КОРРУПЦИЯ ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИ КУШАНДАСИ

Жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллат коррупциядир. Коррупция демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, ривожланиши учун шароит яратиб беради.
Коррупция (лот. Corrumpere - бузмоқ) термини одатда мансабдор шахслар томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва аҳлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади. Кўп ҳолларда бу атама сиёсий элитадаги бюрократик аппаратга қарата ишлатилади. Коррупция кўплаб давлатларнинг жиноят ва маъмурий қонунчилиги билан ҳуқуққа қарши ҳаракат сифатида таъқиб қилинади. Қонун ҳужжатларида коррупция тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: "Коррупция - давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир".
Аслида коррупция бирор мансабдор   шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойда олишидир. Унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, коррупцияга қарши курашнинг самарали йўлларини топиш бўйича мутахассислар, турли институтлар ва халқаро ташкилотлар томонидан юзлаб, минглаб тадқиқотлар ўтказилган. Ўзига хос рейтинглар тузилиб, ҳар хил кўрсаткич ва рақамлар қайд этилган жадваллар яратилган. Ҳатто коррупциянинг хилма-хил кўринишидаги формулалари ҳам ишлаб чиқилган. Ҳанузгача, барча миллатлар учун қўл келадиган қарши курашда асқотадиган ягона ечим йўқ.
Албатта, бизнинг бу эҳтимолимиз бежизга эмас. Чунки инсоният пайдо бўлибдики, уни нафси бор, нафс бўлган жойда суиистеъмолчиликлар бўлади. Келинг, шу ўринда, коррупциянинг келиб чиқиш сабабларига эътибор қаратайлик. Тадқиқотчилар коррупциянинг асосий сабаблари сифатида тўртта омилни кўрсатадилар.
Биринчиси - иқтисодий сабаблар.
Бу ҳақда, муҳтарам Президентимиз ўзларининг чиқишларида кўп маротаба сўз юритиб келади. Коррупциянинг бу кўриниши ижтимоий ва иқтисодий ҳаётни бевосита маъмурий йўл билан бошқаришга интилган ҳокимият ва бюрократиянинг мавқеи баланд бўлган давлат шароитида ривож топади. Иқтисодий фаолиятга нисбатан ўрнатилган турли хилдаги чеклашлар, амалдорларнинг кенг, назоратдан холи, чекланмаган ёки рухсат бериш, ёки тақиқлаш ваколати коррупцияга замин яратади. Шу билан боғлиқ ҳолда, йирик маблағларга эга бўлган айрим ишбилармонлар ўз даромадларини кўпайтириш мақсадида ва рақобатда алоҳида имтиёзларга эга бўлиш учун ҳукумат амалдорларини пора эвазига сотиб олиб, уларни ўз ихтиёрларига бўйсундиришга интиладилар.
Иккинчиси - ҳуқуқий сабаблар.
Коррупциянинг ривожи қонунларнинг сифатига боғлиқдир. Мукаммал бўлмаган қонунлар ишламайди ва айрим шахслар уддабуронлик, яъни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги назарда тутилмаган ёки тартибга солинмаган, умумий маънода ҳуқуқий бўшлиқни топиб, бундан усталик билан фойдаланадилар.
Учинчиси - институционал сабаблар бўлиб, уларга аввало, давлат бошқаруви тизимидаги нуқсонлар, демократик институтларнинг кучсизлиги, шунинг натижасида, ҳукумат фаолиятининг ёпиқлиги ёки фуқаролик назоратидан холилиги киради.
Тўртинчиси - ижтимоий сабаблар ёки жамиятдаги муҳит, аҳолининг ҳуқуқий билими, маданият даражаси, маънавияти, уюшқоқлиги ва жамоат фаоллиги пастлиги каби омиллардир.
Хулоса шундаки, коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар ана шу ҳодиса яшаб турган жамият яратган тизимнинг носоғлом яшашида намоён бўлади. Прокуратура органларининг асосий вазифаларидан бири бу жиноятлар бўйича дастлабки терговни амалга ошириш ва унинг давомида ҳақиқатни аниқлаш киради.
Бугунги кунда туманда жорий йилнинг 6 ойи давомида туман прокуратураси томонидан 3 та коррупциявий жиноятлар (Жиноят кодексининг 210-211-моддалари) бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари амалга оширилиб, уларнинг 2 таси бўйича дастлабки тергов якунланган ва кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Оқдарё туман судига юборилган бўлса, 1 та жиноят иши бўйича туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.
Мисол учун, фуқаро К.Очилов 10.02.2023 йилда бошқарув тартибига қарши жиноятлар туркумига кирувчи, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахс-нинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита пул маблағлари беришда ифодаланган унча оғир бўлмаган жиноятни содир қилганликда айбланиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда унинг айблилиги дастлабки терговда тасдиқланганлиги учун жиноят иши кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Оқдарё туман судига юборилган.
Маълумот учун: К.Очилов 10.02.2023 йилда вилоят ИИБ ЙҲХБ катта инспекторига 250 АҚШ доллари ва 550 минг сўм миқдордаги пулларни пора тариқасида берган вақтда ашёвий далиллар билан тезкор-тадбир давомида ушланган. Натижада, К.Очилов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 2 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
  А.ВАҲАБОВ,
                           туман прокурори, адлия маслаҳатчиси.