ҚАДИМГИ ШАРҚ АФСОНАЛАРИДА АЁЛ ОБРАЗИ

Марказий Осиё халқларида бир қанча афсонавий аёл образлари мавжуд бўлиб, уларни бир қанча кўринишларда кўрамиз: ёруғлик ва зулмат, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва разолат каби тушунчалар билан боғлиқликда кўрамиз.
Амбар она. Ўзбек ва Хоразм воҳаси    халқлари мифологиясида аёллар ва аёллар машғулотларининг ҳимоячиси. Ҳаким отанинг хотини, унинг вафотидан кейин Занги бобонинг хотини. Хоразм воҳасидан ташқари Амбар она ҳақидаги тасаввурлар аниқ эмас. Амбар она образининг асосида Авестодаги ҳосилдорлик худоси Ардвисура Анахита туради. Амбар онанинг ўғли Хўбби-Хўжани узоқ ва муваффақиятсиз излаб юришлари ҳақида афсоналар сақланган. Амбар онага доялик, табиблик ёрдамини сўраб мурожаат қилишган. Амбар онага бағишланган кўплаб маросимлар сув балоси билан боғлиқдир. Амударё бўйлаб сузган кемалар тумшуғида Амбар онанинг боши тасвирланган. Амбар она номи билан экинларнинг ўсишини тезлатиш ва баҳорги буғдойдан тайёрланадиган таом (сумалак)ни тайёрлаш удумининг келиб чиқиши боғлиқдир.
Асил - турклар мифологиясида учиб юрувчи, европаликларнинг феясига ўхшаш мавжудот. Ой ёки юлдузлар ёруғлигидан ҳамда ҳаво оқимларидан тўқилган. Гўзал қиз севгилилари билан бирга бахтли ҳаёт кечиришида ёрдам берувчи мавжудот.
Албасти - туркларда, ўзбекларда - албасти, алвасти; туркманларда - ал, албасси; қирғизларда - албарсти; қорақалпоқларда - албасли деб аталиб, ёвуз жин саналиб, сув стихияси билан боғлиқ. Қозоқлар, қорақалпоқлар, қирғизлар, ўзбеклар уни марту (мартуу, мартув, мартук); Зарафшон водийси ўзбеклари - Сариқиз деб ҳам аташган. Албасти кўпинча бадбашара, сочлари узун оқиш қилиб кўринган. Албасти ҳайвонларга ва жонсиз предметларга айлана олади, деган ишончлар бор эди. Қирғизлар ва қозоқлар кўпроқ ёвузлик келтирувчи - қора албасти ҳамда сариқ ёки сассиқ албастиларга бўлишган. Албастининг одатий атрибутлари булар: жодугарлик китоби, танга, қалин тароқ. Кўпчилик ҳолларда албасти дарёлар ёки  бошқа сув билан боғлиқ манбалар олдида яшаб, инсонларга соҳил бўйларида сочини тараган ҳолда учраган. Албасти касаллик, тунги даҳшатларни юборган. Айниқса, энди туғилган чақалоқлар ва уларнинг оналарига зарар етказганлар.
Биби мушкулкушо ("Қийинчиликларни бартараф этувчи хоним") - ўзбек ва тожикларда мифология персонажи, бахтсизликлар, қийинчиликларда ёрдамга чақирилган. Биби-мушкулкушо билан боғлиқ афсоналарнинг мазмуни Биби Сешанба ҳақидаги афсонага яқиндир. Уларнинг қаҳрамони - камбағал чол, ўтин териб юриб ўроғини йўқотади, уни излайман деб, Биби мушкулкушо яшайдиган ғорга кириб қолади. У чолга ўроғи топилишини ва жудаям кўп ўтин йиғишни ваъда беради, фақат чол ҳар чоршанба унинг шарафига дастурхон тузаш кераклигини Биби-мушкулкушо тайинлайди. Чол эсидан кўтарилиб, бир чоршанбани ўтказиб юборади, уни яна ночорлик қарши олади, лекин маросимни ўтказгандан кейин яна ўзини тиклаб олади. Мусулмон оламида Биби мушкулкушо  машҳур бухоролик Баҳовуддин Нақшбанднинг холаси ҳисобланади.
Биби Сешанба - ўзбеклар ва тожиклар мифологиясида оилавий бахт ҳомийси, шунингдек, ип йигирувчилик ва тўқимачилик ҳомийси. Унинг исмидаги "сешанба" сўзи ҳафтанинг унга аталган кунини кўрсатади. Ғарбий Европадаги Золушка эртагига ўхшаш афсона, ўчоқ кулига бориб тақалади, қайсиким унда Биби Сешанба қари аёл кўринишида камбағал қизга ёрдам беради. Биби Сешанба ҳақидаги ҳикоя маросимий дастурхон устида айтилиб, унда фақат аёллар қатнашади. Ушбу маросим тўйдан ке-йинги кунларда ўтказилади.
Жалмауз кампир (Ялмоғиз кампир) - қозоқлар ва қирғизлар мифологиясида кампир кўринишидаги еттита бошли ёвуз мавжудот. У одамхўр; болалар ўғриси; сув устида бемалол сузади. Одамга яқинлашса, еттибошли кампирга айланади. Аналогик персонаж ўзбеклар ва уйғурларда ҳам бўлиб, ялмоғиз кампир деб аталади.
Кампир - тожик мифологиясида аёл руҳлари, у мойжувозларини, шараварларини силкитиб, доираларини чалиб шовқин кўтарган. Тожикистоннинг баъзи туманларида Кампир маълумдир. Наврўзга 7 кун қолганда Ажуз ёки "Кампир ғорда" дейилган. Яъни совуқ кунларни кампир ғорга ҳайдасин маъносни англатган. Кампир қирқ қулоқли қозонга эга бўлган ва бу қозонда унга дуч келган одамларни қайнатган. Кампир ҳар хил кўринишга кириб ва унга асир бўлган одамларни қийнаган.
Момо - тожиклар ва айрим ўзбекларда аёл руҳлар. Момо - доялар ҳомийси, шаман аёллар ёрдамчиси. Ишончларга кўра, оқ ки-йимли аёл образида кўринади. Момо термини ўзбекларда, кўпинча бошқа руҳ категорияларига айтилган. "Момо" термини ҳурмат юзасидан бошқа мифологик персонажлар исмларига қўшиб айтилган. Масалан, Момо-Кулдурак (момақалдироқни чақирувчи руҳ), Момо-Ҳаво (Еванинг катта бувиси). Айрим ўзбек қишлоқларида Момо - уйнинг руҳи бўлиб, шўхликлар қилади, деб саналади.
Ойбарчин - ўзбек эпоси "Алпомиш"даги қаҳрамон. Бойсарининг қизи, Алпомишнинг қайлиғи. Бойбўрининг акаси Бойсари у билан урушиб, қалмиқ чўлларига кетиб қолади. Қизи Ойбарчинни жияни Алпомиш билан ажратади. Вояга етган Ойбарчин қалмиқ хонларининг совчилигидан безиб, Алпомишга хат ёзади. Бойсари хатни яширади. Синглиси Қалдирғоч ойимнинг ёрдами билан Алпомиш Ойбарчиннинг олдига кетади. Қалмиқ баҳодири Қоражон  ёрдамида Алпомиш ўз ёрига етишади.
Қирққиз - Афсоналарга кўра, Оллоҳ уларни  кофирлардан яшириш учун тошга айлантирган. Қирқ қиз яширинган тоғ ҳам ҳозирда шундай деб аталади. Ўрта Осиёда бундай жойлар кўплаб топилади. Қорақалпоқ мифологиясида Қирққиз - жангчи қизлардир. Уларни доно ва оқила саркарда Гулойим бошқарган. Улар қорақалпоқларни қалмоқ хони Суртайиш босқинчилигидан ҳимоялаган. Зарафшон воҳаси ўзбеклари мифологиясида Қирққиз, париларнинг хизматкори, шаманларнинг ёрдамчиси, руҳларнинг махсус тоифаси. Қирққиз образи тожик-форс эпосидан олинган. Тожиклар мифологиясида Қирққиз (чилдухтарон) мусулмон авлиёлари каби саналади. Ислом қабул қилингунгача Қирққиз Ўрта Осиё халқлари ва эронда меҳрибон руҳ - ҳимоячи сифатида қаралган ва кейин мусулмон авлиёлари ролини олишди.
Ширин - Шарқ афсонаси қаҳрамони, давлат ҳокими, Меҳинбонунинг синглиси. Ширин бетоб бўлиб қолганида, Меҳинбону  синглисининг ҳаёти учун ҳеч қачон юзидан қора рўмолни ечмасликка қасам ичади. Тузалган Ширин янада гўзаллашади. Меҳин- бону унга ҳашаматли саройни совға этмоқчи бўлади ва уни қурилишига дунёнинг турли жойларидан энг яхши усталарни таклиф этади. Уларнинг ичида ажойиб рассом Фарҳод бўлади, унга бу икки опа-сингиллар ошиқ бўлади. Меҳинбону Фарҳодга тожу-тахтни таклиф этади, лекин Фарҳод Ширинни ёқтириб қолган бўлади. Икки севишганлар опасининг ғазабидан қочишади. Уларни тезда тутиб келиб Ширинни саройга, Фарҳодга  эса қоялардан сув очиб беришни буюради. Шаҳарга сув келгандагини Фарҳод Ширинни кўриши мумкин эди. Фарҳод 10 йил ишлайди. Ниҳоят қояларнинг орасидан сув отилиб чиқади, шунда чопар келиб унга Ширин вафот этди деб ёлғон хабарни етказди. Фарҳод бу аламга чидай олмасдан ўзини сув тўлқинига ташлайди. Ширин ҳам севгилиси Фарҳоднинг чўкиб кетганини эшитиб, унинг кетидан ўзини сувга ташлайди.
Зохра - Зуҳра, Зуҳро - Волгабўйи, Ўрта Осиё ва Озарбайжон халқларининг лиро-епик қаҳрамонларидан. Сьюжетига кўра, подшоҳ ва вазир ҳали болалари туғилмасиданоқ қуда бўлишга аҳдлашган. Подшоҳ қизи Зуҳра ва вазирнинг ўғли Тоҳир бирга ўсиб-улғайиб, бир-бирига кўнгил қўйишади. Вазирнинг ўлимидан сўнг подшоҳ ўз сўзидан тониб, Тоҳирни сандиққа солиб дарёга оқизади. Кўплаб қийинчиликларни енгган Тоҳир ватанига қайтиб келади. Уни тутишиб, қатл этишади. Зуҳра ўз жонига қасд қилади. Озарбайжон ривоятига кўра, подшоҳ жазоланади. Тоҳир Зуҳрага уйланиб, подшоҳ бўлади.
Нодир МИРЗАЕВ, 
тарихчи.