ЛОЙИШДА НИҚОБСИЗ ЮРГАНЛАР КЎП УЛАРГА КИМ ЧОРА КЎРАДИ?

Ҳар куни Амир Темур кўчасидан бир неча бор юришга тўғри келади. Кўчанинг икки томонида юрган турли ёшдаги, айниқса балоғат ёшидаги йигит-қизларнинг ниқобсиз юришганларига дуч келасиз. Энг ачинарлиси, улар бу тарзда юриш “қаҳрамонлик” деб ўйлашса керак-да. Гўё мени кўрдингларми, ниқобсиз ҳам юраман, ҳеч кимдан қўрқмайман, деган маънода виқор билан юришади. Ҳатто юзида у ёқда турсин, қўлида ҳам ниқоб кўринмайди. Оммавий ахборот воситаларида, телеканалларда кунига ҳали карантин тугамаганлиги, ҳар ким соғлигини сақлаш учун карантин қоидаларига амал қилишлари шарт эканлиги такрор-такрор айтилаётган бўлсада, айрим фуқароларимиз бундан тегишли хулоса чиқаришмаяпти. Улар ҳам ўзларига, ҳам оиласига ва бошқаларга бу ҳаракатлари билан хавф солаётганлигини билишяптимикан?

Бир сўз билан айтганда, мутасадди ташкилотлар карантин қоидаларини писанд қилмай, ниқобсиз кимсаларни қонун бўйича тартибга чақиришлари ва жазога тортишлари лозим. Акс ҳолда Лойишда ҳадемай ниқобсиз юрган ўнлаб, юзлаб кишиларни учратсак ҳам ажабланмаймиз. Демак қонуннинг кучини қоидабузарларга кўрсатиб қўйиш керак. Нима дедингиз, азизлар?

КЕНЖА БОТИР..