ҚАҲРАМОНЛИК ДЕСАЛАР АРЗИЙДИ

Деҳқончилик қилишнинг ҳам ўзи бўлмайди. Кўп жиҳатдан об-ҳавога боғлиқ бўлганлиги учун бир қанча машаққатларни енгиб ўтишга тўғри келади. Баҳор яхши келса, деҳқонни кайфияти кўтарилади, ерга барака уруғи қадаб бўлгач ниҳол парваришига киришади. Очиғини айтиш керакки, бу йил Оқдарёда пахта йили бўлди, дейиш мумкин. Она табиат ҳам ўз саховатини аямади. Ёзнинг жазирама иссиғи бўлишига қарамасдан, деҳқонларимиз пахтадан юқори ҳосил етиштириш мақсадида куну-тун меҳнат қилишди. Албатта қилинган самарали меҳнат ўз натижасини беряпти. Илғор фермер хўжаликлари давлатга пахта сотиш йиллик режаларини ошириб бажаришмоқда. Энг қувончлиси, бир теримнинг ўзидаёқ зиммадаги режа ортиғи билан уддаланаяпти. Туманимизда бундай фермер хўжаликлари сони кун сайин ошиб бормоқда.
2-сектор ҳудудидаги "Наврўз" ММТПга қарашли "Кураштепа" фермер хўжалиги аъзолари ҳам бу йил чинакамига тер тўкдилар. Уста пахтакор Сирожиддин Шерматов раҳбарлик қилаётган деҳ-қонлар мавжуд 32,7 гектар майдонда деҳқончилик қилишиб, бир теримнинг ўзидаёқ давлатга 120 тоннадан ортиқ сифатли пахта топширишиб, йиллик режани ошиғи билан уддаладилар. Ҳар гектар майдондан йиғиштириб олинган ҳосил салмоғи 40 центнерни ташкил этди. Йиғиштирилган бу муваффақиятда механизатор Нурали Турсунов, сувчилар Эркин Қораев, Акбар Олимов, Фазлиддин Қулбоев, Муслимбек Тоҳировларнинг хизматлари мақтовга сазовор бўлганлигини алоҳида таъкидлаш керак. Негаки, ҳосилни мўл бўлишида юқори номлари келтирилган фермер хўжаликлари аъзоларининг хизматлари таҳсинга сазовор бўлди. Экин қаторларига 12 марта ишлов берилган бўлса, 6 марта сифатли суғорилди. Ана шу қилинган самарали меҳнат туфайли далаларда мўл-ҳосил яратилди. 
Яқинда биз фермер хўжалик даласида бўлиб зафар маррасини эгаллаган миришкорларни ютуқлари билан қутладик. Биз борган пайти теримчиларга иссиқ овқат тайёрланиб, илғорларга мукофотлар топширилаётган экан. Ҳосилни тез ва соз йиғиштириб олишда Ойша Умарова, Марзия Равшанова, Малика Худойбердиева, Нилуфар Сафарова сингари теримчиларнинг ҳиссалари салмоқли бўлаяпти. Уларнинг ҳар бири кунига хирмонга 180-200 килограммдан пахта теришиб кўпчиликка намуна бўлишаяпти.
- Бу йил "Омад" навини эккан эдик, - дейди фермер хўжалик раиси Сирожиддин Шерматов суҳбат пайтида. - Йил бўйи қилган баракали меҳнатимиз туфайли мўл-ҳосил яратишга эришдик. Ҳали терилмаган 5 гектар майдонимиз бор. Бу майдонлардан ҳам камида 20 тонна ҳосил олишни мўлжаллаб турибмиз. Ана шунда гектар бошига йиғиштириб олинган ҳосил 45 центнерни ташкил этади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар бир тоннага давлат томонидан ўтган йилгига нисбатан юқори нарҳда пул тўланаётганлиги ҳам бизни ниҳоятда мамнун этмоқда.
Бир сўз билан айтганда, фермер хўжалик аъзолари даладаги қолган ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан тезроқ йиғиштириб олиш учун  астойдил ҳаракат қилишмоқда. Бу йўлда уларга омад тилаймиз.

Ўз мухбиримиз.

Суратда теримчиларга мукофотлар 

топширилаётган пайт акс эттирилган.

Мавзуга оид: