БАРЧАМИЗ КОРРУПЦИЯДАН ҲОЛИ ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН УЧУН БИРЛАШАЙЛИК!

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш 
департаменти Самарқанд вилоят 
бошқармасининг аҳоли ва кенг жамоатчиликка 
М у р о ж а а т и
Азиз  ватандошлар!
Маълумки, инсоният ўз тараққиётининг қанчалик юксак чўққиларини забт этмасин, турли хавф-хатарлар ва иллатлардан халос   бўлгани йўқ.
Янги Ўзбекистонни қуриш йўлида бошланган ишлар ҳар биримиздан жамиятда кечаётган жараёнларга бефарқ бўлмасликни, ўзаро жипслашиб, тараққиётимизга тўсиқ бўлаётган мавжуд иллатларни бартараф қилишда ҳамжиҳатликни тақозо қилади.
Ҳеч шубҳасиз, жамият фаровонлиги ва тараққиётига тўсиқ бўлаётган ана шундай иллатлардан бири ва энг хавфлиси бу коррупциядир.
Маълумки, Давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуслари ва қатъий сиёсий иродалари билан мамлакатимизда бу иллатга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда.
Энг аввало, ҳуқуқий асосларни яратишга эътибор берилиб, 70 дан ортиқ қонун ҳужжатлари, жумладан, алоҳида қонун, фармон   ва давлат дастурлари қабул қилинди.
Хўш, коррупция нимаси билан хавфли?
Коррупция ҳар қандай жамиятни таг-томири билан емирувчи, фуқароларнинг давлатга, қонунга бўлган ишончини сусайтирувчи, йўққа чиқарувчи иллатдир. 
Коррупция аввало, ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида турли тўсиқ ва ғовларни юзага келтиради, уларнинг эртанги кунга   ишончини сусайтиради. 
Коррупция инвесторлар ҳуқуқлари бузилишига, мулк дахлсизлиги кафолатларини йўққа чиқаришга, мамлакатнинг инвестицион жозибадорлиги йўқолишига олиб келади.
Бинобарин, бутун жамиятда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб бориш бугунги кунда прокуратура органларининг энг  устувор вазифасидир.
Айни пайтда прокуратура тизимининг ўзида коррупциявий ҳолатларга тамомила барҳам бериш бўйича ҳам кескин чоралар кўрилмоқда.
Бу борадаги ишларни янада самарали рўёбга чиқариш учун эса, прокуратура органлари аввало, кенг жамоатчилик, хусусан оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар вакиллари, журналист ва блогерлар, энг муҳими ҳар бир фуқаронинг   кўмаги ва узвий ҳамкорлигига таянади. 
Ҳурматли юртдошлар!
Коррупцияга қарши курашда олдинги сафларда бораётган Департамент органлари ана шундай кўмак ва ҳамкорлик воситасида коррупциянинг ҳар қандай кўринишига чек қўйишга кафолат беради. Шундай экан, аҳоли ва кенг жамоатчиликни жамиятда, хусусан прокуратура (департамент) органларида коррупцияни таг-томири билан бартараф этишда фаол ҳамкорликка   чақираман.
Агарда, департамент органларининг бирон-бир ходими фаолиятида коррупция билан боғлиқ хатти-ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик)ни кузатсангиз, сезсангиз бу ҳақда зудлик билан (66) 237-80-13 рақамли "Ишонч телефони"га маълум қилишингизни сўрайман. 
Коррупция ҳолатлари тўғрисида хабар берган шахслар ҳақидаги маълумотларнинг   сир сақланиши тўлиқ кафолатланади.  
Шуни яна бир бор алоҳида қайд этаманки, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига тезкор равишда муносабат билдиришга, коррупциявий жиноятлар, жумладан пора-хўрлик ва таъмагирликка қўл урганларга нисбатан жазонинг муқаррар таъминланишига шахсан кафолат бераман.
Барчамиз коррупциядан ҳоли Янги Ўзбекистон учун бирлашайлик!
Департаментнинг Самарқанд
 вилояти бошқармаси шахсий 
хавфсизлик тармоғи.
Мавзуга оид: