Ҳавас билан яшаш саодати

"Ёш авлодимизнингбаркамол, эл-юрт учун фидойи инсонлар қилиб тарбиялашда бизмуҳтарам нуронийларимизга таянамиз."
Шавкат Мирзиёев.
Бир туйғу бор: асло сўнмайди, бир ҳис бор: ҳеч камаймайди. Бу Ватан туйғуси, юртга муҳаббат ҳиссидир.   Илло, ҳар доим қалбимизнинг туб-тубида асрайдиганимиз мана шутуйғу, мана шу ҳис шонли саналар, байрамларарафасида жўшаверади.
"Инсон Ватандан бошқа жойда хотиржам бўла олмайди". Энди дўппини ечиб, бир тасаввур қилиб кўрайлик. Шундай жаннат монанд Ватанни эъзозламай бўладими? Ахир бугунги дориломон, саодатли, фараҳбахш кунларни аждодларимиз орзу қилиб ўтишди-ку. Ота-боболаримиз умид қилган кунлар, шукурки, бизга насиб этди.
Муқаддас динимизда Ватанни севиш иймоннинг белгиси экани айтилади. Ватанимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини фақат кўриш, кузатиш эмас, балки имконият доирасида жараёнга ҳисса қўшиш лозим. Ахир доимо эзгу ишлар па-йида бўлиш мўмин кишининг сифати-ку. Шундай эмасми, азиз диндошим? Бу сўзлар устозимнинг ҳар бир даврада, мактаб ва оила даврасида, ота-оналарга, ёшларга айтиладиган сўзларидир.
Маннон Муҳаммадиев 1936 йил 28 декабрда Пилол қишлоғида туғилган. 1955 йил 2-мактабни тугатиб, Самарқанддаги жисмоний тарбия техникумига ўқишга кирган. 1957 йилда ўқишни тугатиб, йўлланма билан Хатирчи туманида ўқитувчи бўлиб ишлаган. 1959 йилда Оқдарё туманидаги 8-мактабга ишга келган. 1963-1969 йилларда СамДУнинг тарих-география факультетида сиртдан ўқиган. Иш фаолиятини 1966 йилда 7 мактабда давом эттирган. 1994 йилда нафақага чиққан. Турмуш ўртоғи Гулшод Абдуллаева она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлиб ишлаган. 2024 йилда вафот этган.
Устоз педагогларнинг саккиз нафар фарзандлари бор, 24 нафар невара ва 38 нафар чевараси бор. Фарзандларининг барчаси олий маълумотли, турли соҳаларда фаолият олиб бормоқдалар.
Бугунги кунда 90 ёшни қаршилаётган устоз ўз ҳаётий тажрибаларидан мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларига давра суҳбатларида ҳикоя қилиб, панд-насиҳатлар бериб келмоқда.
Устозга савол бердим: Ҳозир мактабларда ўқувчини урган ўқитувчи жазоланаяпти. Нима деб ўйлайсиз, бу йўл тўғрими ё ўқувчи кимдандир қўрқиши керакми?
-    Йўқ, ўқувчи ҳеч кимдан қўрқмаслиги керак. Уриб, бақир-чақир қилиб, қўрқув билан ўқиган боланинг руҳи озор чекади, ўзи қўрқоқ бўлиб қолади. Ўқитувчи ўқувчисига ўзининг фарзандидай муносабатда бўлиши лозим деб ўйлайман. Одамни меҳр тарбиялайди, меҳр улғайтиради. Улуғ шоиримиз Абдулла Ориповнинг "Меҳр" деб номланган ибратли тўртлиги бор:
Бир бола чинқириб йиғлади чунон, 
Уни юпатолмай кўпчилик гирён.
У қайсар ҳеч кимга қулоқ солмади,
Бошини силашганда - тинчиди шу он.
Ўз педагоглик фаолиятимда, тарбияда бу ажойиб шеърга кўп мурожаат қилиб келдим.
Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасб-ларимни, шогирдларимни ҳамиша меҳрли ва меҳрибон бўлишга чақириб, дуо қилиб қоламан. Билиб қўйиш керакки, барча тарбия меҳрдан бошланади. Устоз ана қийинчиликлар, азобларни кўрган бўлсада, лекин нолиб гапирмасди. Шунда машҳур режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг "Ҳаётдан нолиб бўлмайди, унда яшаш керак", деган ҳикмати ёдимга тушади. Зеро,севимли шоирамиз Зулфия Мўминованинг қуйидаги шеърида устозлар, фахрийлар шундай таърифланади:
Олтинсиз, кумушсиз, кўҳинурларсиз,
Саксон, тўқсон ёшда зўрдан-зўрларсиз. 
Юз ёшли донишманд, устоз, пирларсиз,
Элда эъзоз топган мукаррам зотлар,
Меҳнат фахрийлари - муҳтарам зотлар.
Муҳаммадиевлар хонадонидан қайтар эканман, ўғиллари ва келинларининг самимийлиги, ота-онага меҳрибонлиги, набираларининг қувончу шодлиги бардавом бўлсин, деб ният қилдим.
Шуҳрат МЎМИНОВ,
Ойтамғали маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси, фаол нуроний.