«НАВБАҲОР» КЎЧАСИ ҚАЧОН ОБОД БЎЛАДИ?

Бугунги кунда шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги тафовут кескин камайиб, шаҳар ва қишлоқларимиз кундан кунга чирой очиб, кўз ўнгимизда кўркам қиёфа касб этиб бормоқда.  Айниқса, "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастури асосида туманимизнинг энг чекка ҳудудларидаги маҳалла ва кўчалар ҳам замонавий қиёфага кириб, аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалиб бораётганлиги, албатта барчамизни қувонтиради. 
Минг афсуски,  туманимизнинг қоқ марказида жойлашган, Лойиш маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Навбаҳор кўчаси ушбу ободликдан, замонавий кўркамликдан бебаҳра қолиб кетмоқда. Мустақиллик йилларида бунёд этилган ушбу кўча бугунги кунда маҳалла мутасаддиларининг, туман раҳбарларининг эътиборига, ёрдамига муҳтож аҳволда. Негаки, шу кўчада янги иморат қуриб, яшай бошлаганимизга ҳам ўттиз йилдан ошиб кетди. Йиллар давомида кўчамиз ёзда чанг, қишда лой бўлиб, қаровсиз ва аянчли аҳволга тушиб қолар эди. Маҳалламиз аҳли келишиб, кўчамизга тош тўкдик, свет ўтказдик, газ ўтказдик. Кўчамизни асфальт қилиш, айрим симёғочларни алмаштириш, ичимлик суви ўтказиш ҳақида мутасадди ташкилотларга кўп маротаба мурожаат қилдик. Кўчамизга ташриф этган маҳалла фаоллари, депутатлар кўчани асфальт қилиш ҳақида қоп-қоп ваъда беришади-ю, лекин, ҳамон амалий ишдан дарак йўқ. Ваъда ваъдалигича, тош кўча тош кўчалигича қолиб кетмоқда.
Сизлардан илтимос, Лойиш маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли бўлган «Навбаҳор» кўчасида яшовчи фуқароларнинг кўчани асфальт қилиш ҳақидаги илтимосини тегишли ташкилотларга етказиб, бизнинг талабимизни инобатга олишларини сўраб қоламиз.
Лойиш МФЙ, «Навбаҳор» кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролар номидан. 

ТАҲРИРИЯТДАН:Туманимиз фуқароларини қийнаб келаётган ва уларнинг қатъий эътирозига сабаб бўлаётган ҳар иккала мурожаатда келтирилган муаммоларни бартараф этиш ва бу борада кўрилган чора-тадбирлар ҳақида тегишли ташкилотларнинг жавоб мактубини кутиб қоламиз.