ОҚДАРЁ “ОҲ!” УРГАН ЗАМОН (Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги олдидан) (Публицистика,)


  3-синфда ўқир эдим. Мактабимизга ҳақиқий, урушга қатнашган бобо келди. Муртоз бобо! У киши бўйнимга қизил галстук тақди, мен шеър айтдим.Негадир ўқитувчилар, ҳатто, бобо ҳам йиғлади,  кўзларини рўмолчаси билан артди. Мен ҳам бобога қизил галстук тақдим. У киши уруш ҳақида гапирди, рости, мен кўрқдим. Бобо биздан икки синф юқори ўқийдиган мақтанчоқ  Муроднинг отаси эди,  Мурод менга қараб кулди, у милтиқлар,ўлган одамлар, бомбалар, портлаган шаҳарлар, қулаган уйларни  Муртоз бободан эшитавериб ўрганиб қолган шекилли, миқ этмади, ундан бошқа ҳаммамиз қўрқдик. Гитлерни шу қадар ёмон кўриб кетдикки, ундан бизни қутқаргани учун бобога гуллар бердик, қарсаклар чалдик. Синфимиз тўрида, доскага илинган алвонга бўр билан катта қилиб 20 рақами ёзилган эди. Негадир битирувчи синфда ўқиётган Мастура опам қарсак чалмади, кўп  йиғлади. Мурод роса мақтанди, бу ҳам камлик қилгандек, бобо уни ёнига  чақириб олди, давранинг ўртасида ёнма-ён  туришди, Бобо Мастура опамни ҳам ёнига чақирди, уларга жуда ҳавасим келди.  

  Отамнинг ёнига шошилдим. Кеч бўлди, отам даладан қайтди, дастурхон атрофида ўтирдик.

- Ота, сиз ҳам урушга борганмисиз?...  Гитлерни кўрганмисиз?

- Йўқ.

- Нега? ...

Айни дамда отамнинг урушга борганлигини, Муртоз бободек қаҳрамон бўлишини, Гитлерни менинг отам ўлдирган бўлишини шу қадар истадимки, афсус, отам индамади.

  Отам – Жиян бобо Маматов 47 ёшда бўлганида мен туғилган эканман, ҳозир отам  60 ёшда, билдирмай ичимда ҳисобладим, уруш бошланганида отам 37 ёшда бўлган экан. Нега урушга бормаган? Овқатланиб бўлгунимизча отам ҳам, мен ҳам гапирмадик. Тўшакка ёнбошлагач, яна отамга суркалдим.

-  Ота, Муртоз бобо Собир Раҳимов деган генерал билан Берлингача борган экан, Бугун мактабимизга келди. Бизларни немислардан қутқаргани учун у кишига гуллар бердик. Мурод роса мақтанди. Сиз нега урушга бормагансиз?

-  Муштдайгина бўлиб ҳар балога бурнингни сукасан, урушминан нима ишинг бор, ухла!- деди онам, негадир дўқ уриб менга. Отамнинг бағрига бикиндим, отам қўйнига тортди. Бир оздан сўнг яна бидирладим:

-  Фашистлар Муртоз бобонинг оёғидан отган экан, мактабга ҳасса суяниб келди, орденлари кў-ў-п...

Отам ҳам уруш ҳақида бирор сўз айтармикан деб юзларига термулдим. Отам чуқур нафас олди, елкамга қўлини огир ташлади:

-  Мени урушдан олдин отиб қўйишган, қизим.

Қўрқиб кетдим.

-  Ким отган?!

-  Босмачилар...

-  Войй...автоматданми?!

-  Айтманг-е, қўрқади-деди онам яна жаҳл билан.

-  Қўрқмайман, Муртоз бобони ҳам автомат билан отган экан. Урушда душманлар болаларни, оналарни, ҳаммани отиб ташлабди. Қўрқмайман, немисларданам, босмачиларданам қўрқмайман. 

Отам мийиғида кулди, қўлимдан ушлаб, кафтимни секин чап тирсагига қўйди. 

-  Шу тирсагимнинг букилмаслигини биласанми, қизим? Босмачилар мени қўлимдан айиришди, майиб қилишди, шунинг учун урушга боролмадим. Мени ҳарбийга олишмади.

 Менинг хаёлим эса,  отамни отган ваҳшийларда эди.

-  Нима учун отди сизни улар, ота?

-  Отимнинг жиловини қўйиб юбормаганим учун.

-  Нега қўйиб юбормадингиз?

-  Зў-ў-р от эди... колхознинг отлари ҳам бор эди.... 1940-йил, от араваларга ортилган пахтани, шаҳарга, “хлоппункт”га топшириб, Каркининг йўли билан қайтиб келаётган эдик...

Отам менинг феълимни яхши биларди, бирор гапни бошласак, охиригача етмай қўймасдим, савол бераверардим. Шунинг учун ўша босмачилар, қароқчилар билан бўлган жангни бошдан оёқ, миридан сиригача-сирини қолдирмай айтиб берди. Колхозлар ташкил этилгандаги қийинчиликлар, қўлда экилган пахталар, уни қоплаб араваларга ортганлари, у пайтда тўғри йўллар бўлмаганлиги, ўнқир-чўнқир кўчаларда, дайравотда чангал оралаб юк ташиганлари, йўлда қароқчилар деҳқонларнинг мулкини талаганлари, отамни отган қароқчилар  йигирма арава пахтанинг пулини ва йигирмата отни қурол билан қон тўкиб, тортиб олгани, айниқса, отамнинг “Чавкар” номли карвонбоши отига ичи ачиганлиги, отдан тушмай жиловни бермаганлиги учун отишгани, отам ҳушсиз йиқилгани ва яна, уруш...урушнинг ортидаги етимлар, бевалар, очарчилик, қурғоқчилик...   Эҳҳе-е...!!!   Худди,  тушда кўраётгандек, сўзларини эшитган сари диққат бўлиб, отамнинг чап тирсагидаги қийшиқ битган суягини меҳр билан силайверибман. Лаънати босмачилар... фашистлар... .  Мактабда Муртоз бободан эшитган даҳшатли жанглар хотирасига отам айтган воқеалар қўшилиб, баттар аламим келди. 

-  Нега Муртоз бобога ўхшаб уларни отиб ташламадингиз? Автоматингиз йўқмиди, ота?

-  Кўрмай қолдим...

-  Нега?

-  Туман эди, дайравот туман ичида эди, қизим.

-  Туман? Нима у?

Отамнинг қошлари чимрилди, боши эгилди, кўзлари юмилди, бир оз жим қолди, ваниҳоят, жавоб берди:

-  Туманми...  Оппоқ тутун –  у.

-  Ниманинг тутуни эди у? Нима ёнувди?

Отамнинг диққати  ошди, лекин,  яхши биламанки, бари-бир отам мени ҳеч қачон урушмайди, саволларимнинг ҳаммасига  жавоб топади.

-  Нима ёнувди, ота?

-  Дарё  ёнувди... дарё!... Оқдарё  ёнувди!...

Отамнинг овози баландроқ чиқди, ёстиқни муштлади. Чўчиб тушдим. Қарасам юмуқ кўзларидан ёш оқяпти. Ростдан ҳам дарё ёнаётгандай, жонсарак бўлиб, дераза томонга қарадим, яна отамнинг кўзларига қайтдим. Нима бўлди, нима бўляпти? Яна қўлига ўқ тегдими, ёки, урушга боролмагани учун, мен эса,  Муртоз бобони яхши кўриб қолганим учун йиғлаяптими? Отамнинг йиғлаганини ҳеч қачон кўрмаганман. Қарасам, онам ҳам йиғлаяпти. Қўрққанимдан, отамнинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб олдим.

-  Отажон, сизни яхши кўраман, йиғламанг, Муртоз бободанам сиз яхшисиз, урушга бормасангиз ҳам майли, шаҳарга ҳам борманг, дайравот ёмон, отингиз ҳам керак эмас, дарё ёниб кетса, “оҳ!!!” деса, нима қиламиз? Ҳамма ёқни тутун босади, сиз ҳеч нарсани кўрмай қоласиз... кейин мен нима қиламан...? Шу лаҳзада отамнинг қучоғидан бошқа паноҳ йўқ эди мен учун.

-  Қўрқма, қизим, қўрқма! 

Шошилиб қолди отам ва эркалай, эркалай мени юпатиб олди, сўнг мени  ишонтирди:

-  Дарё энди ёнмайди, қизим. У замонлар ўтди, кетди. Худога минг марта шукур...

Назаримда, отам нима деса, шу бўларди. Бир оғиз сўзидан танамдаги барча қўрқув ғойиб бўлди. Отажоним сочларимни тўғрилаб, дастрўмоли билан бурним ва кўзларимни артди. Шу дамда отамни шу қадар яхши кўрдимки... 

-  Муртоз бобонг мендан 17 ёш кичкина, Уруш бошланганда мен колхозда мудир эдим, у 19 ёшда эди, - деди отам мени янада тинчлантириш учун таассуротларини қайта давом эттириб. Муртозга ўхшаган забардаст йигитлардан  102 нафарини урушга жўнатдик.

-  Эҳе... улар шунча  кўпмиди, ота? 

-  Кўп эди... минглаб, минглаб эди улар

-  Нега  бошқалари  мактабга келмади, агар?

-  Келади қизим, келади. Сизлар  чақирсаларинг келади. Фақат ... 

-  Нима фақат...

-   80 нафар   боболаринг  келолмайди.

-  Нима учун? Улар ҳам туманда адашиб, немисларни кўрмай қолганми?

-  Жуда узоқ жойларда,  урушда ҳалок бўлди улар, қишлоғимизга қайтиб келмади, Мастура опангнинг отасидан ҳам қорахат келди.

-  Қора хат ўлган оталардан келадими? 

-  Ҳа, қизим.

-  Бечора Мастура опам, шунинг учун йиғлаган эканда, Муртоз бобони кўриб... а?

-  Ҳа, энди ухла, қизим, бугунга етади, чарчадинг.

-  Хўп.

Отам нима деса, шу. Отамнинг ярадор қўлини қучоқлаб олдим, кўзимга қуюлиб уйқу кела бошлади, ухлайман, эрталаб барвақт уйғонаман, мактабга бораман, Муродга шундай мақтанайки...ҳамма эшитсин, менинг отам....!

Орадан йиллар ўтди. Олий маълумотли Адабиёт ўқитувчиси бўлдим. Худди ўша мактабда иш бошладим. Отажоним доим ёнимда бўлди. Отам ва Муртоз бободан сўраб, маҳалламиздан урушга кетганлар, ҳалок бўлганлар, омон-эсон қайтганлар ҳамда фронт ортидага ҳамқишлоқларимизнинг меҳнати, ҳаётини ўргандим, китоб ёздим. Мактабимизда музей ташкил қилдик, мактаб ҳовлисида урушда ҳалок бўлган ва бедарак кетган қишлоқдошларимиз хотирасига ёдгорлик тоши ўрнатдик. Отам айтганидек, омон-эсон қайтган 22 нафар уруш қатнашчиларидан Шахобиддин бобо, Жўра бобо, Расул бобо, Эшонқул бобо, Овулмурод бобо, Далим бобо, Анвар бобо  ва бошқа отахонларимизни ҳар йил 23-феврал, 9-май кунларида мактабимизга таклиф қилдик. Улар фақатгина, Оқдарё  “оҳ!!!” урган йилларни эмас, 2-жаҳон уруши туфайли дард чеккан, жабрланган  барча халқлар, вайрон бўлган шаҳарлар ҳақида ўқувчиларимга сўзлаб бердилар. Болалар, худди, менинг ёшлигимдаги каби, учрашувларда отахонларга қатор саволлар берар ва ҳаяжонда уйларига қайтар эдилар. Улар ҳам менга ўхшаб ота-оналарини саволга тутишлари, уйларида урушга нафрат, тинчликка меҳр уйғонишини ўйласам,  хурсанд бўлардим. Учрашув хоналарини ўзим безардим. 1980-йил 9-май – галаба кунидаги  учрашувимизни ташкил этганимда давранинг тўрига “Ғалабанинг 35 йиллиги” деб ёздим. Учрашувга отажоним ҳам қатнашди. Отам ва Муртоз бобомнинг айтиб берган воқеалари ва  ҳикояларини ўқувчиларим ҳамон эслайдилар. Оллоҳнинг иродаси, отам 1982 йил 18-апрел куни оламдан ўтди, мен 27 ёшда эдим.Жоназага Муртоз бобо бошчилигида қишлоғимиздаги ҳамма уруш қатнашчилари  келди. Улар отамнинг издошлари, шогирдлари, замондошлари эди.  Оқдарё  “оҳ!!!” урган замонларда, ўтда ёнмаган, туманда адашмаган оталаримиз, оналаримиз эди улар. Ўша кундан бошлаб,  Улуғ Ватан уруши тарихи ҳақида келажакни хабардор қилиш, халқимизга,  ўқувчиларимизга, болаларимизга  сўзлаб беришдек отамдан қолган шарафли қарз менинг гарданимга тушди. 

  Орадан яна йиллар ўтди. Галабанинг 40, 45, 50, 60, 70 йилликларини нишонладик. Бугун 65 ёшдаман, Ғалаба эса 75 ёшда.  Аслида ҳаётнинг ўзи курашлардан, урушлардан иборат экан. Биз ҳам курашларда “уруш”ларда тобландик ҳамда йиллар давомида қишлоғимиздан урушга кетиб, ҳалок бўлган йигитларнинг ота-оналарининг дардига шерик бўлдик, уларни охирги манзилларига кузатдик. Имкони борича уруш туфайли жудо бўлган жигарларининг ўрнини билдирмасликка ҳаракат қилдик. Нафақат, маҳалламиздаги, туманимиз сарҳадларидан урушга кетган юртдошларимизнинг  ҳаётини ўргандик. Оқдарё туманидан урушга кетган 4329 нафар йигитларнинг 1881 нафари  уйига қайтди холос, 92 нафари бедарак кетди, 2356 нафар навқирон йигитларимизнинг жисми  уруш оловлари орасида, жасадлари бегона юртларда, номаълум ўлкаларда қўним топди. Тўрт ярим минг онанинг кўз ёшлари Оқдарёнинг бағрини куйдирди, тўлқинларини тоширди, соҳилларини ёндирди. Ҳалок бўлган икки ярим минг йигитнинг доғи оталарнинг қаддини дол, умрини завол қилди.

  “Оқдарё “оҳ!!!” урган замон”- дедим мен қуйи соҳилда туриб. Зарафшон-чи?! Сирдарё-чи?! Амударёчи?! Ўзбекистоннинг 6,5 миллион аҳолиси бағридан 1,5  миллион нафар  йигит, қизлар  ғарб томонга, урушга йўл олди, уларнинг ярми ватанига қайтмади, 133 минг нафари бедарак кетди, 60 минг нафари сафимизга ногирон бўлиб қайтди. Зарафшон, Сирдарё, Амударё “оҳ!” урган ўша машъум замонлар ҳеч кимнинг ҳеч қачон ёдидан чиқмайди. “Ҳеч ким, ҳеч қачон унутилмайди!” деган шиорни ҳар қадамга, юрагимизга ёзиб қўйдик.


Тарихимизнинг тирик гувоҳлари бўлган – урушдан қайтган оталаримиздан  кундан-кун, бирма-бир жудо бўлавердик. Туманимизга қарийб икки минг киши урушдан омон қайтиб келган эди. Ҳозирчи, бугунчи, улар ёнимизда борми? Ўтган йил хотира кунида қаҳрамонларимизнинг фақат  3 нафари  ҳаёт эди. Бу йилчи, бугунчи?  Бугун 160 мингга яқин  Оқдарё тумани аҳолисининг ичида,  фақат бир нафаргина... фақат, бир нафаргина 2-чи жаҳон уруши  –  Улуғ Ватан урушининг қатнашчиси яшамоқда.  У киши – менинг болаликдан табаррук қаҳрамоним, –  “Ўзбекистон” маҳалласининг “Равот” қишлоғида яшовчи Муртоза бобом. 1926 йил 4-март кунида туғилган, 1944 йилда урушга кетган, Берлингача жанг қилган, ҳарбий хизмат бурчини ўтаб, 1948 йилда юртига қайтган, Мунаввар онажонимиз билан бахтли яшаб, ёлғиз фарзанди Муроджонни улғайтириб,  ҳозирда  19 нафар невара, эвараларини суюб яшаётган бобом – Муртазо Эшпулатов! Тирик тарих,  Оқдарё “оҳ!” урган замонларнинг ягона  гувоҳи. 

“Ғалабадан сўнг қаҳрамон кўпаяди” деганлари ёлғон, ёлғон! Улар ҳар йил,ҳар байрам, ҳар кун, ҳар соат, ҳар дақиқада урушдан омон қолган омонатини топширдилар. Сизни оллоҳим паноҳида  асрасин, Муртоза бобом! 

  Бугун дарёга ўт тушаётгандек, кўнглим безовта.Сизга бу гапни қандай айтаман, бобо. Бобожон, юртимизда кўринмас ёв бостириб келди. Худди, сизнинг замонангиздаги урушдан ҳам кўра шафқатсиз  бу лаънати вирус.  Бутун ер  юзини, мамлакатларни аста-секин тождор махлуқ – коронавирус ўз домига тортмоқда. У шу қадар кучлики, армиясининг саноғига етолмаяпмиз. Автомат, бомба, ёнғин,тутун,  туман ҳеч кор эмас унга, у ҳаво билан бизни ўлдирмоқда. 1941- йилда ярим дунёга ўт тушган бўлса, бугун бутун жаҳон шу оташда ёнмоқда. Ҳозир ватанимизда 1.5 минг кишидан кўпроқ ватандошларимиз унинг қўлига аср тушди. Бу урушнинг жангчилари – табибларимиз. Уларга жуда қийин бўляпти, улар тилсиз ёв, куринмас душман билан курашмоқдалар. Сизнинг урушингизда халқ  уйидан чиқиб, сарсон-саргардон бўлган бўлса, бу уруш барчани уйига қамади. Иккаласи ҳам бир хил уруш, бир хил жазо...

  Сизни кўрмок, кўнглимга таскин топмоқ учун қишлоғингиз томонга боряпман-у, йўл четидаги икки тутни кўриб, дардим яна оғирлашди. Нима қилай?.. .Ҳамма жойда урушдан қолган хотиралар. Бечора қайнонам бир воқеани айтиб йиғларди. Мана шу, мен кўриб турган икки тутнинг орасига бойлаган беланчакда ётган Қўчқорбой исмли бир ярим яшар боласини оқсой судраб кетган. Негалигини сўрасам, муштипаргинам  қисқагина айтарди. “ Экин вақти эди, ҳамма хотин-халаж, болаларимиз билан далага ишга чиқардик. Бир кунда битта нон учун ишлардик. Тутларга беланчак боғлардик. Боғча хотин қараб турарди. Ўша кун “Боғиништак”да ер текислаётган эдик, ёнимиздаги оқсой тортаётган от нимадандир ҳуркиб қочди. Фалокат ургур  от тўғри тутнинг орасидан ўтиб, боламни беланчаги билан дайравотга, чангалзорга судраб кетди. Орқасидан чопдим... қувдим... етолмадим...   От дарёга бориб тўхтабди, етиб борганимда одамлар бир йўргак гўштга айланган боламни қулимга беришди.Болагинам чиройли эди, сочлари жингалак бўлгани учун ҳамма уни “Пушкин” деб чақирарди. Ўша кунларда укам Мардихондан ҳам қора хат келган эди, боламни ҳам, укамни ҳам  уруш  ютди, оти ўчсин урушни, болалар-и-и-м!” Қайнонам ҳар сафар шу мавзудаги гапини йиғлаб тугатарди. Гўё, укасининг ҳамда тўнғич ўғлининг қисмати кенжа болаларига, набираларига  тинчлик учун сабоқ бўлсин деб, тез-тез сўзлаб берардилар  ўша воқеани. 

Хотиралар таъсиридан  юзимга таққан ниқобим нафасимни баттар бўғди. Машинамнинг ойнасини очдим. Дилим шунчалар қоронғи эдики, худди, ўша оқсойга илиниб қолган беланчакни судраб, отнинг устида ўзим кетаётгандек. Астағфуруллоҳ, гўёки, бобомнинг уйига хам  шу  фалокатни  судраб, олиб бораётгандекман.

Таққа тўхтадим. Уйдан чиқмаслигим керак эди. Бобомнинг уйига     яқинлашаяпман-у, ҳамон борсамми, бормасамми деган саволимга жавоб тополмайман. Карантин деб,  отамдек қадрдон бўлиб қолган кишимни, наҳотки , байрам куни сўролмасам.   Шундай кунда бормасам... Лекин,  бундай кайфият билан қандай бораман...  Муюлишга келиб  рулни   “Равот” томонга эмас дарё томонга буриб юбордим. Шу фалокат от дарёга бориб тўхтаган бўлса, мен ҳам ўшайга борай. Зора,  коронафалокат  ҳам ўша жойда тўхтаса. 

Зарафшон – эзгу сув. Оқдарё – меҳр муҳаббат, мардлик  дарёси. Тўмарис сув ичган, Широқ юзини ювган, Искандар сувини кечган дарё бу. Алломалар тушини айтган, шоирлари достонлар битган, тўлқинида Тоҳирлар оққан, соҳиллари Зуҳрога ёққан садоқатли дарё – бу! 

Ниқобимни олиб, юзимни дарё сувига ювдим. Дайравот ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олдим. Дарё тиниқ, сокин оқмоқда, соҳиллари бехавотир, хотиржам. Шу тобда менинг ҳам чанқаб,  саҳродан сув ичган одамдек, нигоҳларим тиниқлашди. Ҳозиргина миямни чўқилаб, қоқ тепамда  потирлаётган қузғунвирус унсиз ғойиб бўлди. Миям тинчиб, кўзларим очилди. Ҳарсангтошга ўтириб олдим. Ниқобимни  дарёга улоқтирдим.

Тавба, ғирт ваҳманинг ўзиман. Дарё тинч, дайравот тинч, тутун йўқ, туман йўқ... Анча пайт дам олиб, ўзимга келдим. Худди,отам эркалагандек, дарёнинг ҳавосидан кўнглим ҳузур топди.

-  Кетдик, Ойгул, ҳамма “вос-вос”ларинг шу ерда қолсин. 96 ёшга кираётган бобонгга коронавирус ваҳимасини олиб бориб нима қиласан? Ниқобни ҳам тақма, балки, болалари ҳам бобога бу лаънати вирус ҳақида айтмагандир, айтмай тўғри  қилишади дедим ўзимга-ўзим.

 Ўтган сафар борганимда анча бетоб эдилар. Бобо урушдан қайтгандан сўнг, колхозда ҳисобчи бўлиб, ва бошқа ҳар хил масъулиятли вазифаларда тиним билмай ишладилар. Таниш-билиш, ошна-оғайнилари жуда кўп, меҳмондўст инсон.  Шунинг учун ҳар байрамда боришим пайт илгарироқ ҳаракат қиламан, зора, кўпроқ вақт суҳбатларида бўлсам дейман. 

  Бобонинг уйига кириб боришим билан ҳар галгидек, набиралари югуриб, қаршимга чиқишди, кейин келини Нортош опа, ўғли,  ҳув ўша  бахтиёр Мурод оғамиз...

-  Бобом қалай? Қабул қиладиларми, тетикми ўзлари? - сўрадим ҳазил аралаш

-  Бобонгиз михдай, интернет кўряптилар,- деди Мурод  томдаги баллистик антеннага ишора қилиб.

-  Наҳотки, ваҳимага тушмадиларми, ишқилиб?  Ҳар қалай, шу балони бобожонга билдирмасаларинг бўлмасмиди?

-  Отам ҳаммадан олдин эшитиб, тартибларини тузиб ташладилар. Мана кўрмаяпсизми? ,-деди Мурод яна мақтаниб,  барча  оила аъзоларининг  тақиб олган ниқобларини кўрсатар экан. Сиз ҳам тақиб олинг, замондош, йўқса, жаримага тортадилар. 

-  Кўнглим тоғдек  кўтарилди. Демак, Муртоз бобом сафимизда, душманни албатта енгамиз! 

Ниҳоят, заҳирадаги ниқобимни тақдим-да, табаррук хонага қадам қўйдим. Хона янада файзли бўлибди. Тўрдаги тахмонда бобонинг 1947 йилда, Берлинда тушган сурати турибди. Навқирон йигит ҳарбий либосда виқор билан курсида  ўтирибди. Илгичда бобонинг қатор орден ва медаллари  тақилган чиройли  костюм. 

-  Ассалому алайкум, бобожон, яхшимисиз? Кайфиятингиз, соғлигингиз... Мен...Ойгулман.

-  Ҳа-а, Ойгул қизим,  Жиян акамнинг қизи, хуш келибсан.

Бобонинг қоқ суяк бўлиб қолган, автомат қўндоғидек қаттиқ, аммо,  иссиққина қўлларидан тутдим, отанинг нуроний чеҳраси очилиб, ўпкаси бир тўлиб бўшанди.Кўзлари сал хира тортган бўлса-да, ҳар қандай кишини сийратидан танийди. Ниқоб тепасидан қараб, нигоҳларимиз тўқнашди. Мункайиб қолган бўлса-да, отахоннинг қарашлари ўқдек, юрагидаги ботим бир саволни сездим. 

-  Нима гап, бобо, айтаверинг...?

-  Нечта бўлди?

-  Тушунмадим...

-  Нечта одам ўлди?

-  Ҳа-а-я, вирусданми? Беш киши ўлди.

-  Ваҳ, - деди бобо, тиззасига бир муштлаб.

-  Кечагина тўртта эди-я...

-  Ўзбекистон бўйича бешта... Тинчлантирмоқчи бўлдим отахонни. 

-  Дунё бўйича бўлмайдими? Нега одам ўлади? Шундай тинч замонда-я?   У замонлар ўлимдан қутилишнинг чораси қўлга қурол олиш эди. Бу урушнинг чораси уйда ўтириш бўлди, юзга ниқоб тақиш бўлди. Сен нега уйингда ўтирмай, кўчада юрибсан?

Ё тавба, бободан бу гапни асло кутмаган эдим. Мулзам бўлдим. Мен нодон яна бобони пандемиядан асраш керак деб, ҳимоя излаб  юрибман-а.


-  Уруш йиллари одамлар очликдан уйида туролмасди, сизлар эса тўқликдан, шўхликдан уйингизда ўтиролмайсиз.

Бобомнинг ҳамма гапини маъқуллаб, бошимни ирғаб турдим. Сўз айтишга изн йўқ. Ҳақ гап, агар,  отам   ҳаёт бўлганида эди, худди,  бобомдек дакки берган, ҳеч биримизни уйимиздан чиқармаган бўларди. Бобо яна танбеҳ берди:

-  Сенга мақола, интерву керакми? Шунга келдингми? Ол, ёз, одамларга айт.  Омон қолай деса, ҳаммаси уйида ўтирсин, қонунни ҳурмат қилсин, ҳукуматни ҳурмат қилсин! Президентимизнинг, Шавкатжон ўғлимнинг отасига минг раҳмат! Бу балодан халқни интизом қутқаради, интизомсизлар эмас, ҳукумат қутқаради, ҳукуматпарастлар эмас! 

Бобожонимнинг гапларини эшитиб, мен ич-ичимдан, чин юракдан  хурсанд бўляпман, Мурод оға эса, ҳижолат чекяпти, “ота, дўғламанг, хафа бўлади қизингиз, кетиб қолади қизингиз” дейишдан нари ўтолмайди, бечора, енгар ҳаққига кулиб. 

-  Ёзаман, бобо, албатта ёзаман, айтганингиздек,  уйимда ўтириб ёзаман. Насиҳатларингизни  ҳамма ўқийди. Сизни соғиниб келгандим. 

-  Соғинсанг, карантиндан кейин кел. 

-  Хўп бўлади.

Тамом. Бошқа бирор гапга ўрин қолмади. Бобонинг кифтларидан тавоф олиб, бошқалар билан хайрлашиб ортга қайтдим.

Йўлга чиқдим.  Худди, 3-синфдалигим каби, ўша  ўн ёшли қизалоқдек,  мактабда Муртоз бобо билан учрашувда қандай ҳаяжон билан уйга қайтган бўлсам, ҳозир ҳам  қалбимда худди ўша “Ватан учун!” деган муқаддас бир туйғу билан ошноман. Замонларнинг зайли шундаки, энди мен отажонимга, онажонимга эмас, аксинча, болаларим, набираларим менга савол берадилар.   

 Уйга бораяпман. Ажабо, яна ўша дайравот, дарё, йўл четидаги қўша тут, отам, бобом юрган йўллар... Боягина дардли, даҳшатли кўринган воқеалар, хавотирлар Оқдарёда оқиб кетгандек, руҳим енгил,  елкамдан тоғ ағдарилгандек. Дарё соҳилидан излаган ҳаловатимни бобожонимнинг ҳузуридан топдим. Икки дарё билан учрашдим – болалигим-у, кексалигим билан тўқнашдим. Болалигимда ишонган тасаввурларим – отажоним айтганидек, У кунлар, Оқдарё “оҳ!!!” урган замонлар  ўтди, кетди, энди дарёлар ёнмайди,  оҳидан тутунлар чиқмайди, дайравотни туман босмайди, одамлар адашмайди... Беланчаклар боғларда... карвонлар пахтазорларда...

  Ана шундай кайфият билан уйга етиб келдим. Машинадан тушишим биланоқ атрофимни тол новдасидан камон ясаб олиб, зерикканларидан ҳовлимизда уруш-уруш ўйнаётган ўғил, қиз набираларим, қуршаб олишди. Ҳаммасининг юзида ниқоб, қўлларида чўпнайза,  роса чулдирашди:

-  Она, Гитлерни ўлдирган бобони кўриб келдингизми? З-ў-ў-ў-ўрми? У кишиниям юзида “маска”си  борми? 

-  Ҳа, у киши  ҳам “маска” тақибди, коронавирусни ана шундай тартибда  ўлдираяпти. Эшитинглар, Муртоз боболаринг айтди. Яқинда карантин тугайди. Биз душманни енгамиз!

-  Уре-е-е-е! Болалар хурсандлигидан боққа томон югуришди. – Биз енгамиз, Муртоз бобо айтдилар, карантин тугайди! Гитлер капут!  Вирус капут!

Мен эса, хонамга кириб, ниқобимни чиқинди қутига ташладим, бор имконим, вужудим билан бобожоним айтган топшириқларни бажаришга киришдим.

Ойгул  Маматова