Ҳоким қарори

ТУМАН ҲОКИМИНИНГ ҚАРОРИ

ТУМАН ҲУДУДИДАГИ ЮРИДИК ВА ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРГА ТЕГИШЛИ    АВТОМОТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ ҲАМДА ТИРКАМАЛАРИНИ МАЖБУРИЙ ТЕХНИК КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ  ҲАҚИДА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 декабрдаги 1010-сон "Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ҳамда 2003 йил 31 январдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган "Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Низом ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги қонуннинг 6,25-моддаларига қўлланиб, 


ҚАРОР ҚИЛАМАН :

1. Туман ҳудудида жойлашган барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт  воситалари ва  уларга тегишли тиркамалар тегишли тартибда  мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.

2. Туманда транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилсин:

а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар ва ўтириладиган жойлари сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари) одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалари - бир йилда икки марта; 

б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур қарорнинг "а" кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари)  - икки йилда бир марта;

в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (мазкур қарорнинг "а" кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) - бир йилда бир марта;

г) тиркамалар кўрикка транспорт воситаси - шатакчи учун белгиланган муддатларда тақдим этилади.

ДЙҐХХ органларида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб улардан фойдаланишнинг биринчи йили мобайнида транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилмайди, мазкур банднинг "а" кичик бандида кўрсатилганлардан ташқари.

3. Мазкур қарорнинг 2-банди "а" кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларининг  техник кўриги:

биринчи марта - 1 мартдан 30 июнгача;

иккинчи марта - 1 сентябрдан 31 октябргача ўтказилсин.

Юридик шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 мартдан 30 июнгача ўтказилсин.

Жисмоний шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 январдан 31 августгача  ўтказилсин.      

4. Транспорт воситалари ДЙҐХХ органлари томонидан техник кўрикдан ўтказилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган миқдорларда йиғим ундирилади.

Биринчи (олдинги) техник кўрикда носоз деб топилган транспорт воситалари такрорий техник кўрикдан ўтказилганлиги учун белгиланган миқдорларда йиғим ундирилади.

Техник кўрик ўтказилганлиги учун йиғим суммаси тегишли маҳаллий бюджетга ўтказилади.

5. Техник кўрикни ўтказиш жадвали 1-иловага:       

техник кўрикни ўтказиш бўйича комиссиянинг таркиби 2-иловага мувофиқ  тасдиқлансин.

6. Техник кўрикни ўтказиш бўйича комиссия раиси (Н.Ибрагимов)га:

юридик шахсга техник кўрик ўтказиладиган муддатлар тўғрисидаги билдиришнома юбориш;  

техник кўрикни ташкилотларда, диаг-ностика станцияларида ва техника хизмати кўрсатиш станцияларида иш вақтида, техник назорат постларида иш кунларининг кундузги ва тунги вақтларида ёки ҳафтанинг дам олиш кунларидан бирида ўтказиш;

техник кўрикдан ўтказишда техник жиҳатдан носоз деб топилган транспорт воситасининг, шунингдек техник ҳолати белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ёки тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспорт воситаларининг камчиликлари ва носозликларини бартараф этиш бўйича белгиланган тартибда тегишли чораларни кўриш вазифалари юклатилсин;

тумандаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган автобус, ўриндиқлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари) одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ҳамда уларнинг тиркамалари ва бошқа турдаги транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишни белгиланган жадвал асосида автомобилларни техник кўрикдан ўтказиш имконияти ва  таъмир ишларини бажариш учун қулайликлар мавжуд бўлган барча хўжалик юритувчи субъектларида ўтказилиши тавсия этилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон "Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори 3-банди талабларидан келиб чиқиб, туман мудофаа бўлими, ички ишлар бўлими, Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий бўлинмалари транспорт мажбурий техник кўриклари ўз юқори ташкилотларининг қарори ва иш режаси асосида амалга оширилиши назарда тутилсин.

8. Мажбурий техник кўрик давомида комиссия таркибида иш олиб борган ходимларнинг доимий иш жойларидаги ойлик иш ҳақлари сақланиб қолинсин. 

9. Мазкур қарор "Оқдарё овози" газетасида эълон қилинсин ҳамда ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

10. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2020 йил 18 февралдаги 393-Қ сонли қарори ўз кучини йўқотган деб топилсин.

11. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари      Б.Аралов зиммасига юклатилсин. 

Туман ҳокими             Н.Сулаймонов.


9 февраль 2021 йил.