НАМОЗ БОТИР КИМ БЎЛГАН?

НАМОЗ БОТИР КИМ БЎЛГАН?
Бу саволга тарихчи Ўктам Икромов жавоб беради
Намознинг ўлими минглаб соф виждонли кишиларни бениҳоят чуқур қайғуга солди. Намознинг рақиблари мунофиқона бир-бирларини табриклашади. Намозга қарши курашда фаолият кўрсатган бир гуруҳ шахсларга мукофотлар берилади. Туркистон генерал губернаторининг 1907 йил 9 июнда Самарқанд вилоят ҳарбий губернаторига юборган телеграммасида шундай дейилади: «Хайрият, сизнинг жиддий ташаббускорлигингиз ва тадбирларингиз туфайли биз Намоздан қутулдик… Ташаккуримни қабул қилгайсиз. Намоз ҳаракатини тугатишда иштирок этган барча маъмурият бошлиқларини, қўшинлар қўмондонларини менинг номимдан табрикланг… Лозим бўлганларини тақдирга (тақдирлашга) тавсия этинг».
Самарқанд ҳарбий губернатори зудлик билан тақдирга (тақдирлашга) лойиқ шахслар рўйхатини тузиб юборади. Туркистон генерал-губернатори ўзининг 1907 йил 19 декабрдаги 344-сон буйруғи Намозни излашда ва унга қарши ҳарбий курашда фаоллик кўрсатган қуйидаги шахсларни медаллар билан тақдирлайди:
«Мулла Қулмуҳаммад Умарбеков – Самарқанд уездидаги Полвонариқ волости бошқарувчиси: Мирза Саидмурод Мирза Қобил ўғли – Каттақўрғон уезд Калиқўрғон волост бошқарувчиси; Абдуқул Абдураҳмон ўғли – Самарқанд уезди Полвонариқ волостига қарашли Кулобод қишлоғи оқсоқоли; Каримбой Назар ўғли – Самарқанд уезд Шахоб волости бошқарувчиси; Тоғай Тўраев – Шахоб волости бошқарувчисининг йигити; уста Муҳаммадмурод Юсуф ўғли – Самарқанд уезд Довул волости бошқарувчисининг йигити; полковник Соколбеко, капитан Голов…».
Ҳақиқий имзоси билан (Туркистон генерал-губернатори).
Концелирия бошқарувчиси полковник Мустафин.
Намознинг ўлимидан кейин ҳам қасоскор деҳқонлар ҳаракати тўхтаб қолмади. Халқ орасида Намоз ўлмаган экан, у курашни давом эттираётган эмиш, деган гаплар тарқалди. Шундан сўнг «Намоз» номи остида унинг сафдоши Қорабой чиқди.
1907 йил 12 августда Мингариқ волостида Намознинг содиқ дўсти Абдуқодирхўжа кучли отишувда ҳалок бўлди. 1907 йил декабрида эса Намознинг яна бир жасур сафдоши Қобил казаклар билан бўлган отишувда ўлдирилди. Фақат Намознинг қасоскор дўстларидан бири Даврча 1909 йилнинг августига қадар курашни мардонавор давом эттирди. Яна икки йил давомида Даврча шаҳар ва қишлоқларга от суриб бой ва амалдорларнинг таъзирини берди. Намоз ва бошқа сафдошларининг қасосини олди. Бироқ 1909 йил 29 август куни казаклар билан бўлган тўғнашувда Даврча ҳам қўлга туширилади.
- Юқорида келтирилган тарихий маълумотлардан шу нарса аён бўлдики, Намоз томонидан жазоланган кимсалар асосан зўравон, очкўз бой ва амалдорлар бўлишган. Демак, Намозни «ўғри» ва «босқинчи» деб айтганлар ҳам ўшалар, шундай эмасми?
- Тўғри, Намозга «ўғри» «ёрлиғи»ни ёпиштиришга ҳаракат қилган кишилар айнан ўшалар ва мустамлакачи чор маъмур-ларидир. Бироқ, Намоз бошчилигидаги ҳаракат шаклан ўғирликка ўхшасада, ўз мазмун-моҳиятига кўра катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган сиёсий воқеадир. Ҳар қандай сиёсий тузум даврида ҳам доно халқимиз кимга қандай баҳо беришни яхши билади. Шундай экан, халқнинг чексиз ҳурмат ва ишончини қозонган, эл ичида деярли афсонавий қаҳрамон даражасига етган, ҳатто чор маъмурлари ҳамда маҳаллий бой-амалдорларнинг жуда кўпчилигини ўз жасорати билан қойил қолдирган Намоз ботирни «ўғри» деб аташга ҳеч кимнинг ҳаққи йўғ. Қолаверса, тарихда номлари қолиб-қолмасдан кетган бошқа ўғри ёки қароқчилардан кескин фарқ қилган Намоз, босиб олинган ўлжаларни ўзининг шахсий ҳаёти ва маиший эҳтиёжи учун ишлатган эмас.
Тарихдан бизга яхши маълумки, Россияда феодалистик тузумни ларзага солган деҳқонлар уруши сардори Е.Пугачёвга ҳам, Молдавия халқининг миллий қаҳрамони Г.И.Котовскийга ҳам «ўғри» «ёрлиғи»ни ёпиштиришга ҳаракат қилишган.
- Намоз ботир ҳаракати ҳам яқин ўтмишдаги ўзбек халқи тарихидир. Шундай экан, мактаб дарсликларида бу ҳаракат тарихини ҳозирги авлодга ўргатишнинг аҳволи қандай? Бу ҳақда сизнинг фикрингизни билишни истардик.
- Бир сўз билан айтганда, ёмон аҳволда. Собиқ шўро тузуми давридаги умумтаълим мактабларининг 9-синфи учун чиқарилган «Ўзбекистон халқлари тарихи» дарслик китобида жуда кам миқдорда бўлса-да, (бир саҳифада атиги 5-6 қатор) Намоз Пиримқулов бошчилигидаги қасоскор деҳқонлар ҳаракати тўғрисида маълумот бериб ўтилар эди. Лекин, ҳозирги умумтаълим мактабларининг 9-синфи учун чиқарилган «Ўзбекистон тарихи» (XIX асрнинг иккинчи ярми XX аср бошлари) дарслик китобида (муаллифлар: Г.А.Ҳидоятов, В.А.Констанский «Ўзбекистон» нашриёти, Тошкент – 2006 й.) Намоз Пиримқулов ҳаракатининг бир оғиз ҳам тилга олинмаслигини қандай тушуниш мумкин. Намоз ҳаракатининг тарих дарсликларидан тушириб қолдирилишига ким айбдор эканлигини билмайман-у, бироқ буни халқимиз тарихига нисбатан қилинган хиёнат дейиш мумкин. Биз истаймизми, йўғми Намоз ҳаракати бизнинг ўтмиш тарихимиздир. Бу ўзбек халқи тарихидир. Уни келажак авалоддан яшириш ҳеч ҳам мумкин эмас. Албатта, «Ўзбекистон халқлари тарихи»нинг кейинги нашрларида Намоз ботир ҳаракати бор бўйи-басти билан ёш авлодга холисона ёритиб берилади, деб умид қиламан.
Масалага мамлакатимиз Президентининг 2006 йил 25 августдаги 451-сонли «Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги қарори нуқтаи назаридан ёндашадиган бўлсак, Намоз ботир тарихи ҳам миллий ғуруримиз ва қадриятимизни ривожлантиришга хизмат қиладиган ўзбек халқи тарихининг ажралмас бир қисмидир. Уни кенг жамоатчиликка, қолаверса, келажак авлодга етказиб бермаслик эса кечирилмас ҳолдир. Аксинча, бу мавзуда янада мукаммал илмий ва бир-биридан гўзал бадиий асарлар яратиш, шунингдек, кўп серияли ҳужжатли ҳамда бадиий фильмлар ишлаш, унинг хотирасини абадийлаштириш шу куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Бундай хайрли ишлар Намоз ботир ҳаракатининг 124 йиллигига қилинган муносиб туҳфа бўлур эди. Шундай дамларда шоир Жамол Сирожиддиннинг (Хумий) маҳзун ва мунгли «Намоз ботир ҳасрати» шеъри беихтиёр ёдга тушади:
Дарё эдинг, оқа-оқа сой бўлдинг-а, 
                             сой бўлдинг,
Қуёш эдинг, боқа-боқа ой бўлдинг-а, 
                              ой бўлдинг.
Сўнгсиз эдинг, кўзга сиқар жой 
              бўлдинг-а, жой бўлдинг,
Тушкунларга марғуб бўлган дил 
                      куйим-о, дил куйим,
Армонларга мағлуб бўлган орзуим-е,
                               орзуим.
Булутларга отган тошим етмади-ҳо,
                               етмади,
Ватан, сен деб тўккан ёшим 
                      етмади-ҳо, етмади.
Ёлғиз эдим, ёлғиз бошим етмади-ҳо,
                               етмади.
Тушкунларга марғуб бўлган дил 
                      куйим-о, дил куйим,
Армонларга мағлуб бўлган орзуим-е,
                               орзуим.
Сени дедим ҳаловатим тийдим ман-о,
                        тийдим ман,
Куч-қудратим рўзғоримдан қийдим
                   ман-о, қийдим ман.
Шоҳ сийратга гадо суврат кийдим
                   ман-о, кийдим ман.
Тушкунларга марғуб бўлган дил 
                      куйим-о, дил куйим,
Армонларга мағлуб бўлган орзуим-е,
                               орзуим.
Орзу эдинг менинг қора кўзлигим-мей,
                               кўзлигим,
Закийлигим, эркин-ўктам 
              сўзлигим-мей, сўзлигим,
Букун энди сенда бўлдинг 
              ўзлигим-мей, ўзлигим,
Тушкунларга марғуб бўлган дил 
                      куйим-о, дил куйим.
Армонларга мағлуб бўлган орзуим-е,
                               орзуим.
Ноҳақ - қилич бўлса, бир кун 
                      сингуси-ё, сингуси,
Юрак дардим бағирларга ингуси-ё,
                               ингуси.  
Шунда қувноқ бўлур ёким тингуси-ё,
                               тингуси.
Тушкунларга марғуб бўлган дил 
                      куйим-о, дил куйим,
Армонларга мағлуб бўлган орзуим-е,
                               орзуим.
- Ўктам ака, охирги савол. Намоз ботир вояга етган Жар қишлоқда унинг авлод-аждодлари борми?
- Маълумки, Намознинг ўзидан фарзанд қолмаган. Ҳозирда опаси Улуғойнинг ҳаёт бўлган набиралари, чеваралари бор. Улуғойнинг 5 нафар фарзанди бўлиб, каттаси Омон Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги Қарабдол қишлоғида яшаб ўтган. Ҳозирда у кишининг набира, чеваралари Жиззах вилоятининг турли туманларида яшаб келмоқда. Иккинчи ўғли Барот бўлиб, Жар қишлоқда яшаб ўтган. Ҳозирда набира ва чеваралари бор. Кейинги қизи Соатой бўлиб, Жар қишлоқ яқинидаги «Доригар» қишлоғида яшаб ўтган. Бу киши менинг катта онам (бувим) бўлганлар. Тўртинчи фарзанди Марди бўлиб, Жар қишлоғида яшаб ўтган. Кенжа ўғли Равшан 1920 йилда туғилган бўлиб, 1943 йил июн ойида Курск жангида ҳалок бўлган.
Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида Даҳбед совхозининг иккинчи бўлими ҳудудида «Намоз Пиримқулов» номли хўжалик ташкил этилди. Бу қувончли ҳол албатта. Бироқ, Молдавиянинг миллий қаҳрамони деб эълон қилинган Г.Котовский номининг абадийлаштирилиши билан таққослайдиган бўлсак, ҳали бу ҳеч нарса эмас. Худди Намоз ҳаракати сингари партизанлар ҳаракатини олиб борган Г.Котовский хотирасини абадийлаштириш учун кўплаб ҳайкаллар, қўча ва мактаблар унинг қаҳрамонона номини улуғлаб турибди. Подольск губернасида шундай ҳаракатни олиб борган Устим Кармелюк ҳақида ҳам шундай фикрларни айтиб ўтиш мумкин.
Бир сўз билан айтганда, «Намоз ботирнинг халқимиз озодлиги йўлида қилган қаҳрамонликлари ҳеч қачон унутилмайди.
Мухбир: Ўктам ака, мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Суҳбатни Йўлчи Муҳаммадиев 
олиб борди.
Таҳририятдан:
Улуғ адибимиз Абдулла Қодирий мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир, деган эди. Ҳақиқатдан ҳам ўтмишда миллатимизнинг озодлиги, эркинлиги, бахт-саодати учун курашиб, бу йўлда жон фидо қилган инсонлпарнинг номини ёдга олиш, хотирлаш бизнинг тарих олдидаги бурчимиздир. Тарихчи Ўктам Икромовнинг миллатимизнинг миллий қаҳрамонига айланган Намоз ботир ҳақида тўплаган материаллари, унинг номини абадийлаштириш тўғрисидаги фикрлари таҳсинга сазовордир. Мактабларнинг тарих фани ўқитувчилари ҳам ўз дарсларида Намоз ботир ҳақида, унинг озодлик ҳаракатининг аҳамияти ҳақида ўқувчиларга сўзлаб беришса, мақсадга мувофиқ бўларди.