ФАРРОШДАН ЧИҚҚАН МИЛЛИОНЕР

У Ўзбекистондан чиқиб кетганда 18 ёшли навқирон йигит эди. Орадан кўп йиллар ўтсада, ватанига қайта олмади. Кейинчалик онаси, синглиси, бошқа қариндошлари билан дийдорлашди, лекин юртга қайтиш унга насиб этмади.
Исоқжон Нарзиқул 1923 йили Жиззах шаҳрида таваллуд топган. Отаси Маҳмуд шўролар томонидан босмачи сифатида айбланиб, 10 йилдан кўпроқ умрини Сибирда сургунда ўтказди. У ердан қайтгандан сўнг кўп ўтмай, яъни 1939 йили сургунда орттирган оғир касаллик туфайли вафот этади. Коллективлаштириш даврида Исоқжоннинг бобоси Нарзиқул ота хўжалик раиси этиб сайланади. Мамлакатда аҳвол оғир, бир кишининг топгани билан оила тебратиб бўлмасди. Шунинг учун Исоқжон 10 ёшида далага чиқиб табелчи бўлиб ишлайди. Шу билан бирга, мактабда ҳам аъло баҳоларга ўқийди, чет тилларни пухта ўрганади. Бўш вақтларида у ўша кезлар Самарқандда ишлаётган Ўзбекистоннинг собиқ раҳбари Шароф Рашидовнинг назарига тушади. Исоқжон Шароф Рашидов ўзига тўғри йўл кўрсатиб, керакли маслаҳатлар берганини кейинчалик кўп бора эсга олади.
Ўн олти ёшга тўлганида тоғаси Исоқжонни Тошкентга олиб келади. Ўсмирнинг истаги зобит бўлиш эди. Лекин Тошкент Олий ҳарбий билим юртида ўқишга кириш учун ўсмир 18 ёшга тўлган бўлиши керак эди. Исоқжон рус тилини яхши билгани учун, ҳали ёш бўлса-да, ўқишга қабул қилинади ва тезда у билим юртининг аълочи талабаларидан бирига айланади.
1941 йили ҳарбий билим юртида дарсларнинг тезлаштирилган дастури эълон қилинади. Ўша йилнинг 10 июнь куни Исоқжон Нарзиқул ҳарбий билим юртини битириб, лейтенант унвонини олади. Сўнг Болтиқбўйи ҳарбий округига хизматга юборилади. Вақт тиғизлигидан ҳатто онаси билан хайрлашишга ҳам улгурмайди.
У ўшанда бу айрилиқ яна салкам 30 йилдан кўпроқ давом этишини, онаизори Ўғилой аяни яна шунча йил кўра олмаслигини, дийдорига тўя олмаслигини хаёлига ҳам келтирмаган бўлса, ажабмас.
Ўша йилнинг 22 июнь куни уруш бошланади. Шу куни у Латвияда биринчи  бор урушнинг нима эканини ўз кўзи билан кўрди. Немислар ҳаводан самолётлар, ердан артиллерия ва миномётлардан ўққа тутиб ҳужумга ўтадилар Ҳамма ер қонга беланади. Исоқжон ўшанда биринчи бор ўлим билан юзлашади. Оғир аҳволда ярадор ётган Исоқжонни немислар асирга олишади…
Урушлар бор экан, асирлар бўлади. Уларга муносабат масаласи доимо дунё ҳамжамияти учун долзарб бўлиб келган. Шу боис, 1929 йилнинг 12 август куни Женевада «Ҳарбий асирлар билан қилинадиган муомала тўғрисида»ги конвенция қабул қилинади. Афсуски, собиқ шўролар давлати бу ҳужжатни ратификация қилмайди. Мамлакатнинг ўша пайтдаги раҳбари Сталин «Бизда асирлар йўқ, фақат сотқинлар бўлиши мумкин», деган ақидага ёпишиб олган эди. Шу сабабли совет ҳарбий асирларини фашистлар энг оғир ва одамзот чидай олмайдиган қийноқларга солишади, крематорийларда куйдиришади.
Исоқжон асирда яна бир фожиага гувоҳ бўлади. Асирга олинган барча яҳудийлар Гитлер буйруғига биноан сўзсиз отиб ташланар эди. Улар орасида минглаб мусулмон туркистонлик ҳам бор эди. Суннат қилингани учун немислар уларни яҳудий деб ўйлашганди. Польшадаги концлагерларда урушнинг дастлабки йилида яҳудий деб гумон қилиниб 28 минг нафар туркистонлик отиб ташланганини кейинчалик Исоқжон билиб олади. У немис тилини билгани учун немисларга туркистонликларни яҳудийлардан қандай фарқлашни тушунтиради ва шу тариқа кўпчилик юртдошларимизни ўлимдан асраб қолади. Худди шу тарзда яҳудийларга ҳам мен туркистонликман дейишни, керак бўлса, калимаи шаҳодатни ёдлаб айтишни тайинлайди. Кўп яҳудийлар унинг гапига амал қилиб, тирик қолади.
Яраси тузалгач, Исоқжон Пруссиянинг Эйбенрот шаҳридаги концлагерга жўнатилади. Рус ва немис тилини яхши билгани концлагерда унга қўл келади ва секин-аста ўз ўрнини топа бошлайди.
1941 йилнинг сентябрида лагерга Фон Менде исмли немис профессори келиб, туркистонликлар билан учрашади. У Туркистон тарихини яхши биладиган катта мутахассис бўлиб, асир тушган туркистонликлар билан ўзбек тилида суҳбатлашади. Туркистон руслардан озод бўлса, бу ерда яшайдиган аҳоли фаровон турмуш кечириши мумкинлигини тушунтиради. Булар ҳаммаси тарғиботнинг бир йўли эди, албатта. Аммо у кўпчиликни, жумладан, Исоқжонни ҳам ўз гапига ишонтиради…
Орадан бироз вақт ўтгач, 1300 нафар туркистонлик етти ротага тақсимланиб, алоҳида батальон тузилади. У пайтларда ҳали Туркистон легиони тузилмаганди. Роталардан бири коммуникация-артиллерия ва қолганлари пиёда-тезкор гуруҳлар эди. Исоқжон Нарзиқул бўлим бошлиғи – алоқа катта сержанти этиб тайинланади.
1941 йилнинг сўнгги кунларида Исоқжон Нарзиқул Шимолий Кавказга юборилади ва Таврия, Краснодар, Ставрополь, Ростов ҳамда бошқа жойларда жанговар бўлмаган турли ҳарбий-хўжалик ишларга жалб қилинади. Улар йирик завод ва коммуникация объектларини қўриқлашади. Кейинчалик у Киевга, бироз вақт ўтгач, Польшага жўнатилади.
Исоқжон Германияда немислар туркистонликларга иккинчи даражали миллат сифатида қараганидан озор чекади. Имконини топса улардан ўч олишга интилади. Масалан, 1944 йилнинг сўнгги кунларида унинг сафдоши, 1-Туркистон батальони командири К.Алимов янги йил муносабати билан бир неча немис офицерини ўз уйига таклиф қилади. Исоқжонга ҳам уйига зудлик билан етиб келишни буюради. Икки ўртоқ немисларни атайлаб қаттиқ ичиришади, сўнгра К.Алимовнинг аскарлари барча немис офицерларини ўша ернинг ўзида отиб ташлашади. К.Алимов Исоқжон Нарзиқул ва ўзига қарашли мингдан ортиқ аскарга словак партизанларига қўшилиш вақти келгани ва шўролар шунда уларни кечиришини айтиб, бирга кетишга даъват қилади. Лекин Исоқжон уларга ишонмас эди…
1945 йилнинг бошида Исоқжон Чехословакиянинг Долна-Ждана шаҳрига келиб, бу ерда муқим яшаб қолади. У Фран Фридреич исмли бадавлат словак уйида яшайди. Унинг Ева, Елена ва Мейна исмли уч қизи бор эди. Исоқжон 1945 йил охирида Евага уйланади ва ўша йили Чехословакия фуқаролигини қабул қилади. Қайнотасидан бизнес сирларини, хўжалик юритишни, молия ҳисоб-китоби, назорати ва ҳаёт учун зарур бошқа нарсаларни ўрганади. Айнан мана шу амалий билимлар унга АҚШда миллионер бўлишга ёрдам беради. Аммо шўроларнинг Европада социалистик лагер қуриши Исоқжонни оиласини Чехословакияда қолдириб, Ғарбий Германияга кетишга мажбур қилади.
У Мюнхенда бироз қийналади, лекин иш топиб Евага ва икки боласига пул, озиқ-овқат юбориб туради. У Евани ҳам ўзи билан олиб кетмоқчи бўлади. Лекин Ева бунга кўнмайди, чунки у оғир бетоб онасини ташлаб кетишни истамайди. Шундан сўнг 1949 йили у дўсти Андрейнинг маслаҳати билан Мюнхендаги брокерлик фирмаси орқали Америкага кетади.
Исоқжон АҚШга яшаш учун келган биринчи ўзбеклардан эди. Нью-Йоркда уни Андрейнинг акаси кутиб олади ва Филадельфияга юборади. Исоқжон дастлаб Филадельфия шаҳридаги «Женерел Стил» корхонасига фаррош бўлиб ишга киради. Кейинчалик машҳур «Боинг» компанияси билан ҳамкорлик қиладиган ва унга керакли деталь ҳамда мосламаларни етказиб берадиган «Балдвин Мануфактуринг Компанин» корхонасига ишга жойлашади. Шу кундан эътиборан Исоқ ўз устида ишлаб, тил ўрганади, техника ва бошқа нарсалар билан жиддий шуғуллана бошлайди. Қисқа муддат ичида инглиз тилида бемалол сўзлашишни ўрганиб олади.
1951 йили у Америкада Мерий исмли ирланд аёлга уйланади. Улар уч ўғил кўради. Эрининг бизнес ишларига Мерий ҳам ёрдамлашиб, оила секин-аста ўз ишларини йўлга қўйишади. Исоқжон корхонада ишламай чанг босиб ётган станок ҳамда машиналарни сотиб олиб таъмирлайди ва ижарага олган жойида қайта ишлатади. Ижарага олган корхонанинг бўш майдонларини бирин-кетин сотиб олади, янги цех ва ишчиларни кўпайтиради. 1960 йили у бутун корхонага эгалик қила бошлайди. Ўша йиллари унинг йиллик айланма маблағи 500 минг АҚШ долларидан ошиб кетади. Шундай қилиб, у америкалик ўзбеклардан чиққан биринчи миллионерга айланади.
Ўтган асрнинг иккинчи ярмида Америкада туркистонлик муҳожирларни бирлаштириш, уларга амалий ёрдам бериш мақсадида Исоқжон Нарзиқулнинг ташаббуси билан Туркистон-Америка уюшмасига (ТАУ) асос солинади. ТАУ нодавлат-нотижорат ташкилот сифатида 1958 йили Пенсильванияда рўйхатга олинади. 1960 йили эса Нью-Йоркда қайта рўйхатдан ўтказилгач, уюшма нуфузи федерал миқёсга кўтарилади. Исоқжон ТАУнинг биринчи президенти бўлиб сайланади ва 1958-1961 йилларда бу вазифани шараф билан бажаради.
1968 йилнинг августида Прагадаги ҳарбий можаролар туфайли биринчи хотинидан кўрган иккала ўғлини Америкага чақириб олади ва барча фарзандларини касб-ҳунарга ўргатади, ўқитади, катта ҳаётга йўллайди.
1971 йили Исоқжон Нарзиқул биринчи бор онасидан мактуб олади. Кўп йиллик уринишлардан сўнг волидасини Америкага чақиртиради. Унинг сўзларига қараганда, бу ҳаётидаги энг қувончли дамлар эди. Америкада онаси у билан хизмат қилган ва асирга тушган Жўрабой дўсти 25 йил Сибирда қамоқхонада ўтириб чиққанини гапириб беради. Бундан ташқари, Жўрабой бир куни мастлигида Исоқжон ўлмай тирик қолган, деб айтганини, бу гапга ишониб-ишонмай, ўғлини кутганини айтади.
1978 йили Исоқжоннинг онаси Ўғилой ая вафот этади. 1981 йили шўролар ҳукумати Исоқжон Нарзиқулга Ўзбекистонга келиб-кетишга рухсат беради, аммо у юртга қайтмайди. Чунки у коммунистларга ишонмасди.
1989 йили Исоқжон Нарзиқул ҳаётдан кўз юмади. У АҚШнинг Филадельфия шаҳридаги қабристонга дафн этилган.
Бекқул ЭГАМҚУЛОВнинг “Бахт ярим, қайғу ярим...” китобидан олинди.