МАСТ ҲОЛДА ТРАНСПОРТ ВОСИТАСИНИ БОШҚАРМАНГ!

Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 20 февралда қабул қилинган "Йўл ҳаракати     хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг  Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-1033-сонли Қонунига мувофиқ қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда йўл ҳаракати қоидаларини янада такомиллаштириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга, шу жумладан ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш маданиятини оширишга, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга, шунингдек йўл ҳаракатининг ташкил этилишини тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди.

Шу билан бирга айрим ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаслик натижасида йўл-транспорт ҳодисалари сони ортиб бормоқда. Жумладан, транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқариш туфайли ҳайдовчи ўзининг ҳаракатини англай олмаслиги натижасида оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлмоқда.

Айрим ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига беписандлик билан қараш, транспортни бошқариш маданиятига амал қилмаслик, йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига нисбатан ҳурматсизлик, транспорт воситасини кескин бошқариш ҳамда бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган "агрессив бошқариш" ҳолатлари кўпаймоқда.

Мазкур Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган, шу жумладан, қўпол қоидабузарликлар содир этган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс томонидан транспорт воситаларини такроран бошқарганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш, йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун маъмурий жазо қўллаш, шунингдек сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ишлайдиган транспорт воситалари иштирокидаги ҳодисалар бўйича алоҳида моддаларда маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан; Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 131-моддасига кўра:

Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқариши, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан уч йил муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 136-моддасига кўра Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида эканлигини белгиланган тартибда аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан уч йил муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади, худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Шунингдек, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқариши, шундай қилмиш ёхуд мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида эканлигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаганлиги учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида эканлигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши, шундай қилмиш ёхуд транспорт воситаларини мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқарганлиги учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқариши, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.


Т.Алмаматов,

Самарқанд вилоят судининг жиноят 

ишлари бўйича судьяси. 


Б.Полванов,

Жиноят ишлари бўйича Оқдарё 

туман судининг раиси.