ҚОНУН ТАЛАБИГА МОС КЕЛМАЙДИГАН ЁЗУВЛАР ОЛИБ ТАШЛАНДИ


“Оқдарё овози” газетаси саҳифаларида йил давомида “Давлат тили ҳақида”ги Қонун талабларининг бажарилишига амал қилмаётган айрим тадбиркорлар ва дўконлар ҳақида кўплаб танқидий мақолалар бериб борилмоқда. Шунга қарамасдан ҳозирги кунга қадар туманимиз марказий кўчасида жойлашган кўпгина тадбиркорлик субъектлари, айрим ташкилот ва муассасалари пештоқларида “Давлат тили ҳақида”ги Қонун талабларига мос келмайдиган ташқи реклама, пешлавҳа ва эълонлар учраб турганлиги ачинарли ҳолдир.

Яқинда туман ҳокимлиги томонидан “Давлат тили ҳақида”ги Қонун талабларига мос келмайдиган ташқи реклама, пешлавҳа ва эълонларни алмаштириш бўйича зарур чоралар кўриш юзасидан рейд ўтказилди. Туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси, туман Давлат солиқ инспекцияси ҳамда масъул ходимлар билан ўтказилган рейд жараёнида давлат тили қоидалари бузилган ўттизга яқин ташқи реклама ва пешлавҳалар олиб ташланди, кўплаб тадбиркорларга огоҳлантиришлар берилди. 

Шунингдек, “Давлат тили ҳақида”ги Қонун талабларига мос келмайдиган ташқи реклама, пешлавҳа ва эълонларни алмаштириш ишлари назорат остида амалга оширилиши тушунтириб ўтилди.


Ўз мухбиримиз.