БОЛА НАФАҚАСИ ВА МОДДИЙ ЁРДАМ ҚАНДАЙ ТАЙИНЛАНАДИ?

Мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар ва ёрдамнинг манзиллилигини янада ошириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тартиб-таомиллари босқичма-босқич рақамлаштирилаётганлиги, хусусан, жаҳонда бўлиб ўтаётган коронавирус пандемияси аҳолининг эҳтиёжманд қисмини қисқа муддатларда аниқлаш ва уларни давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва самарали тарзда бўлишини тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.08.2020 йилдаги  “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4797-сонли Қарори соҳадаги муаммоларни бартараф этиш билан аҳамиятлидир.

Хусусан, 2019 йилнинг 1 октябридан Сирдарё вилоятида тажриба лойиҳаси доирасида бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақалар ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлашни кўриб чиқиш ва белгилаш тартиб таомиллари “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали амалга оширилиб келинмоқда. 

Шунингдек, ушбу тизимни рақамлаштирилиши ўз навбатида тизимда инсон факторини камайтириш орқали коррупцияни олдини олишга катта туртки бўлади. Янги тизим орқали ҳар бир нафақа автоматик тайинланади. Тайинланганлик ёки рад этилганлик бўйича фуқаронинг шахсий мобил телефонига SМS хабарнома орқали маълум қилинади. 

Худди шундай нафақа тўловлари 2020 йилнинг ноябр ойидан бошлаб Самарқанд вилоятида амалга оширилади ва 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамни тақдим этишда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан назарда тутилган хужжатлар ва маълумотлар фуқаролардан талаб этилишига йўл қўйилмайди.

Президентимиз томонидан имзоланган янги Қарор мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар ва ёрдамнинг манзиллилигини янада оширишга хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тартиб таомиллари босқичма-босқич рақамлаштирилиб, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга туртки бўлади.  

Шоҳруҳ ФАЙЗУЛЛАЕВ, 

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими бошлиғи ўринбосари.