Мутолаа СОҲИЛДАГИ САДОҚАТ

Журналист кулиб жавоб қилди.
- Ота-болалик тутинишнинг ришталарини маҳкам боғлаш оғир масала. Ишимиз битгунича бу ришталар боғланади-ю,  иш битгач бу ришталарнинг тугуни ечилиб тарқаб кетади. Шу  гапларимга қандай қарайсиз, ота? Ота-бола, она-бола, ака-ука, опа-сингил тутиниш савдоларнинг ичида энг оғиридир. Буни эплай оламизми?... Эплай олсак-ку, нур устига нур ёғилади, эплай олмасак-чи?...
- Ундай бўлмағур хаёлларга борманг, ўғлим. Мен у ёшдаги одамлардан эмасман. Айтганим айтган, деганим деган. Қасам ичиб айтаман, тилимга жавобгарман.
Шу воқеалардан кейин икки йил ўтди. Журналист тўй баҳона тутинган отасидан хабарлашгани унинг хонадонига келди. Суҳбатлар анча давом этди.
- Барака топинг, ўғлим. Биз кексаларнинг ҳолидан хабар олиш қадриятларимизнинг улуғланишидан даракдир. Келин, набиралар яхшими? Уларниям ўзингиз билан олиб келмабсизда, ўғлим? Энди ота-болалик ришталаримиз ниш ура бошлади.
- Келишади, ота, келишади. Иннайкейин сиз ҳали у қадар кекса эмассиз. Энди олтмишдан бир қадам ўтдингиз. Бу ёғда ўғил-қизларингиз, барчамиз сизга таянч ва суянч.
- Раҳмат, ўғлим, раҳмат. Мартабангиз бунданда зиёда бўлсин...
Синовчанлик-ми, ё ростданми журналист Турғун Холлиев томоқ қоқиб бир муҳим ишдан сўз очиб қолди.
- Набирангизни суннат қилмоқчи эдик, ҳам маслаҳат қилгани... Харажатга озгина маблағ қарз керак бўлиб қолди.
Содиқбой ота ялт этиб тутинган ўғлига қиё боқди.
- Жуда яхши ўйлабсизлар. Ўғил болани албатта суннат қилиш керак. Илоё, тўйдан бошларинг чиқмасин, омин!
Энди гап бундай, ўғлим. Шундай ниятингиз бор экан, кеча келсангиз бинойи иш бўларди. Биласиз, ўғлим менда пул доим бўлади. Лекин бугун йўқ. Куни кеча бор пулларни тўрвага жойлаб янги товар маҳсулотлари олиб келиш учун жўнатиб юбордим. Энди бироз кутиб туришимизга тўғри келади, хўпми, ўғлим. 
- Хўп, ота.
- Яна мендан хафа бўлманг!
- Йуғ-е, нега энди хафа бўлишим керак. Хафа бўлишга арзимайдиган нарса-ку.
- Баракалла, ўғлим. Зап тушунган ўғил боласизда, ўғлим.
Дастурхонга дуо тортилди. Турғун Холлиев тутинган отасидан кетишга ижозат сўраб, деди;
- Рухсат берсангиз, ишларим кўп. Бошқа бир вақт албатта сиздан ҳол сўрагани келинингиз билан келамиз.
Содиқбой Мўминов тутинган ўғлига кўз ости билан қараб қўйди. Кўзи бегонамисол жилмайиб:
- Хафа бўлманг, кўнглингиз тўқ бўлсин,-деди у.
- Ўзи йўқ нарсагая,...
Содиқбой Мўминов виждони олдида жуда қийналарди. "- Нега бунчалар лабсизман-а? Ота-болалик ваъдаларимни унутиб қўймадим-а?! Одам боласининг етмиш икки қовурғаси эгилиб нажот сўраб қаршингда турганида ёлғон гапириб, сўровини рад қилсанг ичган онтингга хиёнатинг эмасми?      Эҳ-ҳ, банда!"-деб икки сонига икки кафти билан шапатилаб қўйди. Ўша туни билан Содиқбой Мўминов мижжа қоқмади. Хиёнатини ўйлаверган сайин ичини ит ўткир панжалари билан тирнаётгандек ҳис қиларди ўзини. Лекин бу тунги кўнгил кечинмаларини ўзидан бошқага сездирмади. Ичида сафардоши Гулмурод Донаевдан ранжиди."-Кеча келиб шу пулни олиб кетсанг бўлмасмидинг. Сен туфайли ёлғончилик либосини ёпиндим. Бошимга иш тушганида ўз фарзандларим қилолмаган яхшиликни ўзга бир инсондан кўрганман. Наҳотки яхшиликка  жавобим шу бўлса"?! - деб ўзини койиб берди.
Эрталаб дарвоза тақиллаб қолди. Фотима хола дарвоза ҳатлаган эди, Гулмуродга назари тушди.
- Опа, устозим уйдамилар? - деди, Гулмурод.
- Ҳа-а, қаергадир кетмоқчи шекилли, сафар тараддудида...
Содиқбой   Мўминов ёғоч-тахта нақшинкор супада чой ҳуплаб ўтирарди. Гулмуродни сафар либосида кириб келиши билан уни ёнига имлади.
- Кеча келсанг бўлмасмиди. Мен бирор иш қилар бўлсам ишкалга айланиб кетади.
- Нима бўлди, устоз?
- Устоз дейишингга нетай?
- Тушунтириб гапирсангиз-чи?!...
- Машина келдими?
- Ҳа-а, дарвозангиз ёнида.
Содиқбой Мўминов хотинига пул тўла сафар қоп тўрва сумкасини олиб келишни буюрди. Хотини эрига:
- Бу лаш-лушларингизни мен кўтаралармидим, -деди.
- Гулмурод, бор ўзинг олиб чиқ! Девдай гавданг бор,- деди дўпписини бошидан олиб ўнг қўл панжалари билан бошини қашилар экан.
Эрталабдан кун бўйи йўл танобини тортиб манзил сари интикаётган машина Самарқандга етай-етай деганда салон орқасида ўтирганларнинг имо-ишораси билан йўл ёқасида тўхтади. Содиқбой Мўминовнинг ўнг биқинида кучли оғриқ хуруж қила бошлади. Кимдир "апендецит" деди, кимдир "кўричак" деди, кимдир шифокорлар билади, - деди. Хуллас, Самарқанд шаҳар касалхонаси  тез тиббий ёрдам бўлимига элтишди. "Жонлантириш"да ётқизишди. Тезда операция столига олишди. Шофёр кутиб турмади. Жуфтагини ростлаб қолди. Ҳайҳотдек пул тўла сумка бошқа одамнинг ризқига айланди.
Содиқбой Мўминовни жарроҳлик столидан палатага авайлаб кўчиришди. У анчадан кейин ўзига келди. Палатада унга хизмат қилаётган навбатчи шифокору, ҳамширалардан бошқа ҳеч ким кўриниш бермади. Нималар содир бўлганини сўради. Унинг саволларига ҳеч бир кимса жавоб бермасди. Шу кетишда унинг қон босими кўтарилди, гоҳ тушиб кетарди... У қайтиб ўзига келмади. Ҳаёт эса уни тарк этди, лекин журналист Турғун Холлиев отанинг қасамиги содиқ қолиб Фотима хола билан ҳол сўрашни асло тарк этмади.
Журналист ҳокимнинг сўзларидан меҳр ва садоқат учқунини кўргандек эди. У ҳокимга, гоҳ Холбибига диққат назари билан кўз ташларди. Агар ростданам ҳокимнинг садоқати оддийгина, жафо тортган ўксик кўнгилга кўрсатаётган меҳрибонликлари келажакда акс-садо бергудай бўлса, уни олдиндан қутламоқчи эди.
II - боб
Халқимизда; "-Дард ариса табиб ўз оёғи билан ташриф этади,-"деган ҳикмат бекорга айтилмаган. Ҳар қандай кимса мавриди келганда қалбидаги тутатиқ турган дардни кимгадир изҳор қилиб, ботинини бўшатади. Тасоддифми, ё тақдир ҳақиқатими бугун ҳақиқат қозилик вазифасини бажаришга бел боғлаганди.
Ашурали Сиддиқовнинг қўл телефонидан чақирув қўнғироғи янгради. Телефонда зарурият авжига чиққан эканми, журналистга қараб:
- Турғун Холлиевич, вилоят ҳокими келаётган экан. Қўшни туман ҳудуди чегарасида кутиб олмасам кўнгли оғрийди. Ҳа-а, энди бош раҳбар, бош раҳбарда, биздан нималарнидир сўрайди. Камчиликларимиз бўй кўрсатиб қолса тузатишга таклиф беради... Мана   замонамиз қаҳрамони, бемалол суҳбат қилаверинг, - деб ўрнидан қўзғалди. Машинасига ўтирар экан, Турғун Холлиевга муҳим бир гапни айтмоқчи бўлган кишидек маъноли кўз қирини ташлаб эшикни беозоргина секин ёпиб, шофёрига кетдик, дея ишора қилди.
Журналист Турғун Холлиев гапни нимадан бошлашга бир оз тили калавланиб қолди. Холбиби ловиллаб ёнаётган ўтинни ўчоқ бурчагидан ўртароққа қўйди. Сўнг биқирлаб қайнаётган афтовани енгича билан ўзига тортиб чинни чойнакка қўйди. Сўнг иффат билан чойнакни эри Зокиржоннинг ёнига авайлаб қўйди...
- Отаси, меҳмон билан бемалол чойлашиб ўтиринглар. Мен чала қолган ишимни битириб келай, - деб ўрнидан кўтарилиб ўчоқ бошига бориб овқатига қаради. Лекин кўзи қозонда бўлгани билан эрига қараб қўяр, «Эй худо, шарманда қилма. Нима бўлганда ҳам касали шу топ тутиб қолмасин»,- деб худога илтижо қиларди.
Зокиржон унинг яқини, синфдош дўсти. Бугун ёстиқдоши. Иккиси бир партада ёнма-ён ўн йил ўтириб бир-бирларини яхши тушунишарди. Лекин бу бедаво дард Зокиржонга қаерданам канадек ёпишди. Холбиби ана шунга юракдан ачиниб юради. Апрель ойининг ўрталари эди. Жисмоний тарбия дарси тугади. Аммо болалар коптокнинг орқасидан изғишиб география дарси бошланиб, бир оз вақт ўтгач кириб келишди. Синфхонада нуқул қиз болалар  ва география ўқитувчиси Олим Қўчқоров эди. Олим Қучқоров негадир ғазабга келди. Унинг тихир одати бор эди. Дарсда тинч ўтирмаган, дарс тайёрламаган болаларни сира аяб ўтирмасди.
Кўрсатгич бармоғини мушт қилиб боланинг бошига туртиб қўярди.
Навбатдаги дарсга болалар ўн дақиқалар чамаси тўда бўлиб кечикиб кириб келишди. Ҳаммадан олдинда Зокиржон эди. У бошқа ўқувчиларга қараганда бўйчан. Ўқитувчининг биринчи зарбаси унга тушди. Боши гангиб шалп этиб полга чўзилди. Анча маҳал полда ётди. Шу пайт тутқаноқ юз бериб қолди. Ҳамма қўрқувда...
Қилмишидан ўқитувчини титроқ босди. Иш стулига ўтириб столга бағрини ташлаб ўйловга кетди. Зокиржон бир оздан кейин ўзига келди. Азалдагидек рангига ранг кириб ҳеч нарса содир бўлмагандек ўртоқлари билан киришиб кетди. Ўша кўнгилқолар совуқ воқеалардан сўнг география ўқитувчисини барча ўқувчилар хушламай қўйишди. Дарсга бўлган муҳаббат ҳам уйқуга кетди. Холбиби ана шу бўлиб ўтган кўнгилсиз воқеани яна бир бор кўз олдига келтирди: - Агар география ўқитувчиси шундай ярамаслик қилмаганида бу дунёда Зокиржон бошқача бир оламда яшар эди,- деб қўйди ичида. Ҳа-а, кўнгил қолса ғоя ўлади, кўнгил қолса мақсад ўлади. Бундан жамият зарардан бошқасини топмайди.
(Давоми бор).
Турсунбой МАҲМАДАЛИЕВ.
Мавзуга оид: