“Оқдарё овози” бонг уради Собиқ истироҳат боғининг эгаси борми?

Очиғини айтганда, ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ҳозирги собиқ истироҳат боғи тумандошларимизнинг энг севимли масканларидан бирига айланганди. Турли тадбирлар, концертлар хуллас барча хурсандчиликлар мана шу жойда ўтказилар, одамлар бундан ниҳоятда мамнун бўлишарди. Аммо Лойишда янги истироҳат боғи фаолиятини бошлагач бу жой ташландиқ аҳволга келди. Эски фавворалар ўрнини чиқиндихона эгаллади. Шундан сўнг эса истироҳат боғининг маълум қисми тадбиркорларга берилди. Бу яхши албатта. Чунки яхши ният билан ер олиб халққа хизмат қилишни мақсад қилган тадбиркорларни барча ҳурмат қилади.
Бироқ собиқ истироҳат боғининг қолган майдонлари айни пайтда хароба аҳволда. “Юлдуз” базмгоҳидан ўтиб “Оқдарё” масъулияти чекланган савдо ташкилотига олиб борадиган йўлнинг икки томони ачинарли ҳолатда бўлиб, бу ерни тозалаш ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаяпти. Кимдир бир неча сотих майдонни эгаллаб олиб атрофини ўраб олганлигига ҳам бир неча йил ошди. Бироқ бу ерда қурилиш ишларини амалга ошириш ҳақида ер олган шахснинг ҳаёлига келмаётганлиги кишини ажаблантиради. 
- Собиқ истироҳат боғида одамлар бир пайтлар яйраб дам олишарди, - дейди ҳуқуқшунос Шавкат Қурбонов. – Аммо бу жойнинг айни пайтда хароба ҳолда эканлигини кўриб наҳотки Лойишда бу масканни обод қиладиган мард топилмаса деган фикр ҳаёлимизга келади. Агар тадбиркорга ер ажратиб берилган бўлса “Ер” кодексига кўра икки йил мобайнида қурилиш ишларини амалга ошириши лозим бўлади. Агар қурилиш бошланмаса ер олиб қўйилиши қонунларимизда кўрсатиб ўтилган. Истироҳат боғидаги айрим жойларнинг фақат эгалланиб атрофини ўраб қўйилганлигини қандай тушуниш мумкин. Бу билан мутасадди ташкилотлар шуғулланиши керак эмасми? 
Хуллас, гапираверсак гап кўп. Айни пайтда хароба аҳволда ётган истироҳат боғини обод қилиш ҳар бир тумандошимизнинг вазифаси бўлмоғи керак. Буни масъул раҳбарлар ўйлаб кўришлари ва амалий ишга киришлари талаб этилади. Шундай эмасми?
Кенжа Ботир.
Мавзуга оид: