ШАХСЛАРНИ ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШДА АЛОҲИДА ҲУҚУҚЛАРГА КИМЛАР ЭГА?

Бугунги кунда мамлакатимизда янги иш ўринлари ташкил қилишда давлат буюртмаларини ишлаб чиқиш, айниқса аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари учун иш жойлари квотасини белгилаш, аниқ мақсадга йўналтирилган комплекс тадбирларни амалга оширишда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. 

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 20 ноябрдаги "Аҳоли бандлиги  тўғрисида"ги Қонуннинг қабул қилиниши  аҳолини иш билан банд қилишдаги катта қадамлардан бири бўлди. Хусусан, ушбу Қонунинг 38-моддасида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар белгиланган. Аҳолининг ушбу ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари жумласига қуйидагилар киради:

ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз отага ёки онага, шунингдек кўп болали оилаларнинг ота-оналарига;

умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларини, касб-ҳунар мактабларини, касб-ҳунар коллежларини ҳамда техникумларни тамомлаб, касбга эга бўлган ёшлар;

Меҳрибонлик уйларининг битирувчилари, шунингдек олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Ички ишлар вазирлигининг, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, Миллий гвардиясининг, Давлат хавфсизлик хизматининг қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар;

ногиронлиги бўлган шахслар;

пенсияолди ёшидаги шахслар;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар;

одам савдосидан жабрланганлар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа   шахслар.

Иш берувчи юқорида кўрсатилган шахслар тоифаси, захирага қўйилган иш ўринларига ишга жойлаштириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маҳаллий меҳнат органлари ва бошқа органлар томонидан юбориладиган шахсларни ишга қабул қилиши шартлиги белгилаб қўйилган. 

Юқорида кўрсатилган шахсларни ишга қабул қилишни асоссиз равишда рад этган иш берувчи ва у ваколат берган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлиши белгиланган.

Шу билан бирга Меҳнат кодексининг 224-моддасида ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши белгиланган. Агар ҳомиладор аёлни ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлни ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда иш берувчи рад этишнинг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши шартлиги белгиланган. Мазкур шахсларни ишга қабул қилишни рад этганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. 

Бундан ташқари Меҳнат кодексининг 239-моддасида белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан иш жойларига ишга жойлаштириш тартибида маҳаллий меҳнат органи ва бошқа органлар томонидан юборилган, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни иш берувчи ишга қабул қилиши шартлиги белгиланган. 

Белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга қабул қилишни рад этиш тақиқланади ва бундай рад этиш устидан судга шикоят қилиш мумкинлиги белгиланган.

                                          

Акмал КУЙЛАНОВ,

            туман адлия бўлими 

                          бош маслаҳатчиси. 
Мавзуга оид: