САВОЛ БЕРИНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ

- Қандай холларда фуқаролар жиноят содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилиши мумкин? Ушлаб туриш муддати қанча?

- Жиноят процессуал кодексининг 220-моддасида белгиланишича, ушлаб туриш жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахсни унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига бархам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириш ёки йўқ қилиб юборишнинг олдини олиш мақсадида қисқа муддатга озодликдан махрум қилишдан иборатдир.

Ушлаб туриш жиноят иши қўзғатилгунга қадар хам, иш қўзғатилганидан кейин хам амалга оширилиши мумкин. Кейинги холатларда ушлаб туришга фақат суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан йўл қўйилади.

Ушбу Кодекснинг 221-моддасига кўра, жиноятни содир этишда гумон қилинган шахс қуйидаги асослар мавжуд бўлганда ушлаб турилиши мумкин:

1. Шахс жиноят устида ёки бевосита уни содир этгандан кейин қўлга тушса;

2.  Жиноят шохидлари, шу жумладан, жабрланувчилар уни жиноят содир этган шахс тариқасида тўғридан-тўғри кўрсатма берсалар;

3.  Унинг ўзида ёки кийимида, ёнида ёки уйида содир этилган жиноят излари топилса;

4.  Шахснинг жиноят содир этишда гумон қилиш учун асос бўладиган маълумотлар мавжуд бўлиб, у қочмоқчи бўлса ёки доимий яшайдиган жойи йўқ ёхуд шахси аниқланмаган бўлса.

Ушлаб туриш муддати хуқуқни мухофаза қилувчи органларга келтирилган пайтдан бошлаб кўпи билан 48 соатни ташкил этади.

Терговчи ёки прокурор томонидан зарур ва етарли асослар тақдим этилганда ушлаб туриш суднинг қарори билан қўшимча равишда 48 соатга узайтирилиши мумкин.

Шавкат ҚУРБОНОВ, 

хуқуқшунос.