Янги лойиҳа ўз фаолиятини бошлади

"ННТлар ўқув маркази"га тингловчилар қабул қиламиз
Халқаро "Олтин Мерос" хайрия жамоат фонди Оқдарё туман муассасаси Ўзбекистон Нодавлат Нотижорат Ташкилотлари Миллий Ассоциацияси (ЎзННТМА) томонидан эълон қилинган давлат грантининг ғолиби бўлди.
Танловнинг "Нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш" мавзусидаги  4-йўналиши бўйича "Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ахборот, маслаҳат ва услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш" номинацияси  асосида ёзилган "Самарқанд вилояти  Оқдарё туманида фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ахборот, ўқув-услубий марказининг фаолиятини бошлаш. "Оқдарё ННТлар уйи" ни ташкил этиш" лойиҳаси Жамоат фонди томонидан молиялаштирилди. Лойиҳа муддати бир йил. 
Лойиҳанининг мақсади, ғояси ҳамда вазифаларини туман ҳокими Қудратов Шерзод Асатович қўллаб-қувватлади ва ташкилотнинг самарали  фаолият олиб бориши учун қулай имкониятлар яратиб берди. 
Лойиҳанинг мақсади: Туманимизда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотларининг раҳбарларини  ҳамда янги нодавлат нотижорат ташкилоти  очишни истаган кўнгилли тингловчиларни "ННТлар ўқув маркази"га жалб этиш, ўқитиш ва иш тажрибаларини, малакаларини   ошириш. 
Ўқув марказининг   тингловчилари амалиёт,  маҳорат дарсларида,  семинар-тренинглар, машғулотлар  ўқуви давомида ННТлар ва жамоат ташкилотлари тўғрисидаги қонунлар, ҳукуматимиз, Президентимиз  томонидан қабул қилинаётган фармонлар ва қарорлар, ННТларнинг бугунги  фуқаролик жамиятимиздаги долзарб  ўрни тўғрисидаги ижтимоий-иқтисодий,  илмий-ҳуқуқий билимларга эга бўладилар. 
Ўқув марказининг аъзолари янги ННТлар очишнинг тартиб-қоидалари, лойиҳа ёзиш, давлат грантларида қатнашиш, чет эл грантлари танловларида иштирок этиш, фандрайзинг, ташкилотнинг мулки, маблағини шакллантириш, ҳомий топиш, давлат ташкилотлари билан ўзаро ижтимоий шериклик, жамоатчилик назорати ва электоратлар, кўнгиллилар (волонтёрлар) билан ишлаш тажрибалари, ҳуқуқий билимларини   оширадилар, иш фаолиятларидаги муаммоли саволларига жавоб топадилар. Илғор ННТларнинг иш тажрибалари оммалаштирилади, фаолиятлари тўғрисида альбомлар, рисолалар чоп этилади. 
"ННТлар ўқув маркази"нинг машғулотларида иштирок этувчи  тингловчилар рўйхати  жорий йилнинг 10 январидан 1 февралига қадар шакллантирилади. Тингловчилардан паспорт нусхалари ҳамда ўқув маркази директори номига ариза сўралади. Машғулотлар февраль ойидан бошлаб ташкил этилади ва ҳар ҳафтанинг жума куни  соат 14:00 да бошланади. (Машғулотлар  лойиҳа бюджетига асосан бепул) 
Манзил: Лойиш шаҳарчаси, Амур Темур кўчаси 37-уй. Туман маданият уйи биносининг иккинчи қаватида.
 Мурожаат учун телефонлар: +998 91 535 20 06; +998 91 537 10 08.
Барчамизга маълумки, "Буюк давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари!" деган шиор қалбимизга, фикрат шууримизга ўрнашган. Фуқаролик жамиятимиз тараққиётининг  таянч омили ҳисобланган нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш чора-тадбирлари кейинги йилларда давлатимизнинг бир қатор қарор ва қонунларида ўз аксини топмоқда. Шундай экан, ана шу қонунларнинг тарғиботи, имконият, имтиёзлари жамиятимизнинг қуйи ҳудудларига, зеро, туманларимизга тўласинча етиб келмоқдами, ижроси таъминланмоқдами? Бу саволларга дурустроқ жавоб тополмаслик демократик жамиятимизнинг энг оғриқли нуқтасидир. 
2021 йилнинг 22 ноябридан 3 декабрига қадар "Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси"да республикамизнинг барча вилоятларидан онлайн анкета тарзида саралаб олинган  нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларининг 50 нафари малака ошириш курсида ўзларининг ҳуқуқий билимларини, тажрибаларини оширдилар. Республикамиз ННТлари учун илк бор ташкил этилган ушбу малака ошириш курсининг машғулотлари давомида биз тингловчилар барча саволларимизга жавоб, муаммоларга ечим топдик. Давлат страгегиясида белгиланган нодавлат нотижорат ташкилотларининг вазифалари ҳамда имкониятларини чуқур ўргандик. Келажакда Давлат дастурлари ва  ислоҳотларидаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки тўғрисида мукаммал билим ва тажрибаларга эга бўлдик.   
Бизнинг "Олтин мерос" нодавлат нотижорат ташкилотимиз туманимизда 2014 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Тўрт марта грант ғолиби бўлиб, туманимиз халқига, маҳалламиз аҳолисига турли ижтимоий-маиший, маданий-маърифий соҳаларда хизмат кўрсатиб келмоқда. Ваҳоланки, туманимизда ташкил этилган кўплаб нодавлат нотижорат ташкилотларининг раҳбарлари маблағ ёки, ҳомийлар йўқлигидан, ҳокимиятдан, ёрдам бермаган давлат ташкилотлари, ҳомийлик кўрсатмаган тадбиркорлик субъектларидан асоссиз нолиб юрадилар. Биз уларга ўз тажрибамизни, лойиҳа ёзишни ўргатиш, грант танловларида иштирок этишларида ёрдам беришни истадик ва ушбу лойиҳамизни ёздик, уларни ўқув марказимизга жалб этиб, хар кунлик янгиликлар, ахборотлар билан таъминлаш, ҳуқуқий билимларини ошириш учун шароит яратишни мақсад қилдик.              
Ўз.ННТМАнинг эълон қилган нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш тўғрисидаги Давлат грант танлови, айнан, биз кутган  муддао бўлди ва ушбу ло-йиҳамиз маъқулланди.   
Лойиҳамизнинг учта асосий мақсади бор:
1. Бош мақсад: Самарқанд вилояти Оқдарё туманида фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ахборот, ўқув-услубий марказининг фаолиятини бошлаш. "Оқдарё ННТлар уйи" ни ташкил этиш.  
2. Ташкилий-тарғибот ишларимиз: Туманимизда мавжуд, ҳуқуқий мақомга эга бўлган барча нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлик ўрнатиш, маъмурият ва раҳбар ходимлари билан танишиб, тажриба ва ютуқларимизни ўзаро оммалаштириш. Имкони борича, туман ҳокимлигидан ташкилотимиз жойлашган, яқинда капитал таъмирланган замонавий бинога туманимизнинг бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳам ушбу бинога жойлашни таклиф этиш. Бугунги кунда "Олтин мерос" жамоат фонди, туман Қизил ярим ой жамияти,  қишлоқ хўжаликлари касаба уюшмаси, партиялар ва   "Мустақиллик" маҳалласи каби нодавлат нотижорат ташкилотлари шу бинода жойлашган. Ҳунармандлар уюшмаси, кўзи ожизлар жамияти, Ногиронлар ташкилоти, савдо саноат палатаси ва бошқа ННТлар ҳар жойда, тарқоқ ҳолда жойлашган. Туманимизнинг барча ННТларини битта бинога жойлаштириш Республикамиз миқёсида амалга оширилаётган, вилоятларда, туманларда "ННТлар "Дўстлик" уйлари"ни очиш  давлат дастурининг ижросини таъминлайди. Ушбу лойиҳамизнинг мақсади ҳам барча туман ННТларини ушбу бинога жойлаб "Оқдарё туман ННТлар "Дўстлик" уйи"ни ташкил этишдир.   
3.  Ахборот, услубий-тарғибот ишларимиз:
Туман ННТлар уйида барча нодавлат ташкилотларининг ходимлари ҳамда кўнгиллилар учун ўқув машғулотлари, услубий-амалий маҳорат дарсларини ташкил этиш. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, давлат рўйхатидан ўтиш борасидаги Президент фармонлари, қарорлари, қонун ва қонун ости ҳужжатлари, республика ННТМА тизими ва дислокациялари, халқаро ННТлар фаолияти билан таништириш. ННТларнинг жамиятдаги ўрни тўғрисида маълумот бериш.
Давлат грантлари ва уларнинг манбалари, низомлари, лойиҳа ёзишнинг тартиб қоидалари тўғрисида семинар тренинглар ташкил қилиш, президентациялар ўтказиш. Тумандаги энг тажрибали ННТнинг иш фаолиятини ўрганиш, оммалаштириш.
Лойиҳамизнинг асосий вазифалари қуйидагилар: Туманимизда тарқоқ ҳолда, ахборот ва маслаҳат ҳамда услубий ёрдамга эҳтиёжманд юрган ННТларимиз аъзоларининг, кўнгиллиларнинг мақсадларини бирлаштириш, билим ва тажриба орттиришларига имкон яратиш.
"Оқдарё ННТлар уйи"ни ташкил этиш ва фаоллар залини услубий қўлланмалар, кўргазмалар билан таъминлаш. Компьютер хизмати, видеороликлар кўриш, тайёрлаш, онлайн дарсларда иштирок этиш имкониятларини ташкил этиш.   
"Менинг нодавлат ташкилотим" номи билан ўтказиладиган бир туркум ўқув-услубий машғулотлар жадвалини тузиш, машғулотларга ННТМАнинг республика, вилоят тизимларидан олимлар, мутахасисларни таклиф килиш, маърузаларидан, илмий-услубий, ташкилий ёрдамларидан фойдаланиш. Шу номда челленж ташкил этиш ва бу тадбирда ҳар бир ННТ ўзининг иш фаолиятини баён қилиши, реклама ва тарғиб этишни ташкил қилиш. 
Самарқанд вилояти ННТлар уйига саёҳат уюштириш, вилоят  ННТлари фаолияти тўғрисидаги кўргазма ва маълумотлар билан танишиш. Вилоят ва бошқа туманлар ННТ ларининг тадбирларида, илмий-услубий семинар-тренинг машғулотларида   жамоавий иштирок этиш. 
Туман ННТлари ўз ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш учун ўтказаётган тадбирларига ёрдамлашиш. Буклетлар, эълонлар, афиша ва кўргазмалар тайёрлашда кўмаклашиш.
Туман ННТларининг илғор тажрибаларини оммалаштириш, тарғиб қилиш, ахборот ва янгиликларни ўз вақтида етказиш мақсадида электрон телеграм канал ташкил этиш. "Менинг нодавлат ташкилотим" номли журнал чоп этиш ва ННТ ходимларига, кўнгиллиларга  етказиш.
Лойиҳамиз амалга оширилишининг шакли, тизимийлиги:   
Вилоят ҳамда туманимиздаги тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий шериклик алоқаларини ўрнатамиз.
Ўзбекистон Республикаси нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда унинг вилоят бўлими, вилоят Адлия бошқармаси туман бўлими, Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик жамоатчилик комиссиялари билан ҳамкорлик қиламиз, тадбирларимизнинг дастурлари, мавзулари ва чора-тадбирларини биргаликда тузамиз.
"Оқдарё ННТлар уйи"да  доимий равишда ННТлар фаолияти тўғрисидаги қонунлар, қарор ва низомларни чуқур ўрганиш мақсадида мутасадди олим ва ҳуқуқшунослар иштирокида  ижтимоий-сиёсий, илмий-амалий семинар тренинглар ўтказамиз ва лойиҳамиз амалиётида барча тавсияларини қўллаймиз. 
Туман ННТларининг бир жойга, туман ННТлар уйига жойлашиши ўзаро ахборот ва тажриба алмашиш муаммоларини ижобий томонга ҳал этади. Ҳар кун учрашиб, ўзаро фикр алмашиш, таклифлар киритиш ННТлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларига хос буюк ғоялар, лойиҳалар тузилишига замин яратади.   
Туманда мавжуд бўлган барча нодавлат ташкилотларининг иш фаолиятлари мувофиқлаштирилади. Халқ таълими, соғлиқни сақлаш, миллий ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги, маданий-тарихий   ёдгорликларимиз ва бошқа соҳалардаги Давлат дастурлари ва ислоҳотларида ННТларнинг ўрни ва  нуфузи ошади. Келажакда лойиҳамизнинг давомийлиги кафолатланади. 
Ҳамкорларимиз: 1. Ўз ННТМА Самарқанд вилоят бўлими "Оқдарё ННТлар уйи"нинг очилишида яқиндан кўмаклашади. Илмий-услубий, ўзаро тажриба алмашиш, тадбирларни ўтказишда лойиҳамиз ижодий жамоаси билан  ҳамкорлик ўрнатади. Жамоамизнинг намунали хизматларини рағбатлантириб боради. 2. Туман ҳокимлигининг ННТлар билан ишлаш бўлими лойиҳамизнинг иш режасида кўрсатилган "Оқдарё ННТлар уйи" ташкил этишда, барча ННТ ларни битта бинога жойлаштиришда кўмаклашадилар. 3. Туман Ёшлар Агентлиги фуқаролик жамиятида нодавлат ташкилотларининг ўрни ва вазифалари ҳақида туман ёшлари орасида тарғибот ишларини олиб боришда бош бўлади. Туманда янги ННТларнинг очилиши учун ёшларни қизиқтириб, лойиҳа тадбирларига ёш кўнгиллиларни жалб этишда ёрдамлашади. 4. Вилоят Адлия бошқармаси туман бўлими туман ННТлар уйида ўтказилардиган тегишли семинар тренингларда иштирок этади. Янги ташкил этилажак нодавлат нотижорат ташкилотларининг муассисларига устав ва бошқа  ҳужжатларни тайёрлаш ва тақдим этишда кўмаклашади. Лойиҳамизнинг  тақдимоти ва тадбирларида  иштирок этади ва қўллаб-қувватлайди.
Лойиҳамиз ижросидан кутаётган натижаларимиз шундан иборатки, туманимизда марказлашган "Оқдарё ННТлари "ДЎСТЛИК" уйи" ташкил топади, нодавлат нотижорат ташкилотларининг иш фаолияти фаоллашади, тажрибалари ошади. Ҳар бир ННТнинг  ўз уставига асосан барча соҳаларда ижроия ҳокимият билан ижтимоий шериклик муносабатлари самарали шакллантирилади. Тингловчилар мустақил равишда ўзлари ҳам семинар тренинглар ташкил этиш ва жамиятимизда мавжуд турли-хил муаммоларин ҳал этувчи лойиҳалар ёзишни, грант танловларида ғолиб бўлишни батафсил ўрганадилар. Давлат грантлари танловида иштирок этиб, ташкилотларининг моддий техник базаларини мустаҳкамлайдилар. Туманда ННТларнинг манзиллари аниқ, имкониятлари тўлиқ, ишлари самарали бўлиши таъминланади.
Амалга оширилаётган ғолиб лойиҳаларнинг давомийлиги, албатта, таъминланиши шарт, фақатгина лойиҳа муддатидагина эмас, атрофимизда яшаётган фуқаролик жамиятимиз ҳаётида доимий "изи" қолиши керак, яъни, ғоялар, мақсад ҳамда вазифалар, ташкилотнинг асосий воситалари, мулки, ишхонаси муқим қолиб, фаолияти янада давом этиши лозим. Шундагина лойиҳачи ўз мақсадига эришган бўлади, келажакдаги ишлари кафолатланади. Ушбу лойиҳамиз ҳам, албатта олдига қўйган мақсадига эришади, чунки фуқаролик жамиятимизнинг   жадал тараққий этаётганлигининг устувор йўналишлари нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг самарали ишлаши билан боғлиқ бўлмоқда. Биз аминмизки, "Оқдарё туман ННТлар "Дўстлик"уйи" ҳамда  унинг кўргазмали зали, жиҳозлари, ўқув-услубий  машғулотлари мунтазам давом этади ҳамда  туманимиз халқига хизмат қилади.   
Ойгул Маматова,
 Халқаро "Олтин мерос" хайрия жамоат фонди Оқдарё туман      муассасаси раҳбари, Ўз.ННТМА         тренерлар штабининг аъзоси.