СУННАТ ОРТИҚОВ ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ СОВРИНДОРИ

Оқдарёни ҳақиқий маънода полвонлар маскани дейиш мумкин. Чунки азал-азалдан давраларда кураш тушиб бу юрт шаънини ҳимоя қилган полвонларимизни ҳозиргача халқимиз ҳурмат билан тилга олишади.
Айниқса кейинги йилларда туманимизда ўзига хос мактаб яратилди. Кўпни кўрган, катта тажрибага эга бўлган полвонларимиз ёшларга муносиб устоз эканликларини амалда намойиш этишмоқда. Ана шундай эл ҳурматига сазовор бўлиб келаётган, Янгиравот-2 маҳалласининг Жар қишлоғида вояга етган Суннат полвон Ортиқовни ҳақли равишда устоз дейиш мумкин. Бу инсон кўп йиллардан буён Республикамиз ва жаҳон миқёсида ўтказилаётган кексалар ўртасидаги самбо мусобақаларида фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Жорий йилда ҳам полвон фахрийлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида ғолиб чиқиб, Кипр давлатининг Лимассол шаҳрида ўтказиладиган нуронийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига йўлланма олди.
Шу йилнинг 19-20 октябрь кунлари ўтказилган жаҳон чемпионатида тумандошимиз 82 килограммгача бўлган курашчилар ўртасида даврага чиқиб, спортда ўзининг нималарга қодир эканлигини амалда исботлаб, фахрли учинчи ўринни эгаллади. Бу эса полвонимизнинг қўлга киритган яна бир ғалабали юришидан далолатдир.
- Спорт билан кўп йиллардан буён шуғулланаман, - дейди Суннат полвон Ортиқов суҳбат чоғида. – Ёшим етмишдан ошган бўлсада, ҳамон тетикман. Касаллик нималигини билмайман. Буларнинг ҳаммаси ёшлигимдан спорт билан шуғулланганлигим туфайлидир. Менинг ёшларга маслаҳатим спорт билан мунтазам шуғулланиш керак. Чунки спрт билан шуғулланган киши ҳеч қачон касал бўлмайди. Буни кексаларимиз ҳам билишларини истардик.
Биз жаҳон ареналарида туманимиз довруғини таратаётган Суннат полвон Ортиқовни келгусидаги барча ишларига муваффақиятлар тилаймиз. Ҳамиша ғолиб бўлиб, асло чарчаманг, деймиз.