ҚОНУНГА КИРИТИЛГАН ЎЗГАРТИШЛАР қандай имкониятларни беради?

Мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига эътибор ўзгарди. Халқимиз инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлигини, давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга ошираётганини, давлат органлари ва мансабдор шахслар фуқаролар ва жамият олдида масъул эканини янада теранроқ ҳис қила бошлади.
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали механизмлари ва усулларини жорий этишга хизмат қиладиган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган эди.
Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бераётир. Жумладан, фуқароларнинг Конституция асосида кафолатланган ваколатли органларга мурожаат этиш ҳуқуқи амалда тўла таъминланмоқда.
Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 15 августда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2017 йил 24 августда маъқулланган Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуни фуқароларнинг давлат органларига мурожаат этиши тартибини янада такомиллаштирди. Қонун асосида юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинди. Ушбу соҳадаги қонунбузилиши учун жавобгарлик белгиланиб, давлат органларига, мансабдор шахсларга мурожаат қилиш тартиби аниқлаштирилди.
2014 йили қабул қилинган мазкур қонундаги электрон мурожаат қилиш имконияти фуқаролар ва юридик шахслар учун жуда катта қулайлик туғдирувчи омил бўлиб хизмат қилди. Бироқ электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган бўлиши керак, деган қоида бу имкониятдан фойдаланишни анча чегаралаб қўйди. Чунки электрон рақамли имзо олишнинг ўзи алоҳида тартиб-таомилни талаб қилгани учун фуқаролар яна анъанавий мурожаат турларига қайта бошладилар. Шуларни инобатга олиб, қонундан мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган бўлиши керак, деган талаб чиқариб юборилди. Бу жуда муҳим учинчи янгилик бўлиб, авваламбор, фуқароларнинг узоғини яқин қилишга, оворагарчиликларнинг олдини олишга, мамлакатимизда фуқароларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан янада унумли фойдаланишига туртки бўлади.
Қонунда замон талабларидан келиб чиқиб, электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Эндиликда жисмоний ва юридик шахслар белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тегишли идора ёки мансабдор шахсларга мурожаат қилиши мумкин. 
Шунингдек, ушбу моддада давлат органларининг мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра, маълумотномалар (шарҳлар) тузиши, уларда мурожаатлар билан ишлашнинг умумий кўрсаткичлари, мурожаатларда тез-тез кўтарилган масалалар, мурожаатларни кўриб чиқиш якунлари бўйича аниқланган асосий камчиликлар ва қоидабузарликлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек, жамият ва давлат манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш мақсадида кўрилган чора-тадбирлар акс эттирилиши, мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра тузилган маълумотномалар (шарҳлар) тегишли давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши кераклиги қайд этилди. 
Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирда қабул қилинган мазкур қонун мурожаатлар билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтаётганимиздан, унинг туб моҳиятига кўра, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши кераклиги сингдирилганидан, бирорта ҳам мурожаат эътибордан четда қолмаслигидан далолат беради.
Ф. ФАТУЛЛАЕВ,
Самарқанд ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси.