Мутахассис маслаҳати ЖИСМОНИЙ ФАОЛЛИКНИНГ АҲАМИЯТИ

Ҳаёт ҳаракатдан иборат. У орқали инсон жисмонан соғлом шаклланади, такомиллашиб боради. Мунтазам фаол, тартибли ва оқилона жисмоний машқлар инсон саломатлигини таъминловчи соғлом турмуш тарзининг асосий омилларидан биридир. Ўсиб келаётган ёш авлод ва 40 ёшдан ошган кексаларнинг мунтазам фаол жисмоний тарбия билан шуғулланиши организмда қуйидаги ижобий жараёнларга олиб келади:
- организмдаги барча моддалар алмашинуви яхшиланади;
- барча орган ва тўқималарда қон айланиши кучаяди, қон томирлари орқали организм кислород ва зарур озиқ моддалар билан таъминланиши яхшиланади, ўсиш-ривожланиш жараёни меъёрлашади;
- иммунитет кучайиб, ташқи салбий таъсирларга қарши организм жавоб реакцияси ошади;
- организм турли чиқинди моддалардан тозаланиши тез ва самарали кечади;
- организмда мавжуд бўлган айрим яллиғланиш жараёнлари тез сўрилиб кетади;
- инсон бутун кун давомида асаб тизими мувозанатлашиб, босиқ ва мулоҳазали бўлади;
- айниқса болаларда ўқиш сифатли ва унумли бўлиб, ижобий фикрлаш фаолияти кучаяди, ижодий жараёнлар фаоллашади;
- фаоллик, ташаббускорлик, масалага журъат билан киришиш, қийинчиликлар ва оғир меҳнатдан қўрқмаслик, ўртоқлик, мардлик, ватанпарварлик ҳиссиётлари самарали шаклланади;
- мунтазам фаол машқлар ҳар қандай ўсмирда гигиеник кўникмаларнинг шаклланишига олиб келади;
- тери ости клетчаткаси ва ички аъзоларда холестерин ёғлар камайиб, тана соғлом, эпчил, чаққон бўлади, мушаклар тортилиб, қомат кўркам ва келишган бўлади,
- организм ёшаради, тенгқурларига нисбатан анча ёш, ишчан ва соғлом кўринади;
- эрталабки бадантарбия ҳар куни очиқ ҳавода ўтказилса, нимжонлик ва карахтлик йўқолади, у қулай ва оммабоплиги билан катта аҳамиятга эга.
Инсонга хос эринчоқлик сабаб аксар ёшларимиз ўзлари учун фойдали бўлган жисмоний машқлар билан шуғулланиш ўрнига қимматли вақтларини уяли телефон, телевизор ва компьютер қаршисида ўтириб, турли газланган, энергетик ва алкоголли ичимликлар ичиб "дам оладилар". Натижада 50-60 ёшда эмас, балки 30-40 ёшда камҳаракатлилик сабаб барвақт юрак-қон томир, қандли диабет, ўсма ва бошқа турли касалликларга чалиниб, ўз мақсадларига етолмайдилар.
Болаларда жисмоний тарбия ва спортга меҳр уйғотиш оиладан бошланади. Шунинг учун болага нафақат боғча ёки мактабда, балки ота-онаси ҳам оилада эрталабки гимнастика ва жисмоний фаолликнинг аҳамиятини тўғри тушунтириб, амалда фарзандлари билан бирга енгитл спорт турлари билан шуғулланиб туришлари лозим.
Миллат келажаги ҳақида қайғурган Абдулла Авлоний бобомиз ҳам бир бола тарбияси ҳақида фикр юритиб, тарбия жараёнини уч қисмга бўлган эди: "Бадан тарбияси", "Фикр тарбияси" ва "Ахлоқ тарбияси". Аввало баданнинг саломат ва бақувват бўлмоғи-қолган икки тарбияга асос бўлувчи энг керакли нарсадур. Чунки ўқимоқ, ўрганмоқ ва ўргатмоқ учун инсонга кучли ва соғлом тана лозимдур. Кўпинча соғлом бўлмаган инсонлар кўп яхши ишларга қодир бўла олмайдилар. Соғлом фикр ва соғлом ахлоқ учун мустаҳкам ва соғлом бир вужуд керакдур" деганлар. Шунинг учун ҳар куни жисмоний фаол бўлинг ва пиёда юринг, соғлом бўласиз! Зеро, "соғлом танда - соғ ақл" деган ибора бекорга айтилмаган.
С. ҚОСИМОВА,
Cаломатлик ва стратегик ривожланиш
институтининг туман бўлинмаси шифокори.

Мутахассис маслаҳати ЖИСМОНИЙ ФАОЛЛИКНИНГ АҲАМИЯТИ
- 01 май, 19:00

Жисмоний фаолликнинг аҳамияти
- 06 апр, 14:32

ЖИСМОНИЙ ФАОЛЛИКНИНГ АҲАМИЯТИ
- 30 сен, 13:52

Саломатлик туман бойлик
- 19 фев, 11:28

Саломатлик
- 21 янв, 14:51