МАЖИД МУРОДОВ КИМ ЭДИ?

1984 йилнинг ёз ойлари эди. Касбим тақозасига кўра, газетада илғор бригада бошлиқлари ҳақида мақола тайёрлаш топшириғи берилди. Ўша пайтда мен таҳририятда қишлоқ хўжалик бўлимининг мудири вазифасида фаолият кўрсатардим. Шу йиллари тумандаги Карл Маркс номи билан аталувчи хўжалик нафақат туманда, балки вилоятда ҳам пешқадам машъал ҳисобланар, қарийб 2000 гектар ерга пахта экар, ҳосилдорлик ҳам 45 центнерни ташкил этарди. Бир сўз билан айтганда, колхозчилар йил якун бўлгач, йил давомида ишлаган меҳнат ҳақлари ҳисобига катта даромад олишарди.
Хўжалик вакили билан меҳнат қаҳрамони раҳбарлик қилаётган бригадага йўл олдик. Бригада бошлиғи Ўзбекис-тонда хизмат кўрсатган пахтакор, меҳнат қаҳрамони Мажид Муродовни далада учратдик. Қуёш иссиғидан юзлари қизариб кетган, ғўзаларни бирма-бир кўздан кечириб юрган буғдойранг бу кишини узоқдан кўриб ҳақиқий деўқон эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Саломаликдан сўнг бу йилги режалар ҳақида фикрлашдик.
- Бу йил баҳорда 80 гектар ерга яхши ният билан чигит қададик, - деди бригада саркори кенг далага ишора қилиб. – Ҳозирга қадар ҳар бир туп ниҳолни астойдил парвариш қилдик. Натижасини кўриб турибсизлар. Ҳар бир туп ғўзада 25-30 тадан тўп кўсак бор. Гектар бошига 50 центнердан ҳосил олмоқчимиз. Ҳар йили режамизни ошириб бажариб келяпмиз. Бу йил ҳам, албатта кўзланган мақсадимизга эришишимиз учун барча шароит бор.
Бригада бошлиғи билан колхозчилар туш пайтида дам оладиган “Наврўз” дала шийпонига йўл олдик. Вақт тушга яқинлашиб қолганлиги учун шийпонда қозон қайнамоқда. Етакчининг айтишига қараганда, далада меҳнат қилаётганлар учун бу ерда барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Овқатлар “меню” асосида тайёрланади. Колхозчилар туш пайтида овқатланиб бўлишгач, шахмат-шашка ўйнашади. Шийнопда ташкил этилган мўъжазгина кутубхонадан ўзлари истаган китобларни олиб мутолаа қилишади. Дам олиш кунлари эса, хўжаликда ташкил этилган “Гулшан” номи билан аталувчи ашула ва рақс ансамбли санъаткорларининг дилрабо куй-қўшиқларидан баҳраманд бўлишади.
Бригада бошлиғи билан суҳбатимиз қизигандан қизиди. У киши шу қишлоқда 1920 йилда туғилганлигини, шу ерда таълим олиб, Самарқанд педагогика билим юртини тугатиб, бир қанча муддат мактабда Ўқитувчи ва мудир бўлганлигини, сўнгра хўжаликда бригада бошлиғи, партия комитетининг секретари, хўжалик бошқаруви раисининг ўринбосари вазифаларида фаолият кўрсатганлигини мароқ билан сўзлади. Айниқса, уруш пайти ниҳоятда оғир кечганлигини, далада барча ишлар аёллар ва болалар зиммасида қолганлигини, озиқ-овқат етишмаслиги, лекин шундай бўлсада, одамлар “Ҳамма нарса фронт учун, ҳамма нарса ғалаба учун” шиори остида меҳнат қилганликларини батафсил гапириб берди. Мен суҳбат давомида кўп йиллар республикамизни бошқарган Шароф Рашидов билан қандай танишганликларини сўрадим.
- Очиғини айтадиган бўлсам, Шароф Рашидовни уруш даврида область партия кометитининг секретари пайтидан бошлаб яхши биламан, - дея сўз бошлади у дастурхонга қўйилган чойни хўплар экан. – Биз йиғилишларда тез-тез учрашиб турардик. Районимиз орқали Бухоро томонга Ўтгудек бўлса, бизнинг қишлоғимизга албатта кириб ўтар, опамиз Туман Саидова билан саломлашиб кетарди. Чунки, Шароф ака Туман опани худди ўзининг опасидек кўрар, доимо у кишидан маслаҳатлар олиб турарди. Шароф Рашидов билан сўнгги учрашувимиз 1983 йилнинг октябрь ойи охирларига тўғри келди. Ўшанда республикамиз раҳбари Бухоро областидан Самарқандга Ўтаётганди. Бригада-мизга ташриф буюриб, ҳосил чўғини кўздан кечирди. Туман опа ва мен билан бу йилги режалар, аҳолининг муаммолари билан қизиқди. Кейин эса Самарқандга кетди. Афсуски, биз ўшанда республикамиз раҳба-рини сўнгги бор кўраётганимизни билмаган эканмиз. Нима бўлганда ҳам Шароф Рашидовдек Улуғ инсонларни халқимиз ҳеч қачон унутмайди.
Шундан кейинги йилларда ҳам Мажид Муродов билан кўп бор учрашишга, у киши билан дилдан суҳбатлашишга тўғри келди. Шуни алоҳида таъкидлаб Ўтиш керакки, суяги меҳнатда қотган, бир умр халқимизнинг фаровонлиги ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ҳаётини бағишлаган бу фидойи инсон оилада ҳам меҳрибон ота эканлигини айтиб Ўтиш керак. У киши турмуш Ўртоғи марҳум Зулфия она билан ўн бир нафар фарзандини тарбиялаб вояга етказди. Бу айтишга осон. Ўн бир нафар фарзандни вояга етказишни ўзи бўладими? Энг муҳими, улар худди оталари сингари эл корига ярайдиган инсонлар бўлиб етишишди. Касблари ҳам турлича. Катта ўғли Жамил журналист, Сабоҳат шифокор, Садоқат Ўқитувчи, Жалил қишлоқ хўжалиги ходими, Аваз ҳуқуқшунос, Зойир педагог, Шоира Ўқитувчи, Мавжуда тикувчи, Равшан геолог, Хуршида тикувчи, Мирзоҳид Ўқитувчи касбларида сидқидилдан меҳнат қилиб келишаяпти. Мажид Муродов ҳақида ким билан сўзлашмайлик, у кишининг ҳақиқий деўқон эканлигини, элпарвар инсон бўлганлигини алоҳида таъкидлашади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими кўп йиллар туманимизда раҳбарлик вазифаларида фаолият кўрсатган Баҳриддин Санақулов шундай эслайди:
- Мажид Муродовни ўша даврларда республикамизнинг барча раҳбарлари яхши танишарди. Чунки у киши ҳар бир даврада деҳқончиликнинг сир-асрорларини чуқур билиши, халқпрарварлиги ва фидойилиги билан ажралиб турарди. Орадан қирқ йил ўтган бўлишига қарамасдан ҳозирги пайтда ҳам туманимизда у кишидек юқори ҳосил етиштирган бирорта бригада бошлиғини учратмадим. Йиғилишларда ҳам кўп гапирмас, деўқончилик учун оғир келган йилларда ҳам қўшни хўжаликларга бориб, колхозчилардан қимматли маслаҳатларини аямасди. Бундай инсонлар билан туманимиз аҳли ҳақли равишда фахрланарди.
- Отам билан кўп бор суҳбатлашардим, - дейди қатор йиллар мактаб директори вазифасида фаолият кўрсатган ўғли Зойир. – Очиғини айтаман, отам Ўқитувчиликдан ўз фаолиятини бошлаганлиги учун мактабга меҳри бошқача эди. Бригадир бўлган пайтлари ҳам мактабга келиб синфхоналарга кирар, ўқитувчиларнинг дарс бериш жараёнини кузатиб, Ўз фикрларини баён этарди. Мактаб муаммоларини ҳал қилиш учун доимо елиб-югурарди. Кўп бор депутат бўлганлиги учун нафақат қишлоқдаги, балки тумандаги муаммоларни ҳам ҳал этишга астойдил киришар, ўзи киришган ишнинг охирига етказарди. Биз шундай инсоннинг фарзандлари бўлганлигимиздан доимо фахрланамиз. Отам доимо одамларга яхшилик қилинглар, бу дунёда фақат яхшилик қолади, дея кўп такрорларди. Биз отамизнинг Ўгитларига ҳар доимо амал қилиб келаяпмиз.
Оқдарёнинг фидойи фарзанди, бутун умрини халқ бахт-саодати ва фаровонлиги йўлига бағишлаган ажойиб инсон, меҳнат Қаҳрамони Мажид Муродов ҳозир орамизда бўлмасада, у кишининг бошлаган хайрли ишларини фарзандлари, набиралари давом эттиришмоқда. Демак, бу инсоннинг умри барҳаёт. Зеро шоир айтганидек:
Умрлар бўладики, тиригида ўликдир,
Умрлар бўладики, ўлганда ҳам     тирикдир.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.