Миёнколнинг сўлим маскани
Ҳазрат Мухлисхон мозори
Туманимиз ҳудудидаги яна бир манбаларда тилга олинган табаррук жой бу Ҳазрат Мухлисхон мозоридир. Абу Тоҳирхожанинг маълумотларига кўра, бу мозор Совгончи қишлоғида жойлашган. Ҳазрат Мухлисхон машҳур Бухоро хони Абдуллахоннинг пири Қосим Шайх Азизоннинг муридларидан бўлган. У киши ҳақидаги батафсил маълумотлар "Латоҳот" номли китобда берилади. Тарихчи К.Пардаев архив маълумотлари асосида Миёнкол ҳудудидаги бир қатор вақф мулк (масжид-мадрасалар учун берилган, солиқлардан озод этилган ер)лари ҳужжатларини кўрсатиб ўтади. Унга кўра, Янгиқўрғон тумани Суғончи қишлоғидаги ҳазрат Мухлисхон ота Туроний ва Хуросоний хонақоси учун ҳадя этилган вақф мулки хусусида шундай дейилади: "Бу вақф мулки ривоятларга қараганда, шайбоний Абдуллахон II (1583-1598) даврида вужудга келган. Бунинг тарихи шундай: Абдуллахон қашқарга қарши урушга кетаётганида Суғончи қишлогидаги Шайх Мухлисхон отанинг уйига тушади. Ўша вақтда ҳазрат Мухлисхон отанинг аҳоли орасида обрўйи баланд бўлиб, машҳур авлиё (шайх)лардан бири эди. Абдуллахон Мухлисхон отадан, Аллоҳ таолодан илтижо қилиб, бўлажак жангда унга ғалаба тилаб, дуо қилишини сўрайди. Мухлисхон ота унинг сўраганларини бажо келтириб, Абдуллахонга ўзининг дўпписи ва ҳассасини беради, ҳамда шундай дейди: "Бу дўппи сени душман зарбасидан ҳимоя қилади, ҳасса таёғим эса, уни елпиганингда бало қазолар тарқаб кетади". Жангнинг натижаси эса, Шайх Мухлисхон ота айтгандай бўлди. Абдуллахон қашқарликлар устидан ғалаба қозониб, уларни бўйсундирди. У жангдан қайтаётиб, Мухлисхон ота ҳузурига борди ва унга 12 қўш ер мулки инъом қилди. Бу мулк XVII аср охирларидан вақфи авлод сифатида расмийлаштирилиб, авлоддан авлодга ўтиб келган. Мухлисхон ота бу мулкни ўз авлодларидан 6 нафарига бўлиб берган.Ҳазрат Абдулло Ансорий зиёратгоҳи
Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Хўжа Абдулло Ансорий 1006 йилда Ҳирот яқинида таваллуд топган. Тарихий маълумотларга кўра, Абдулло Ансорий 53-55 ёшларида яъни 1059-1061 йилларда Самарқанддан 40 километр ғарбда жойлашган Янгиқўрғонда бўлган. Ул зот дин пешвоси бўлиши билан бир қаторда дин ва диёнат, инсоннинг улуғ фазилатлари акс эттирилган кўп мисралик байтлар ҳам яратган улуғ зот эди. Ўзбекистон адабиёти ва санъати журналининг 1991 йил 24 май, 21-сонида Ансорий хусусида маълумотлар келтирилиб, у кишининг Янгиқўрғон тупроғида бўлганлиги тасдиқанади. Ансорий ўзининг пурҳикмат шеърида шундай дейди:Ҳақ йўлида икки Каъба бўлмиш ҳосил,
Бир Каъбаи суврат эса бир каъбаи дил.
Сен сайла ва дилларни зиёрат айла,
Минг Каъбадин ортиқроқ емишдир бир дил.
Мақсуди дилинг, муроди жонинг ишқдир.
Сармояи имри зиндагонинг ишқдир.
Ёд айлаки ишқдин бақо топди Хизр,
Яники ҳаёти жовидонинг ишқдир.
Янгиқўрғоннинг ҳозирги Янгиҳаёт маҳалласининг жануб томонида Абдулло Ансорий бобонинг қадамлари теккан жой бўлиб, у ерни минглаб кишилар зиёрат қилишади. Зиёратгоҳ маскан сифатида обод қилиниб, ўзгача қиёфа касб этган. Бу маскан ҳозирги кунда туманимизнинг энг табаррук масканларидан биридир.
Ҳазрат хожа Исҳоқ валий мозори
Абу Тоҳирхожанинг маълумотига кўра, Исҳоқ валий Махдуми Аъзамнинг ўғли бўлган. Асарда келтирилишича, мозор Амир Темур кўрағон чорбоғи ҳавзининг ёнида, Даҳбедга қарашли Сафеддук қишлоғида кўмилган экан. Замонлар ўтиши билан Кўхак дарёси ҳазрат хожанинг мозорига яқинлашгач, ўғли Абдуллохўжа унинг суякларини у ердан олиб, дарёдан кечириб ўтиб, ўз қишлоғи Боғи Баландга келтириб кўмганлиги тўғрисида маълумот беради. Хожа Исҳоқ отасидан ёш етим қолади. Отасининг халифаларидан (шогирд Н.М.) чустлик Нақшбандия тариқатининг етук номоёндаси Мавлоно Лутфулло қўл остида камолга етади. Дин ва тариқатнинг етук алломаси сифатида халқ орасида катта шуҳрат топган. Хожа Исҳоқнинг вофоти 1598 йилга тўғри келади.
Тоҳир ва Зуҳра зиёратгоҳи
Оқдарё соҳилидаги Тоҳир ва Зуҳро зиёратгоҳи афсоналар ва ҳақиқатлар уйғунлашган маскандир. Туркий халқларнинг адабий ёдгорлиги бўлган бу достондаги воқеалар Бухоро хони Бобохон (1552-1580) замонасида бўлган. Достон қаҳрамонлари Тоҳир, Зуҳро, Узукойим, Қоработир каби образлар барчага яхши таниш. Достонда Тоҳирни сандиққа солиб Зарафшон дарёсининг ўнг ирмоғи Оқдарёга оқишини буюради. Қоработир томонидан ўлдирилган Тоҳирнинг жасади Оқдарёнинг чап соҳилидаги "Ўзбекистон" МФЙ ҳудудидаги аввалги Қоработир, ҳозирги Болта қишлоғига дафн этишган экан. Тоҳир қабри устида Зуҳро ҳам ўзини ўлдириди. Бу воқеани эшитган Қоработир ҳам ўзини ўлдириб, улар ўлганда ҳам ажратиб туриш учун Тоҳир ва Зуҳронинг қабрлари орасига дафн этилган экан. Бу масканда 4 та қабр жойлашган бўлиб, Тоҳир ва Зуҳро қабрлари деб тахмин қилинаётгaн жойлар орасида энг тарихий асосга эга бўлгани деб эътироф этилади. 2001 йилда "Олтин мерос" жамғармаси ва туман ҳокимлиги томонидан бу масканни ободонлаштириш ва зиёратгоҳ обод масканга айлантириш ишлари бошланди. Ҳозирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ойгул Маматова ташаббуси ва ҳамкор ташкилотлар билан қатор ишлар амалга оширилиб, обод масканга айланиб бормоқда. Тоҳир ва Зуҳранинг Оқдарёдаги қабрлари бугун табаррук зиёратгоҳга айланмоқда. Тоҳир-Зуҳра номларини эшитимиз билан дилимиз ёришади. Пок севги-муҳаббат рамзига айланган достон қаҳрамонлари ҳақиқатдан бўлганми? - Бу жойни азалдан ота-боболаримиз табаррук билиб, эъзозлаб келишган. Тоҳир ва Зуҳра, Қоработир ҳамда Узукойим қабрлари, улар ҳақидаги достон ва афсоналар ҳозир ҳам тилдан тушмайди. Икки томлик "Ўзбекистон энциклопедияси" (1988 йил 2-томи 285-бети) да "Тоҳир ва Зуҳра" туркий халқларининг адабий ёдгорлиги, асар асосида икки ёш йигит-қиз ўртасидаги фожиали муҳаббат ҳақидаги қадимий халқ эртаклари ва достонлари ётади. Қайта ишланган илк талқини ўзбек шоири Сайёдий (ХVII-ХVIII асрлар) қаламига мансуб, дейилган. Оқдарё тумани Болта қишлоғида яшовчи мулло Карамиддин Раҳмонов хонадонида сақланаётган "Тоҳир ва Зуҳра" китоби эски араб ёзувида битилган.Агар асардаги воқелар ривожига эътибор берсангиз, у афсона эмас, ҳақиқат. Маълумки, ўрта асрда Бобохон (1552-1580 йиллар) Бухоро хони бўлган. Хоннинг хотини қиз, вазирнинг хотини ўғил кўрибдилар. Бобохон қизига Зуҳра, вазирнинг ўғлига Тоҳир деб исм қўйибди, улар улғайишгач тўй қилишга ваъдалашибдилар. Тоҳир билан Зуҳра болаликдан бирга ўйнаб катта бўлишибди. Ногаҳон Тоҳирнинг отаси вафот этибди. Подшоҳга Қорабаҳодир деган киши вазир этиб тайинланибди. Саройда ўсиб-улғаяётган парирўй Зуҳра ва бақувват Тоҳирни кўрганда вазир алланечук бўлиб кетаркан. Қорабаҳодирнинг Қоработир деган ўғли бўлиб, у Зуҳрани, синглиси Узукойим Тоҳирни севиб қолишибди. Қоработир подшонинг лашкарбошиси бўлиб, Тоҳирни йўқ қилиш пайига тушибди. Оқибатда подшо Тоҳирни сандиққа солиб Зарафшоннинг ўнг ирмоғи Оқдарё (ҳозирги Қоработир қишлоғи ёнидан оқиб ўтувчи дарёга)|оқизишни буюрибди. Сандиқ узоқ-узоқларга оқиб кетибди. Бир куни Хоразм подшосининг қизи канизаклари билан дарёда солда сайр қилиб юрганида сандиқни кўриб қолибди. Очиб қарасалар, ичида чиройли, келишган йигит ҳушсиз ётганмиш. Малика унга ошиқ бўлиб қолибди. Аммо Тоҳир Зуҳрани севишини, унинг висолига етиш мақсадини айтибди. Тоҳир нортуяга миниб, ўз юрти сари йўлга тушибди. Зуҳранинг дийдорига тўйибди. Улар учрашиб турганида Қоработир пойлаб келиб, Тоҳирни ўлдирибди. Жасадини чангакка илмоқчи бўлганида, одамлар қўймай Оқдарёнинг чап соҳилидаги баланд жойга кўмибдилар. Қоработир Зуҳрага уйланмоқчи бўлганида қиз қирқ канизи билан Тоҳир қабрини бир кўришга отасидан ижозат олибди. қабр бошига келиб Зуҳра тилла узугини олиб отиб юборибди. Канизакларига узугини йўқотганини айтибди, улар излашаёганида Тоҳир қабри устида ўз кўксига ханжар уриб ҳалок бўлибди. Буни эшитган Қоработир хам ўзини осибди. Бахил вазир Тоҳирдан Зуҳрани ўлганда ҳам ажратиш учун ораларига Қоработирни кўмдирибди.
Бу воқеани Қоработир қишлоғилик, ҳозирда Болта қишлогида яшаётган момоларимиз ва боболаримиз ҳикоя қилиб берган. Уларнинг айтишича, эллигинчи йилларда ҳам Тоҳир қабри устидан қизил, Зуҳраникидан оқ чирмовуқ гуллар ўсиб турар, ўртадаги қабрдан эса катта тикон ўсиб, улар бир-бирлари билан чирмашиб кетаркан. Момо бу манзарани етмишинчи йилларда ҳам кузатганини таъкидлади.
- Тўртинчи қабрни Бобохонники дейишади. қишлоқ кексалари Қоработирнинг синглиси Узукойимнинг қабри дейдилар?
- Узукойим улар ўлмига сабабчи бўлгач, чидай олмай заҳар ичиб ўлган экан. "Тоҳир ва Зуҳра" киносида қаҳрамонлар тақдири қишлоқ кексалари айтганидек эмас, бошқача талқин этилган, албатта Қоработир Тоҳир томонидан ханжар билан ўлдирилади. Бобохон Тоҳирни осишга буюради ва Зуҳрани ўзи бўғиб ўлдиради. Зуҳранинг ўлганини эшитган Тоҳир дор остида ясовул найзасини кўкрарига санчиб ҳалок бўлади. Кинода уч кишининг ўлимига сабабчи бўлган Юлдуз (Узукойим) ҳам бор. ўртинчи қабр эҳтимол ўшаникидир.
Нодир МИРЗАЕВ,
4-мактаб тарих фани
ўқитувчиси.
Мавзуга оид:
МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ
- 07 янв, 10:02
МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ
- 18 ноя, 11:53
МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ
- 05 ноя, 15:29
МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ
- 30 сен, 14:08
Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22