Янги асар хабари
ТУҲМАТ ГИРДОБИДА
Боши ўтган сонларда
-Нега у ҳолда сизни бу ҳужрага олиб келишди?
-Билмадим.
Йўлдош маҳбусларнинг юзларига разм солди. Улар узоқ муддат қуёшни кўрмаганлик ларидан ранглари оқариб кетишган, кўзлари нурсиз, юзлари сўлғин ҳолга тушиб қолган. Шунинг учун уларга вақтнинг қай тарзда ўтиши бари-бир эди. Ишқилиб, гарданларига осилган муддат шиддат биланми, ёки, секинлик билан бўлсаям, қисқарса бўлгани эди. Хонанинг бурчагида, худди, тумандаги ҳибсхонага ўхшаш ҳожатхона жойлашган. Ўртада эса, овқатланадиган стол. Ҳар бир маҳбуснинг ўзига тегишли товоқ- қошиги бор. Буларнинг барчасини Йўлдош бу ерга келмасидан бурун Яхшибойдан эшитган эди. Аммо, нима учун уни муқаддам судланганлар орасига жойлашганини тушуна олмади.
-Хў-ў-ўш, ука, ёзувчиман денг,-деди ёши қирқлар атрофидаги сочи тарашлаб олинган, кўз-қобоқларидан гиёҳванд модда истеъмол қилиши билиниб турган маҳбус унинг ёнига келиб ўтирар экан.
-Ҳа, шундай.
-Нега қамашди? Нима, редакциянинг қоғозларини ўмарибмидингиз? Ёки, бошқа номаъқулчиликлар бўлибмиди?
Бунақа ҳазиллар, жиғига тегишлар қамоқхонада бўлиб туришини кўп эшитганди Йўлдош. Шу сабаб:
-Ҳа, шунақа бўлиб қолди,-деб қўяқолди у.
-Мен озодликда пайтимда икки-учта шунақа журналистларни билардим. Бариси ғирт ёлғончи, “машенник” эди. Катталарнинг ялоқхўри эди. Сиз ҳам ўшаларнинг биридирсиз-да, топдимми?
-Унинг бу гапларига Йўлдош ортиқ чидай олмади. Аҳвол шу тарзда кетса, ҳаммасини ичига ютаверса, охири бориб бу “нашаванд”лар нималар қилмайди унга. У шу кунгача йиққан бор аламини шу нусхани дўппослаб тарқатмоқчи бўлди. Бир зумда уч йиллик ҳарбий флотдаги хизмати ҳамда кейинги ҳаётидаги спорт курашларида олган машқларини вужудига тўплаб, иккала қўлининг панжаларини жуфтлаб, темир тўқмоқдек муштини қаршисида кўзларини лўқ қилиб турган маҳбусга тўғрилади:
-Журналистни ҳақорат қилма! Яхши, ёмон ҳамма жойда бор. Беайб парвардигор! Менга келсак, Ҳалол одамман, сен ўйлагандек...
-Ҳақорат қилсам, нима қиласан? Менга ақл бўляпсанми? Ҳалол бўлсанг бу ерда нима қилиб юрибсан? Ҳалол одам қоптими бу қасамхўр дунёда? Атрофдагилар маҳбуснинг гапини маъқуллаб ҳиринглаб кулишди. Бундан мамнун бўлган маҳбус ҳамманинг нигоҳини териб келиб, яна Йўлдошга тикилди, қалайсан дегандек қошини бир учириб қўйди.
Ҳа, ана энди бўлар гапни айтдинг. Бу қасамхўр дунёда тухматга қолганлар, ноҳақ қамалганлар йўқми, бор ичларингда.
-Мобода агент эмасмисан?, - беўхшов ишшайди маҳбус.
-Тўғри, боши балога қолганлар ҳам бор,-деб хонадаги бир неча маҳбус Йўлдошнинг фикрини маъқуллади. Бошқаларнинг ҳам мийиғидаги кулгиларидан вазият юмшай бошлаганини Йўлдош сезди ва мушакларини секин эркин қўйиб, муштларини очди.
Янги келган маҳбус билан савол-жавоб тугагач, ҳамма ўз иши билан машғул бўлди. Қатор қилиб жойлаштирилган ўринларда маҳбуслар ётибди, айримлари хуррак отишар, бошқалари сўкиниб қўярди. Бу ерда ишлари судда қайта кўрилиб чиқилишини олти ой, бир йиллаб кутаётганлар бор экан.Инсон турмуш тарзига тамомила ёт бўлган бу шароитга қандай чидар экан одамзод, ўйларди Йўлдош,
Биринчи тун Йўлдошнинг кипригига уйқу илинмади. Қамоқхонага олиб кетишаётгандаги хотини ва болалари ортидан жовдираб қолганликлари, айниқса, ўғли Қодиржоннинг кўзларида жиққа ёш билан”кетманг, ота, қаёққа кетпсиз?!” деб қўлларини қўйиб юбормагани, хотини унинг жажжи қўлларини аранг ажратиб олгани кўз олдига келиб, зўрға ўзини тутди. Хўрлиги келди. Ўзига эмас, бир-биридан ширин болалари ва аёлига ачиниб кетди. Туҳматчиларни лаънатлади.
Аслини олганда Йўлдош бундай қийинчиликларни енгиб ўтишга тайёр эди. У ҳарбий денгиз флотида уч йил хизмат қилган, қамоқхонадаги айрим шароитлар, тартиблар кемадагидан қолишмас экан. Ҳарбий хизматда ва ундан кейин ҳам мунтазам равишда жисмоний тарбия билан шуғулланиб келганидан унча-бунча одам унга курашда бас келолмасди. Қўрқиш ҳисси деган туйғу унга бегона. Доим ўз фикрида собит тура олган, “Тиз чўкиб яшагандан кўра, тик туриб ўлган афзал” шиорга эътиқоди баланд эди. Аммо, кейинги кунлардаги вазиятларда на ақли, на кучи унга ёрдам беролмаяпти.
У кечаси билан диққат бўлиб, ич этини кавлайвергач, тонгга яқин қон босими ошиб, тоби қочди. Эрталаб воқеадан воқиф бўлган навбатчи маҳбус Маҳкамовни қамоқхона касалхонасига ўтказди. Тегишли муолажалар қилинди. Дори таъсирида у бирор соатлар чамаси ухлади. Кўзларини очганда теварагида уч-тўрт нафар ўзидан ёшроқ йигитларни кўрди. Улар столга дастурхон ёзиб, овқатланишаётган эдилар.
-Келинг, юртдош,-деди уларнинг барвастароғи қўлидаги чойга имо қилиб,-овқатланамиз. Танишиб олайлик, менинг исмим Мардон, Самарқандда тураман. Бу Рустам, буниси Вова.
Йўлдош ҳам ўзини таништирди.Нима сабабдан бу ерга келиб қолганлигини қисқагина тушинтирди.Кейин ҳаммалари карта ўйинга тушиб кетишди.
-Қамоқхонада бирор нарса билан овунмасанг, ўйлайвериб, ўйлайвериб ўзингни ўзинг еб битирасан. Шу мақсадда маҳбуслар вақтни ўтказиш мақсадида карта ўйнашар, қўшиқ ҳиргойи қилишар, бир-бирларининг кўнгилларини кўтариш учун ҳазил мутойиба қилишарди. Кун билан туннинг фарқ йўқ бу ерда. Маҳбуслар учун қиладиган иш йўқ. Ётиб ухлаш, бекорчилик, суд кунини кутишнинг ўзи энг оғир азоб, жазо. Айни шу лаҳза ташқарида кечами, кундузми билиб бўлмайди. Ҳафтада бир марта ҳаммомга борилади. Ҳар куни ярим соат сайрга олиб чиқилади. Сайргоҳ – усти симтўр билан ёпилган, тўрт тарафи қалин девор билан ўралган жой. Мусаффо ва ложувард осмонни, бобо қуёшни сим тўр ортида бўлса-да, кўриб турганларига шукур қилишади маҳбуслар. Лекин, ҳамхонаси Мардон доимо ғамгин ўтиради, очилиб-сочилиб гапирмайди. Унинг нимадандир қаттиқ безовталиги, жонсараклиги билиниб туради. Бошқа шериклар уйқуга кетишгач, Йўлдош секин Мардоннинг кўнглини сўради:
-Мардон, нимагадир юзингиздан ҳеч маюслик аримайди. Бу ерга тушганингизнинг сабаби нима?
Мардон бир оз сукут саклаб туди-да, кейин дардини ёзди:
-Эй, ака, сиз сўраманг, мен айтмай. Ичимда дардим кўп, бўғзимга қадар келган. Пешонамга қамоқнинг азобини тортиш ёзилган эканми азалдан, ишқилиб, шундай бўлди... Укам, акам уччаламиз биргаликда Мустақилликдан сўнг “Камаз” автомашинасини сотиб олган эдик.Ўзимиздан Россияга мева-чева, қовун-тарвуз,узум, пиёз каби маҳсулотларни олиб бориб, у ердан шифер, тахта, фанер сингари қурилиш материалларини олиб келиб аҳолига сотардик. Ростини айтсам, топишимиз ёмон бўлмади. Яна иккита юк машинаси сотиб олдик. Авжимиз баланд эди. Кичик укам олий маълумотли иқтисодчи бухгалтер эди, импорт ва экспорт билан шуғулланувчи юридик ташкилот очдик. Ҳамма ишимизнинг қонуний бўлгани яхши дедик. Ҳокимият ер берди, катта база қурдик. Туманни ярмини қурилиш материаллари, керакли маҳсулотлар билан таъминлай бошладик. Акфа ромлар, эшиклар ясашни бошладик. Сиз ҳам газетангизда мақола берган эдингиз, ёдингиздами?
- Э, ҳа, “Довон” корхонасими? Сиз директормидингиз?
-Укамиз бошлиқ, биз икки ака оддий шофёр эдик. Базамиз балансида икки йил ичида миллиардлаб пуллар айланди, 30 кишини ишга олдик. Узоқ маҳаллаларимизда филеалларимизни очмоқчи эдик. Афсус, мана шу ҳоким келди-ю ишимизнинг белига тепди. Очиқдан очиқ босқинчиликни бошлади. Аввал илтимос қилиб жуда кўп маҳсулотимизни ўзига, ошна оғайнисига совға деб олди. Бунинг устига устак ҳокимиятнинг нимаси кўп, тадбири, байрами, комиссияси кўп экан, ҳаммаси бизнинг гарданимизга туша бошлади. Энг ошиб тушгани шу бўлдики, маҳаллалардаги кам таъминланган оилаларга ҳомийлик қиласан деб базадаги товарларимизнинг ярмидан кўпини мажбурлаб олиб чиқиб, маҳаллаларга тарқатди. Текшириб кўрсак, бу материаллар камбағалларга етиб бормаган, раҳбарлар ўртасида таниш-билишчилик бўлиб кетибди. Бу ҳам етмагандек, шундан кейин ҳам ҳокимиятга ким ёрдам сўраб келса, бизга жўнатадиган одат чиқарди. Бермасак, одамлар қарғаб кетади, “бойларга берасизлару, камбағалларга йўқ” деб Президентга шикоят ёзавердилар. Тарқатайлик десак, ўзимиз банкрот бўляпмиз. Йўқ десак, ҳоким яхши-ю, биз ёмон. Охири, бизни ҳомийликка мажбурламанг, аризачиларни бизга юборманг, истасак, ўзимиз қонуний ҳомийлик қиламиз, деб ҳокимга очиқ хат ёздик. Баттар чатоқ аҳволга тушдик. Эртаси кун ҳоким ўринбосари Ҳайдаров милиция билан булдозерларни бошлаб келиб, “ноқонуний иморат қургансизлар, бу суғориладиган ерлар фалончи фермер хўжалигига тегишли, қарорингиз бекор қилинди” деб базамиз иморатини бир бошдан суриб, буза бошлади. Тракторчига “Тўхта !” дедим, тўхтамади. Буйруйқни зўр олган эканми, бир зумда бино дарвозасини суриб, ҳовлига кириб кетди.Мол аччиғи – жон аччиғи, жон ҳолатда югуриб бориб, бульдозернинг кабинасига чиқдим, ҳайдовчининг ёқасидан ғиппа бўғдим. Трактор таққа тўхтади. Сўнг уни пастга судраб тушиб қанча дўппослаганимни билмайман, тумонат одам йиғилиб кетибди. Милиция мени шу пайтнинг ўзида ҳибсга олди, Ҳайдаров тележурналистларнинг тасвирига тушиб қолмай деб қуён бўлибди. Мана, ўн кундан буён шу ердаман. Укаларим келиб туришибди. Бу ёғи нима бўлади билмайман.
-Бинонгизни бузишмабдими? Улар нима дейишяпти экан ҳозир?
-Сиз ўзингиз қаерда юрибсиз? Газетачилар биринчи бўлиб хабар олмайдими шунақа жойлардан.
-Мен касалхонада эдим, ўзим билан ўзим овора бўлиб, эшитмабман шекилли. Ҳокимиятдагилар бунақа хабарларни бизга етказишдан кўра, жойида босди-босди қилишни маъқул кўрадилар.
-Ҳа-я, аҳволимиз бир-биримиздан баттарга ўхшаймиз. Менга “милиция ходимини қасддан калтаклаган” деган модда ҳам қўшилган. Ҳокимиятга карши иш юритган ва яна аллам балолар ёзилган айбномада.
-Укаларингиз зўр ҳуқуқшунос,- адвокат топишсин. Бузиш мумкин эмас, ҳокимнинг қарорини фақат суд бекор қила олади. Ишхоналарингиз бузилмаслиги керак.
-Депутатимизга мурожаат этдик. Жасур Исмоиловга! Ажойиб инсон эканлар, сайлашда адашмабмиз. Ўзлари келиб, воқеани ўрганиб, ҳокимга учрашиб, барча ишни қонуний ҳал қилишибди. Биномизни ҳам, товарларимизни ҳам жой-жойида қолдирибди.
-Сизгачи, ёрдам бермадими депутат?
- Менинг ишимга аралашмади, буни суд ҳал қилади деди. Мана, судни кути-и-иб ётибмиз.
Йўлдош Жасур Исмоиловнинг номини, бажарган ишларини эшитиб кўнгли таскин топди. Худди, бу муаммони ўзи ҳал этгандек, фахрланиб кетди. Аммо, шуни ҳам англадики, депутат суд ишига аралашмайди, Жасур Исмоилов унинг ҳақида эшитдимикин? Эшитган, ҳеч ким айтмаса ҳам, Барно айтади, аввали, у шу бугуннинг ўзидаёқ, Тошкентга, Олий Мажлисга телефон қилган, Жасур Исмоиловни қаердан бўлса-да топиб аҳволни тушунтирган.
Мардон оғир уф тортди, кейин эса, яна “ бу қанақа гап?” дегандай, Йўлдошга боқиб:
-Аслида, сизлар бундай порахўрларни, нафси ҳакалак отган юлғичларни ёзиб, эл-юртга
ошкор этишларингиз, шармандасини чиқаришларингиз керак,-деди кесатиб.
Афсуски, қонун ва ҳукумат номидан баландпарвоз гаплар гапириб, ўзлари эса, коррупцияни авж олдираётган, жарақ-жарақ пора олаётганларни, сиз айтган ўша “қонун посбониман!” деб кўксини кераётган палидларни фош қилиш осон бўлмаяпти, мана биттаси мен бўладиган бўлсам, аҳволимни қаранг, - деди Йўлдош унинг киноясидан таъсирланиб. У Мардоннинг яккаш, маюс, ўйчан юришининг боисини энди англаб етган эди.
-Адвокат олганмидингиз?-сўради Йўлдош.
-Ҳа, олгандим, лекин адвокат ҳам ваъда бермаяпти, ишингиз оғирроқ, инкор этиб бўлмайдиган фактлар, аммо, имкони борича ҳимоя киламан деди.
-Ҳали имкониятингиз кўп, туман суди бўлмаса, вилоят, марказий органлар бор, деди Йўлдош Мардонни юпатмоқчи бўлиб.
-Бу тизимнинг ўзига яраша қонун-қоидалари бор экан. Мана шу ерга келиб эшитдим. Дейлик туман қозиси қандайдир бир катталар эътиборидаги ишни кўряпти, у ишни бошлашдан олдин жиноятчига нисбатан қандай жазо тайинлашни вилоятдагилар билан маслаҳатлашиб, белгилаб оларкан. Бўлмаса иш тасдиқланмай қолиши мумкин экан. Худди шундай прокурор билан ҳам келишиб олинади. Қисқаси ҳаммасининг тили бир. Биламан, бу иш Олий судгача борсаям, мен томонга заррача қайишмайди,- деди Мардон
Икки тумандош маҳбус алламаҳалгача гаплашиб ётишди. Тонгга яқин бироз мизғиб олишди. Бу ернинг ўз тартиб-қоидалари бор. Эрталаб турган заҳоти барча маҳбус тозалик ишлари билан шуғулланмоғи шарт.Хона навбатчиси соат 09-00да эшик олдига чиқиб, навбатчи нозирга рапорт беради. Шундан сўнг навбатчи нозир йўлакка чиқиб, у ерда саф тортиб турган ҳар бир маҳбусга бақамти келганда, маҳбус қайси модда билан бу ерга келганлигини айтади.Хонанинг тозалиги, саранжом-саришталиги синчковлик билан кўздан кечирилади. Бора-бора Йўлдош ҳам бу тартибларга кўника бошлади. Кеча уларни махсус бир хонага олиб боришиб, ён ва олд томонидан суратга олишди, қўллариниг ҳар бир бармоғидан из олиб қолишди.Ана шундай кезларда “наҳотки мен ҳам жиноятчи бўлдим, ахир бу тадбирлар бекорга қилинмаяпти-ку” деган ўй-хаёллар Йўлдошнинг бошида қора калхатдек чарх урар, зихлиги ошиб, хит бўла бошларди. Қамоқхонадаги айрим таниш зобитлар Йўлдошни бу ерда кўриб, ажабланишар, раҳми ҳам келарди уларнинг. Зобитлар билан гаплашганда у озми-кўпми таскин топар, туҳматчиларнинг эртами, кечми жазоланишига ишончи ортар эди.
Х Х Х
Йўлдош Маҳкамовнинг ҳибсга олиниши бир зумда бутун туманга овоза бўлиб кетди.Ҳамманинг оғзида бир гап: “Эшитдингизми, муҳаррир фалончиевни қамаб қўйишибди. Каттақўрғон турмасида ётганмиш. Ўзининг ходимлари, аёллари бошлиқлари устидан шикоят ёзишибди”.
Бирни кўриб фикр, бирни кўриб шукур қиладиган, ҳозирги кун сиёсатидан, тумандаги аҳволдан, сайловлардаги бўлган воқеалардан бир оз хабардор бўлган кишилар бу ишларни ҳоким уюштирганлигини, Йўлдош ҳокимнинг малайлари ўйлаб топган туҳматнинг жабрига қолиб ўтирганлигини, муҳаррирнинг ҳалол ва бировнинг ҳақига кўз олайтирмайдиган инсон эканлигини билиб, унинг ёнини олишарди.
Эрининг ҳибсга олинганлиги, гўёки, у олдин ҳам бир неча бор қамалиб чиққан одамдек, туппадан-тўғри Каттақўрғон қамоқхонисига жўнатиб юборилгани Барнохоннинг баттар диққатини оширди. Баъзи аёллар сингари сочларини юлиб, ўз дардига ўзи ўралиб қолмади. Турмуш ўртоғи билан кечирган яхши-ёмон кунларида ҳаётнинг ўнқир-чўнқирларини кўравериб, яшаш учун курашга кўникиб кетган, қорачадан келган, ўрта бўйли чаққон бу жувон учун ҳақиқат йўлида курашмоқ ва ҳалол яшаш оилавий анъанасига айланиб бўлган эди.
Ўша, эри Каттақўрғоннинг турмахонасига жўнатилган куни эрталаб Барно тўғри туман прокоатурасига бориб, прокурор билан терговчига нима деса деди. Уларнинг порахўрлигини-ю, иккиюзламачиликларини, ҳақиқий жиноятчилар қолиб, беайб одамларнинг бўйнига бўҳтон ва туҳматдан айб қўйиб қаматиб юборишни одат қилиб олишганлигини бетларига айтиб-айтиб ташлади. Прокурор бўлса, “Янга, бизда айб йўқ, эрингизни суд ҳибсга олди. Бунга бизнинг мутлоқ алоқамиз йўқ”,- деб ўзини оқлашга уринди. Муттаҳам Донаев эса, прокурорнинг оғзидан чиққан ҳар бир гапни маъқуллаб тураверди.
Фарзандларининг кўнгли вайрон бўлган, эри эса, турмада... Барно доим болаларига отаси билан фахрланишни ўргатган, бошларига бундай фалокат тушиши хаёлларига ҳам келмаган эди.Энди барча ташвиш мактаб битирувчиси бўлган катта ўғли Бекзоднинг зиммасига тушди. Қишлоқдаги томарқасига экилган экинларни парваришлаш, бозор – ўчар, мол-ҳолга қараш ва яна отасининг олдига кўргани бориб келиш шу ўсмир боланинг гарданида эди.
Эртаси куни Барно дугонаси билан шаҳарга бориб,малакали адвокат билан гаплашиб келди. Кўп йиллардан буён шу соҳада ишлаб келаётган адвакат аёл хизмат ҳақига эллик минг сўм сўради.У Маҳкамовнинг иши билан боғлиқ барча ҳужжатларни тезроқ олиб келиб беришларини, пулни ҳам имкони борича тўлиқ қилиб, олдиндан тўлашларини тайинлади. Барно кечқурун қўшнисидан қарз олиб, ҳужжатларни ҳам қўшиб, ўғли Бекзоддан бериб юборди. Кейин, машина ёллаб, кичик ўғлини ёнига олди-да, депутат Исмоиловнинг уйига борди.
Исмоилов дам олиш кунлари туманга келиб, сайловчилари билан учрашади. Кечки пайт албатта уйда бўлиб оилавий дам олишарди. Йўлдош уларнинг оилавий тадбирларига кўпинча Барно билан борар, айниқса, сайловда ишончли вакил бўлиб, ғалаба қозонишгач, оилавий борди-келдилари янада яхшиланган эди.Бир неча бор суҳбатида бўлганлиги учун ҳам Барно депутатга ўзини яқин олиб, андиша қилиб ўтирмасдан, дарвозаси олдида эндигина машинасига ўтирмоқчи бўлаётган Исмоиловни баланд овозда чақириб тўхтатди.
-Ака! Тўхтанг, кетмай туринг, ишим бор сизда...
Исмоилов машинасининг эшигини ёпиб, Барно томонга юрди. Саломлашиб, ўғли ва ўзини уйга таклиф қилди, Барно билан келган шофёр рухсат олиб ортига қайтди. Исмоилов бугун туманга кириб келиши биланоқ Йўлдош воқеасини эшитиб, ҳайратланди, сўраб-суриштириб билди, шу сабаб Барнонинг кечгача албатта келишини ҳам кутган эди у.
-Ака, хабарингиз бордир, укангизни қамаб қўйишди. Шу ҳам инсофданми? Кимсан, туман газетасининг муҳарририни-я? Туҳмат қилиб, жиноятчига чиқаришяпти. Шундай аҳволда қамалиб кетоврадими? Сизнинг ишончли вакилингизни қамаб қўйса-ю, депутат бўлиб қараб туроврасизми? Бирор чорасини кўрсангиз бўлмайдими? Исмоилов Барнонинг соддадиллиги, дадиллигини, ҳар нарсага кўз ёши қилиб, нолийвермаслигини, айниқса, меҳнаткаш, ғайратли чўрткесар аёллигини ҳурмат қилади. Ҳозир ҳам ушбу сўзларини биргина депутатга эмас, ҳатто, юртбошимизга ҳам худди шу оҳангда айта олишини тасаввур қилар экан, мийиғида кулиб деди:
-Келин, айтган гапларингизнинг ҳаммаси тўғри. Судя эрингизнинг касалхонада ётганлигини ҳисобга олмай, уни “судга келмади” деб ҳибсга олибди. Ўзим ҳам худди шу масалада қозининг ҳузурига кетаётган эдим, - деди. Истасангиз, юринг, уйингизга элтиб қўяман, ёки, янгангиз билан ҳангома қилиб ўтириб туринг.
- Йўқ, қололмайман, уйга борай, болалар ёлғиз қолган. Раҳмат, ака, кўнглим бир оз тинчиди. Укангизнинг ҳеч қандай айби йўқ, буни биламан.
Барно уй бекаси ҳарчанд илтимос қилишига қарамасдан, меҳмондорчиликка қолмади, машинанинг орқа ўриндиғига жойлашди ва ўғилчасини ёнига ўтқазди. Улар йўлга тушишди. Исмоилов йўл-йўлакай Барнонинг куйиб-ёниб, сўзлаб берган воқеаларни, Йўлдош билан ҳокимнинг учрашуви, ҳоким қўйган шартларни эшитар экан, Маҳкамовнинг даволанаётган пайтида қамоққа олинишига кимлар сабабчи бўлганлигини, барча ноқонуний ҳаракатлар ҳокимдан бошланггани, бунга сайловдаги аламзадалик сабаб бўлганлигини аниқ англаб етди. Бу ишнинг бошида ҳокимнинг ўзи турганлигини, терговчи Донаев, Ҳайдаров ва Ризаевлар ижрочи вазифасини бажараётганлигини кўнгли сезганди. Қозининг бундай нопок йўл тутишида Донаев катта рол ўйнаганлигини тасаввур қилиш қийинмасди.
Депутат судхонага кириб борганида, қози Тошпўлатов ўз хонасида ёлғиз ўтирарди. У меҳмонни хушламайгина қарши олди. Исмоилов ўзини таништиргач, қози ҳушёр тортди. Депутат нима масалада келганлигини у дарҳол сезди. Чунки, Донаев куни кеча яна келиб кетган, бу ишга, албатта, депутат аралашиши мумкинлигини эслатиб кетган эди. Тўғриси, қози Донаевдан бу хабарни эшитгач, диққати ошиб, аввалроқ айтмагани учун терговчини бироз койиди. “жуда фидойи чиқибди-ю, бу депутатимиз, бошқаларининг иши битгач, ишончли вакили тугул, сайловчилариниям бир тийинга олмасдан беш йил кайфу – сафо қилиб юроврарди” деб ўйлади қози ва Маҳкамов ишида қилган хатолари бирма-бир кўз олидан ўтиб, депутатга жавобларини тайёрлаб қўйганди:
-Маҳкамов судга келмаганлиги учун ҳибсга олиш тўғрисида ажрим чиқаришга мажбур бўлдим. Икки – уч марта чақирув қоғози олиб бориб бердик. Аммо у келишдан бош тортди, деди Тошпўлатов ўзини тамоман оқлаб.
-Маҳкамовнинг касалхонада эканлиги тўғрисидаги кўчирмани сизга етказишмаганми? У икки ҳафтадан буён касалхонада ётган экан. Чақирув қоғозини эса, олмаган.
-Чақирув қоғозини уйидагиларга олиб бориб берганмиз. Аммо, касалхонада эканлиги ҳақидаги кўчирмани кўрганим йўқ. Кўрганимда бундай қилмаган бўлардим.
Тошпўлатов шу ерда ёлғон гапирди. Маҳкамовнинг касалхонада ётганлиги ва даволанаётганлиги тўғрисидаги ҳужжат уч кун олдин суд маҳкамасига келиб тушган. Қонунга тамомила зид бўлишига қарамасдан, қози Маҳкамовни ҳибсга олиш тўғрисида ажрим чиқарган эди. Шу бир газетчининг ортидан ким сўраб ўтирибди, биргина хотини бўладиган бўлса, у саводсиз аёлни битта гап билан алдаб юборамиз деб Донаевнинг гапига ишонибди. Тошкентдан Олий Мажлис депутати келиб, айнан шу иш бўйича сўров қилади деб етти ухлаб тушига кирмаганди унинг.
- Қози бобо, -деди Исмоилов босиқлик билан, ўша сиз ҳибсга олган Маҳкамов бир умр газетада ишлаб келаётган инсон. Туманда ўзига яраша ҳурмат, эътибори бор. Ҳозирги кунда соғлигининг мазаси йўқ. Имконингиз борича суд процессини тезлаштириб, ишини адолатли кўриб чиқишингизни истайман. Айбсиз одамни қамаш, унга адолатсизлиқ қилиб, жазо тайинлашга виждонингиз йўл бермайди деб ўйлайман.
-Тўғри, тўғри, судни тезлаштириб, адолат юзасидан ҳукм чиқарамиз, албатта,-деди Тошпўлатов. Кўнглида эса “нима қилишни ўзим биламан, депутат бўлсанг, ўзингга, ишимизга аралашишга ҳаққинг йўқ. Маҳкамовингни ҳоҳласам оқ қиламан, ҳоҳламасам қора... Сен ҳам бир келасан, икки келасан, жа бўлмаса, телефон қиларсан, мирқуруқ, сўнг ўчиб кетасан...” деб ўз кўнглини чоқ қилди-да, Исмоилов билан қуюққина хайрлашиб қўя қолди.
Қозининг хонасидан чиқаркан Исмоиловнинг бу қозидан яхшилик чиқмаслигига кўзи етди. Одамнинг юзи унинг кимлигини билдириб туради. Тошпўлатовнинг бир жойга қадалиб турмайдиган ғилай кўзлари, нурсиз юзи унинг кимлигидан дарак бериб турар, ноҳақ бўлса ҳам “мен ҳақман” деб турадиганлар тоифасидан эканлигини билдирар эди.
Маҳкамовнинг қамоққа олиниши Исмоиловни ҳам ҳийла мутаассир қилган эди. Бу иш юқори мансабдаги кишилар томонидан уюштирилганлигига, журналистнинг, яъни, ишончли вакилининг қамоққа олиниши орқали депутатга ҳам орқадан зарба беришга ҳаракат қилишаётганлигини англаб етганди. Башарти у бундай кескин вазиятда сал ножўя ҳаракат қиладиган бўлса, ҳокимларга етарли баҳона бўлиб хизмат қилиши, “депутат ўз ваколат доирасидан чиқиб суд ишларига аралашиб, ҳалақит бермоқда, айрим жиноятчиларни ҳимоя қилмоқда” деб, парламентга, сенатга, президентга ҳам шикоят хати юборишлари аниқ. Расул Рахимовичда бу режа ҳам бор эди. Туман ҳокимининг Исмоиловни кўрарга кўзи, отарга ўқи йўқ. Йиғилишларда расмиятчилик юзасидан салом-алик қилишади холос, “бу аҳволда беш йил қандай қилиб, биргаликда халққа хизмат қиламиз?” ўйлайди Исмоилов. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига вилоят ҳокими ўринбосарининг ҳамда Рахимовнинг номзоди ўтмай қолишида ҳокимиятдагилар Жасур Исмоиловни асосий айбдор деб ҳисоблашар эдилар. Сайлов – сайлов-да. Бу халқнинг иродаси.
Жасур Исмоилов сайловда ғолиб чиққач, Тошкентда, Олий Мажлис қонунчилик палатасида, халқ таълими доимий қўмитасида фаолиятини бошлади. Шанба,якшанба кунлари туман қишлоқларида бўлиб, сайловчиларининг ҳаёти, барча соҳалар бўйича муаммо ва ечимлар билан шуғулланади. Исмоилов қабул кунларини редакция биносида ўтказа бошлади. Аҳолининг ҳокимликдан кўра, депутат қабулига кўпроқ келаётгани, муаммоларнинг жойида, ўз вақтида ҳал этилаётганлиги Расул Раҳимовичнинг ғашига тегарди. “Бу кетишда менинг ўрнимни олиб қўйиши ҳеч гап эмас” деган шубҳа унга бир зум тинчлик бермасди. Шундай бўлгач, кун сайин обрўси баландлашиб бораётган депутатнинг қулоғидан тортиб қўйиш учун ҳам ҳокимга қандайдир баҳона, рўкач керак эди.
-Исмоилов йўлда кетиб борар экан, бу курашнинг эндигини бошланганига ва ҳали бери тугамаслгига иқрор бўла бошлади. Буни у боягина қози билан бўлган суҳбатидан сезган эди.
ТОРТИШУВ
Орадан тўрт кун ўтгач, Йўлдошни Каттакўрғон қамоқхонасидан қўшни туман ички ишлар бўлимининг ҳибсхонасига олиб келишди. Уни олиб келишган милиционерлар эртаси куни суд иши бошланишини маълум қилдилар.Хайрият, тезлашибди деб ўйлади Йўлдош. Энди судда ҳаммаси ойдин бўлади. Ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини одил суд аниқлаб беради. Суд кўпга чўзилмас, 2-3 куннинг ичида ҳал бўлиб қолар...
Йўлдошни кўргани икки акаси ва укалари келишди. Катта акаси билан учрашишга рухсат беришгач, қамалганлигини зинҳор онасига айтмасликни тайинлади. Энаси саксон ёшни қоралаяпти. Салга қон босими кўтарилиб кетади. Эшитиб қолса борми, ороми йўқолади, Йўлдошни ўз кўзи билан бир кўрмаса, ҳеч кимга тинчлик бермайди. Шундай экан, эшитмагани маъқул.Йўлдош куни бўйи эртасига суд мажлисида бўладиган воқеаларни тасаввурига келтиришга, мобода унга сўз бериб қолишса, нималар дейишини, ўзини қандай тутиш, ҳимоя қилишни кўнглидан бирма-бир ўтказа бошлади. У ўзига қўйилган барча айбловларни рад этишга етарли асослари борлигига ишонар, ўзидан кўнгли тўқ эди. Фақат, суд мажлиси тезроқ бошланса бўлгани, ҳаммаси равшанлашади. Эрталаб соат ўнларда Йўлдошни махсус милиция машинасида суд маҳкамасига олиб келишди. Суд зали ҳали бўм-бўш эди. Уни темир панжара ортига ўтқазишиб, қўлларини боғлаб қўйган кишанни ечиб кўйишди. Бир зумда зал одамларга тўлиб кетди. Маҳкамовни турмага қаматдим деб, ўзни қаҳрамон чоғлаб юрган Зарифа Хўжаева ҳам шу ерда. У эгнига қоматини кўз-кўз қилиб турадиган, тор, европача кўйлак кийиб олган, қош-кўзлари ва яноқларига турли пардоз-арндоз бўёқларини чаплаган эди. Ҳатто, ҳарир кўйлак остидаги нозик ич кийимлари кўриниб, кимнидир ғашига тегар, кимгадир томошаси ёқарди. У Йўлдошга “мана, устингдан ғолиб чиққанимни кўриб қўй, қўлингдан нима келди, вой, шўрлиг-а” дегандек унинг ёнидан солланиб ўта бошлади. Биринчи қаторда ўтириб, Хўжаеванинг келишини кузатиб турган Барно сабри чидамай ўрнидан туриб, аёлнинг рўпарасига чиқди. - Ҳой, танноз, Туҳматчи, олдимдан ўтма, орқага қайт, ҳув ана у ерда ўтир, кўзимга кўринма, ҳозир башарангни бир ёқли қилиб ташлайман. Йўлдошнинг акаси Барнонинг қўлидан тортиб, жойига ўтқазди. Хўжаева бари-бир ортига қайтмади-да, тўрдаги қора курсида ўтирган Йўлдош ва унга руба-рў биринчи қаторда ўтирган Барнонинг ораларидан ўтиб, шу қаторнинг чекка ўриндиғига ўтирди. - Ҳали қараб тур, шармандангни чиқараман,ифлос, мансабпараст!... Навбатчи милиционер келиб тартиб сақлансин деб Барнони огоҳлантирди.
-Турингизлар, суд келяпти!
Суд котибининг овози бирданига барчани сергаклантирди. Залдагилар “гурр” этиб ўринларидан туришди. Залга қовоғини солиб олган алпозда Тошпўлатов ва унинг икки нафар маслаҳатчиси кириб келишди. Тошпўлатов суд раиси ўтирадиган салобатли курси олдига келиб “ўтиринглар!” - деб йиғилганларни ўтиришга чорлади. Ўзи ҳам ўрнини эгаллаб, кўзойнагини қаншарига қўндириб, залдагиларга синчковлик билан назар ташлади. Сўнг қаппайиб кетган жиноят ишини очиб, балан овоз билан ўқиди.
-2001 йил июнь ойининг 12-куни Бошариқ туман жиноий ишлар бўйича судининг раиси Н.Тошпўлатов, халқ маслаҳатчилари И.Ёқубов ва Т.Носировлар ҳайъатида И.Ўсарқуловнинг котиблигида, томонлардан туман прокуроринингёрдамчиси Д.Қориев, ҳимоячилар Г.Амирова, А.Эсонов, А.Турдиев ва Ш.Яхшиевларнинг иштирокида:
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси, 3-қисми, “а”, “б”, “в” бандлари; 205-моддасининг 2-қисми “в” банди; 184-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари; 209-моддасининг 2-қисми “а” банди; 228-моддасининг 2-қисми “б” бандлари билан айбланиб, судга берилган Маҳкамов Йўлдош ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган № 53-сонли жиноий ишни кўриб чиқишни бошлаймиз.
Шундан сўнг қози йиғилганларни айбланувчи Маҳкамов Йўлдош, редакция бош ҳисобчиси Аслиев Шамси, босмахона директори Эсиргапов Асрор, босмахона ишчиси Қодиров Элбекларнинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Кейин Йўлдош Маҳкамовга қўйилган айблов хулосасини баланд овозда ўқий бошлади:
Айбланувчи Маҳкамов Йўлдош “Янги ҳаёт” газетасининг муҳаррири вазифасида ишлаб келиб, у масъул мансабдор шахс бўла туриб, ғаразли ва паст ниятларда жамоанинг ихтиёрига берилган, таҳририятга қарашли ёрдамчи хўжалик ер майдонидан олинган мулкни ўлаштириш йўли билан уни талон-тарож қилиш мақсадида Аслиев Шамси, Эсиргапов Аҳрор, Қодиров Элбеклар билан ўзаро жиноий тил бириктириб, ўзига берилган мансаб ваколатини қасддан суистеъмол қилиб, ёрдамчи ҳўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни атайлаб қалбакилаштириб, жиноий ишга қўл урадилар. Жумладан, туман ҳокимининг 1995 йил 23-март кунидаги 43-К сонли қарорига асосан туманнинг “Гулбоғ” жамоа хўжалиги ҳудудидан “Янги ҳаёт” газетасига ёрдамчи хўжалик сифатида ер ажратиб берилган. Суғориладиган ер майдонини Маҳкамов Йўлдош 1996-2001 йиллар давомида ўзининг яқин қариндоши Холматов Бакирга ҳеч қандай шартнома тузмасдан, қонуний асосларсиз, ижарага бериб. Фақат ўз шахсий мақсадлари йўлида фойдаланиб келган. Жумладан...
Шундан сўнг қози 1996йилдан 2001йилга қадар бўлган даврда ёрдамчи хўжалик фаолиятидан олиб келинган даромадларни, кирим-чиқим натижаларини батафсил ўқиб эшиттирди. Буларнинг ҳаммаси айбномада бичиб тўқиб ёзилган ғирт туҳматлар эди.
Айбномани бошдан охиригача ўқиб эшиттиргач, Тошпўлатов залдагиларга қараб, “саволлар борми?” деб сўради. Ҳеч кимдан садо чиқмагач, у Йўлдошга мурожаат қилди:
-Судланувчи, Маҳкамов, айбномада келтирилган далиллар, фактларни тан оласизми? Айбингизни эътироф этасизми?
-Йўқ! Мутлақо! Барчасини рад этаман!”-деди қози айбномани қачон ўқиб бўлишини сабрсизлик билан, тишини-тишига қўйиб, эшитиб турган Йўлдош ўрнидан даст туриб:
-Айбнома бошдан оёқ бўҳтон ва туҳматдан иборат. Уни инкор этишга тўлиқ ҳақлиман деб ўйлайман ўзимни.
-Бошариқ туман босмахонасига олти тонна бўғдойни бермасдан ишонч қоғози ва фактурани сохталаштириб олгансиз...
-Ҳаммаси уйдирма гаплар. Мен бир йил мобайнида у ерда газета чиқарганман, эвазига эса, олти тонна буғдой берганман.
-Ахир улар олмадик дейишяпти-ку. Сиз, Эсиргапов, бунга нима дейсиз?
Қозининг бу гапига босмахона директори тайёрланиб турган экан чоғи, ўрнидан тура солиб гапира кетди:
-Мен Маҳкамовдан буғдой олмаганман. У билан кўп йиллардан буён танишлигимиз учун, илтимосини ерда қолдирмай, ишонч қоғози ва шартномасига имзо қўйиб берганман. У газетани ишчиларимга нақд пул бериб чиқарар эди.
-Шартнома тузганмисизлар?
-Шартномани йилнинг охирида тузганмиз.
-Газета қоғозларини, бўёқларни ким олиб келарди?
-Маҳкамовнинг ўзи олиб келарди.
-Демак, сиз Маҳкамовдан буғдой ҳам, пул ҳам олмагансиз, шундайми?
-Шундай.
Тошпўлатов билан босмахона директори Эсиргаповнинг ўртасида кечган савол-жавобга Йўлдош таажжубланиб қараб қолди, чунки улар ,худди,олдиндан келишиб олгандек суҳбатлашарди.
Қози ҳозир Эсиргаповга “олти тонна бўғдой олдим деб бекорга имзо чекмагандурсан, босмахонанг хусусий бўлса-ку, у бошқа гап, сен нақд пул олиб, кирим қилмасдан газета чиқардингми?” деган саволни бермади. Демак, қози фақат Йўлдошни айблаш учун саъй-ҳаракат қилаётганлигини фаҳмлаш мушкул эмас бу ерда.
Шундан сўнг қози солиқчилар Бобораҳим Ризаев ва Суннат Фозиловларни сўроқ қилди. Уларга таҳририят фаолиятини қандай текширганликларини, таҳририятда солиқ тўловлари қонун талаблари асосида юритилиши ҳақида савол берилганда, жўяли жавоб бера олишмади. Шунда Маҳкамовга қўйилган “солиқни яшириб келган” деган айбноманинг чалкаш эканлиги сезилиб қолди. Тошпўлатовга бу ҳолат суд ишини чўзиш учун асқотди ва солиқчиларга “келгуси суд йиғилишига бу масалани аниқлаб келинглар, бўлмаса устларингдан жиноий иш қўзғатаман” деди. Солиқчиларнинг дами ичига тушиб кетди. Негаки, улар ўзлари қўйган айбни ўзлари исботлаб беролмадилар.
Суд мажлисининг иккинчи, учинчи кунлари ҳам шу таҳлитда ўтди. Маҳбус тўғрисидаги бирор айбни исботлашнинг имкони бўлмади. Шу сабабли қози жиноят ишининг солиқ тўловлари қисми баҳсли, муаммоли бўлганлигини инобатга олиб, қайтадан аудитор текшируви ўтказилишини маълум қилди. Аммо, Маҳкамовни ҳибсда қолдириш, ёки, очиққа чиқариш масаласини овозга қўйди. Дастлабки сўз прокурор ёрдамчисига берилди. У Маҳкамовни очиққа чиқариш мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлаган бўлса, даъвогар Зарифа Хўжаеванинг баёноти ҳаммасидан ошиб тушди.
-Ҳурматли суд ҳайъати, - дея гап бошлади Хўжаева мулойимлик билан, - неча кундан буён суд мажлисида иштирок этаётган бўлсак, биз бу орада Маҳкамовнинг асл қиёфасини яққол билиб олдик. Мен сиздан илтимос қилардим-ки, ҳурматли судя, Маҳкамов ҳибсда маҳкам ушлаб турилмоғи шарт. Башарти у очиққа қўйиб юбориладиган бўлса, менга ҳар томонлама тазйиқ ўтказишга, мендан ўч олишга ҳаракат қилади. Ҳаётим хавф остида, манави, хотинининг тазйиқлари ҳам етади менга. Сизлардан илтимосим шу. Барно ўрнидан туришга, нимадир дейишга оғиз жуфтлаган эди ҳамки, қайноғаси “сиз жим ўтиринг, ортиқча гапнинг кераги йўқ” деб, уни тинчлантирди.

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Биз алкоголга қаршимиз
- 28 фев, 22:23

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22