Янги асар хабари
ТУҲМАТ ГИРДОБИДА
қисса.(Боши ўтган сонда) Йўлчи Муҳаммадиев.
Раҳмат, кўриб турганингиздек...Ҳайронга ўхшайсиз?-сўради Йўлдош.
Тунов куни туманингиз солиқ идорасидан Бобораҳим Ризаев деган ходими бориб, сизни “ишдан бўшаб, қамалиб кетди, агар сиз ҳам Маҳкамовга берган нарсаларингизни тан олсангиз, сизниям қамашади” деб роса ваҳима қилди. Шунинг аниғини билай-чи деб келган эдим. Терговга ҳам чақиртиришибди,- деди Искандар Йўлдошнинг ёнига ўтирар экан. - Одам шу даражада ҳам виждонсиз, ёлғончи бўладими?
Парво қилманг, дўстим, ҳозиргина сиз айтган солиқчи мени ишдан бўшатиб, қамоққа тиқтириш учун бировларнинг қўлида қўғирчоқ бўлиб юрибди. Менинг устимдан шикоят ёзганлар билан оғиз-бурун ўпишиб юрибди,-деди Йўлдош нафратини яширолмай.
Аслида, бундай тазйиқнинг бирор сабаби бўлиши керак. Ҳокимнинг кўзи қаёқда? Газетасининг аҳволи билан қизиқмайдими?
Ҳокимнинг ўзи бошлади бу ўйинни, дўстим. Менга рўй-рост “ишдан бўшашга ариза ёз”деди. Мен кўнмадим.
Сабаб? Нега ишдан кетишингиз керак?
Сайловда ҳокимнинг номзодига ва у танлаган номзодларга қарши ишлаган эмишман, шунинг учун.
Эҳ!... қачон бу сайловларда адолат бўлади-я? - деб жаҳл билан ўрнидан турди Искандар,- бизда ҳам шу аҳвол. Дўстим, бардам бўлинг, бўш келманг!
Кейинги кунларда Бобораҳим Ризаев билан Зарифа Хўжаева ўзининг шахсий дўконида музқаймоқ еб, чақ-чақлашиб ўтирганларини Йўлдош бир неча марта кўриб ўтди. Эркакларни аврашда бу аёлга тенг келадиган йўқ деб ҳисоблайди Йўлдош. Ўзининг маишати, ғаразли йўлида эрига. Болаларига хиёнат қилиб, бегона эркакларнинг тўшакларига киришдан ҳам ҳазар қилмайдиган бу аёл Ризаевни ҳам домига илинтирган эди.
Бир ҳафта ичида терговчи Донаев Йўлдошни бир неча маротаба хонасига чақиртирди. У Маҳкамовдан у-бу нарсаларни сўраб, суриштирар, аммо, мақсадини очиқ ойдин айтмас эди. Донаев “қўшни туман босмахонасига берилган олти тонна буғдойни “бермаганмиз” деб айтсангиз, оладиган жазонгиз енгил бўлади” деб бот-бот тасдиқлади. Бир куни Йўлдошни босмахона директори билан юзма-юз қилишди. Йўлдош буғдойни “берганман” деса, директор “буғдойни олмаганман” деб такрорлайверди. Муҳаррирни у билан тил бириктиришда, хизмат мавқеини суистеъмол қилишда айблаш учун асос қидиришда давом этарди терговчи. Аммо унга қўйилаётган айблар ўз исботини топмаётганлиги боис, тергов жараёни чўзилгандан-чўзилиб бораётганди. Шу сабабли прократура олдида икки йўл бор эди. Биринчиси: муҳаррирга қўйилаётган айблар ўз тасдиғини топмаганлиги учун жиноят ишини тугатиш. Иккинчидан: Нима қилиб бўлса ҳам ҳокимнинг илтимосини йўлда қолдирмай, “мендан кетгунча, эгасига етгунча” қабилида иш тутиб, туя гўшти еган бу жиноий ишни судга ошириш. Прократура иккинчи йўлни танлади. Ахир, ҳокимнинг илтимосини ерда қолдириб бўлармиди? Энди нима қилиб бўлса ҳам бу жиноий ишни пуфакдек шишириб, судга ошириш керак. У ёғи бир гап бўлар. Шундай қилсагина прокурор зиммасидаги “масъулият” дан қутилади.
“Судга тушдинг – ўтга тушдинг” деганларидек, минг ҳақ бўлган тақдирда ҳам судга пора бермасанг, ишинг битмайди деган одамлар орасидаги миш-мишлар Йўлдошнинг хотирасига ўрнашиб кетган эди, энди эса худди шу мақолга ўзининг иши тушди. Муҳаррирда эса, ҳеч вақо йўқ.
Ҳар қандай шароитда ҳам Маҳкамов жазосини олади. Яна бир нечта туҳмат ва бўҳтонлар уюштирилса, кейин уларнинг исканжасидан чиқиб бўпти. Донаев шулар ҳақида ўйлар экан, “лоп” этиб, миясига ажойиб фикр келди. Бундан ўзи ҳам қувониб кетди. Маҳкамовнинг бўйнига “солиқларни яширди” деган айбни ҳам илдирамиз. Ҳисоб-китобни қаердан ҳам тушинсин у газетчи. Ана шунда жиноий иш янаям пухта бўлади.
Эртаси кун ёзилган айблов хулосасига “муҳаррир беш йил давомида солиқларни яшириб келган” деган янги айб ҳам қўшилди. Турган гапки, рақамлар чала-чулпа, у ер бу ердан нотўғри ҳисобланиб олинди. Бу ишни терговчи шу қадар иштиёқ билан бажардики, ўзи тўқиб ташлаган туҳматга ўзи ишониб кўнгли тинчиди. Чунки бунақа ишларни бажаравериб, устаси фаранглардан бўлиб етишганди у. Ҳозирга қадар қоғоз қоралаб, қанчадан-қанча одамларнинг бахтига, умрига зомин бўлган бўлса, уларнинг аксарияти “тахмон”дан олиниб, йўқ жойдан яратилган бўлса ҳам, ҳеч қачон суддан қайтган эмас. Ҳеч бир шубҳа йўқки, муҳаррир Маҳкамовга қўйиладиган айбларни ҳам бирор киши инкор эта олмайди. У бечора бўлса, “адолат бор, ҳақиқат эгилади, букилади, лекин, синмайди” деб, умидвор бўлиб ишониб юрибди. Адолат – пул, бели синмаган жарақ-жарақ банкнотлар эканлигига ишонармиди бу оти улуғ журналист.
Пулсиз бир иш қилиб бўларканми? Донаев ҳар бир нарсани, ишни пул билан ўлчайди, ўладиган одамдан ҳам пул таъма қилишдан тап тортмайдиганлар тоифасидан эди у. Бу йўлда ҳар қандай разилликдан қайтмасди.
Прокурор Нормурод Жалилов бугун ишга кайфияти бузилиб келди. Бунинг сабаби бор эди. Муҳаррирнинг устидан ёзилган шикоят хати бошига битган бало бўлди. Эрталабданоқ, уни вилоят ҳокими чақиртирди. “Янги ҳаёт” газетасининг муҳаррири устидан ёзилган шикоятни “босди-босди” қилиб юрган эмишсан, билиб қўй, агар шу ишни охирига етказмасанг, ўзинг ишдан кетасан... Битта-яримта “демократ” сайловчиларга ибрат бўлсин у, шундагина, кейинги сайловларимиз тинч ўтади...” Ҳоким ҳузуридан бўшашиб чиққан Нормурод Жалилов бу гапни вилоят ҳокимига ким етказганини дарров фаҳмлади. Бу туман ҳокими Расул Раҳимовнинг иши. У Рахимов вилоят ҳокимининг уринбосари билан ош-қатиқлигини яхши билади. Бу имкондан фойдаланиб, эркаланган туман ҳокими Расул Раҳимович ҳеч иккиланмай ноқонуний ишларга ҳам тап тортмай қўл урар, бир икки марта огоҳлантириб қўйганида ҳам парво қилмаганди. Шу сабаб ораларидан қора мушук ўтиб қолган эди. У проокурордан ўч олиш учун тубан, эркакларга хос бўлмаган усулни , чақимчилик қидиришни танлаган эди. Ҳоким бўлганига бир йил тўлмасдан туман ташкилотлари раҳбарларининг саксон фоизини алмаштирди. Шу операциянинг ўзидан ҳоким қанча маблағ жамғарганлигини прокурор тугул, оддий халқ ҳам яхши билиб турибди. Энди келиб-келиб шу журналист билан суришиб ўтирса-я? Ҳоким деган одам сермулоҳаза, оғир табиатли, узоқни кўзлаб иш юритадиган киши бўлмайдими? Бу киши бўлса, ўринбосари Қаюм Ҳайдаровнинг чизиғидан чиқмайди.Қайси раҳбар алмаштириладиган бўлса, ўртада Қаюм Ҳайдаров воситачи бўлади. Барча уни “ҳокимнинг думи” дейди. Кимга мансаб керак бўлса, аввал Ҳайдаров билан учрашади. У айёрликда тулкига дарс беради. Кадрларни алмаштиришда энг катта манфаатдор одам Ҳайдаров. Ҳолким олаётган пораларнинг камида учдан бирини воситачи олаётганини прокурор яхши билади. Ҳокимнинг айни пайтда босар-тусарини билмай қолиши ҳам чўнтагининг борган сари ҳаром пуллар билан қаппайиб бораётганидадир. - Нима қилсам экан, агар муҳаррирни айблаб беролмасам, ўзим ишдан кетишим керак. Айблай десам, бир бечорага ноҳақлик қилган бўламан. Унинг тўғрисидаги тўпланган фактлар исботини топмаяпти.
Аммо, ўзининг ҳам энди оғзи ошга етганда ишидан ажралиш осон эмас. Ҳали ёш бўлса, келажакда қанча орзулари бор. Вилоят ҳокими ўз сўзини ўтказмай қўймайди. Юқоридаги раҳбарларига айтиб, ишидан ишкал топиб бўшатиб юбориши ҳеч гап эмас. Ундан кўра муҳаррирни наридан бери айблаб берай-чи, балким, судда ютиб чиқар. Ҳар қалай ўз зиммамдан соқит қилган бўламан. Ана шундагина менга гап тегмайди.
Ўйлай-ўйлай прокурор айблов фикрини эълон қилишга қарор қилди. Бу ишни терговчиси Рустам Донаев қойилмақом бажаради. Котибадан Донаевни чақиришни сўради. Орадан бир зум ўтар-ўтмас, қаршисида Донаев пайдо бўлди. “Хуш хизмат?- дегандек, прокурорга ялтоқлик билан тикилди.
Рустам ака, редакциядан тушган шикоят хати нима бўлди? Айблов хулосаси ёзилса бўладими? - деб сўради прокурор қўлидаги сигаретасини тортаркан.
Агар, айбловни ёз десангиз, шу ондаёқ бошлайман, - деди у ёзиб бўлганлигини яшириб, - Бояги шикоятчи аёллар ҳам ҳар куни келавериб, жонга тегиб кетди. Тезроқ тугаллаб, судга оширганимиз маъқул – деди Донаев чарчагандек уф тортиб.
Ундай бўлса, ҳозирдан ишга киришайлик. Бу масала билан вилоят ҳокими ҳам қизиқяпти. Шундай қилингки, сих ҳам, кабоб ҳам куймасин. Боринг, сизга рухсат.
Донаев прокурорнинг хонасидан оғзи қулоғида бўлиб чиқди. Сабаби, куни кеча ҳоким мовуни Ҳайдаров келиб, муҳаррирнинг устидан ёзилган шикоятни бир ёқлик қилиш, агар шу ишни судга оширишга эришса, терговчининг ўзига нақд беш юз минг сўм тегишини айтган эди. Мана ҳозир прокурорнинг ўзи айблов хулосасини ёзинг деди. Бу Донаевнинг чўнтагига беш юз минг сўм тушди дегани. “ў, қандингни ур, Донаев!” деб, хурсанд ҳолда, қўлларини бир-бирига ишқалаб, айблов хулосасини якунлашга киришди терговчи.
“Айбланувчи Маҳкамов Йўлдош” - 1953 йилда туғилган. Миллати ўзбек, муқаддам судланмаган. “Бўстон” маҳалласида яшайди. Қарамоғида тўрт нафар вояга етмаган фарзанди бор. “Фидокорлар” партиясининг аъзоси. Туман “Янги ҳаёт” газетасининг муҳаррири вазифасида ишлайди. Эҳтиёт чораси сифатида гаров қўлланилиб, очиқда юрибди.
Айбланувчи Маҳкамов Йўлдош 1991 йилдан буён газета муҳаррири вазифасида ишлаб келиб, 1995 йилда туман ҳокимининг қарорига асосан “Гулбоғ” жамоа хўжалиги ҳудудидан таҳририятга ажратиб берилган 4 гектар ер майдонидан ўз шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиб келган. Хизмат вазифасини суистеъмол қилиб, бир гуруҳ шахслар билан жиноий тил бириктириб олган, паст ва ғаразли мақсадда бойлик орттириш учун давлат ташкилоти мулкини ўзлаштириб келган...
Айбномани зўр ҳафсала билан ёзиб тугатгач, Донаев қадрдони, ҳоким муовини Ҳайдаровга қўнғироқ қилди. Янгилик борлигини, кечқурун албатта учрашишлари лозимлигини эслатди. Унинг фикру, зикри ўринбосардан ундирилиши керак бўлган беш юз минг сўмда эди. Пулни ундирмагунча бир зум ҳам нафси ором топмайди унинг.
Терговчи ўзи зўр илҳом билан ёзган айбномани қайта ўқир экан, солиқ масаласига келганда бир зум ўйланиб қолди. Редакциянинг барча фаолияти беш йил мобайнида режа асосида меъёрий тафтиш қилиб келинган, барчасининг тасдиқловчи ҳужжатлари, далолатномалари бор. Тафтишлар жараёни давомида солиқни яшириш ҳолатлари бўлганлиги ҳақида айтилмаган. Аммо, айбномада муҳаррир беш йил давомида уч юз олти минг сўм миқдордаги турли солиқларни яшириб келган деб ёзилди. Бу сохталикни суд билиб қолармикин? Агар, суд қайтадан тафтиш ўтказиб, солиқларни ҳам қайтадан текшириб, ҳисобласа, муҳаррирнинг солиқни яширмаганлиги маълум бўлиб қолади. Лекин, бундай бўлмайди, ишнинг шу даражада чуқурлашишига йўл қўймайди ҳоким. Аввал пулни ундириб олайин, кейин бир гап бўлар, ўз қолипига тушиб кетар.
Ўша куни кечқурун терговчи билан ҳоким ўринбосари шаҳарда учрашишди. Донаевнинг квартираси бор эди бу ерда. Ҳайдаров қадрдонидан янгиликни эшитиб, кўнгли жойига тушди. Айтилган суммани муҳаррирнинг иши судда ҳал бўлгандан сўнг муҳайё қилишга ваъда берди.
Сизга пул ваъда қилганимни ҳоким билмайди, дўстим, билса чатоқ бўлади. Қўйнидан тўкилса, қўнжига дегандек, янги муҳаррир берган сармоядан сизга ажратаман-да , ҳокимнинг кўммаси йўғ-у, хар бир терговчига улашадиган. Донаевга қадрдонининг ушбу шаъмаси анча малол келди, лекин, енгар ҳаққига кулиб,- бизга қаердан олганингизнинг фарқи йўқ, ваъдангизда турсангиз бўлди. Улар алламаҳалгача кайфу-сафо қилишди. Ҳайдаров томонидан чақирилган икки жонон шу кеч эрталабгача хизматда бўлишди...
Донаев эрта тонгда туманга етиб келди. Прократура биносига кириб, жойига ўтирар экан, биринчи навбатда Йўлдошга телефон қилиб ҳузурига чақирди.
- Ўзингизга адвокат олинг, Маҳкамов,-деди Донаев ҳозиргина кириб келиб, қаршисида ўтирган Йўлдошга қараб. -Ишингизни судга оширяпмиз.
Нима? Мен судда кўриладиган жиноят қилибмидимки... Ахир, шикоятдаги ҳамма фактлар ғирт туҳматдан иборатку, тасдиғини топмади-ку,-деди муҳаррир энсаси қотиб.
Туҳматми, ростми, буни суд аниқлайди. Агар ҳақ бўлсангиз, судда оқланиб чиқасиз. Мана, мени айтди дерсиз. Донаев доғули кўзларини Маҳкамовга қадаркан кўнглида “қани сенинг оқланганингни бир кўрай-чи” деб қўйди.
Ҳимоячи олмасам бўлмайдими?
Йўқ, бўлмайди.
Йўлдош бу ердан чиқиб, қўшни бинода жойлашган адвокатурага бориб, Шариф деган йигит билан учрашди. У ҳимоячини яхши танир, кўча-куйда салом-алик қилиб туришарди.
Мен розиман, аммо, аввал кассага 20 минг сўм тўлашингиз керак,-деди адвокат.
Ҳозирми?
Ҳа, ҳозир бўлса, ҳозир-да. Тўлашингиз биланоқ ишни бошлаймиз. Қўлимизда ордер бўлмаса суд ишига аралашолмаймиз.
Майли, бир соатлардан кейин келаман.
Йўлдош адвокатлар хонасидан чиқиб, пул қидириб кетди. Бир дўкончи дўстидан қарз олди. Беш-ўн куннинг ичида қайтараман деб ваъда берди. У ордер учун пулни тўлагач, иккаласи терговчининг хонаси томонга юришди.
Донаев адвокат йигит билан қуюқ сўрашди. У муҳаррирга дастлабки тергов жараёнида ҳимоячи олиши кераклигини яна бор тушунтирган киши бўлиб, Шарифнинг жиноят ишида Маҳкамовга ҳимоячи бўлиб қатнашишини маъқуллади. Ёзув машинкасида 30 варақ ҳажмда ёзилган айбномани Маҳкамовнинг қўлига берди. Танишиб чиқиб, имзо қўйинг, деди Донаев қўлидаги чекиб бўлинган сигарета қолдиғини деразадан улоқтириб.
Ҳа, Йўлдош ака, ўқиб чиқинг, эътирозингиз бўлса, айтасиз,-деди адвокат ҳам.
Айбнома билан танишар экан Йўлдошнинг борган сари асаби бузилаверди. Мени ашаддий жиноятчига айлантириб қўйибсизлар-ку? Ҳаммаси тўқиб чиқарилган туҳмат, бўҳтон, буни қандай, нима учун судга оширасиз? Айбловни ўқиб чиққунча Йўлдошнинг бўлари бўлди. Шундай бўлса-да, ўзини йўқотмасликка ҳаракат қилиб деди:
Донаев, бу айбномангизга имзо чекишдан бош тортаман, ахир сохталик ҳам эви билан-да.
Боягина ўзингизга айтдим-ку, ёлғон бўлса ҳаммасини судда исботлайсиз. Бу сизнинг ишингиз, шундайми, Шарифжон ? Донаев тилёғламалик билан адвокатга юзланди.
Агар эътирозингиз бўлса, ҳозир ҳам айтаверинг, менинг вазифам сизни ҳимоя қилиш,-деди Шариф унинг ёнини олган бўлиб.
Биринчидан, ўша пайтда босмахонамиз таъмирланаётганлиги туфайли газетамизнинг бир неча сонларини чоп этиб беришларини сўраб, қўшни туман босмахонасининг директори билан шартнома тузганмиз. Эвазига уларга буғдой берганмиз. Бу қонуний равишда ҳужжатлаштирилган. Нима учун бу ерда барча айб менга қўйилган? Улар хизмат ҳаққига олган бўғдойни кирим қилишмаган бўлса, менда нима айб? Солиқларни яширган деган фактлар ҳам ёлғон. Бизда солиқни яшириш ҳолатлари умуман бўлмаган. Гапларимга ишонмасангиз, вилоятдан тафтишчи чақириб, қайта текширишсин. Ана унда рақамларнинг бари осмондан олингани маълум бўлади. Адвокат, бунга нима дейсиз?
Ишнинг бундай тескари кетишини кутмаган терговчи:
Шарифжон, сизни бир минутга мумкинми?-деб хонадан ташқарига чорлади оқловчини. Хиёл вақт ўтмай иккаласи яна қайтиб киришди.
Йўлдош ака, ҳозир билдирган эътирозингизни судда айтсангиз ҳам бўлади. “Қолган гапларни судда айтаман” деб ёзинг-да имзони қўйиб бераверинг,-деди ҳимоячи чўзиб ўтирманг дегандек шама қилиб.
Йўлдош бир зум ўйланиб қолди. Адвокат бир нарсани биларки, шундай деяпти. Дарҳақиқат, эътирозларимни судда ҳам билдиришим мумкин-ку деб ўйлади-ю, айбномага имзо чекиб юборди.
Ўша куниёқ, туман газетасининг муҳарририга қўйилган айблов хулосаси прокурор томонидан тасдиқланиб, зудлик билан судга ошрилди.
Х Х Х
Жиноят ишлари бўйича суд раиси Толиб Қосимов муҳаррир устидан тўпланган жиноий иш материалларини истамайгина кўздан кечира бошлади. Бу ишнинг буюртма эканлигини, шошилиб, пала-партиш тайёрланганидан қози хабардор эди. Журналист билан ҳоким ўртасидаги зиддият ва унинг сабабларидан воқиф эди. Айнан, ҳокимнинг кўрсатмаси, қолаверса тазйиқи билан муҳаррирнинг устидан жиноий иш очилганлиги туманда шов-шув гап бўлмоқда. Шундай бўлгач, бу иш катта-катта маш-машаларга сабаб бўлиши мумкин. Қолаверса, Олий Мажлис депутати Жасур Исмоилов ҳам ишончли вакилининг тақдирига томоша қилиб ўтирмайди. Суднинг ишини ҳижжалаб ўрганади. Бир ёқда ҳоким “тезлаштиринглар” деб оёқ тираб турган бўлса, устига устак, прократура ҳам “компетенциямизга доир иш бўлгандан кейин қараб ўтирмаймиз” деб уларни ишонтиришга ҳаракат қилади. Энг қулайи бу ишни олмаслик керак. Бунинг учун унда асос ҳам бор. Маҳкамов – суд маслаҳатчиси. Шу сабабли мен бу ишни кўролмайман” деб вилоятдагилар билан келишади. Ана шунда олам гулистон, бу ғалвадан қутилади, қўяди.
Эртаси куни Қосимов бошлиқлари билан гаплашиб, Маҳкамовнинг жиноий иши ҳужжатларини вилоят судига топшириб келгач, эркин нафас олди. "Хайрият-эй" деб ҳозиргина дамланган хушбўй чойдан ичишга чоғланаётган бир палла эшикдан Донаевнинг қораси кўринди.
Салом, Толибжон, қалайсиз? Биз юборган ишни олдингизми?-деди у жилмайган ҳолда,-ўқиб ҳам чиққандирсиз?
Тўлиқ ўқиб чиқдим. Рустам ака, лекин, бу ишни иш юритувимга қабул қилмасликка қарор қилдим.
- Нималар деяпсиз, нега энди қабул қилмас экансиз?
Қозининг бу гапи терговчининг бояги кайфиятини учириб юборди.
- Сабаб нима?
- Сабаби шуки, Рустам ака, иш мужмал, тамомила охирига етказилмаган. Кўп фактлар баҳсли, асосланмаган. Бировга шунча айбни дабдурустдан қўйиб юбориш инсофдан бўлмайди, қолаверса, Маҳкамов туман судининг маслаҳатчиси, уни тергов қилишга биз ҳақли эмасмиз, шунинг учун вилоятга топшириб келдим. - деди Қосимов чойини ҳўпларкан.
-Энди, ука, бизга ҳам осон эмас, катталар буйруқ бергандан кейин нима ҳам қилардик. Қолаверса, бу иш билан вилоят ҳокими ҳам шуғулланяпти, иложимиз қанча.
-Нима бўлган тақдирда ҳам қонундан чиқмаслик керак. Айбсиз бир одамни жазолаш адолатдан эмас.
-Ҳай, майли, бу ёғини қўйиб турайликчи, билмайсизми, бу ишни энди қайси туман суди кўраркан?-деди Донаев қозининг сўзини бўлиб.
-Билмадим, бу ишни мен ўзимдан соқит қилдим. Қайси суд кўришини вилоятдагилар ҳал қилади. Мана, мени айтди дейсиз, бу иш жуда чўзилиб, орқага кўп сурилади деб қози “сурилади” сўзига алоҳида урғу берди.
Донаев эса, “у ёғи билан сенинг нима ишинг бор?” дегандек, ўрнидан турди-да.
-Яхши иш қилмабсиз вилоятга топшириб бу ишни, деди-ю, тезда хонани тарк этди.
Х Х Х
Қосимовнинг муҳаррир ишини вилоят судига топшириб келганлиги Донаевни хавотирга солиб қўйди. Миясида пишитиб юрган режасини чиппакка чиқарди. У бу ишни катталар назоратида бўлганлиги учун осонгина битади деб ўйлаган эди. Аммо, бундай бўлмади. Иш муаллақ осилиб қолди. Энди нима бўлса ҳам бу ишни таниш судяга ўтказишнинг иложини топиш лозим. У оёғи куйган товуқдек, елиб-югуриб, вилоят судидагилар билан тил топишди ва ишни ўзига таниш қўшни туман судига оширилишига эришди. Танланган судя ўзи билан бирга ўқиган, бирга ишлаган Норқул Тошпўлатов эди. Унинг қаттиққўллигини, пулга жуда ўчлигини Донаев яхши биларди, шу боис бу ишни ўзининг фойдасига ҳал бўлишига ишонди. Тошпўлатов билан учрашиш мақсадида эртаси куниёқ, қўшни туманга йўл олди.
-Э, э, Донаев, қайси шамол учирди, келинг,- деди Тошпўлатов худди энг яқин кишисини кўпдан бери кўрмагандай у билан қучоқлашиб кўришаркан.
-Бу ёқларга йўлим тушиб, сизни кўриб кетмасам бўлмас дедим. Бирга ишлаган қадрдоним бўлгич эди деб, биз томонларга ўтиб, бирров йўқламайсиз ҳам.
Улар ярим соатлар чамаси у ёқ-бу ёқдан суҳбатлашиб ўтиришди. Донаев бу ерга келишининг сабабини қозига батафсил тушунтирди. Маҳкамов ўзини халқпарвар кўрсатиб, “ёзувчи”лиги билан туман раҳбарларининг ишига ҳалақит бераётгани, таъмагирлиги, айниқса, сайловларда одамларнинг фикрини заҳарлаб, ҳокимиятга қарши ташвиқот қилганлиги, барча ижроия ва ҳуқуқ органлари уни тизимдан четлатиш, жиноий ҳаракатлари учун жазолаш хулосасига келганлигини шу қадар ишонч билан сўзладики, қози унинг сўзларига чиппа-чин ишонди. Йўлдош Маҳкамовга қандай қилиб бўлса ҳам жазо берилишини, бир иложини қилиб, “судга келишдан бош тортди” деган баҳона билан ҳибсга олиб, Катақўрғон қамоқхонасига жўнатиб юборилса, судланувчи у ердаги аҳволни, азобини кўриб ҳовуридан тушиб қолишини ва унга нисбатан қандай жазо берилса, ўшанда тақдирига тан бериб кетавериши мумкинлигини эслатди. Шу режаларни амалга ошириб берса, қозининг ҳаққи токчада нақд турганини қайд қилиб ўтди. Донаевнинг ваъдаси Тошпўлатовга ёғдек ёқиб тушди.
-Бу ёғини ўзимизга қўйиб беринг, ҳамиша катталарга ёқадиган иш қилганмиз, - деди қози ва маслакдошининг кўнглини тўқ, кайфиятини чоғ қилиб жўнатиб юборди. Кейин эса, уч юз саҳифадан иборат “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси, 3-қисми, “а”, “б”, “в” бандлари; 205-моддасининг 2-қисми “в” банди; 184-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари; 209-моддасининг 2-қисми “а” банди; 228-моддасининг 2-қисми “б” бандлари билан айланиб, судга берилган Маҳкамов Йўлдош ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган № 53-сонли жиноий иши” деб ёзилган жилдни кўлига олиб кўздан кечиришга тушди. У тўпланган материаллар билан танишаркан, Донаевнинг хавотирга тушиб, ҳузурига бежиз келмаганлигини англаб етди. Бу айбнома билан Маҳкамовга жиддий жазо бериш қийин. Бу камчилик ва нуқсонлар маъмурий тартибда кўриб чиқилса ҳам бўларди. Демак, Донаев ҳокимлардан қаттиқ топшириқ олган, ўзининг тақдири ҳам шу ишга боғлиқ шекилли, оёғини қўлига олиб, югуриб юрибди. Ваъда бердим, бўйнимга олдим, демак, энди мен шу кемадаман, нима бўлса ҳам бу топшириқни бажариш керак. Тошпулатов бор фикратини қистаб, қайси йўл билан бўлса ҳам, бир имкон топиб, Маҳкамовни ҳибсга олиш режасини туза бошлади.
Х Х Х
Бошига устма-уст тушаётган туҳмат тошлари, уни ёмон отлиқ қилиб, пешонасига “суд ҳукми билан” деган тамғани босиб, қаматиб юборишга қилинаётган уринишлар Йўлдошнинг соғлигига ўз таъсирини ўтказа бошлади. Кейинги кунларда боши тез-тез оғриб, қон босими кўтарилиб кетадиган бўлди. Шифокорга учраган эди “бу қадар баланд қон босими билан қандай ишлаябсиз, шифохонада ётиб даволанишингиз керак” деб роса койиди. Бу аҳволда касалхонада хотиржам ётиб бўлармиди. У бир неча кун поликлиникага қатнаб, муолажалар олиб юрди. Қатнаб даволанганлари фойда бермагач, шифохонада ётишга мажбур бўлди. Бир ҳафта ўтгач, бироз ўзига келди. Шанба куни бўлганлиги учун докторлардан рухсат сўраб уйига борди. Оила аъзолари билан овқатланиб бўлгач, телевизор томошо қилишди. Кеч соат ўнлар чамаси дарвоза қаттиқ тақиллади. “Бемаҳалда ким бўлди экан” дея хотини Барнохон ўрнидан туриб ҳовлига чиқди.
Орадан саноқли дақиқалар ўтиб, аёлининг ким биландир шанғиллашиб уришаётганлиги қулоғига чалинди. Ҳайрон бўлиб ташқарига чиқса, участка нозири Холиқ Ҳамидов уч-тўртта қуролланган милиция ходимлари билан дарича ёнида туришарди.
-Нима гап, Холиқ?,- деди Йўлдош участка нозирига қараб, - бирор воқеа юз бердими, қурол билан келибсизлар? Тинчликми ишқилиб?
-Сизни начальник чақиряпти, ҳозир биз билан ҳузурига боришингиз керак, - участка нозири овозига жиддий тус бериб.
-Нега чақираркан, ахир, мен касалхонада даволаняпман, ҳозиргина духтирдан жавоб олиб, ҳаммом қилгани келгандим.
-Бормасангиз бўлмайди, ҳозироқ олиб келинглар!, - деб бизларни юборди.
-Бўпти, мен бир енгиллашиб олай, ёки, бунга ҳам қўймайсизларми, деб пичинг қилганича Йўлдош ҳожатхона томонга юрди.
Икки нафар милиция ходими унга эргашди.
-Эй, оғайнилар, ахир, мен одам ўлдирганим йўқ-ку, ёки бирор жойни ўмардимми? Қочиб кетади деб ўйлаяпсизми? Бунчалик бўлмайди-да одам деган.
Аёли Барно участка нозири билан тортишар, бу адолатсизликларнинг ортида кимлар турганлигини айтиб, уларни қарғарди.
Йўлдошни тўрт-беш нафар қуролланган милиция ходимлари махсус “Дамас” автомашинасига ўтқазиб, туман ички ишлар бўлимига олиб боришди. “Товба”,- дерди Йўлдош ўзига-ўзи, мен бир ашаддий террорчи бўлганимда-ку, майлийди, бу ишлари ўринли бўларди. Нима учун энди булар менга бунчалик эҳтиёт чоралари қўллашяпти?
Бўлимга келишгач, уни тўппа-тўғри Ички Ишлар Бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳошим Номозовнинг хонасига олиб киришди. Номозов Йўлдош билан саломлашгач, қўлидаги бир парча қоғозни унга кўрсатди:
-Йўлдош ака, суддан қочиб юрган экансиз, шунинг учун, қўшни туман суди эҳтиёт чорасини ўзгартириб, қамоққа олиш тўғрисида ажрим чиқарган. Шунга асосланиб биз сизни ҳозир ҳибсга олишга мажбурмиз. Ишонмасангиз, мана ўқинг, - деб қўлидаги ажримни унга узатди.
Йўлдош варақдаги ёзувларни ўқиди. Унда айбланувчи Маҳкамов Йўлдош судга боришдан бош тортиб, қочиб юрганлиги учун зудлик билан ҳибсга олиниб, мажбурий тартибда суд мажлисига келтирилиши ёзилганди. Шунингдек, ҳибсга олиш учун ҳеч қандай баҳона, сабаб бўлмаслиги ўқтирилган.
- Мен касалхонада даволаняпман-ку. - эътироз билдирди Йўлдош қўлидаги варақни Номозовга узатаркан.
-Тўғри, лекин, мана ўзингиз ўқиб кўрдингиз ҳеч қандай баҳона рўкач қилинмасин дейилган. Энди, ака, биздан хафа бўлмайсиз. Биз буйруқни бажаришга мажбур шахсмиз. Сизни ҳибсга олмасам бўлмайди.
Йўлдош индамади. Буларга ҳам осон тутиб бўлмайди. Суднинг ажримини бажаришлари шарт. Кўп ўтмай уни ички ишлар бўлими ҳибсхонасига олиб киришди. Ҳибсхона жуда тор, икки киши аранг сиғади, “крават”лар икки қават қўйилиб, тўрт маҳбусга мўлжалланган. Хонага уннаб қолган бадбўй ҳидга чидаб бўлмасди. Хона бурчагига махбуслар ҳожати учун махсус идиш қўйилган. Ёнидаги ўринда кимдир деворга ўгрилиб ётибди. Ҳалиги одам ўрнидан туриб ўтирди, бир пас хаёлга чўмиб, сўнг таниш исмни эшитиб бошини кўтарди. Бир муддат ҳайратдан анграйиб турди-да, сўнг:
-Э, Йўлдош ака, сизмисиз, бу... ерга сизни... нима учун, - деб тутилиб-тутилиб сўраша кетди.
-Йўлдош уни дарров таниди. Кўп йиллар маиший-хизмат комбинатига директорлик қилган Яхшибой исмли йигит эди у.
-Ўзим ҳам нима учун олиб келишганини билмайман,- жавоб қилди Йўлдош пастак “карават”га ўтирар экан.
-Ўзингиз нима сабабдан бу ерларда...?
-Хабарингиз бордир-ов, ташкилотимизда ёзишма бўлиб, текшир-текшир давом этаяпти. Терговчи билан айтишиб қолганим учун қамоққа олишди. Шу пайтгача Каттақўрғон турмасида эдим, тергов қилгани чақиришган.
-Бўйнингизда камомадингиз бормиди?
-Терговчи қасддан 40 минг сўмни бўйнимга илдириб ўтирибди, аммо, исботлай олгани йўқ.
-Исботлай олмаган бўлса, нега қамоққа олишди?
-Айтдим-ку, терговчи билан айтишиб қолдим деб. Номард 150 минг сўм берсанг, қутилиб чиқасан деяпти. Ахир, шунча пулни қаердан оламан десам, бу мени қизиқтирмайди дейди.
-Бўйнингизга айбни қўя олишмасаям қамоққа олишдими?- деди Йўлдош унга раҳми келиб.
-Эй, ака, сиз буларни билмайсиз-да, мен илгари ҳам туҳматга учраб, уч йил ётиб келганман у ёқда. Булар учун айбсиз одамни айбдор қилиш, одам улдирганни бегуноҳ деб оқлаш ҳеч гап эмас. Пулингиз бўлса бўлди булар қонунни истаганча ўзлаштиради. Айбдорлигингиз исботланган тақдирда ҳам оғзига катта пул билан урсангиз, ҳар қандай жазодан юз фоиз гарантия, қутилиб қоласиз. Пулингиз бўлмаса, ҳаммаси бекор, қамаласиз, вассалом. Яхшибой “ана шунақа гаплар” дегандай бош чайқаб, хўрсиниб қўйди.
Йўлдош Яхшибой билан анча маҳалгача суҳбатлашиб ўтирди. Суҳбат чоғида у Каттақўрғон ҳибсхонасида бир ярим ой ётганлигини, у ердаги шарт-шароитларнинг оғирлигини батафсил ҳикоя қилиб берди. Мобода, Йўлдошни ҳам Каттақўрғонга жўнатиб юборадиган бўлса, у ерда ўзини қандай тутиш кераклигини, нималарга эътибор беришу, нимларни кўрса ҳам, кўрмасликка олиши лозимлигини уқтирди.”Наҳотки мени ҳам Каттақўрғон қамоқхонасига жўнатиб юборишса, деб боши қотди унинг. Қани бу ерда адолат? Туҳмату, бўҳтонларга ишониб, инсонни шу қадар таҳқирлашадими? ”
Ушбу суҳбатда Йўлдошни даҳшатга солган гап Яхшибойнинг терговчиси ҳам Донаев эканлиги бўлди.
-Мени ҳам Донаев тергов қилди,- деб юборди охири сабри тугаб Йўлдош,- нахотки, у сиздан шунча пора олди? Пора олиб, сўнг яна қамоққа тиқдими?
-Унга фарқи йўқ, ака, қочгандан ҳам олади, қувгандан ҳам..., сизгаям қийин..., ўрнингиз кимгадир керак бўпти-ёв, чунки у “заказной” ишлайди, менинг ўрнимни ҳам бошқага пуллашди. Миллий хавфсизлик, Суд, Мелиса, Прокурорнинг тили битта. Донаевнинг жиноятларига бу икки томон тугул, учинчи томон ҳам ҳеч нарса деёлмайди.
Йўлдошнинг жим қотганини кўриб, у яна уқтирди.
-...Учинчи томон – ҳукумат демоқчиман...
Йўлдошнинг миясига ярақ этиб бир фикр урилди.”Қаерларда юрибсан, ҳой, тўртинчи томон... тўртинчи ҳокимият?! Тўртинчи ҳокимман деб кўкрагингга урасан-у, мана шу сартарошнинг оддий формуласини тушунмасанг, ечолмасанг. Ўзингнинг бошингни ўзинг қўриқлай олмасанг-у, бошқаларни қандай ҳимоя қиласан? ” Мана сенга мавзу, мана сенинг ва ўқувчингнинг аҳволи.
Йўлдош Яхшибойнинг олдида ўзини мутлақ гуноҳкордек ҳис қилди, бўғзига тиқилган нидони қайтариб, унсиз ютинди, бошқа бирор сўз айтмади.
Яхшибой хамхонасига, худди, боришини билгандек, Каттақўрғон ҳабсхонасини таърифлаб берган экан. Орадан бирор соат вақт ўтгач, бояги таниш мелиционер келиб уни эртага Каттақўрғонга олиб кетишларини маълум қилди. У тун бўйи мижжа қоқмай чиқди. Хонада ҳаво етишмас, бадбўй, қўланса ҳиддан нафас олиш қийин эди. Ички енгил кийимда бўлсалар ҳам жикка терга ботдилар. Бу ерга тушдингизми, айбингиз исботлангани, ёки, исботланмаганидан қатъий назар маҳбуссиз. Сизга жиноятчи сифатида қарашади ва шунга яраша муомала қилишади. Ҳаёт қизиқ-да, ўйлади Йўлдош, кечагина таҳририятга келиб, “ака, мақола чиқариб беринг” деб ялиниб, ёлвориб, битта жумлани эплаб ёзолмаган милиционерлар ва бошқалар ҳам бугун ўзларини, худди, ғирт бегоналардек, танимаганга олишяпти. Одамларнинг бунчалик тез ўзгариб қолишини у ҳеч хаёлига келтирмаган экан.
Эртаси куни Йўлдошни туман ички ишлар бўлимининг маҳбусларни ташийдиган махсус машинасида Каттақўрғон шаҳридаги 7-сон ҳибсхонасига олиб келишди. Хотини Барнохоннинг ҳар қанча уриниши, “юқорига арз қиламан” деб хархаша қилишлари, бақир-чақирлари бефойда кетди, эри билан учрашишга рухсат бериш тугул, кўлидаги тугунчасини ҳам олишмади. Йўл-йўлакай Йўлдошнинг қулоғида хотинининг овози қайта-қайта янгради. Барно табиатан қайсар, тўғри сўз, болалари, оиласи учун жонини бергудек, фидойи аёл. Гарчи, олий маълумотли бўлмаса ҳам, эри билан ҳар куни суҳбатлашиб, баъзи масалаларда баҳслашавериб, у ҳам ажабтовур журналистга айланиб қолганди. Эрининг журналист бўлганидан чин маънода фахрланар, ҳатто, кўпчилик давраларда атайлаб, очиқчасига мақтаниб қўярди. Бирга яшаб, ҳар кун ёнида юрганида ҳам Йўлдошнинг хотини қатъий бир фикрга келса уни қайтариши, тинчлантириши мушкул бўларди. Адолатсизликка Йўлдошдан ҳам баттар тоқатсиз эди у. Энди у нима қилади? Қамалиб кетсам, тўрт нафар ёш бола билан қандай кун кўради? Қайси эшикка бориб ҳақиқат сўрайди? Барнодан бошқа мен учун куюнадиган, югурадиган инсон борми ўзи? Йўлдош шу лаҳзада ўзидан ҳам баттар Барнога қийин бўлганини юрагининг ҳар бир томир уришида ҳис этди. Шу бугунга қадар, ота-онасидан сўнгги ёлғиз меҳрибони – жуфти ҳалоли Барно бўлганлигини тан олди ва ўзи ҳам бир умр унга суяниб яшаётганлигини илк бор кўзларига келган бир томчи ёш тасдиқлади.
Махсус хизмат машинасининг бир силкиниб, ҳибсхона ҳовлисида тўхташи Йўлдошнинг ҳамгин хаёлларини тўздириб, ҳушёр торттирди. Қабулхонада барча маҳбуслар қаторида уни ҳам бир зумда ечинтириб, оғзи, қулоқ, бурун ва ҳатто таносил аъзоларигача обдон текширувдан ўтказиб, бир ҳужрага жойлаштиришди. У хонанинг ҳам биқиқ ва сассиқ ҳавосидан нафаси бўғилди. Хонада йигирма чоғли турли ёшдаги маҳбуслар “крават”ларда ялпайиб ётишар, айримлари карта ўйнаш билан вақтни ўтказишар эди.Йўлдош хонага кириши билан уч-тўрттаси уни қуршаб олиб, саволга тутишди:
-Қайси модда билан олиб келишди?
-167 билан.
-Нима иш қиласиз?
-Газетада ишлайман.
-Қайси вазифада?
-Муҳаррир бўлиб.
-Ўҳ-ҳў... Катталарданман денг.
-Олдин ҳам судланганмисиз?
-Йўқ.
-Бизни алдаманг, бу хонада фақат икки, камида бир марта қамалиб чиқанлар сақланади.
-Алдаганим йўқ, рост.
(давоми бор)