Нурмон шоир, Абдивой ўғли (унинг «Намоз» достони) ва Мирзо Қўқонбой Абдухолиқ-зодалар (Унинг «Намоз» романидан 1940 йил парча нашр қилинган). Намознинг ўта халқпарвар, адолатли ва жасур инсон эканлиги унинг сиймосида миллий ва мустамлака сиёсатига қарши қўлига қурол олиб кураша олган халқ қасоскори қиёфасини ифодалайдилар.
Бундан ташқари, улкан адиб, ўзбек миллий романчилигининг асосчиси ва ёрқин намоёндаси Абдулла Қодирий ҳам Намоз ҳақида роман яратиш учун манбалар тўплайди. Шу мақсадда у 1927-28 йилларда туманимиздаги Жар қишлоғига келади. Абдулла Қодирий Намознинг опаси Улуғойни фойтун аравада Самарқанд шаҳрига олиб бориб бирга расмга тушадилар. Абдулла Қодирий оқ кител костюмда, Ўлуғой эса қора паранжи чачвонни боши узра орқага қайтариб қўйиб суратга тушадилар. Бу суратлар 1958 йилда Жар қишлоққа Намоз ҳақидаги фильм ишлаш учун келган режиссёрлар томонидан олиб кетилган ва қайтарилмаган. Афсуски, машъум 30-йиллар қатағони Абдулла Қодирийни унинг юзага келиши мумкин бўлган асарини ҳам ўз гирдобига олиб кетди.
Рус тарихчиси академик А.В. Пясковс-кийнинг «Туркистонда 1905-1907 йиллар революцияси» номли китобида (СССР ФА нашриёти Москва - 1958 йил) Намоз ҳаракати анча кенг ва холисона ёритилганлиги билан ажралиб туради. Шунингдек, тарихчи С.А.Акрамовнинг «Биринчи рус революцияси даврида Самарқанд вилояти меҳнаткаш деҳқонларининг революцион чиқишлари тарихидан» китобчасида, тарихчи Ю.Н.Алексеевнинг «Самарқанд» («Ўзбекистон» нашр. Тошкент – 1967 йил) китобларида Намоз ҳаракатига доир бир-биридан қизиқарли материаллар берилди.
Ўтган асрнинг 70-йилларига келиб Намоз ботир ҳаракатининг илмий ва бадиий жиҳатдан ёритилишида бирмунча қувонарли ишлар амалга оширилган дейиш мумкин. Тарихчи Ҳ. Содиқов ва Н.Норқуловнинг «Гулистон» журналида босилган «Намоздайин бир зўр ўтди жаҳонда»… 1972 йил, май №5 (65), Н.Норқулов ва С.Сирожиддиновларнинг «Намоз ким эди?» (Собиқ «Ленин йўли» ҳозирги «Зарафшон» газетасининг 1972 йил май, №95,96,97,98,99,100) сонларидаги илмий мақолалари, М.Нуриддиновнинг «Қиндан чиққан қилич» қиссаси (собиқ «Ленин йўли» газетаси, 1977 йил, 10,11,12,13,17, 18,19,20,21,24,26 ва 27 апрель сонларида), ёзувчи Худойберди Тўхтабоевнинг «Қасоскорнинг олтин боши» номли саргузашт романи шулар жумласидандир. Юқорида кўрсатиб ўтилган барча илмий ва бадиий асарлар тўпланган муайян тарихий манбалар асосида юзага келган бўлиб, тарихий шахс бўлган Намоз ботир сиймосини ҳар бир муаллиф ўз имконияти даражасида акс эттиришга ҳаракат қилганлар.
- Сиз шу мавзуда кичкина бўлсада, илмий иш қилган оддий тарихчи сифатида юқорида айтиб ўтилган илмий ва бадиий асарларда Намоз ботир қиёфаси мукаммал талқин этилган деб ҳисоблайсизми?
- Йўқ, албатта. Мен қўп йиллар давомида, аниқроғи, жуда ёшлигимизданоқ уйимизда бу мавзуда кексаларнинг соатлаб қилган суҳбат ва ҳикояларини ҳайратланиб эшитганман. Кейинчалик СамДУнинг тарих факультетида ўқиб, устозлар кўмагида бу мавзуни янада чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилдим. Бироқ, шунча йил давомида ўқиб-ўрганган илмий ва бадиий асарлар ичида ҳали Намоз ботир қиёфасини тўлақонли ва мукаммал ўзида мужассамлантирган на илмий, на бадиий асарни ўқидим. Мирзо Қўқонбой Абдухолиқ-зоданинг «Намоз» романи албатта бундан мустасно бўлиши ҳам мумкин. Чунки ҳали бу роман тўла нашрда босмадан чиққани йўқ. 1940 йилда парча эълон қилинган холос. Академик Ботурхон Валихўжаев ўзининг «Мирзо Қўқонбой ким бўлган?» номли мақоласида («Зарафшон» газетаси, 2004 йил 12 август, №99-сон) Мирзо Қўқонбой Абдухолиқзоданинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот бериб, унинг «Намоз» романи, ҳатто Мирзо Қўқонбойнинг Даҳбед қозихонасида Намоз билан учрашгани ва у тўғрисида яхши таасуротда бўлганлиги ҳақида ёзади.
Менимча, Намоз ҳаракати тўғрисида илмий жиҳатдан мукаммал, бадиий жиҳатдан тўлақонли сиймоли асар яратиш учун аввало забардаст ижодкор бўлиши керак. Бунинг учун барча ёзма ва оғзаки манбалар жамланиши ва чуқур ўрганишни талаб этади албатта. Тарих фанида эса маълум бир давр тарихини ўрганиш ва унга баҳо беришда мавзуга ўша давр ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-маънавий муҳитни ҳисобга олган ҳолда ёндошиш кераклиги ҳақида доно ўгит бор. Буни ҳеч бир тарихчи унутмаслиги лозим.
Намоз ҳаракати тўғрисида ўз даврида кучли ва ҳаммабоп асар яратилмаганлигини яна шу билан изоҳлаш мумкинки, собиқ шўро тузуми ва ундан аввалги чор ҳукумати даврида бу мавзуга қўл урган зиёлиларга, айниқса, бадиий асарлар ёзадиган ижодкорларга муносабатнинг яхши бўлмаганлигидир. Энди сир эмаски, чор ҳукумати даврида ҳам, собиқ шўро тузуми даврида ҳам маҳаллий халқ орасидан етишиб чиққан Намоздек жасур ўз даврининг қаҳрамонини ҳукмрон доирадагиларнинг табиати хушламаслиги, «Намоз» достонини ёзган ва халқ орасидан дўмбира чалиб, бу достонни куйлаб юрганлиги учун Нурмон шоирнинг чор ҳукумати томонидан турмага ташланиши, бу мавзуда материал тўплай бошлаган Абдулла Қодирийнинг қатағон қурбони бўлиши, «Намоз» романининг ёзилишига Мирзо Қўқонбой Абдухолиқзоданинг бир бора бўлса-да, қамалиши, хуллас бу мавзуга қўл урган зиёлилар тақдирларининг ўзаро ўхшаш томонлари кишини ажаблантиради.
Шу ўринда яна бир гап ёдимга тушди. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошларида Намоз ҳақида «Қасоскорнинг олтин боши” бадиий фильми ҳам яратилди. Фильм қишлоғимизга келтирилиб намойиш этилди. Фильмни томоша қилган қишлоқ аҳли кинони ишлай олишмабди, дея норози бўлиб тарқалишгани ҳали эсимда. Орадан 7-8 йил ўтиб, собиқ шўро тузумининг сўнгги йилларида ошкоралик, демократия деган гаплар чиқиб қолди. Ўша пайтлар Тошкентга бориб, фильмнинг сценарий муаллифига учрашдим ва фильмнинг тушунарсиз, паст савияда ишланганлигини айтиб, уни қайта ишлаш даври келмадимикан, дедим. Муаллиф (ўша пайтда Ўзбекистон ёзувчилар Уюшмасининг котиби эди) мен бу мавзуга бошқа қайтмоқчи эмасман, шу фильм учун бир ярим йил Москвага қатнадим. Охири шу фильмдан воз кечдим. Хоҳлаганларингни қилинглар, деб қўл силтаб чиқиб кетганман. Охир-оқибат фильм «думи юлинган товуқ» шаклига келиб экранга чиқди, деган эди.
Намоз сингари ҳаракат қилган Молдавия халқининг миллий қаҳрамони Г.И.Котовский, Россиянинг Подольск губерниясида ҳаракат қилган халқ қасоскори Устим Кормилюк ҳақида яратилган фильмларни биз фақат орзу қилиб қоламиз шекилли. Эҳтимол, келгусида бирорта фидойи ижодкор чиқиб, бизнинг орзулари-мизни рўёбга чиқарса ажабмас.
- Намоз ҳаракати, унинг ҳудуди ва ҳаракатининг ўзига хос характерли хусусиятлари тўғрисида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
- Намоз ҳаракати асосан ерсиз, мулксиз йигитларнинг унинг атрофида бирлашишидан бошланган. (1905 йил) Намоз ўз атрофига тўпланган йигитлар билан золим, хасис бой ва амалдорларни топиб, уларнинг мол-мулкини тортиб олар ва чор-ночор кишиларга, бева-бечораларга улашиб берарди. Намознинг йигитлари бир қанча гуруҳ (отряд)ларга бўлинган бўлиб, ҳар қайси гуруҳда 10-17 нафардан қасоскор йигитлар бўлган. Бу гуруҳларни Намознинг Қобил, Давра, Турсун, Карим, Эшбўри, Шерниёз, Абуқодир Жуманхўжа, Пирўғли, Норбобо ва Эсиргап сингари жасоратли сафдошлари бошқарган. Улар Каттақўрғон уездининг Жом, Мис, Шўрчи, Улус, Олтинравот, Қосимқул, Мозорали, Гадойтопмас, Пайшанба, Митан, Иштихон - Самарқанд уездининг Кўкча, Даҳбед, Довут, Қорасув, Қоратепа, Ургут, Арабхона, Култепа, Шайхлар, Янгиқўрғон, Челак, Қоракесак, Қипчоқ каби йирик қишлоқларида тез-тез бўлиб, бой ва амалдорларнинг жазосини берган.
1905 йил кузига келиб Намоз ҳаракати сезиларли даражада кучайди ва у 1907 йил охиригача тўхтовсиз давом этади. Бу ҳаракат бой ва амалдорларга ҳамда чоризмнинг мустамлакачилик сиёсатига қарши чинакам партизанлик уруши тусини олди. Дастлаб Самарқанд вилояти ҳудудида бошланган ҳаракат рус тарихчиси, академик А.В.Пясковс-кий келтирган маълумотларга кўра, Бухоро  амирлигига қарашли «Чироқчи, Зиёвуддин, Хатирчи, Китоб, ҳатто Ғузор бекликларидан Афғонистон чегараларигача бориб етди». Дарҳақиқат, Нурмон шоир айтганидек:
Самарқанд шаҳрида даврон
                          сурганди(р),
Олдига солгандир ўттиз мерганди.
Хуфтон бўла бузди Каттақўрғонди,
Ҳеч кўрмадик Намоздайин султонди.
Маҳаллий ҳоким, волост ва уезд бошлиқлари  ҳамда йирик амалдорларнинг қасоскорлари томонидан тез-тез жазоланиши уларни қаттиқ ташвишга солди. Чор маъмуриятларини таҳликага солувчи бундай хабарлар Туркистон генерал-губернатори, ҳатто Николай подшогача бориб етади. Шоир ўз мисраларида бу ҳақда шундай дейди:
Кеча-ю кундуз юргани дала, 
                          дашт бўлди,
Ўттиз йигитларга ўзи бош бўлди.
Николайга неча кун кенгаш бўлди,
То ўлгунича Николай билан ғаш бўлди,
Намоздайин бир зўр ўтди жаҳонда.
(Давоми бор).
Суҳбатни Йўлчи Муҳаммадиев 
олиб борди.