СОЛИҚ ҚОНУНЧИЛИГИГА КИРИТИЛГАН АЙРИМ ЎЗГАРИШЛАР ТЎҒРИСИДА

Мамлакатимизнинг инвестициявий муҳитини янада яхшилаш, адолатли рақобат тамойилларини жорий этишни таъминлаш мақсадида, 2019 йил 27 июнда Ўзбекистан Республикаси Президентининг “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5755-сонли Фармони қабул қилинди.
Ҳужжатга асосан 2019 йил 1 августдан бошлаб ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хужалиги товарлари ишлаб чиқарувчиларига ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга утиш ҳуқуқи берилди.
2019 йил 1 октябрдан бошлаб ёқилғи қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларга бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қилувчи юридик шахслар, шунингдек, товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари ялпи тушум миқдоридан қатъий назар қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадилар.
Бундан ташқари, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидаги имтиёзлар бекор қилинади:
а) ҚҚС бўйича:
-    асбест, кўмир, ёғоч материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород хом ашёси;
-    соя донаги, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хом ашё ва шакар хом ашёси;
-    қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар;
-    ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари.
б)  тижорат банкларига жойлаштирилган маблағлардан фоиз кўринишида олинадиган тўлов манбаини фойда солиғидан озод қилиш бўйича.
2019 йил 1 октябрдан бошлаб, 1 миллиард сўмдан ортиқ пул айланмаси (тушуми)га ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хужалигига мўлжалланган суғориладиган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилари қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар ва белгиланган тартибда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида руйхатдан ўтишлари шарт.
Пахта хом ашёсини ишлаб чиқарувчилари 2019 йил ҳосилидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадилар.
Бунда, уларга 2018 йилнинг 1 октябридан илгари бўлмаган вақтда ҳақиқатда олинган ва 2019 йилда пахта хом ашёсини етиштириш учун ишлатилган товарлар (ишлар, хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилади.
Юридик шахсларининг мол-мулкига солинадиган солиқ ва ер солиғи бўйича имтиёзлар бериш урнига маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тўлов муддатини 24 ой муддатга кечиктириш ваколатини бериш жорий этилмокда.
Тадбиркорлик субъектларига нисбатан асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмлар етказиб бериш бўйича импорт шартномалари юзасидан муддати ўтган дебитор қарздорлик учун, етказиб бериш муддати уларнинг техник хусусиятлари ва ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда 180 кундан ортиқ бўлса, молиявий жазо чоралари қўлланилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси “Солиқ-сервис” Давлат унитар корхонаси Оқдарё туман бўлими.