АМИР ТЕМУРНИНГ ДАВЛАТ БОШҚАРУВИДАГИ ТАЖРИБАСИДАН

Амир Темур нафақат талантли саркарда, йирик давлат арбоби, буюк жаҳонгиру-соҳибқирон,  ажойиб бунёдкор, илму-фан, маданият ривожининг жонкуяр  ғамхўри, раҳнамоси ва йўлбошчиси, шу билан бирга  чексиз инсоний фазилатга эга бўлган шахс ҳам эди. Бу муваффақиятни қўлга киритишда у ўзига хос  қонун-қоидани, сиёсий, ҳарбий, маъмурий бошқаришнинг  шарқона, туроний принципига асосланган нормативларини ўрнатди. Зўравонлик, зулм, эътиқодсизликка, ёлғончиликка, сотқинликка қарши шафқатсиз кураш олиб борди. Шу сабабли  унинг номини нафақат Турон замини халқлари, балки жаҳон халқлари иззат-ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олмоқда.
Амир Темур фикрича  ҳукмдорга давлатни бошқаришда қуйидаги фазилатлар мужассам бўлишлигини уқтирар эди. Юксак, олижаноб, зийрак ва нозик ақл эгаси бўлган халқ, қўшин билан муомала қила оладиган, сабр-тоқатли, тажрибали шахс вазир, амалдор, раҳбар бўлиши мумкин деб ҳисоблар эди. Бундай фазилатли кишилар халқ оммаси ва салтанат ҳурматига эга бўлади, ундай  шахслар раҳбар бўлган салтанат салоҳиятли бўлади дер эди, унга ўзи амал қиларди ва фарзандлари, невараларини бу фазилатларга эга бўлишлигига ундар эди.
Амир Темур ҳамма соҳага амалдорларни ўзи танлар, синаб кўриб кейин лавозимларга тайинлар эди. Амалдорлардан асосан  тўқмижоз  диёнатли, инсофли, сабр-тоқатли, халқпарвар, адолатпарвар кишиларни танлар, улар устидан ўзи назорат қилар, топшириқ-ларнинг  бажарилиши устидан  ўзи назорат қилар ва талаб қилар эди. Бу  талабларни сидқидилдан бажарган раҳбар, амалдор ва хизматчиларни рағбатлантиришни унутмасди.  У давлат, халқ манфаати йўлида ниҳоятда қаттиққул, шахсий ҳаётда юксак инсон-парварлик фазилатига эга эди. Шу сабабли у амалдорларни, умуман фуқаро ва  қўшинларни ҳам доимо ва узлуксиз умид ва қўрқувдан сақлар эди. Бу Темурнинг севган сиёсати ва давлатни бошқаришдаги ўзига хос қонуний ҳаракати бўлиб давлат қонун-қоидасининг  тўла амалда бажарилишини талаб қилар, бажарилмаса  нафақат қўрқув, балки даҳшатли услубларни қўллаган. Аммо,  давлатга содиқ ҳақиқий ватанпарвар, фуқароларга нафақат умид, балки тўла осойишталик, ижтимоий адолат, ғамхўрлик амалда қўлланилган.
Темур ўз ёрдамчиларини, ҳокимларини ақлли, ҳалол одамлардан  танлар, ёлғон хабар келтирувчиларни, зўравонлик ва шафқатсизлик, адолатсизлик қилганларни қаттиқ жазолар, ҳар бир вилоятда  ҳокимлар, ўша жой тинчлиги, осойишталиги учун жавобгар эканлигини  таъкидлар, агарда биронта беклик, туман ҳудудларида  ўғрилик, тиланчилик юз берса, дастлаб ўша беклик, туман ҳокимлари, кейин  жиноятчилар жазога тортилар эди. Ундан ташқари ҳар бир амалдор Амир Темурни узлуксиз ҳар бир нарса учун  диққатга сазовор  воқеалардан хабардор қилиб туриши шарт эди. Бу  тартиб  бузилса сўзсиз жазоланар эди. Жазога тортилган шахсларга ҳеч қандай  воситачиликни қабул қилмас, агарда  шундай воқеа юз берса  воситачини даҳшатли жазо кутар эди. Жумладан, Амир Темурга  ниҳоятда яқин ва  унинг маслаҳатчи вазири Муҳаммад Ковчин Соҳибқироннинг Ҳиндистонга юриши жараёнида бир муҳим воқеага  воситачилик қилгани учун бутун бор  мулкидан, оиласидан, ҳамма  имкониятларидан маҳрум бўлади.
Амир Темур ҳар бир халқнинг аҳволидан, урф-одати,  дини-эътиқодидан, у қаердан бўлишидан қатъий назар,  кайфиятидан узлуксиз  хабардор қилиб турилар, ўзи ўша халқ урфу одатларини ҳурмат  қилар ва унга риоя этар эди, ўша халқ  раҳбарлигига ҳам ана шундай  кишини раҳбар этиб тайинларди.
Халқ билан қўшинлар ўртасида низоларни бартараф  қиладиган ҳакамлар (судьялар, қозилар) тайинлар эди. Унда қўшин ва халқни талашга, ортиқча солиқ ва бошқа нарсалар талаб қилишини қатъиян  ман этар эди. Буни назорат қилиш учун 2 та назоратчи (садр) ажратилар,  улардан бири  халқни зўравонлик ва ортиқча солиқлардан ҳимоя қилар, халқнинг қўшинларга берган нарсаларини ҳисобини олар, иккинчиси эса қўшинлар халқдан олаётган нарсаларнинг ҳисобини оларди. Адолатсизлик юз берса ўша иккинчи назоратчи орқали аниқланар эди.
Бу муддат тугагандан сўнг аҳолининг бошлиқдан мамнун ёки  мамнун эмаслиги, уларнинг (халқнинг) турмуши яхши ёки ёмон  бўлганлигини текшириш учун (уч йил ўтгандан сўнг) назоратчилар  (инспектор) юборилар эди.  Агар аҳоли бошлиқдан мамнун бўлса, у яна кейинги муддатга қолар, ёмон бўлса, аҳоли норози бўлса уч йил халқдан олинган ортиқча нарсалар тортиб олиниб, уч йилгача унга маош  берилмас эди. Бу тартиботни  амалда қаттиқ ўрнатгани ва узлуксиз бажаргани учун Темурга нисбатан фуқаронинг ҳурмати чексиз эди.  Халқ ўртасида унинг номи «адолат ҳомийси» деб бекорга тарқалмаган.
Амир Темур молия хўжалиги  соҳасида, солиқ солиш системасида  ижтимоий адолат принципини ўрнатиб, жисмоний жазо қўллаш  қадимий услубини тақиқлаган эди.
«Ҳокимияти қамчи ёки хивчиндан кучсиз бўлган бошлиқ (амалдор) эгаллаб турган лавозимига лойиқ эмасдир» - дер эди.
Ўз лавозимини суиистеъмол қилган, зулм ўтказган,  товламачилик  қилган ва унга йўл қўйган раҳбар аҳолини, мамлакатни фалокатга  олиб келади. Халқни талон-тарож қилиш давлат хазинасини йўқотишга, даромадини камайишига, қўшиннинг кучсизланиб, камайиб кетишига, давлат-нинг қулашига олиб келади, - дер эди. Бунга  умуман йўл  қўймасликни талаб қилди ва ўзи бунга  амал қилди.
Амир Темур ижтимоий сиёсатида порахўрлик оғир жиноят ҳисобланиб, унга бериладиган жазо даҳшатли эди. Бу фазилатлари Темурнинг ўғли Шоҳруҳ Мирзо, неваралари Улуғбек ва Бойсунқур Мирзоларда мавжуд эди. 
«Тажриба менга шуни кўрсатдики, қонун ва дин томонидан қўллаб-қувватланмаган  давлат, ҳар  қандай разил одам ҳам кўра оладиган, томи, эшиги ва қулфи бўлмаган уйга ухшайди. Шунинг учун  мен Ислом динини танлаб, унга қонун ва қарорлар (белгилар) қўшишни лозим топдим», - деган эди.
Шу мақсадда у қўшиб олинган ерларда диний эътиқод ишларини бошқариш учун Муҳаммад Пайғамбар авлодларидан  иборат кишилардан Бош Муфтийлар тайинлар эди.
Амир Темур илму-фанга ҳомийлик қилишни муқаддас бурчи деб  билган эди. У доимо олимларни  ҳурматлар, улар билан халқлар тарихи (у тарихни яхши кўрар эди ва ўзи ҳам тарихни билар эди. «Манзумаи турк» номли тарихий асарни ёзиб қолдирганлиги ҳақида маълумотлар бор) ва буюк ҳукмдорлар таржимаи ҳоли, хислатлари ҳақида суҳбатлар ўтказишни хуш кўрар эди, ўтмишдаги ижобий шахсларга тақлид қилар, хатоларини такрорламасликка уринарди. Уларнинг муваффақиятсизлигининг сабабларини қунт билан ўрганиб, ўзича хулосалар чиқарар, қадимий давлатнинг парчаланиб кетиш  сабабларини чуқур таҳлил этар, давлатнинг куч-қудрати нимага боғлиқ эканлигини ўрганарди. Шу сабабли бўлса керак, давлатлар, подшолар тарихига қизиқар эди. Шу мақсадда у узлуксиз машварат, кенгашлар ўтказиб, давлатни бошқаришга тааллуқли  мўътабар дин арбоблари, ҳарбий  бошлиқлар, бош амалдорлар, вазирлар,  қабила бошлиқлари, билимли зотлар, умуман нуфузли обрўга эга бўлган кишилар бу кенгашга таклиф этилар эди. Ҳатто қурултой ҳам вақти-вақти билан чақирилар эди. Кенгашда ҳамма фикр-мулоҳазаларни ёздириб борар, бунинг учун махсус котиблар тайинланган эди. Бу ҳақда унинг «Темур тузуклари» да  ҳам ифодаланган. Эҳтимол, бу «Тузуклар» ана шу кенгашлар натижаси ҳам бўлиши мумкин.
Бу кенгаш ва махсус йиғилишларда  кишилар ўзларининг эгаллаган обрўйи ва мавқеига мувофиқ Амир Темур атрофида ўтирганлар: 
дастлаб унинг ўғиллари, набиралари, қариндошлари қариндошлик даражасига қараб ярим ой шаклида жойлашиб ўтирар эдилар;
пайғамбар авлодлари бўлган саййидлар, қозилар, олимлар, руҳонийлар, оқсоқоллар, аъёнлар ва аслзодалар ўнг  тарафга жойлашар  эди;
қўшин бошлиқлари ва амирлар мансабларига қараб чап тарафда ўтирар эди;
девонбеги ва вазирлар – тахт (Амир Темур) қаршисига, вилоят бошлиқлари улардан кейин жойлашар эдилар;
баҳодир унвонини олганлар, асосан ҳарбийлар ва бошқа  мардлик кўрсатган (қаҳрамонлар) жангчилар тахт (Амир Темурнинг) орқасининг ўнг тарафида  ўтиришар эди;
енгил қўшин бошлиқлари  эса чап тарафда жойлашар эдилар;
авонгор («авангард») амири тахт (Амир Темур) қаршисига,  Олий кенгаш қўриқчилари чодирга  кираверишда, додхоҳлар, яъни  арз-додлар билан келганларнинг аризасини подшоҳга етказувчи  мансабдорлар тахт (Амир Темурнинг) ўзи ва чап тарафида  жойлашар эдилар. Оддий жангчилар ва сарой хизматчилари ўз жойларини ташлаб  кета олмас эдилар.
Шундан  маълумки, бу кенгашга 1500 киши таклиф этилар экан. У тузган тадбирлар ва берган фармони Олий устидан кучли  назорат  ўрнатар, унинг бажарилишини ўзи доимо  кузатар эди. Бу  фармойишлар албатта бажарилар эди. Бунда Амир Темур  мажбуран  эмас, балки ана шу тадбирлари тўғри ёки нотўғрилигини аниқлаб,  ишонтириш йўли билангина амалга оширар, ҳамма амалдору раҳбарларни ана шу принципига  риоя қилиб бажаришга жалб қилар  эди.
Ана шу салоҳиятли сиёсати, фазилатли хислатлари Амир Темурга  улкан зафарлар бағишлади. ғалабадан ғалабага, омма ўртасида  узлуксиз иззат-икромга, обрў-эътиборга сабабчи келажак авлодга сўнмас эътиқод келтирди.
Тарихий ҳужжатларда Амир Темур  душманлар офати (урушда у даҳшатли жангчи эди), фуқаролар отаси, ҳаётда адолатли ҳукмдор деб аталган. Марказий Осиё халқлари учун эса Амир Темур тенги йўқ йўлбошчи, илму-фан, маданият раҳнамоси, олиму-уламолар ҳомийси, ҳозирги авлоднинг буюк сиймоси сифатида акс этди. Ушбу мақоламиздаги тарихий малумотларни ўқиб бир нарсага амин бўлаётгандирсиз, негаки қайси ҳукмдор халқ дарди билан яшаса, халқни дарди ва ташвишларини ўз ташвиши деб, фақат эзгу амалларга бел боғласа, амалдорларни қобилияти, салоҳияти ва муносиблиги даражасига эътибор қилиб, воситачилик ва коррупцияни қаттиқ қоралаган бўлса, халқнинг буюк саодати ва миллатнинг чексиз ҳурматига сазовор бўлганлигига тарих ва уни ўқиганлар қайта-қайта амин бўлишган. 
Бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва Президентимизнинг адолатли сиёсати  мана шу қадимий ва навқирон халқ билан ишлаш тизимининг замонавий ва янада халқона механизми эканлигига ва бу тизим асрлар оша сайқал топиб, доим давлат ва давлат органлари, мансабдор шахсларнинг халқ олдидаги масъулиятини ошириб бориш тамойили нечоғлик тўғри ва адолатли эканлигига халқимизнинг ўзи баҳо бермоқда.  
Нодир МИРЗАЕВ, 
 тарихчи.