Оилавий (маиший) зўравонлик учун жавобгарлик, ушбу ҳуқуқбузарликни олдини олиш чоралари

Оила жамиятнинг бўғини ҳисобланади. Жамиятларни бино деб тасаввур қилсак, оила унинг ғишти ҳисобланади. ўиштлар бўлмаса, бино бўлмаганидек, оилалар бўлмаса, жамиятлар бўлмаслиги турган гап. Ана шу ғиштлар чиройли бўлса, иморат ҳам чиройли чиқади, ғиштлар пишиқ бўлса, иморат ҳам пишиқ бўлади. (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. "Бахтиёр оила").
Бироқ, оилада айрим ҳолларда аёл-қизларни тазйиқ ва зўравонликка учраш ҳолатлари кузатилмоқда. Аёлларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш, уларни тўлақонли равишда ҳар бир жабҳада фаол бўлишларини таъминлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги 2019 йил 2 сентябрдаги 561-сонли қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун билан хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги гендер сиёсатини, давлат дастурларини ҳамда стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш; хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилинишини таъминлаш; жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш; хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш учун самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш; хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилишига олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш; тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамкорлигини таъминлаш кўрсатиб ўтилган.
2023 йил 11 апрелдаги "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-829-сонли Қонунига кўра Оилавий (маиший) зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди.
Оилавий (маиший) зўравонлик - хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қи-лиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига  қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, дўппослаш, ушбу шахс-ларга соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш каби ҳолатлар ҳисобланади.
Бундан ташқари, "Оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида"ги 2024 йил 21 октябрдаги қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 592-моддаси ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг оилавий (маиший) зўравонлик тўғрисидаги 1261-моддаси болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик билан тўлдирилди.
Оилавий-маиший зўравонликка қарши ёлғиз курашиб бўлмайди. Қўрқиб яшовчи, руҳий жиҳатдан эзилган зўравонлик қурбони аниқ қарорлар қабул қилиш ҳолатида бўлмайди. Бу ерда нафақат яқинларнинг, балки давлат томонидан ҳам қўллаб-қувватлаш керак бўлади. Зеро зўравонлик, энг аввало, шахсга қарши жиноят, шахсий эркинлик ҳуқуқларининг бузилишидир. Жамиятимизда оиладаги зўравонликнинг олдини олиш мақсадида жамоатчилик орасида кенг тушунтириш ишларини олиб бориб, оиладаги зўравонлик бўйича мавжуд нотўғри тушунчаларни ўзгартириш керак. Бу ишга матбуот ва нодавлат ташкилотларини жалб қилиш мақсадга мувофиқдир. Оиладаги зўравонликларда, асосан аёллар жабр кўраётгани ва муаммонинг ечими, одатда эркаклар қўлида эканлигини уқтириш лозим ҳисобланади. Шу билан бирга, маҳалла раислари ва бошқа маҳаллий ўз-ўзини бош-қариш органларидаги лавозимларга оилавий зўравонлик ҳақида тушунчага эга бўлган кишилар тайинланиши керак. 
Э.ҚАРШИЕВ,
жиноят ишлари бўйича Пайариқ
           туман судининг тергов судьяси.