ОИЛА МУҚАДДАС ҚЎРҒОН: УНИ АСРАШ ҲАР БИРИМИЗНИНГ БУРЧИМИЗДИР
Оила — жамиятнинг асосий таянчи, инсон камолоти ва маънавий тарбиясининг энг муҳим масканидир. Оилада меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат, садоқат ва масъулият каби қадриятлар шаклланади. Шу боис оилани асраш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, эр-хотин ўртасидаги келишмовчилик ва ажримларнинг олдини олиш нафақат бир оиланинг, балки бутун жамиятнинг муҳим вазифасидир.Бугунги кунда оилавий ажримларнинг олдини олиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эр-хотин ўртасида ўзаро ҳурмат ва масъулият туйғусини кучайтириш долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.
Афсуски, айрим оилаларда арзимас сабаблар, ўзаро тушунмовчилик, сабрсизлик, бир-бирини эшитмаслик, ғурур ва муомала маданиятининг етишмаслиги катта низоларга сабаб бўлмоқда. Баъзан эса эр-хотин ўртасидаги оддий келишмовчиликка ота-оналар ёки қариндошларнинг асоссиз аралашуви вазиятни янада оғирлаштиради.
Ҳолбуки, оилада ҳар бир масала оқилона мулоқот, маслаҳат ва ўзаро муроса билан ҳал этилиши керак. Эр ҳам, хотин ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларини билиши билан бирга, бир-бирининг ҳақларини ҳам ҳурмат қилиши шарт. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Улар (аёллар) билан яхшиликда яшанглар» (Нисо сураси, 19-оят).
Ушбу оятда эркакларга ўз жуфти ҳалолига яхши муомала қилиш, унинг қадр-қиммати ва ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш буюрилмоқда.
Шунингдек, фарзандлар тақдири ҳам оилавий муносабатларда алоҳида эътибор талаб этади. Ота-онанинг ажралиши фарзанднинг руҳий ҳолати, тарбияси ва келажагига таъсир кўрсатиши мумкин. Фарзандлар ота-онасининг меҳри, эътибори ва тарбиясига бирдек муҳтож. Шу сабабли ҳар қандай қарор қабул қилишдан олдин унинг болалар келажагига таъсири ҳақида ҳам жиддий ўйлаш зарур.
Бироқ оилани сақлаш дегани зўравонлик, таҳқирлаш ва инсон қадр-қимматини поймол қилишга кўз юмиш дегани эмас. Ҳар қандай ҳолатда ҳам инсоннинг ҳаёти, саломатлиги ва шаъни ҳимоя қилиниши шарт. Муаммоларни ҳал этишда адолат, қонунийлик ва хавфсизлик устувор бўлиши лозим.
Оилавий ажримларнинг олдини олишда маҳалла фаоллари, нуронийлар, имом-хатиблар, отинойилар, хотин-қизлар фаоллари ва жамоатчилик вакилларининг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, никоҳдан олдин ёшларга оила муқаддаслиги, эр-хотиннинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фарзанд тарбияси ҳамда оилавий масъулият ҳақида кенг тушунча бериш лозим. Чунки мустаҳкам оила фақат тўй билан эмас, балки ўзаро англаш, масъулият ва садоқат билан барпо бўлади.
Ҳар бир хонадонда меҳр-оқибат, ҳурмат ва тотувлик ҳукм сурса, жамиятимиз ҳам янада фаровон ва барқарор бўлади. Оилани асраш — келажак авлодни асрашдир. Фарзандларимизга жанжал ва адоватни эмас, меҳр ва ҳурматни мерос қолдиришимиз керак.
Келинг, оила муқаддаслигини асраш, ажримларнинг олдини олиш, ёшларни соғлом оилавий муҳитда тарбиялаш йўлида барчамиз бирдек масъулият ҳис қилайлик.
Аллоҳ таоло эл-юртларимизни ёмон кўздан асрасин, ёру-биродарлар, қон-қариндошларимиздан айирмасин, қарияларимизга узоқ умр, ёшларимизга куч-қувват ва ғайрат, хонадонларимизга қут-барака берсин.
Башорат АВУЛФАЙЗИЕВА,
Лойиш МФЙ ОТИНОЙИСИ.
Мавзуга оид:









