Янги асар хабари


ТУҲМАТ ГИРДОБИДА

    (Қисса)
    Боши ўтган сонларда                                                               Йўлчи Муҳаммадиев

Суд раиси  ҳайъат аъзолари билан фикрлашиб олиш учун маслаҳат уйига киришини айтди ва  қандай ечимга келганликларини  кейин маълум қилишини билдириб, суд залини тарк этди. Ҳайъат аъзолари унинг ортидан эргашдилар. Орадан ўн дақиқа ўтиб, улар чиқиб келишди.Раис қайтадан аудиторлик текшируви тайинланганлиги, Маҳкамовни эса ҳибсда сақлашликка қарор қилинганлигини эълон қилди. Қозининг гапи Йўлдошнинг бошига чўқмор билан ургандек таъсир қилди. Ғазабдан кўз олди қоронғилашиб, боши ғувлади. Аммо, зумда ўзини қўлга олди. Ногоҳ, кўзи Хўжаевага тушди. У қозининг қароридан мамнун, ёйилиб, ялтоқланиб қозига миннатдорчилигини билдираётган эди. 

Йўлдошни яна ҳибсхонага олиб келишди. Унинг асаблари бузилган, ўзини қўярга жой тополмасди. Адолатсизлик, инсофсизлик! Демак, қози уни яна қамоққа жўнатиб, қайта тафтиш ўтказмоқчи. Қандай қилиб бўлса ҳам уни айбдор қилиб, уни озодликдан маҳрум этишни мақсад қилган. Ахир, шунчалар хавфли жиноятчими у, наҳотки яна Каттақўрғонга жўнатиб юборишса-я? Исмоилов нега жим?  “Ишим битди, эшагим сувдан ўтди”ми, энди ?  Йўқ, у киши бу масалага бефарқ қараб турмайди.

Суддан сўнгги уч кун давомида Йўлдош ана шу ўй хаёллар исканжасидан қутила олмади. Душанба куни уни қозининг хонасига олиб боришди.Тошпўлатов қандайдир қоғозларни кўздан кечириш билан овора эди.

          -Маҳкамов, ўйлаб кўриб, сизни озодликка чиқаришга қарор қилдим. Мени ноҳақдан ҳибсга олишди деб, уёқ, бу ёққа ёзиб юрманг тағин. Тақдирингиз менинг қўлимда. Президент айтса ҳам, ишингизни мен ҳал қиламан. Тафтишдан кейин яна учрашамиз, шуни унитмасангиз бўлди, деди қози унга мурувват кўрсатаётгандек, таъна қилиб. Ўртага тушганлардан қўрқмайман ҳеч қачон, ҳар доим қарорни ўзим қабул қиламан ва бу сафар ҳам худди шундай. 

Орадан ярим соатлар чамаси вақт ўтиб, Йўлдошга жавоб беришди. Жасур Исмоилов йўлнинг нариги томонида кутиб турган экан. Иккаласи қучоқлашиб кўришишди. 

          -Қандайсиз, қийинчиликлар бўлмадими, ҳар қалай?

          - Бошга тушганнни кўз кўради дейишади-ку.

          -Энди кўзингиз очилди. Дўсту душманни ажратиб оладиган бўлдингиз, тўғрими? 


            -Тўғри, кўзим очилди, - деди Йўлдош тан олиб.Ўз ходимим бўла туриб, ҳар кун ёнимда  гапу-хандон қилиб юрган бир аёлдан шунча гап чиқса-я?

          -Ҳалиям кўзингизни каттароқ очинг, гап шугина бир аёлга  боғлиқ эмаслигини биласиз-ку.

Иккала суҳбатдош бир мавзуга келиб тўхташганини билиб, тасдиқ маъносида бош чайқаб кулиб қўйишди. Ҳақиқатан ғам депутатнинг гапида жон бор эди. Шу кунгача Йўлдош барчани бирдек кўрадиган, айрим масалаларда соддадиллик билан ҳамроҳига  ишониб кетаверадиган, дилидагини ташига чиқариб, сир сақлашни эплолмайдиган одати бор эди. Ишончли вакилининг бу феълини Исмоилов яхши билар, шу боисдан кўпинча уни  огоҳлантириб, танқид қилиб қўярди.

Йўлдош йўл-йўлакай қўшни тумандан токи уйига қадар давом этган депутат билан суҳбатларида қози нима учун уни ҳибсдан озод қилганлигини билиб олди. Исмоиловнинг маслаҳати билан бугун эрталаб хотини Барно қарз-қавола қилиб бўлса ҳам редакция кассасига 720 минг сўм пулни тўлаб, етказилган зарарни қоплаган. Тўловномани Исмоиловга олиб келиб берган. Қози депутатга “етказган зарарини тўласа, Маҳкамовни ҳибсдан озод қиламан деб ваъда берган экан. Исмоилов квитанцияни бергандан кейин ҳам Тошпўлатов турли баҳоналарни рўкач қилиб, субутсизлик қилаверган. Депутат бу масалани Олий Мажлис қонунчилик комиссиясининг муҳокамасига қўйишини таъкидлагандан кейингина у Йўлдошни озод қилган. Агар Исмоилов шундай йўл тутмаганда Йўлдош ҳали-бери ҳибсхонадан чиқарилиши номаълум эди. Тошпўлатов эса, “одамгарчилик юзасидан” дейди-я, эҳ, номард.

      Қуёш ботиб, тун олам узра ўз сепини ёзган паллада у қишлоққа кириб келди. Энаси билан дийдорлашди. Гўёки, камбағалнинг уйига чалпак ёққандек, ярим кечгача хонадонда ошна-оғайнилар, айниқса, болалар  ўйин-кулгу қилишди.

Х   Х   Х  

Йўлдошни ҳибсдан озод этишга қарор қилди-ю, аммо, қози аросатда ўйланиб қолди. Борди-ю, қайта тафтиш чоғида фактлар тасдиқланмаса-чи7 Унда нима бўлади? Маҳкамовни шунча кундан буён  ҳеч бир асоссиз ҳибсда ушлаб турганлиги учун  жавоб бериши керак. Қолаверса, Донаев билан ўрталарида келишув бор. Ахир унга нима қилиб бўлса ҳам Маҳкамовни жавобгарликка тортаман деб ваъда бериб қўйган. Ваъдани бажармаса, мўмайгина пулдан қуруқ қолади. Энг катта муаммо депутатнинг аралашуви бўлди. Қонун-қоидани яхши билар экан бу зиёлий, ичида кўп гап борга ўхшайди. Кейинги пайтлар депутатлар ҳам фаоллашиб қолдими-ей, илгари қорасини кўрмасдик, энди тап тортмай эшигимиздан кириб келишадиган бўлишди. Демак, шундай иш тутиш керакки, Янги аудитор қилни қирқ ёриб,  батамом текширсин. Шундай таниши бор-ку, ахир.Телефон рақамини ҳам қаергадир ёзиб қўйганди. Ҳа, мана бор экан. Қози навбатчи котиба қизга “менга мана шу номерни улаб беринг” деди. Бир оздан сўнг у тарафдан  “алло” деган овоз келди.

          -Алло, бу “Миёнкол” аудиторлик фирмасими? Менга Суюн Халилов керак. Э, ўзингизмисиз, жа яхши бўлди-да, омон- эсонмисиз? Мен Бошариқ туман судиниг раиси Тошпўлатовман. Эртага мен билан учрашиб кетишнинг бир иложини топсангиз. Бораман дейсизми, раҳмат, кутаман сизни.

       Қози телефон гўшагани жойига қўяр экан енгил нафас олди. Муаммо ҳал бўлган кўринди. Ўтган йили ҳам бир хўжаликда ёзишма бўлиб, раиснинг устидан иш қўзғатишликни катталар сўраганида Тошпўлатов у ерга аудитор Халиловни юборган эди ва айтганидан ҳам зиёда қилиб тафтиш қилиб берган,иш судга оширилиб, раис жазосини олган эди. 

Вилоят, туман прокурорларининг топшириғи билан Халилов ана шундай нозик ва катталар нигоҳи тушган жойларни тафтиш қилишга сафарбар қилинар, тафтишчи ҳам зиммасига юкланган вазифани аъло даражада бажариб қайтар эди.Буларнинг ҳаммасидан Тошпўлатовнинг хабари бор, шунинг учун Холиловдан кўнгли тўқ эди.

Эрталаб соат 10 лар чамасида Аудитор Суюн Халилов қозининг олдига етиб келди.Топўлатов у билан қуюқ сўрашиб олгач, нима учун чақиртирганлигини эринмасдан тушинтирди. Қўшни туман “Янги ҳаёт”  газетасининг муҳаррири устидан ёзилган шикоят хатига асосан жиноий иш қўзғатилганлиги, муҳаррирнинг иш фаолияти қайтадан тафтиш қилиниб, синчковлик билан текширилиши лозимлигини, Маҳкамовни  жиноий жавобгарликка тортишдан вилоятнинг юқори мартабали раҳбарлари хабардор эканлигини яхшилаб уқтирди. Қози нималарни текшириш кераклиги, нималарга урғу бериш лозимлиги юзасидан эслатма тузиб, суд томонидан берилган рухсатномага ҳам шу ҳақда ёзиб қўйди.Шунга кўра аудитор, авваламбор, редакция фойдалниб келаётган 4 гектар ер майдонини ўлчаб чиқиши, беш йил давомида ердан олинган даромад, банк операциялари, таҳририят тасарруфига берилган барча қаттиқ ва юмшоқ жиҳозларнинг мавжудлиги, ходимларга ойлик маошларнинг берилиши ва шунга ўхшаш йигирма банддан иборат эслатма ёзилган бўлиб, ана шу эслатмада қайд этилган топшириқларни бажариши зарур эди. Тагини боплаб ковлаштирса, йўл қўйган ғайри қонуний ҳаракатлар ўз-ўзидан қайнаб чиқаверади деб ўргатувчилик қилди яна Тошпўлтов.  Халилов қозининг ҳузуридан чиқаркан “барча топшириғингиз аъло даражада бажарилади, бу ёғидан кўнглингиз тўқ бўлсин” деб, қўлини кўксига қўйганча ҳайрлашди. 

Х   Х   Х

Эртаси куниёқ ишхонасига борган Йўлдош газетанинг навбатдаги сонини тайёрлашга киришиб кетди. Зарифа Хўжаева ҳамкасбини эшиги ёнида кўриб, бирров энсаси қотиб қолди-ю, аммо, дарҳол ўзига келиб, эшикни очди-да хонасига лопиллаб кириб кетди. Йўлдош рақибининг ортидан кириб, сўкиниб бир  хуморидан чиқмоқчи бўлди-ю, судда ортиқча гап бўлишини ўйлаб фикридан қайтди. Сўнгра, кун бўйи Зарифа Хўжаева ҳам ўзини ҳеч нарса бўлмагандек тутиб, ходимлар орасида иш юритаверди.  У яна,худди,аввалгидек, гўё. муҳим иши бордек, муҳаррирнинг хонасига кириб чиқар, ходимлар олдида ноқулай вазиятини билдирмасликка ҳаракат қилар эди. Аммо,  Йўлдош иккиюзламачиликни ёқтирмас эди. Кимлигидан қатъий назар, камчилигини юзига айтарди. Мунофиқ, риёкорларни кечира олмасди. Бу сафар ҳам дилидагини Хўжаеванинг юзига айтиб солди:

          -Зарифа Хўжаева, сизнинг менга нисбатан  қилган ҳатти-ҳаракатингизни кечириб юборади деб ўйладингизми?   Мен сизга ёмонлик қилмайман. Ким ҳақ, ким ноҳақ, ҳаммасига оллоҳнинг ўзи шоҳид.

          -Айб менда эмас, Йўлдош ака, мени ҳам сизга қарши тезлашди. Бунчалик бўлишини ҳеч ўйламовдим,-ўзини беайб кўрсатишга уринди Зарифахон.

          -Майли, нима бўлса бўлар, ишлайверинг, сиз  менга эмас, ўзингизга кўпроқ жабр қиляпсиз.

Хўжаева бошини қуйи солганча хонадан чиқди. Йўлдош унинг суд мажлиси якунида айтган, Маҳкамовни ҳибсдан озод қилмаслик, йўқса у Зарифага тазйиқ ўтказиши мумкинлиги, ундан ўч олиши тайинлиги ҳақидаги фикрини  асло  унитолмас, кечиролмаслигининг сабаби ҳам шунда эди.

Шу орада ёрдамчи хўжалик ерига экилган буғдой ҳосили ўрилиб, таҳририят ходимларига тарқатилди. Матбуот байрами муносабати билан барчасига мукофот пули берилди.

Х   Х   Х 

          -Сиз муҳаррир Маҳкамовсиз, шундайми?- деди эрталабданоқ, таҳририятда Йўлдошни кутиб ўтирган қирқ ёшлардаги оқ-сариқдан келган киши.

            -Ҳа, менман.

          -Мени Бошариқ туман судининг раиси Тошпўлатов жўнатди. Тафтиш қилишга. Фамилиям Халилов, исмим Суюн.

          -Ҳужжатингизни кўрсак бўладими?

          -Ҳужжат бор, аммо, қўлингизга тутқазмайман, ўқиб беришим мумкин. У шундай деб столнинг устига семиз папкасини қўйиб очди-да,ичидан бир варақ қоғозни олиб овозини чиқариб ўқий бошлади. Халилов суд томонидан юборилганлигини, йигирмадан ортиқ банд бўйича таҳририят фаолияти қайта текширувдан ўтказилиши лозимлиги тўғрисида маълум қилди.

          - Ишонгандирсиз энди? - сўради пичинг аралаш тафтишчи.

          -Ҳа, ишонганда қандоқ, хуш келибсиз, - деди Йўлдош ҳам саволига яраша.

          -Бўлмаса, вақтни кетказмай, ишни ҳозирдан бошласак. Аввало, тўрт гектар ерингизни ўлчаб келамиз. Мен ҳозиргина ҳоким ҳузурида ҳам бўлдим. Туман аграсаноат уюшмасидан ер ўлчаш учун мутахасис берадиган бўлишди,-деди тафтишчи ўрнидан қўзғаларкан.

Улар хонадан чиқиб, ер ўлчайдиган мутахасисни олиб қишлоқ томон кетишди.Токи тушга қадар таҳририят ерини 2-3 мартадан бўйига ҳам, узунасига ҳам ўлчаб чиқишди. Ер 4 гектардан ортиқ чиқмади.Бу Халиловни қаноатлантирмади, унинг кайфияти биринчи қадамдаёқ бузилди. Унинг назарида, тўғриси тажрибасидан келиб чиқиб, камида ярим гектар  зиёд чиқиши керак эди. Таҳририятга қайтгач,  Халилов муҳаррир хонасига барча бухгалтерия ҳужжатларини  олиб келтирди. Йўлдошдан “ бу хонага ҳеч ким кирмасин” деб калитини олди. У ҳар бир журнал, кирим – чиқим ҳужжатларини синчковлик билан кўриб чиқар, хаёли  нуқул ишкал ва камчилик топиш билан банд эди. 

Эртаси куни буғдойни ўриб-йиғиштириб берган комбайнчи ва тракторчини унинг ҳузурига чақириб келишди.Халилов уларни атайлаб то қоронғи кечгача ушлаб  ўтирди.  Берган саволлари фақат ғаллага бориб тақалар: йиққан буғдойларинг қанча, ростини айтинглар, бўлмаса, сенларнинг устингдан ҳам иш қўзғатаман. Редактор билан тилларинг бир. Агар бор гапни айтсаларинг, кетишга рухсат бераман дерди у. Уларнинг иккаласи ҳам буғдой 6 тоннадан сал зиёд чиққанлигини, меҳнат ҳаққига маҳсулот олганликларини билдиришди. Шундан сўнг тафтишчининг чиройи ва иштаҳаси очилиб “даромад солиғи тўламабсизлар-ку” деди ва уларнинг даромад солиғи ҳисобидан 500 кг буғдой олиб келишга мажбур қилди.

Халиловнинг бу ҳатти-ҳаракатлари Йўлдошнинг ғашига тега бошлади, охири бардошига дарз кетди:

            -Халилов, агар мендан хато топмоқчи бўлсангиз, ҳоҳлаганингизча текширинг, аммо, бу тракторчиларни тинч қўйинг, улар меҳнат ҳаққи олди, солиқни мен тўлайман давлатга. Қози сизга қандай топшириқ берганлигини биламан. Сиз қонундан чиқмай иш кўринг.

Маҳкамовнинг эътирози тафтишчининг халқумига келиб турган ғазабини тилига кўчириб юборди.

            -Сиз менга ақл ўргатманг, ука, хўпми? Нима қилишни ўзим яхши биламан. Бу ерга келишдан олдин шаҳарда бир ташкилотни астар-аврасини ағдариб, нақд йигирма саккиз ходимини қаматтириб юбордим. Сиз мен билан ҳазиллашманг. Менга иш ўргатиб, чалғитишингизга йўл қўймайман, деб жаҳл билан қўлидаги қоғозларни столга урди.

          - Кимга аччиқ қиляпсиз? Бор нарсани текшириб, далолатнома ёзиб кетавермайсизми?

          - Сиздан сўраб иш қилмайман,-деганича Халилов яна журналларни титкилашга тушди.

Йўлдош “билганингни қилавер” дегандек, хонадан шитоб билан чиқиб кетди. Тафтишчи нима қиляпти, нималарни текширяпти демасдан бир неча кун хабар ҳам олмади. Одатда, текширувчилар келса, Йўлдош ҳам уларга алоҳида мулозамат-у,  одамгарчилик юзасидан чой-пой дегандек, кўнглини топишга уринарди. Бу сафар “ҳайф одамгарчилик”деди у. Йўлдошнинг йўқлигидан фойдаланган Халилов Хўжаева билан яхшигина тил топиб олишди. Бор йўғи икки-уч кун ичида текширилиши мумкин бўлган таҳририят ҳужжатлари икки ҳафта давомида чуқур таҳлил қилинди. Далолатнома тайёр бўлгач,  уни Йўлдошнинг олдига беписандлик билан ташлади:

          -Олинг, ўқиб, имзо чекинг.

     Қарийиб, қирқ саҳифани ташкил этган далолатномани ўқиркан Йўлдошнинг аввалгиларидан баттар кайфияти бузилди. Яна худди ўша гаплар. Аксинча, Халилов майда-чуйда камчиликларга ҳам алоҳида тўхталган,  хатоларнинг тузатилганлиги тўғрисидаги далолатномаларни ҳисобга олмаган. Ана шу далолатномалар  инобатга олинганида эди, тафтишчи ҳеч қандай камчилик тополмаган ҳасобланарди. Шу сабабли Йўлдош     арзимаган бу нуқсонлар учун тортишиб ўтирмасдан Халиловнинг далолатномасига имзо чекди.

Х  Х   Х

Тошпўлатов тафтишчи аудиторни ўз хонасида қабул қилар экан, унга юкланган топшириқларнинг бажарилишини сўраб-суриштирди. Суюн Халилов қозининг саволларига қандай жавоб беришни билмай “ҳа” деб қўя қолди. Қози тафтишчи узатган ҳужжатни оларкан, унинг ҳар бир саҳифасини ҳафсала билан ўқий бошлади. Ўқиган сари юзлари бужмайиб, ўрнини ранж ва ташвишдан иборат  безовталик эгаллади. Далолатноманинг адоғини тез-тез ўқиб, тугатди-да, бир пас тин олди ва сўнг сўз қотди:

            -Мен сизга нималар деб тайинлаб эдим? Ғалвирга ҳеч вақо илинмабди-ку! Ёки, бирор нарса ундирдингизми?  

          - Нималар деяпсиз, қози ака, Роса кавладим, қўлга илинадигн нарсанинг ўзи йўқ, нимани ёзаман? Икковимизнинг ўртамизда сир бўлиб қолсин-у, Маҳкамовнинг барча ҳужжатлари худди, рисоладагидек тўғри экан. Прократура унга нисбатан нотўғри иш қўзғаган. Олдин ўликни топиб, кейин қабрни ковлаш керак, деди Халилов ўзини оқлаб.

          -Ҳамма гап шунда-да, Суюнбой, - дедиТошпўлатов ўрнидан туриб, хонанинг у ёғидан бу ёғига юрар экан. - Прократура бошданоқ кимларнингдир қистови, илтимоси билан иш қўзғатган. Энди эса менга “нима бўлса ҳам Маҳкамовга жазо берасан” деб оёқларини тираб туришибди. Қийин аҳволда қолдим, бир ёқдан Олий Мажлис депутати ҳам бу ишни назоратига олган. Терговчи ҳар кун келиб учрашяпти. Туман, вилоят ҳокимидан “салом” келяпти. Нима бўлса ҳам Маҳкамовни айбдор қилишимиз керак.

          - Мен қўлимдан келганини қилдим, у ёғи сизнинг ишингиз.

Иши битгач, тафтишчи Тошпўлатов билан хайрлашиб чиқиб кетди. Ёлғиз қолган қози чуқур ўйга толди. Демак, тафтишчи ҳам  бу газетчини айблашга арзигулик хато топа олмади. Нима қилиш керак. Аслида, ишни қайта терговга жўнатса бўларкан.  Бироқ у тафтишчига кўпроқ ишонганди, чуқурроқ кавлаштирса, жиноятга лойиқ ишлари топилади деб ўйлаган эди. Ана ўшанда редактор ва унинг депутати ҳам қаерга мурожаат қилишмасин, ҳукмни бекор қилиша олмас эди. Энди-чи, Донаевга берган ваъдаси нима бўлади, у берадиган пулдан мосуво бўлиб қолаверадими? 

         Қозининг кўз олдидан жарақлаган, янги-янги пачкали пуллар ўта бошлади. "Э, нима бўлса бўлар, Маҳкамовни ҳеч бўлмаса, уч йил озодликдан маҳрум этиб, бу даврда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этаман. Яна бир иккита чораларни қўллайман.Қамоқни кўриб келди,  Қандай жазо берсам ҳам рози бўлади,  осон қутулганига шукур қилади ҳали. У ёқ, бу ёққа югуришга ҳоли йўқ-ку,  ҳукмни ўзгартиришнинг ўзи бўладими. Ҳукм ўқилдими, тамом, уни туғилмасдан йўқ қилиш арзон, туғилгандан кейин эса , қимматга тушади. Шикоят қилса ҳам вилоятга боради. У ердагиларнинг ҳоҳиши бор, ҳукмимни тўғри қабул қилишади.  Ҳали суд бўлишигача анча вақт  бўлишига қарамасдан Тошпўлатов кўнгли хотиржам бўлиши учун Маҳкамовга бериладиган жазо ҳукмининг лойиҳасини тайёрлаб қўйди.

Х   Х   Х

Суд зали. Яна ўша такрорий манзара. Тошпўлатов  ўзининг икки маслаҳатчиси билан ўз жойини эгаллаган.Прокурор маслаҳатчиси ва адвокат ҳам ўз жойларида ўтиришибди. Барча суд мажлисининг бошланишини кутмоқда. Ниҳоят, қози судни очиқ деб эълон қилди. Дастлабки сўзни редакциянинг беш йиллик фаолиятини текшириб чиққан тафтишчи Халиловга берди. У ўртадаги минбар ёнига келиб, ёзган далолатномасини ўқишга киришди. У маълумотларида, барча айбларни Маҳкамовга тўнкашга ҳаракат қилар, онда-сонда қози ташлаган саволларга тутилмасдан бурро жавоб қайтарар эди. Энди гувоҳларга навбат келган эди, дастлаб, ижарачи Бакир Холматов суд залига чақиртирилди. Унинг илгари суд эшигини кўрмаганлиги билиниб, ҳаяжонланганлиги шундоққина сезилиб турарди. Тошпўлатов уни саволга тутди:

          -Исм Фамилиянгиз?

          -Холматов... Бакир...

          -Нечанчи йил туғилгансиз7

          -1979...

          -Судланувчи Маҳкамов Йўлдош кимингиз бўлади?

          -Амаким.

          -Айтингчи, сиз 1996 йилдан буён ёрдамчи хўжаликда ишлар экансиз, редакция билан шартномани ким тузар эди?

          -Ўзим тузар эдим.

          -Шу йиллар ичида неча марта шартномага имзо чеккансиз?

          -Ҳар йил тузиладиган шартномага ўзим қўл қўйганман.

          -Суланувчи Маҳкамов қўшни туман босмахонасига 6 тонна буғдой берганман деяпти. Шуни тасдиқлайсизми?

          -Ҳа тасдиқлайман.

          -Қандай қилиб тасдиқлайсиз? Сиз бу воқеани кўрганмисиз?

          -Ўша олти тонна буғдойни бизнинг уйимиздан ортиб берганмиз. Уч киши бўлиб, сатиллаб ортганмиз.

Неча соатда ортиб бўлдиларингиз?

          -Ҳозир эсимда йўқ. Биз қоронғи тушмасдан бошловдик,  қоронгғида бўлдик. Тахминнан, уч-тўрт соат бўлса керак.

          -Сиз билан кимлар ортишган эди?

          -Акам  Комил Холматов ва қўшнимиз Ҳакимжон.

          -Шундан сўнг залга Комил Холматов ва Ҳакимжонлар ҳам чақиртирилди.. Худди Бакир каби уларга ҳам турли саволлар берилди. Камол ҳам қўшни туман босмахонаси вакиллари бир кун кечқурун “Камаз” машинасида борганликларини ва буғдойни уч киши бўлиб машинанинг юкхонасига ортишганлигини баён қилди.Камол бу гапларни айтаётган пайтда босмахона директори Эсиргаповнинг жаҳли чиқар, “ёлғон, ёлғон!-деб унинг сўзини бўлишга уринарди. 

Гувоҳлар сўроқ қилиб бўлингач, навбат Эсиргаповга келди.У худди олдинги судда берган инкор жавобларини айтди. Маҳкамовдан буғдой олмаганлиги, фақат унинг илтимосига кўра ишонч қоғозига имзо чекиб берганлиги, газета чиқариб берганлиги учун Маҳкамов унинг ишчиларига нақд пул берганлигини такроран таъкидлади. 

Шу дамда Йўлдошнинг оқловчиси Амирова қозига мурожаат қилиб, Эсиргаповга савол беришга рухсат сўради. 

          -Эсиргапов,сиз босмахона директорисиз, қонунни, ҳисоб-китобни  яхши биласиз, Босмахона сизнинг хусусий ташкилотингиз эмаски, ундан ҳоҳлаган усулингизда фойдалангансиз. Майли, сиз айтганча бўла қолсин, Маҳкамов сизларга ҳар бир газетасининг чоп этилиши учун қирқ минг сўмдан берган экан. Сиз бу пулларни ташкилотингиз кассасига кирим қилдингизми?

   -Эсиргапов “йўқ” дегандек, бош силтаб жавоб берди. 

            -Кечирасизлар, ўтган сафар суд йиғилишида қўлимда маълумотлар етарли бўлмагани учун савол ташламаган эдим. Маҳкамов бир йил давомида газета чоп этиш  мақсадида  Эсиргаповнинг корхонасига  тўловнинг саккиз ойи учун 6 тонна бўғдой ва кейинги тўрт ой учун 210 минг сўм нақд пул тўлаган, жами 720 минг сўм, шартномалари бор, мавжуд шартномалар асосида барча ҳисоб-китоб ишлари ҳужжатлаштирилган. Аммо, Эсиргапов ҳар иккала тўлов суммаларини корхонага кирим қилмасдан, даромадни ҳамда солиқни яшириш жиноятини содир этган. Бу ҳам етмагандек, прократура текширувини олиб борган солиқчи вакиллар билан  ўзаро тил бириктириб Муҳкамовга туҳмат уюштиришда шериклик қилган. Ҳурматли судя, сиздан илтимос, ушбу жиноий ишнинг Эсиргаповга тегиши қисмини алоҳида кўриш ва жазо белгалаш учун ажрим чиқаришингизни сўрайман. 

          -Мен қаршиман, текшириб кўрмасдан туриб бундай хулоса беришга нима ҳаққингиз бор,- деди директор Амировага ёв қараш қилиб.

          -Мана бу ҳужжатлар Маҳкамовга тегишли, сиз томон ҳам текширилса, ҳамма гап ойдин бўлади. Кирим қилган бўлсангиз, қаерга ишлатганингизни, тўлаган солиқларингизни исботлайсиз, олам гулистон, нега бўзовта бўлишингиз керак?

Амированинг бу саволи жавобсиз қолди. Суд залида ғала-ғовур бошланди. Маҳкамовни қўллаб келган қатнашчиларнинг юзларига хурсандчилик эниб, чуқур  нафас олдилар.   

          -Суд мажлисининг иккинчи куни ҳам мана шундай тортишув билан ўтди. Ҳамма гувоҳлар сўроқ қилиниб бўлинган эди. Навбат адвокатларга келди. Дастлабки сўзни Йўлдошнинг оқловчиси Амирова олди.

          -Ҳурматли суд ҳайъати, -дея маърузасини бошлади у,- Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми “в”,”б” ва “в” бандлари ва бошқа моддалари билан айбланиб судланаётган Маҳкамов Йўлдош ва бошқаларга нисбатан қўзғатилиб, судга оширилган ушбу жиноят иши қуйидаги асосларга кўра қўшимча терговга қайтарилиши лозим: тергов органлари томонидан 1991 йилдан буён газета муҳаррири вазифасида ишлаб келган Маҳкамов Йўлдош ғаразли мақсадларда ва паст ниятларда ўзининг мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиб, ўзининг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириб, талон-тарож қилиб ҳамда солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлаб жиноятлар содир қилганликда айбланган. Авваламбор, тергов органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 22-моддаси талаблари қўпол равишда бузилган. Иш бир томонлама кўриб чиқилиб, судга оширилган.

Шундан сўнг адвокат Маҳкамовга қўйилган барча айблар уюштирилган туҳматдан бошқа нарса эмаслиги,  бунинг учун унда инкор этиб бўлмайдиган ҳужжатлар мавжудлигини айтиб, қўлидаги қўшимча ҳужжатлар ва далилларни судга тақдим этди. Ўз навбатида бошқа оқловчилар ҳам мижозлари тўғрисидаги ўз фикр-мулоҳазаларини айтдилар.

Х   Х   Х   

Суд жараёнининг учинчи куни судланувчиларга охирги марта сўз берилди. Йўлдош судда охирги марта сўзлашим деган умидда ўрнидан туриб ўзини ҳимоя қилди:

          -Ҳурматли суд ҳайъати, Қарийб, икки ой  вақт мобайнида менинг айбим бор, ёки, йўқ эканлигини исботлаш учун анча мутахасислар жалб қилинди. Афсус -надоматлар бўлсинки, теуширишда қатнашган мутахасисларнинг барчаси ҳақиқатни юзага чиқаришни эмас, балки нуқул мени айблаш, гуноҳкорга, жиноятчига чиқариш пайида бўлдилар. Ўзларингиз ҳам бунга гувоҳсиз. Чунки ўтган суд мажлисида солиқлар тўғрисидаги менга қўйилган айблар тасдиғини топмаганлиги учун қайта тафтиш тайинланган эди. Аммо, негадир тафтишнинг “солиқлар қисми”  текширилмади. Бу ҳам келишувчилик аломати эмасми?Мобода солиқлар тафтишдан ўтказилганида, олдинги суддаги тафтишчиларимизнинг сирлари ўз-ўзидан  очилиб қолар эди. Текширилмаганлигининг сабаби ана шу. Бошқа   айбловлар ҳақида ҳам хулосам шундай. Менга қўйилган айбларнинг ҳаммаси ғирт туҳматдан иборат.Тўғри, беайб парвардигор, иш фаолиятимда мен ҳам бирор хато қилгандирман, лекин жиноят қилган эмасман. Сизлардан илтимос, ҳукм чиқаришда адолат бузилмасин. Бобомиз Амир Темур “юз йиллик тоат-ибодатдан кўра, бир соатлик адолат афзалдир” деганлар.

Йўлдош сўзини поёнига етказиб, жойига ўтираркан, кўзлари беихтиёр қози Тошпўлатовнинг кўзларига қадалди. Қозининг кўзларида “адолат бўлади, албатта” деган кинояли маъно бор эди. Бутун суд мажлиси давомида судянинг ҳатти-ҳаракатлари Йўлдошни таажжубга солди.У адвокат Амированинг келтирган раддияларига парво ҳам қилмади, имкони борича гувоҳларни Йўлдошга қарши сўз айтиши учун қилган ҳаракати берган саволлари, сўзларининг оҳангидан сезилиб турди. Ўз навбатида судланувчилар ҳам фикрларини баён этишди. Кейин суд ҳайъати маслаҳат учун ичкари хонага кириб кетишди ва орадан ўн дақиқалар ўтгач қайтиб чиқишди. Тошпўлатов ҳукмни ўқиди:

Дастлаб у судланувчиларннг таржимаи ҳолларига тўхталиб, туман прократураси қўйган айбномани батафсил ўқиб берди. Энг ажабланарли томони шу бўлдики, кейин юборилган аудитор тафтишчи хулосалари ҳам ҳисобга олинмасдан, айблов фикри ҳамда суд жараёни мобайнида битилган ҳукм ҳам олдинги суд жараёнидан нуқтама-нуқта кўчирилиб, ҳукм ҳам шунга мос равишда ёзилган эди. Тошпўлатов баланд  овоз билан ҳукм матнини ўқишда давом этарди.

          -Судланувчи Маҳкамов Йўлдош Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а”, “б”, “в” бандлари билан айбдор деб топилсин  ва бошқа қатор моддалар...Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а”, “б”, “в”  Жиноят Кодексининг 45- моддаси қўлланиб. Мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан 3(йил) маҳрум этилган ҳолда, унинг мол-мулки давлат ҳисобига мусодара қилиниб, Жиноят Кодексининг 57-моддаси қўлланиб икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилинсин. Жазони умумий тартибдаги манзилларда ўташлик белгилансин. Жиноят кодексининг 205- моддаси 2- қисми “в” банди билан мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан 3 (йил) муддатга маҳрум этилган ҳолда, мол мулки мусодара қилинсин, жазони умумий тартибда қамоқ манзилларида ўташ белгилансин. Жиноят Кодексининг 184-моддаси 2 қисми “а” ва “б” бандлари билан бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилинсин, жазони умумий тартибда қамоқ манзилларида ўташ белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 59- моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан  Маҳкамов Йўлдошга  узил-кесил уч йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин. Жиноят кодексининг 45-моддасига кўра қўшимча жазо тарикасида  мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан 3 (йил) муддатга маҳрум этилган ҳолда, унга тегишли мол-мулк давлат фойдасига мусодара қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 28-август кунидаги Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг тўққиз йиллиги муносабати билан амнистя тўғридаги фармонининг 2-моддасига асосан Маҳкамов Йўлдош асосий жазодан озод қилинсин.

      Ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг Маҳкамов Йўлдошга нисбатан қўлланилган  “муносиб хулқ-атворда бўлиш” ҳақида тилхат орқали очиқда қолдириш эҳтиёт чораси бекор қилинсин.

     Ҳукмдан норози томон ўн кунлик муддат ичида мазкур туман суди орқали вилоят жиноий ишлар бўйича судига шикоят ёки протест келтиришлари  мумкин. 

Тошпўлатов ҳукмни ўқиб бўлгач, “мана шунақа гаплар” дегандек, залдаги қатнашчиларга нигоҳ ташлади. Унинг  бу қарашидан “менинг айтганим айтган, деганим деган”  маънони ўқиб олиш қийин эмасди.

Суд тугади. Йўлдош шу лаҳзанинг ўзидаёқ, оқловчиси Амирова билан суд ҳукми устидан вилоят апиляция судига шикоят қилишга келишиб олди.

Х   Х   Х   

      Ҳукмни ўқиб эълон қилган Тошпўлатов енгил нафас олиб, елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди. Хонасига ўтиб, қўлидаги ҳукмни стол устига қўйгач, ичкарига  Хўжаева кириб келди. 

          -Қози ака, Маҳкамовни бопладингиз, сизга гап йўқ, ташланг қўлни. Тошпўлатов унинг майин қўлчаларини кафтлари орасига олиб сиқди. 

          -Хурсандмисиз энди, Зарифахон, мана илтимосларингизни ерда қолдирмадик. 

          -Албатта хурсандман. Бу яхшилигингизни ҳеч қачон унутмайман. Аслида , амнистяни қўлламасангиз яхши бўларди, қамоқда уч йил ётиб, кўзи очилсин эди.       

Тошпўлатов оғзининг бир  чеккаси қулоғигача етиб, курсисига ўтираркан , иштаҳаси карнай, ёши қирқларга бориб қолган бу  аёлга суқ кўзлари билан баднафс нигоҳини қадади. Жувоннинг мамнунликдан порлаб турган кўзларига боқаркан, бир зум Хўжаевани ўз қучоғида тасаввур қилди. Ушбу суд ишини бошлаганидан буён  бу аёл унинг қабулига тез-тез келиб хонасида узоқ вақт қолиб, баъзан иккаласи ҳоли қолиб тушлик қилишди, коньяк ичишди. Тошпўлатов Хўжаеванинг дардини, у ҳам тепадан берилаётган  топшириқларни бажаришга мажбур эканлигини тушинарди. Лекин, нима учун мажбур, мансаб учунми, эҳ нодон аёл-е, муҳаррирлик  сенга тегадими, йўқми? Тунов куни  Хўжаева атайлаб кечки пайт қозининг ҳузурига келди, иккаласи ҳоли жойда овқатланишди, ҳамсуҳбатлар сархуш ҳолга тушиб қолишди. Тошпўлатов  жувонни  гапга солиб,  ичидаги бор дардини тинглаб олди.    У мутлақ ўзининг асирига айланган бу  жувонни меҳрибонлик билан  бағрига босди... Кейин улар ошиқ-маъшуқлардек. қозининг шаҳар чеккасидаги дала ҳовлисига кетишди. Ҳозир ҳам Хўжаева шу боисдан бўлса керак хонада эмин- эркин яйраб ўтирар, айни пайтда у қозининг ҳар қандай шартига рози эди.Буни Тошпулатовнинг ўзи ҳам билиб турибди, бу кўнгилхушликни қўлдан бергиси йўқ.

          -Зарифахон, сиз бекатга яқин жойга бориб туринг, хўпми, мен ярим соатга қолмасдан ишимни битказиб,сизни ўша жойдан олиб кетаман, деди жувоннинг билагидан ушлаб ўзига тортар экан.

          -Майли, лекин кўп кечикманг, хўпми? - деди Хўжаева ҳам нозланган оҳангда.

Орадан ярим соатлар вақт ўтгач, Тошпўлатов машинасида Зарифахон билан яна ўша манзиллари томон йўл олишди.

Кейинги бир ҳафта Йшлдош учун беҳаловат кечди. Суд ҳукмининг бир нусхасини олиш унинг учун осон кечмади. Уни роса сарсон қилишди. Ҳар гал борганида суд котиби: “Ҳукм тайёр эмас, қозидан сўранг” деган гапни такрорлайверди. Қозига учрашганида эса, қовоқ тумшуғи осилган Тошпўлатов: “Адвокатингиз охирги суд кунидаги маърузасини бергани йўқ, олиб келсин, ундан сўнг берилади” деди. Ваҳоланки Амирова шу оннинг ўзидаёқ қўлидаги маълумотларни қозининг ўзига тақдим этган эди. Хуллас, Амирова кўрсатмаларидан яна бир нусха олиб, қозига берди. Йўлдош  бир неча кун мобайнида йўналиши ноўнғай бўлган қўшни туман судининг биносига бўзчининг мокисидек қатнади. Тоқати-тоқ бўлгач, Тошпўлатовнинг бу ҳатти – ҳаракатлари тўғрисида, яъни , атайлаб ҳукмнинг бир нусхасини беришликни пайсалга солиб келаётганлиги ҳақида Адлия вазирига шошилинчнома маълум қилиб, адвокати билан вилоят судининг раисига учрашганидан сўнггина олишга  эришди.

Йўлдош ўз оқловчиси билан биргаликда вилоят апиляция судига шикоятнома ёзди. Йўлдош қози Тошпўлатов томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар вилоят судида кўриб чиқилса,  бундай хато камчиликларга йўл қўйилмаслигидан умидвор эди. У бунақа ишларга устаси фаранг эканлиги, бир ишни бошладими, гарчи, ноҳақ  бўлса ҳам, ўр ёнини бермасдан охирига етказмаса тинчимаслигини билиб олди. Йўлдош ҳукм нусхасини олиш мақсадида елиб-югииб юрган кезларида қозини ҳам вилоят судида кўп учратди. Худди, иккаласи ҳам ўзини-ўзи   ҳимоя қилиб,  бу остонага бош уриб юргандек, бир-бирлари билан тўқнаш келсалар ҳам юзларига қарамасдилар.

Х   Х  Х 

Август ойининг ўрталарида Йўлдош меҳнат таътилига чиқиш учун ҳоким ўринбосари Рахмон Эштемировга учрашди.Ҳоким муовини мен каттадан сўраб билайин-чи, деб ичкарига кириб кетди. Бир оздан сўнг чиқиб, “бир йўла ишдан бўшаш учун ариза ёзиб кетаверсин” деб жавоб берганлигини билдири. Дарҳақиқат, ҳокимнинг жавоби шундай бўлишини унинг ўзи ҳам билар эди. Энди у нима қилиши керак? Йўлдош таҳририят касаба убшмаси билан йиғилиш ўтказди-да меҳнат таътилига чиқди.У сўнгги пайтларда соғлиги ёмонлашаётганлиги сабабли ташвишланиб юрар, докторларга учрашиб маслаҳат олиш учун ҳам вақт тополмас эди. Таътилга чиққач, шифокор билан учрашди. Врач унинг ҳолатини  жиддий таҳлил қилиб, камида икки-уч ҳафта шифохонада ётиб даволаниши зарурлигини билдирди. “Сизга, фақат, тинчлик, осойишталик керак, асабийлашиш мутлақ мумкин эмас. Ана шундагина,  саломатлигингизни бир оз тиклаб олишингиз мумкин” деди доктор у билан хайрлашар экан. Илож қанча, эртаси куниёқ у асаб касалликлари бўлимига бориб жойлашди. Кунига уч маҳал муолажа, турли  соғломлаштириш  машқлари ва бошқа табиий гиёҳлар истеъмол қилишни бошлади.

Орадан икки кун ўтиб хотини Барно гап топиб келди. Ҳоким Йўлдошни ишдан бўшатишга қарор чиқарибди. Ишхонасининг калитини сўраб ҳокимият вакиллари уйига боришибди.Бу хабар Йўлдошнинг кайфиятини бузди. “ Касалхонадан чиқишимни кутса бўларди-ку,  шунчалар мансабга ўч деб ўйлашяптими булар мени?” Йўлдошнинг фиғони чиқди.  Расул Раҳимович ўзига ижтимоий масалалар бўйича янги ҳоким ўринбосрини  тайинлагач,   Рахмон Эштемиров орқали бир неча марта ишдан бўшаш учун ариза ёзишини талаб қилди.  Аммо, Йўлдош осонликча таслим бўлмаслигини ҳокимнинг ўзига  ошкор айтганлиги сабабли,  унинг бор имкониятларидан фойдаланиб курашни авж олдиришини билиб турарди. 

                                                                                                                 Давоми бор.
Мавзуга оид: