МАНСАБ МАВҚЕИНИ СУИИСТЕЪМОЛ ҚИЛГАН РАҲБАР ЖАЗОЛАНДИ

Судланувчи Мурод Элбеков (исми-шарифи ўзгартирилган) тумандаги "Оқдарё" МФЙда яшайди. У фермер хўжалиги раиси лавозимида ишлаб келиб, мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиб, мансаб мавқеини суиистеъмол қилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.09.2017 йилдаги "Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3286-сонли Қароринниг 8-бандида дарёлар ўзанларида қум-шағал материалларини қазиб олиш фақат уларни тозалаш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги "Хавфсиз дарё" давлат унитар корхонаси томонидан белгиланган тартибда шартнома асосида жалб этилган тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотлар томонидан амалга оширилиши белгиланган. Шундай бўлсада, Мурод Элбеков ушбу қарор талабларига зид равишда, "Хавфсиз дарё" ДУК билан бирор-бир шартнома тузмасдан, ўзбошимчалик билан нодавлат тижорат ташкилоти бўлган ҳолда Оқдарё тумани, "Қаҳрамон" массивидан оқиб ўтувчи "Оқдарё" дарёси ўзани ва қирғоқ бўйи минтақасида тош майдалаш ва саралаш ускунасини ўрнатиб, 2021 йил март ойидан буён қум-шағал аралашмасини ноқонуний равишда қазиб олиш фаолияти билан шуғулланиб келган.
Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси Самарқанд-Бухоро минтақавий инспекцияси мутахассислари томонидан "LEICA TS06" ўлчов асбоби ёрдамида ўтказилган ўлчов натижасига кўра, судланувчи Мурод Элбеков 2021 йилнинг март ойидан 2022 йилнинг февраль ойига қадар жами 12.340,6 куб метр қум-шағал аралашмасини ноқонуний равишда қазиб олиб, қайта ишлаб, ишлаб чиқарилган қум ва шағал маҳсулотларини нақд пулга сотиб юбориб, давлат манфаатларига 265.700.000 сўмлик жуда кўп миқдорда зарар етказганлиги аниқланди.
Суд мажлисида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган Мурод Элбеков ўзининг кўрсатувида, айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қуйидагича баёнот берди. Оқдарё тумани Давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтган "OQDARYO YUQORI NUQTASI" фермер хўжалиги 2021 йил 13 март куни унинг таъсисчилигида ташкил этилган бўлиб, хўжаликнинг асосий йўналиши балиқчилик билан шуғулланишга ихтисослашган бўлса-да, ташкил этилгандан буён балиқчилик боқиш мақсадида икки дона ҳовузлар ковлаб чиқилган. У ушбу хўжаликда қазиб чиқарилган қум-шағал аралашмасини қайта ишлаш мақсадида тош майдалаш ва саралаш ускунасини ўрнатишганлигини, тош ва қум ишлаб чиқариш цехини ташкил этиб, ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келганлигини ва ундан чиққан қурилиш маҳсулотларини аҳолига сотганлигини, шу қаторда, ишлаб чиқарилган тош ва қум маҳсулотларининг бир қисмини ўз хоҳиши билан "Обод маҳалла"лардаги кам таъминланган оилаларга етказиб берганлигини айтиб ўтди. Лекин, у тош майдалаш ва саралаш йўналишида ишлаш учун ваколатли органлардан махсус рухсатномани олиш кераклигини билмаганлигини, агар рухсатномани олиш кераклигини билганида уни албатта олган бўлишлигини, ҳозирги кунда тош майдалаш ва саралаш йўналишида ишлаш учун ваколатли органлардан махсус рухсатномани олиш чораларини кўрмоқдалигини, бугунги кунга келиб, аниқланган моддий зарарни тўлиқ бартараф этганлигини, айбига тўлиқ иқрорлигини, қилган ишидан пушаймонлигини, унга нисбатан қонуний енгиллик беришликни билдириб баёнот берди.
Судланувчи Мурод Элбеков ўзига қўйилган айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, баён қилган кўргазмасидан ташқари, унинг айби суд мажлисида сўроқ қилинган фуқаровий даъвогарлар ва гувоҳларнинг кўргазмалари билан ҳам тўлиқ исботланди.
Судланувчи Мурод Элбеков Ўзбекистон Республикаси ЖК 190-моддасининг 3-қисми ва 19211-моддаси 2-қисмининг "а" банди ҳамда 229-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 160 баравари миқдорида, яъни 43.200.000 сўм жарима жазоси тайинланиб, давлат даромадига ундирилди.
Алишер СУЛТОНОВ,
Департаментнинг Самарқанд вилоят 
бошқармаси катта инспектори.