15 сотих майдондан 15 миллион сўм даромад қилган деҳқон

Бугунги кунда ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланаётган тадбиркор деҳқонлар яхши натижаларга эришмоқда. Буни биргина “З.М.Бобур” номи билан аталувчи маҳалла мисолида яққол кўриш мумкин. Бу ҳудудда яшовчи ҳар бир киши ўз томорқасидаги ердан унумли фойдаланишга астойдил ҳаракат қилмоқда. Бу эса ўзининг ижобий самарасини кўрсатаяпти. 

Кўп йиллардан буён деҳқончилик билан шуғулланаётган Жағолтой қишлоғида яшовчи Исроил Фармонов бу борада катта тажрибага эга бўлган кишилардан бири. Ер билан тиллашиб тажрибали деҳқонлардан маҳорат сирларини ўрганган Исроил ака ҳар йили томорқадан катта даромад олаяпти. Бир йилнинг ўзида ердан икки, уч марта ҳосил олишга эришаётган тадбиркор чорвачиликни ҳам яхши йўлга қўйган. Бу йил ҳам у яхшигина даромадларга эришаяпти. 15 сотих майдонга эртанги картошка экиб, 5 тонна маҳсулот олиб 15 миллион сўм даромад қилди. Картошкадан бўшаган майдонга турб ва шолғом экиб бу маҳсулотларнинг ўзидан 3 тонна турб, 5 тонна шолғом олишни мўлжаллаб турибди.

- Ҳар йили ўрта ҳисобда чорвачиликдан олаётган даромадимизни ҳам ҳисоблаганда қирқ миллиондан зиёдроқ фойда олаяпмиз, - дейди Исроил ака суҳбат чоғида. Очиғини айтганда, чорва молларини боқиб ҳам яхшигина даромад қилиш мумкин. Ҳар йили оила аъзоларимиз билан камида икки бош қорамол боқиб гўшт етиштирамиз. Бунинг ўзидан ҳам ўртача йигирма миллиондан зиёд даромад қиляпмиз. Энг муҳими оиламизда барча иш билан таъминланган. Бундан ташқари фермер хўжалигидан ер олиб иккинчи экин сифатида ловия экканмиз. Ловиядан ҳам даромадимиз яхши бўлишини мўлжаллаб турибмиз. Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, деҳқончилик қилишимиз учун оиламизда барча турдаги ихчам техника воситалари мавжуд.

Бир сўз билан айтганда, ўзларининг самарали меҳнатлари туфайли фаровон ҳаёт кечираётган тадбиркор деҳқон Исроил Фармоновдан ўрнак олса арзийди. 


Суннатулло ИБРАГИМОВ,

Суратда: тажрибали деҳқон Исроил Фармонов пайкалда.

Мавзуга оид: