"Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуннинг мазмун-моҳияти

Ушбу Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 17 августда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2019 йил 23 августда маъқулланган бўлиб, ушбу Қонуннинг мақсади хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Ушбу Қонун билан қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилган:

жинсий зўравонлик - хотин-қизларга нисбатан уларнинг розилигисиз шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этиш орқали жинсий дахлсизликка ва жинсий эркинликка тажовуз қиладиган зўравонлик шакли, шунингдек зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан таҳдид қилиш ёхуд аёл жинсидаги вояга етмаган шахсларга нисбатан ахлоқсиз ҳаракатлар содир этиш орқали учинчи шахс билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаш;

жисмоний зўравонлик - хотин-қизларга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, хавф остида қолдириш, ҳаёти хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган зўравонлик шакли;

зўравонлик - хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик);

иқтисодий зўравонлик - хотин-қизларга нисбатан турмушда, иш жойларида ва бошқа жойларда амалга оширилган зўравонлик шакли, хотин-қизларнинг нормал яшаш ва камол топиш учун озиқ-овқат, уй-жой ҳамда бошқа зарур шарт-шароитлар билан таъминланишга бўлган ҳуқуқини, мулк ҳуқуқини, таълим олиш ҳамда меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишни чеклашга олиб келадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик);

иш жойи - ўзи билан тузилган шартномага мувофиқ меҳнат мажбуриятларини амалга ошириш ёки хизмат вазифаларини бажариш учун бўлиши ёки бориши лозим бўлган, иш берувчи томонидан бевосита ёки билвосита назорат қилинадиган жой;

руҳий зўравонлик - хотин-қизларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаънини, қадр-қимматини камситиш, шунингдек уларнинг хоҳиш-иродасини чеклашга қаратилган бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган зўравонлик шакли, шу жумладан репродуктив соҳада назорат қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчида ўз хавфсизлиги учун хавотир уйғотган, ўзини ҳимоя қила олмасликка олиб келган ёки руҳий соғлиғига зарар етказган ҳаракат (ҳаракатсизлик); 

тазйиқ - содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган, хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик), шилқимлик, таъ-қиб этиш;

тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи - ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилиши таҳдиди остида бўлган ёки тазйиқ ва зўравонлик натижасида жабрланган аёл жинсидаги шахс;

тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш - хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи учун пайдо бўлган хавфни бартараф этиш, тезкор чора-тадбирларни талаб қиладиган ҳаётий вазиятлар юз берганда хотин-қизларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек жабрланувчига нисбатан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг такроран ғайриқонуний хатти-ҳаракатларига йўл қўймаслик мақсадидаги иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, ташкилий, психологик ва бошқа тусдаги кечиктириб бўлмайдиган тадбирлар тизими;

тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш - хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этишга олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этишга, жамиятда хотин-қизларнинг зўравонликдан холи бўлиш ҳуқуқларидан хабардорлигини оширишга қаратилган иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий ва бошқа чора-тадбирлар тизими;

таъқиб этиш - жабрланувчининг хоҳиш-иродасига қарши, унинг икки ёки ундан ортиқ марта қаршилик кўрсатганлигига ёхуд огоҳлантирганлигига қарамай содир этиладиган, жабрланувчини қидиришда, у билан оғзаки, телекоммуникация тармоқлари воситасида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ёки бошқа усулларни қўллаш йўли билан мулоқотга киришишда, унинг иш, ўқиш ва (ёки) яшаш жойига боришда ифодаланган ҳамда жабрланувчида ўз хавфсизлиги учун хавотирлик қўзғатадиган ҳаракатлар;

ҳимоя ордери - тазйиқ ва зўравонликдан   жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат. 

Биргина мисол туман судининг 2023 йил 5 октябрь кунидаги қарорига кўра ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 2061-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилган А.Х. турмуш ўртоғи Д.Н.га 2023 йил 23 август куни тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар учун ҳимоя ордери берилганига қарамасдан, 2023 йил 14 сентябрь куни соат 19:00 лар чамасида турмуш ўртоғи Д.Нга нисбатан зўровонлик қилганлигини, маст ҳолда доимий равишда турмуш ўртоғига тазйиқ ўтказиб келган.

Ҳуқуқбузар А.Х.га нисбатан туман судининг қарорига кўра 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Шуни таъкидлаш жоизки гендер тенглиги ҳозирги кунда долзарб масала ҳисобланади. Аслини олганда, ҳар бир мамлакатда мазкур принцип амал қилиниши лозим.

Юқорида келтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинишидан мақсад, республикамизда гендер тенглигини таъминлаш ҳисобланади. 

Шуни алоҳида таъкидлаш кераки, ахборот тўғрисидаги барча қонун ҳужжатларида зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилиш қатъий тақиқланган.

Бу каби ишларнинг самараси ўлароқ, республикамизда бўлаётган "Зўравонликка қарши 16 кун" акцияси республикамизнинг барча вилоят, туманларида шу жумладан Оқдарё туманида ҳам ўтказилиб келинмоқда.

Мазкур акциянинг "Дунёнинг тўқ сариқ ранг туси: жамғариш, жавоб бериш, олдини олиш, жамлаш!" шиори остида тадбирлар ташкил этилмоқда.

О.Набиев,

Самарқанд вилоят судининг 

жиноят ишлари бўйича судьяси. 


И.Дониёров, 

жиноят ишлари бўйича 

туман судининг раиси.