МЕҲНАТДА ТОБЛАНГАН АЁЛ

Одинанинг қишлоққа батамом келиши равотликларга чиндан ҳам хурсандчилик бақишлади. Кулоблик бир бойнинг хонадонида хизматчи бўлган бу йигит ҳар йили бойнинг қўй-эчкиларини дашт яйловларига ҳайдаб ўтишда 8-10 хонадондан иборат Равот қишлоғида бир-икки кун тўхтаб ўтар, қайтишида ҳам бу ҳол такрорланарди. Одина ҳам кўнгли очиқ, хушчақчақ йигит бўлиб, катта-кичик билан тезда чиқишиб кетарди. Қишлоқдаги қўноқлик пайтида бирор ҳашар ёки енгил-елпи ишларнинг устидан чиқиб қолса бас, ҳеч қўл қовуштириб ўтирмас, дарҳол ишга киришиб кетарди. Қишлоқнинг Одинага тенгдош йигитлари унинг ҳангомасини соғинар ва шунинг учун бўлса керак доим уни хурсандчилик билан қарши олишарди. Хуллас, қишлоқ одамларининг Одинага, Одинанинг қишлоқ одамларига меҳри бошқача эди.
Одина қўй-қўзилари билан бу қишлоқдан сўнгги бор ўтишида одамлар уни нохуш ҳолда кўришди. Одина эшакка ўнгариб олинган эчкини кўрсатиб: «чатоқ бўлди-да, энди бой отам мени соғ қўймайдилар», деб бошини чайқагани-чайқаган эди. Ҳа, шохлашиб жардан қулаган эчкининг аҳволи чиндан ҳам яхши эмасди. Бу учрашувда ҳозир бўлган қишлоқ оқсоғолларидан бири Каримбой ота унга тасалли берган бўлди: «Э-э-э…, хафа бўлма, ўғлим, келган бало шунга урган бўлсин. Бой отанг сени жазолайдиган бўлса, лаш-лушингни кўтариб мана меникига келайвер, шу ерда яшайсан, ўғлим», деди. Бундай меҳрибончиликни кимдандир кутган Одинанинг кўзларига беихтиёр ёш келди.
Орадан бир ойча вақт ўтиб, озиб-тўзиб кетган Одина бир аҳволда Равот қишлоғига кириб келди. Ўз даврининг ўзига тўқ хонадонларидан бири бўлган  Каримбой отанинг хонадонидан Одинага лойиқ жой ҳам топилди. Орадан бир йилдан ортиқроқ вақт ўтиб, тўртайғирлик бир бойнинг қизига унаштириб қўйишди. Икки ёшнинг бошини қовуштиришганда эса Одина ўн беш, келинчаги Қурбоной тўққиз ёш бўлган экан. Орадан 4 йил ўтиб тўнғич фарзанд туғилди. Жўралари кўп бўлсин деб исмини Жўрабой қўйишди. Яна 2 йил ўтиб хонадонда қизалоқ дунёга келди. Қизалоққа бодом гуллаган пайтда туғилганлиги учун Бодомой деб ном қўйишди. Бодом табиатан зуваласи пишиқ, серғайрат ва ҳаракатчан эди. Одина колхозда аравакашлик қилар, яқин-йироққа ташиладиган хўжаликнинг барча юки шу аравада ташиларди. Бодомой отасидан ажралгиси келмас, яқин атрофдаги юклар ташилганда аравага отасидан олдин жойлашиб олар, йўл-йўлакай кўрганлари ҳақида саволлар ёғдириб отасининг бошини қотирарди. Оилада учинчи фарзанд туғилгандан кейин Одина ҳам бошқа қишлоқдошлари қатори Равот қишлоғидан 500-600 метрлар чамаси нарида жойлашган Жар қишлоққа янги уй қуриб кўчиб ўтди. Жар қишлоқ Равот қишлоғидан каттароқ бўлиб, қишлоқда чойхона, савдо дўкони, мактаб, мачит ва чорвачилик фермаси бинолари жойлашган, шунингдек, Молотов колхозининг маркази ҳам эди. Бодом ота-онаси билан бирга юриб, колхознинг барча ишларига аралашиб кетаверарди. Кучи етса етмаса отаси ёки онасининг ишларига қўллашиб юборар, хуллас, ёшлигидан меҳнатга кўзи пишиб, қўли келиб улғайиб борарди.
- Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди, - дейди онахон ёшлигини эслаб. – 9-10 ёшларда эдим чамаси, қишлоқ пастидаги тегирмонга 4-5 килограмм буғдой олиб бордим. Тегирмончи Маматқул ака деган одам: «Мен чой ичиб келай, сен кутиб тур», деб уйига кетди. Кутиб ўтиришга вақт йўқ эди. Тегирмончи кетгач, буғдойни тегирмонга солдим ва ташқарига чиқиб новнинг бошига қўйилган парчобни аранг жойидан чиқариб олдим. Тегирмонни ишлатиш ёки тўхтатишда фойдаланиладиган сувнинг пастга йўналтирилган иккинчи йўлини ҳам бир амаллаб ёпдим. Тегирмон паррагига сув урилиб гулдираб ишлаб кетди. Бир пастда тайёр бўлган унни идишга солиб ташқарига чиқдим. Парчобни олиб нов бошини беркитай десам, ҳеч кучим етмайди. Парчобни жойига қўйиш учун нов ичига кириб олдим. Парчобдан ошиб ўтаётган сув уст-бошимни жиққа ҳўл қилди. Новдан зарб билан тушаётган сувнинг ишлаб турган тегирмон остига мени тортиб кетишига озгина қолаётган эди. Бу ҳолатни жар тепасидан туриб кўриб қолган Нор бобо югуриб келиб мени қутқариб олди. Аввал койиди, кейин «ҳа, сен қиз тегирмонга тушсанг ҳам бутун чиқардингку-я, лекин иккинчи бундай қилма», деб қўйдилар.
- Дала ишларига аралашиб юрганлигимни кўриб менга дастлаб мустақил ишни ишониб топширган киши бригада бошлиғи Марди ака эди, - дейди онахон. - Ўшанда 12 ёшда эдим. Тўрт гектарлик контурни звено бошлиғи сен, увол-савоби сени бўйнингда, деди бригада бошлиғи. Ўзим тенги 2 нафар қизни ёнимга олдим. Пахтани экишдан тортиб чеканкагача бўлган ишларни бирга бажардик. Пахтани чанқатмадим, бегона ўтга олдирмадим. Кузда давлат режасини ортиғи билан бажардим. Кейинги йил яна тўрт гектар ер қўшиб берди. Нариги йил эса ўн беш гектарлик контурни қўшишди. Қишлоқ хўжалигидаги юким ҳам, масъулиятим ҳам кундан-кун ортиб борарди. У даврларнинг меҳнати оғир эди, - дейди онахон. - Ўттизинчи, қирқинчи ва эллигинчи йилларда техника йўқ эди. Ҳамма ишлар қўл кучи билан бажарилар, ариқ ковлаш, Қалтак билан тупроқ ташиб ер текислаш, гўнг чиқариш, ҳатто катта йўлга (М-37 автомагис-трал) аравада тош ташиб тўкиш, уни кетмон билан текислаш каби ишлар ойлаб давом этар эди. Айниқса, уруш ва ундан кейинги йиллар жуда оғир эди. Фронт учун қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, қуруқ мева, пойафзал ва кийим-кечак тўплар эдик. Халқнинг ўзига ҳам озиқ-овқат етишмас, жон бошига 200-250 граммдан ун бериларди. Далада одам етишмас, дала ишлари фронтдан ногирон бўлиб қайтган 3-4 эркак, хотин-халаж ва ёш ўғил-қизларга қолганди. Тўйиб овқатланиш ва тўйиб ухлаш йўқ, кундузи пахта ишлари бўлса, кечаси ғалла ўриш, бошоқ териш каби ишларни бажарар эдик.
Ерни экишга тайёрлашда от, ҳўкиз каби жониворлардан фойдаланилар, кесак яхши эзилиши учун молага 3-4 нафар қизлар ўтқазиб қўйилар эди. От сеялка, кейинчалик 60-йилларга келиб трактор сеялкалар бўлар, ҳар иккала сеялкада ҳам куйлакларимиз этакларини уруғлик чигитга тўлдириб керакли жойга қўл билан ташлаб турар эдик. Мола ёки сеялка устида ҳушёрликни сал унутсанг майиб-мажруҳ бўлиб қолиш ҳеч гапмасди.
Олтмиш йилдан ортиқ пилла боғдим. Бирор йил пилла тайёрлаш давлат режасини бажара олмай қолганлигимни эслай олмайман, - дейди онахон суҳбат чоғида. – Даҳбед совхозининг 2-бўлимида пилла звенолар бригадири бўлиб ишлаганимда ҳеч қачон ипак қурти боғмаган 12 нафар пилла звеноси аъзолари билан ишлашга тўғри келди. Бу звеноларнинг ҳар бирини бир кунда камида икки мартадан айланиб, керакли маслаҳатларни бериб чиқаман. Худога шукрки, звеноларимнинг барчаси режани ортиғи билан бажариб, юзимни ёруғ қилишди.
1957 йилдаги бир воқеа эсимдан чиқмайди, - дейди  онахон. – Ипак қурти 18 кунда дастага кирди. 22 кунда пиллани териб пиллахонага топширишга олиб борсам қабул қилишмайди. Нега қабул қилмайсизлар, десам «ҳали ҳеч ерда пилла тайёр эмас, сиз қаердан уруғ олгансизки, йўқ ердан пилла келтириб ўтирибсиз» дейишди. Орқамдан от билан етиб борган пилла бригадири Санам Эгамбердиева жонимга оро кириб, шундай деди: «Бу кишига уруғни ўзим берганман, қурт боғишда Бодомойнинг олдига тушадиган пиллакор йўқ». Шундан кейингина пилламни қабул қилишди.
Ишлаб чарчамас, уддабурон Бодом Одинаева тезда Даҳбед совхози ва туманимиз раҳбарлари эътиборини қозонди. Барча топшириқларни юксак масъулият ва мукаммал бажаришга одатланган бу аёл ҳалол меҳнати туфайли эл оғзига тушди. 1957 йил июнь ойида туманимиздаги энг илғор тракторчи, пиллакор ва сувчилардан иборат 6 кишилик қишлоқ хўжалик ходимларининг Москва шаҳрида бўлиб ўтадиган Бутуниттифоқ кўргазмасига юборилди. Улар орасида илғор сувчи ва пиллакор Бодом Одинаева ҳам бор эди.
Москвадан бир олам қувонч ва таассуротлар билан қайтган Бодомой ўзини яна деҳқончиликнинг қайноқ қучоғига урди. Янги-янги ютуқларга эришаверди. 60-йилларга келиб онахон деҳқончилик ва пиллачиликнинг ўзига хос тажриба ва малакасига эга бўлган ибратли бир мактабни барпо этиб улгурган эди. СССР Олий Совети Президиумининг 1976 йил 25-декабрдаги фармони билан онахон III даражали «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди. Бу заҳматкаш ўзбек аёлининг меҳнатига берилган муносиб баҳо эди.
Кези келганда айтиб ўтиш жоизки, онахонни элга танитиш ва қилган меҳнатларини муносиб тақдирлашда шу қишлоқда узоқ йиллар бригада бошлиғи бўлиб ишлаган донгдор бригадир Темир ака Бўлаковнинг хизматлари ҳам катта бўлди. У киши ишлаган одамни билар ва қадрлар эди, раҳматлик.
90-йилларнинг охирига келиб ҳар бир хўжаликда 2-3 тадан дастлабки фермер хўжаликлари синов тариқасида ташкил этилди. Шундай фермер хўжаликларидан бирини Намоз Пиримқулов номли хўжаликнинг Жар қишлоғида онахоннинг иккинчи қизи Адолат Эргашева ташкил этди. Ўшанда ҳам онахон барча ишларга бош-қош бўлди. Онахон билан шу фермер хўжалигида бирга ишлаб юрадиган дўстим Тойир Чорақулов шундай ҳикоя қилади:
- 17 гектарлик Қалла экилган майдонга сув қуйишимиз керак, ваъда қилган тракторчи контур ўртасида ўқариқча олиб бериш учун 2-3 кун ўтди ҳамки келмади. Шунда онахон: «Тойиржон болам, бор, сен ариққа банд қилиб сувни чиқариб келавер», деди. Бир соатлар чамаси уннаб ариққа банд қилдим. Сувни чиқариб пайкалга қайтиб келсам, не кўз билан кўрайки, онахон ўқ ариқни кетмон билан олиб пайкалнинг ярмидан ошган эди. Қараб турмай, дарҳол ишга киришдим, соат учгача сув тарадик. Шундан сўнг уйга бориб тушлик қилдим ва тезда далага қайтдим. Пайкалга келсам онахон мендан олдин келиб янги таралган сувни кўздан кечириб юрибди. Шунда опахон 77 ёшда бўлиб ҳам ишлаб чарчамаганлигига қойил қолган эдим».
Ўтган 2018 йили «Оқдарё овози» газетасининг 24-май сонида «95 ёшли пиллакор она» сарлавҳаси остида онахоннинг набираси бошқараётган «Фазлиддин нурли келажак» фермер хўжалиги ҳақида мақола чоп этилди. Мақола билан биргаликда онахоннинг серҳосил пилла дастасини тутиб турган сурати ҳам берилди. Мақолани ўқиб, онахоннинг расмини кўрган Нуриддин дўстимизнинг танишларидан бири: (Нуриддин шу фермер хўжалиги раисининг отаси) «Онахонни пилла сўкчакка кўтариб чиқариб қўйиб расмга олибсизлар-да», - деб ҳазиллашибди. Шунда Нуриддин ҳам бўш келмай: «Ишонмасанг, ана, Жарқишлоқ бир қадам, апрелда борсанг онахонни томорқасидан, майда борсанг пиллахоналардан, июнда борсанг дарахтнинг устида сатиллаб гилос тераётганда, июль-августда пахтазордан, сентябрда эса дарахтнинг учида ёнғоқ қоқаётган ҳолда топасан», дебди. Бу гапга изоҳнинг ҳожати йўқ, ҳақиқатда ҳам шундай!
Суҳбат давомида онахондан сўрайман: - Онахон, меҳнатингиз орқасидан эл ичида ҳурмат-эътибор қозондингиз, кўргазмаларга бордингиз, тақдирланиб шон-шуҳрат эгаси бўлдингиз. Айтингчи, шу мартабага эришиш учун ғайрат ва шижоатли бўлишнинг ўзи кифоя қилмадими?
- Йўқ, болам, - дейди онахон, - деҳқон бўлдингми, аввало ерга меҳр қўй. Уни тилини тушун, дардини англа. Пайкални сиртидан нуқул айланаверганинг билан ҳеч нарсани англолмайсан. Ернинг ичига арала. Қаерда ер нотекис, қаер оқ тупроқ, қаерда шўр ёки бегона ўт босган, ҳашарот тушган, ҳаммасига чора бор, фақат уни бажаришинг керак. Бажарсанг ҳосил оласан, бажармасанг кузда бармоқ тишлаб қоласан, болам. Бошқани билмадим-у мен сувнинг эгатларда шилдираб оқишидан, экинларнинг қониқиб сув ичишини томоша қилишдан завқланаман. Бир паст кузатиб ўтирсам ҳордиғим чиқади. Ёз бўйи қилинган машаққат ва ҳаракатларимнинг беҳуда кетмаганлигидан кўнглимда қониқиш ва ўзимга ишонч ҳиссини туяман. Саксон йиллик сувчилигим давомида мени ўзига боғлаб турган нарса ҳам, шудир балким.
- Онахон, - дейман яна, - ҳаётингизда энг ҳаяжонли ёки қўрқинчли воқеалар ҳам бўлганми?
- Бўлган, болам, бўлган, иккаласи ҳам бўлган. Депутат бўлиб сайланганимда, минбарларга чиқариб сўз беришганда, тақдирлаш ва мукофотлар олганимда ҳаяжонланганман. Қўрқинчлиси эса, айтсам ишонасанми, йўқми, билмадим. Илгари қишлоғимиз ёнидан ўтган шу катта каналнинг атрофи кета-кетгунча чакалакзор эди. Шу чакалакзор ёнидаги катта контурга мен, хўжайиним ва Хурсанд аммам – энанг (мени энамни амма дерди, онахон) учаламиз кечаси алламаҳалгача фонус билан пахтага сув тарадик. Кейин ерга ётинқираб ўсган ўрик дарахти остига жой тайёрлаб ухлашга ётдик. Бир томонимда хўжайиним, бир томонимда аммам, мен ўртада. Иккаласи ҳам қаттиқ чарчаган экан, кўп ўтмай уйқуга кетишди. Кўзимни юмиб ётсам-да, ҳа деганда уйқум келавермади. Негадир, кўнглим нотинч эди. Шу ҳолатда қанча ётдим, билмадим, бир маҳал тўсатдан кўзимни очсам, золдорининг икки шохига қўлларини ёйганча тираб олган бир даҳшатли махлуқ устимизга энгашиб қараб турарди. Мортувнинг ҳамма ёғи қалин жун бўлиб, ўзи баҳайбат ва жуда қўрқинчли эди. Бақирай десам бақиролмайман. Апил-тапил ёнимдагиларни турткиладим. Азбаройи чарчаганларидан иккаласи ҳам миқ этмади. Қўрққанимдан кўзимни чирт юмиб олдим ва ётайвердим. Орадан қанча вақт ўтди, билмадим, қўрқа-писа кўзимни секин очсам, ҳалиги мортув тепамизда йўқ эди. Анча вақт ўзимга келолмай ётдим, кейин ухлаб қолибман. Бўлган воқеани эрталаб гапириб берсам, «кўзингга шундай кўрингандир», деб унчалик ишонқирашмади. Мен эса бизга зиён-заҳмат етказмаганлиги учун Худога шукур қилар эдим.
Ажабо! Машҳур халқ қаҳрамони Намоз ботир ҳам ўз ҳаётида ана шундай сержун махлуққа дуч келганлиги ҳақида опаси Улуғойга сўзлаб берган экан.
Онахон билан қайта-қайта ўтказган суҳбатга якун ясаб қайтарканман, ўзининг қарийб бир асрлик умрини қишлоқ хўжалигидек оғир соҳага бақишлаган, эл-юрт манфаати йўлидаги барча машаққатларга ҳалол меҳнати билан ҳозиржавоб бўлган темир иродали ва серғайрат табаррук онахон билан юртдош, тумандош ва қишлоқдош эканлигимдан фахрландим ва у кишига янада баракали умр ва соғлик тилаб хайрлашдим.
Ўктам ИКРОМОВ,
 Халқ таълими фахрийси.
Мавзуга оид: